20 июнь – Бутунжаҳон қочоқлар куни
Ҳар йили 20 июнь куни жаҳон ҳамжамияти 2000 йилда БМТ Бош Ассамблеяси (55/76-резолюция) томонидан тасдиқланган Бутунжаҳон қочоқлар кунини (Wорлд Refugee Day) нишонлайди.
Қочоқларнинг ҳуқуқлари 1951 йил 28 июлда Женевада қабул қилинган Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияда белгиланган. Конвенция қочоқ мақоми бериладиган умумий асосларни белгилайди.
Қочоқлар билан боғлиқ муаммолар жуда жиддий бўлиши мумкин. Бу кўпинча одамларни асосий ҳуқуқларидан маҳрум этади ва уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишига ва жамият ҳаётига ҳисса қўшишига тўсқинлик қилади. Қочоқлар ҳуқуқларининг чекланиши инсоннинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, расмий бандлик, мулкий ҳуқуқлар, эркин ҳаракатланиш ва бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятларига таъсир қилиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида қайд этилганидек, ҳар бир инсон ўзи ва оиласининг саломатлиги ҳамда фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган ҳаёт даражасига эга бўлиш ҳуқуқига эга. Бироқ, баъзан турли сабабларга кўра, давлат ўз фуқароларига қулай шароитларни ярата олмайди ва инсон ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлади. Бутунжаҳон қочоқлар куни ана шундай инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга бағишланган.
Шу куни турли ташкилотлар томонидан қочоқлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ёрдам бериш учун маърифий ва хайрия тадбирлари ўтказилади. Бу борада ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек, қочоқларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилади.
Қочоқлар ва мажбурий кўчганлар ўз мамлакатларидан ирқий, диний мансублиги, фуқаролиги, сиёсий қарашлари ёки муайян ижтимоий гуруҳга тегишлилиги сабабли таъқиб қилинишидан асосли қўрқув туфайли қочган ҳамда қайтиб келолмайдиган ёки қайтишни истамайдиган шахслар ҳисобланади. Кўплаб одамлар урушлар, табиий офатлар ёки техноген фалокатлар оқибатида қочоққа айланади.
Бугун зўравонлик ҳар куни юзлаб оилаларни ўз ватанидан қочишга мажбур қилаётган таҳликали дунёда жаҳон ҳамжамиятининг қўллаб-қувватлашини кўрсатиш зарур ва халқаро ҳамжамият ушбу одамларнинг оғир қисматини енгиллаштириш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштирмоқда. БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси 1950 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу вазифани ҳал қилиш учун ҳаракат қилаётган марказий халқаро агентликдир.
Мазкур Бошқарма 2016 йилда мамлакатлар ҳукуматларини қочоқлар тақдири учун жамоавий саъй-ҳаракатлар ва масъулиятни бўлишиш зарурлиги тўғрисидаги петицияга имзо чекиш бўйича #WithRefugees ташаббусини бошлади. Петиция ҳукуматларни қочоқларнинг болаларига таълим олиш имкониятини, қочоқларнинг оилаларига яшаш учун хавфсиз жойни таъминлашга, шунингдек, ҳар бир қочоқга иш жойи ёки янги кўникмалар эгаллаш имкониятини беришга чақиради.
БМТ Бош Ассамблеяси 2018 йил 17 декабрда БМТ Қочоқлар бўйича Олий комиссари Бошқармаси раҳбарлигида аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, қочоқлар, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва экспертлар билан икки йиллик кенг кўламли маслаҳатлашувлардан сўнг Қочоқлар тўғрисидаги глобал шартномани тасдиқлади. Ушбу Қочоқлар тўғрисидаги глобал шартнома халқаро ҳамкорликсиз қочоқлар муаммоларини барқарор ҳал қилиш мумкин эмаслигини тан олган ҳолда, масъулиятни янада аниқроқ ва тенг тақсимлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Глобал шартнома ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бошқа манфаатдор томонларга қабул қилувчи ҳамжамиятлар зарур ёрдамни олиши ва қочоқлар самарали ҳаёт кечириши учун режа тақдим этади. Бу дунёнинг қочоқлар билан боғлиқ вазиятларга муносабатини ўзгартириш учун ноёб имконият бўлиб, бу ҳам қочоқларга, ҳам уларни қабул қилган жамоаларга фойда келтиради.
Қочоқлар тўғрисидаги глобал шартноманинг тўртта асосий мақсади бор. Булар қуйидагилардан иборат:
· қабул қилувчи мамлакатларга босимни камайтириш;
· қочоқларнинг ўзини ўзи таъминлашини ошириш;
· ташқи ечимлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш;
· хавфсиз ва муносиб қайтиш учун келиб чиқиш мамлакатларидаги шароитларни сақлаб қолиш.
Қочоқлар бўйича глобал шартнома зўравонлик билан кўчиришни БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартиби тамойили билан боғлайди. Яъни, барқарор ривожланишга эришишда "ҳеч кимни ортда қолдирмаслик" керак.
Ушбу Шартнома қочоқлар ва кўп сонли қочоқларнинг ҳаракатланиши ёки қочоқлар билан боғлиқ вазиятларнинг чўзилиб кетиши натижасида таъсир кўрсатган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро чораларни кучайтириш учун тарихий имкониятдир. Шартнома халқаро ҳуқуқ меъёрларига, жумладан, 1951 йилги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияга асосланади ҳамда юк ва масъулиятни тақсимлаш механизмларини белгилашга қаратилган.
Бу муаммо глобал ва кўп томонлама характерга эга. Шунга кўра, уни таҳлил қилиш ёндашувлари ва ҳал қилиш усуллари барча хилма-хил жиҳатларни – оммавий чиқиб кетиш сабабларидан тортиб, одатда қочоқлар муаммоси билан боғлиқ кутилмаганда юзага келадиган турли хил вазиятларда зарур жавоб чораларини ишлаб чиқишгача, олдини олиш чораларидан тортиб, фавқулодда ёрдам кўрсатиш ва қочоқларнинг репатриацияси ва интеграциясига кўмаклашиш чора-тадбирларигача ҳисобга олиши зарур.
Қочоқлар оқими олдини олишнинг ҳам, улар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишнинг ҳам зарурий шарти инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишдир. Бинобарин, қочоқлар муаммоси мураккаб ва кўп қиррали.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқни билиш уни ҳал қилиш, шу жумладан қочоқлар, бошпана изловчи шахслар ва уларнинг ҳимояси билан боғлиқ кўплаб масалаларни аниқ ҳал қилиш бўйича фаолиятга самарали ёрдам бериши мумкин. Қочоқлар муаммосининг турли жиҳатларини ҳал қилиш заруриятига дуч келган шахслар қочоқларни ҳимоя қилиш бўйича ўз ишларида доимо инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий меъёрларга таянишлари керак.
Урушдан кейинги янги шароитларда қочоқлар мақомига юридик таъриф бериш зарурати муносабати билан қабул қилинган Қочоқлар мақоми тўғрисидаги 1951 йилги конвенция ва Қочоқлар мақомига тааллуқли 1967 йилги протокол қочоқ мақомини белгилаш тартиблари ва мезонларини мустаҳкамлаган асосий ҳужжатлар ҳисобланади.
Айниқса, қочоқларнинг заиф гуруҳлари – аёллар ва болалардир. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда (1989 йил) қочоқ болаларга "муносиб ҳимоя ва гуманитар ёрдам" кўрсатиш кўзда тутилган (22-модда). Қочоқларнинг катта қисми аёллардир. Бошпана мамлакатларида улар кўпинча жисмоний зўравонлик ва жинсий зўравонлик қурбони бўлишади.
Қочоқлар аксарият ҳолларда чет элликларнинг энг ҳимоясиз ва заиф қатламларидан бири сифатида ирқчилик, ксенофобия ва нафратнинг асосий нишонига айланади. Афсуски, баъзи мамлакатларда олиб борилаётган сиёсий мунозараларда қочоқлар масаласи бошқа турдаги чет элликлар – хусусан, бошпана изловчилар, иқтисодий муҳожирлар, вақтинчалик ишчилар ва мигрантлар билан бирга умумий бир гуруҳ сифатида кўрилмоқда.
Бу ҳолат эса мавжуд муаммоларга юзаки ва бирёқлама ёндашувга олиб келмоқда. Шу тарздаги аралаш ва ноаниқ ёндашув натижасида бир нечта салбий оқибатлар юзага чиқмоқда.
Биринчидан, халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган асосий принциплар – яъни, қочоқларни ҳимоя қилиш ва уларни зўравонлик ёки таъқиб хавфи мавжуд бўлган ҳудудларга мажбуран қайтаришни тақиқловчи “нон-рефоулемент” тамойили – тобора кўпроқ бузилмоқда. Айрим ҳукуматлар хавфсизликни таъминлаш баҳонасида ушбу асосий гуманитар мажбуриятлардан чекинмоқда.
Иккинчидан, қочоқларга нисбатан нафақат беписандлик, балки очиқдан-очиқ душманлик кайфияти ортиб бормоқда. Уларга қарши содир этилаётган зўравонлик ҳаракатлари, камситиш ва жисмоний тажовуз ҳолатлари кўплаб давлатларда кескин кўпаймоқда. Бу ҳолат фуқаролик тинчлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Учинчидан, қочоқлик инқирози тобора кўпроқ сиёсий манипуляция воситасига айланмоқда. Уларнинг аҳволи энди гуманитар инқироз доирасида эмас, балки иммиграция сиёсати контекстида, хавфсизлик ва ижтимоий барқарорлик билан боғлиқ хавф сифатида талқин қилинмоқда. Натижада қочоқларга нисбатан инсонпарвар ёндашув ўз ўрнини сиёсий манфаатларга асосланган репрессив ёндашувга бўшатиб бермоқда. Бу эса иммиграция ва бошпана сиёсатлари ўртасидаги аниқ фарқларни йўққа чиқармоқда.
Шундай қилиб, замонавий дунёда қочоқлар масаласи мураккаб, кўп қатламли муаммо бўлиб қолмоқда. Уни ҳал этишда сиёсий эмас, аввало инсоний ва халқаро ҳуқуқий нуқтаи назардан ёндашув муҳимдир.
Қочоқлар муаммоси бугунги кунда халқаро ҳамжамият олдида турган энг жиддий ва мураккаб чақириқлардан бирига айланди. Дунёда миллионлаб инсонлар ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлаётгани, нафақат уларнинг шахсий фожеаси, балки минтақавий ва глобал барқарорлик учун ҳам хавф туғдирмоқда. Шу боис, янги қочоқлар оқимининг олдини олиш ва мавжуд муаммоларни таг-томири билан ҳал этиш – замонавий халқаро сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири бўлиши лозим.
Бунда, фикримизча, қочоқлик муаммосини чуқур таҳлил қилиш ва уни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар қандай барқарор ва узоқ муддатли ечим, биринчи навбатда, сабабларни бартараф этишга йўналтирилган бўлиши керак.
Агар қочоқларнинг асосий сабаби қашшоқлик ва иқтисодий имкониятларнинг етишмаслиги бўлса, бу ҳолатда халқаро ҳамкорлик орқали ривожланиш дастурларини йўлга қўйиш, техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш, иш ўринларини яратишга хизмат қилувчи лойиҳаларни амалга ошириш муҳим стратегик ечим бўла олади. Бундай ёндашув аҳоли яшаш шароитларини яхшилашга, уларнинг ўз юртида қолиш истагини оширишга ёрдам беради.
Мабодо асосий омиллар инсон ҳуқуқларининг тизимли бузилиши бўлса, у ҳолда халқаро ҳамжамият БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари доирасида фаол ҳаракат қилиши зарур.
Бу доирада ҳолатни доимий мониторинг қилиш, тегишли давлатларга нисбатан сиёсий босим ўтказиш, бузилиш ҳолатларини қоралаш, шунингдек, мустақил экспертлар – махсус маърузачилар тайинлаб, улар орқали вазиятни таҳлил қилиш ва аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш каби чоралар муҳимдир. Бу, ўз навбатида, ҳукуматларни халқаро мажбуриятларига содиқ қолишга ундайди.
Агар қочоқлик зўравонлик, қуролли можаролар ёки фуқаролик урушлари билан боғлиқ бўлса, унда асосий эътибор низоларнинг олдини олишга, яъни превентив дипломатияни кучайтиришга қаратилиши керак. Можароларни бартараф этишда воситачилик институтларини қўллаб-қувватлаш, томонлар ўртасида тинчлик музокараларини ташкил этиш, шунингдек, қуролли низолар давомида халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига амал қилинишини таъминлаш долзарб вазифадир.
Шуни ҳам айтиш жоизки, қочоқлар муаммосини ҳал қилишда ягона универсал ечим йўқ. Ҳар бир ҳолат ўзига хос контекстга эга бўлиб, комплекс ёндашувни талаб қилади. Энг муҳими, халқаро ҳамжамият ушбу масалага бефарқ бўлмаслиги, қочоқларга ёрдам бериш билан бирга, уларнинг ватанида қолиб яшаши учун муносиб шароитлар яратишга интилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, қочоқлар муаммоси нафақат алоҳида давлатлар, балки бутун халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги ҳаракатини талаб қиладиган мураккаб ва кўп қиррали масаладир. Ушбу муаммога ечим излашда фақат оқибатларни эмас, балки уларнинг илдизидаги сабабларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган комплекс ёндашув муҳим ўрин тутади. Қочоқликнинг сабаблари – қашшоқлик, инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки зўравонлик ва можаролар бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ҳолатга индивидуал ва тизимли ёндашув зарур.
Халқаро ҳамжамият бу борада нафақат гуманитар ёрдам кўрсатиши, балки барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш йўлида узлуксиз чоралар кўриши лозим. Энг асосийси, қочоқларга инсонийлик билан ёндашиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларни сиёсий манипуляция воситасига айлантирмаслик ҳар қандай халқаро сиёсатнинг устувор тамойили бўлиши керак. Фақат шундагина қочоқлик инқирозига барҳам бериш йўлида реал натижаларга эришиш мумкин бўлади.
Иқбол АБДУМАЖИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида
халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 20.06.2025
- Кўришлар: 87
- Чоп этиш