Қийноққа қарши яна бир ҳуқуқий таъсирчан чора

Жорий, 2025 йил 26 июнда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси талабига мувофиқ, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш ва бошқа ғайриинсоний зўравонликка солиш ҳолатларига қарши принципиал кураш бошладик. Фуқароларни сохта далиллар, туҳмат ва бўҳтонлар асосида жавобгарликка тортишдек номақбул амалиётга барҳам берилди”.

Мамлакатимизда жазони ижро этиш хизматини ислоҳ қилиш соҳасида узоқни кўзлаган, мақсадли ва кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари доирасини янада кенгайтириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, 2021 йил 26 июнда Ўзбекистон Президентининг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.

Қарор ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини мунтазам ташкил этиб келмоқда. Ўз навбатида, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотларига янги руҳ бағишлади. Эндиликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсини доимий равишда ташкил этиш таъминланмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур машғулотлар БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда.

Шунингдек, 2022 йил 29 мартда “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартиби ҳуқуқий асосда мустаҳкамланди.

Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилган. Бу борада қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли ва босқичма-босқич чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Бу ўринда 2024 йилда бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам БМТнинг Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога қарши конвенцияси қабул қилинганининг 45 йиллиги кенг нишонланганини қайд этиш лозим. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўтган йил давомида миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар билан бирга аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган турли ҳуқуқий-маърифий  тадбирлар ўтказди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига БМТ Бош Aссамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари”ни (Нелсон Мандела қоидалари) жорий қилинмоқда. Шу маънода, янги қонун ҳам ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Унда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин ўша ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши назарда тутилган.

Янги қонун талабига кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин, тергов ҳибсхонасига олиб келинган пайтдан эътиборан 2 соат ичида ҳибсхонанинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу жараёнда қамоққа олинганнинг розилиги билан унинг адвокати ҳам иштирок этиши мумкин.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома расмийлаштирилади. Тиббий кўрик чоғида қамоққа олинганнинг танасида жароҳат, шикастланиш ва яралар аниқланганда, улар белгиланган тартибда қайд этилиб, бу ҳақда қамоққа олинганга маълум қилинади ва зудлик билан прокурорга хабар берилади.

Мухтасар айтганда, миллий қонунчиликдаги ушбу янгилик гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишида муҳим туртки бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат: янги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишни, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. 

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech