МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТЛАР БИРДАМЛИГИ РАМЗИ

30 июнь – Халқаро парламентаризм куни

 

Ҳар йили 30 июнда дунё бўйлаб Халқаро парламентаризм куни кенг нишонланади. Ушбу сана 2018 йилдан буён глобал миқёсда парламентлараро мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, парламент институтининг тинчлик, демократия ва барқарор тараққиётдаги ўрнини юксак эътироф этиш мақсадида нишонлаб келинмоқда.

Халқаро парламентаризм куни таъсис этилишида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси (ПА) муҳим ташаббускор сифатида иштирок этган. 2017 йил баҳорида бўлиб ўтган МДҲ ПАнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали сессияда ташкилот Кенгаши Халқаро парламентаризм кунини таъсис этиш таклифи билан чиқди ва бу борада Парламентлараро Иттифоққа (ПИ) расмий мурожаат йўллашга қарор қилди.

Ушбу ташаббус тез орада халқаро эътирофга сазовор бўлди. БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 майдаги 72-сессияси доирасида "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, миллий парламентлар ва Парламентлараро Иттифоқнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида"ги резолюция қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ҳар йили 30 июнь санасини Халқаро парламентаризм куни сифатида нишонлаш расман белгилаб қўйилди.

Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқ — энг йирик халқаро парламентлар ташкилоти сифатида — 182 та миллий парламент ва 15 та ҳудудий ҳамда минтақавий аъзони ўз таркибига бирлаштирган. Бу орқали ташкилот дунё бўйлаб 6 миллиарддан ортиқ инсон манфаатларини ифодаловчи вакиллик тузилмасига айланиб улгурган.

Халқаро парламентаризм куни нафақат парламентлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, балки глобал миқёсда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг фаол ролини тарғиб қилишга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу сана муносабати билан турли халқаро форумлар, конференциялар, парламентлараро учрашувлар, қонунчилик тажрибаси алмашинуви каби тадбирлар ташкил этилиб, минтақавий ва глобал хавфсизлик масалаларида парламент дипломатиясининг аҳамияти юксак баҳоланади.

Халқаро парламентаризм кунининг 30 июнь санасида нишонланиши бежиз танланмаган. Ушбу сана тарихий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у халқаро парламентлараро ҳамкорликнинг илк пойдевори қўйилган кун сифатида эътироф этилади.

Айнан 1889 йил 30 июнь куни Франциянинг Париж шаҳрида дунёдаги энг қадимий ва энг йирик парламентлар уюшмаси — Парламентлараро Иттифоқнинг биринчи халқаро конференцияси бўлиб ўтган. Бу тарихий йиғин ўз даврида парламентлараро мулоқот, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида илк босқич бўлди. Шу боисдан ҳам ушбу сана халқаро парламентаризм тарихининг расмий бошланиш нуқтаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Парламентлараро Иттифоқнинг ташкил этилиши, ўз навбатида, урушларнинг олдини олиш, халқаро низоларни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш, халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш ғоялари асосида шаклланди. Ушбу ташкилотнинг илк асосчилари қаторига Франция, Британия, Италия ва Европадаги бошқа йирик мамлакатларнинг илғор сиёсатчилари кирган.

Дастлабки конференцияда атиги 9 та давлат иштирок этган бўлса, бугунги кунга келиб, Парламентлараро Иттифоқ таркиби 182 та миллий парламент ва 15 та минтақавий аъзони ўз ичига олган глобал тузилмага айланди. Бугун, орадан 136 йил ўтиб, Парламентлараро Иттифоқ парламентлараро ҳамкорлик, демократик бошқарув тамойилларини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва тинчликни таъминлаш йўлида фаолият юритаётган нуфузли халқаро платформа ҳисобланади.

30 июнь санасининг Халқаро парламентаризм куни сифатида нишонланиши эса бевосита тарихий узвийлик, қадриятлар барқарорлиги ва демократия меросига ҳурмат рамзидир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Ўзбекистон Республикаси парламенти – Олий Мажлис ҳам ушбу халқаро демократик тамойилларга содиқлигини намоён этмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур ва босқичма-босқич ислоҳотлар, хусусан, қонунчилик базасини замон талаблари асосида такомиллаштириш жараёнлари, халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. Бу борадаги ёндашувлар 2025 йилнинг 5–9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида ҳам ўз тасдиғини топди.

Ўзбекистон мезбонлик қилган ушбу йирик сиёсий анжуман мамлакатимизнинг халқаро парламент дипломатияси майдонидаги нуфузини янада оширди ва глобал масалаларни ҳал этишда фаол иштирокчи сифатидаги ролини мустаҳкамлади. Ўзбекистон мезбонлик қилган ушбу Ассамблеяда 140 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, 100 дан зиёд спикер ва вице-спикерлар, 750 нафар депутат, 25 та халқаро ва парламентлараро ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Бу — Ўзбекистон тарихида парламент дипломатияси соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири бўлди. Ассамблеяда қуйидаги устувор мавзулар муҳокама қилинди:

  • тинчлик ва хавфсизлик йўлида парламент дипломатияси – жаҳон миқёсидаги зиддиятлар фонида парламентлараро мулоқот ва дипломатик ёндашувлар ролининг ортиб бораётгани таъкидланди;

  • ижтимоий адолат ва тараққиёт – жамиятлар ўртасидаги тенгсизликни бартараф этиш, барқарор тараққиётга эришишда парламентларнинг иштироки муҳокама қилинди;

  • гендер тенглик ва аёлларнинг сиёсатдаги иштироки – аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги улушини ошириш зарурати қайд этилди;

  • парламентлар келажаги ва унда ёшларнинг иштироки – ёш авлодни қонунчилик фаолиятига жалб этиш, сиёсий етукликни шакллантириш масалаларига урғу берилди;

  • сунъий интеллект одоби ва рақамли инклюзия – технологик тараққиёт фонида этик тамойиллар ва рақамли тенгликни таъминлаш йўналишлари кўриб чиқилди;

  • барқарор ривожланиш ва низолар оқибатларини юмшатиш – иқлим ўзгаришлари, қуролли можаролар ва табиий офатларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этишда парламентларнинг роли кўрсатиб ўтилди.

Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясида бир қанча ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан:

- Барқарор ривожланиш учун можароларнинг таъсирини юмшатиш тўғрисидаги резолюция;

- Ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсатдаги иштирокини кенгайтириш;

- Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон учун БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини ташкил этиш;

- Фаластинда “икки давлат” ечимини илгари суриш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди;

- Парламентлараро Иттифоққа янги аъзолар қабул қилинди.

Парламентлараро Иттифоқ универсал платформаси миллий парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланишни юксалтириш йўлида ҳаракат қилиб келмоқда. Ташкилот дунё парламентларининг ҳамкорлигини таъминлашда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда бирдамликни сақлаши билан аҳамиятлидир.

Шу маънода, айни сана — нафақат парламент институтининг аҳамиятини нишонлаш, балки жаҳон миқёсида барқарор тараққиёт, қонун устуворлиги ва фуқаролик иштирокининг кафолати сифатида парламентларнинг ролини мустаҳкамлаш учун муҳим имкониятдир.

 

Оғабек АБДУРАСУЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech