15 июль – Бутунжаҳон ёшлар кўникмалари куни
Ёшларни иш ва замонавий таълим кўникмалари билан таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу нафақат иқтисодий ўсишда, балки барқарор ижтимоий тараққиётга эришишда ҳам ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
БМТнинг кўрсаткичларига мувофиқ, 2022 йилда дунё бўйича ёшлар орасида маълум бир даврда таҳсил олиш, меҳнат қилиш ёки малака ошириш билан боғланмаган ёшлар улуши 23.5 фоизни, яъни тахминан 289 миллион нафарни ташкил этган. Ўз навбатида, 2023 йилда ёшларнинг ишсизлик даражаси улуши 21.7 фоиз камайиб, бир оз ижобий ўзгариш кузатилган.
Ўзбекистонда ҳам ёшларнинг замонавий кўникмаларга эга бўлиши ва меҳнат бозорида ўз ўрнига эга чиқиши учун изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президент ташаббуси билан «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» каби ижтимоий дастурлар йўлга қўйилди ва бу дастурлар орқали минглаб ёшларга таълим олиш, касбга эга бўлиш, иш бошлаш ва ўз бизнесини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Технологиялар ва иш ўринларининг келажаги бўйича ўтказилган сўровга асосан, ишсиз ва таълим кўникмаларига эга бўлмаган ёшлар сони 2017 йилдан бери кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.
2030 йилга келиб, ишчилар малакаларининг 40 фоизи меҳнат бозорининг янги талабларига ва рақамли инновацион циклларга жавобан ўзгаради, деган прогнозлар ҳам мамлакатдаги таълим тизимини мослашувчанлаштириш ва замонавийлаштиришга ундамоқда.
Ёшларни келажакдаги ишчи кучи сифатида тайёрлаш нафақат юқори сифатли мактаб ва олий ўқув юртларидаги шароитларни яхшилаш билан боғлиқ, балки техник ва касб-ҳунар таълимига эътиборни кучайтиришни ҳам талаб қилади. Шу сабабли Ўзбекистонда сўнгги йилларда касб-ҳунар таълимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоятлар ва туманларда янги касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар ташкил этилиб, уларда ёшларга рақамли технологиялар, замонавий саноат, агротехника ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича билим ва амалий кўникмалар берилаяпти. Иқтисодиётнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, таълим тизими ислоҳ қилинмоқда, дуал таълим, яъни иш ўрнида ўқитиш тизими жорий этилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2014 йилда ёшларга муносиб иш ва тадбиркорлик имкониятларини яратишда зарур бўлган кўникмаларни ўргатишнинг долзарб аҳамиятини эътироф этган ҳолда, 15 июль санасини – Бутунжаҳон ёшлар кўникмалари куни сифатида белгилади. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг замонавий меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, рақобатбардош кўникмаларга эга бўлиши ва барқарор ривожланиш жараёнларида фаол иштирокини таъминлашдан иборат.
Дунё ҳамжамияти томонидан бу санани нишонлаш орқали ёшлар таълими, касбий тайёргарлиги ва имкониятлар тенглигини таъминлаш масаласига эътибор қаратилади. Бу мақсадлар Ўзбекистонда ҳам амалий ифодасини топмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар сиёсати устувор йўналишлардан бирига айланди. Хусусан, Президент ташаббуси билан қабул қилинган давлат дастурлари, “Ёшлар дафтари” тизими, янги авлод техникум ва касб-ҳунар мактаблари, “Ёшлар академияси”нинг ташкил этилиши — буларнинг барчаси ёшларнинг билими, салоҳияти ва меҳнатга тайёргарлигини оширишга қаратилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, инновацион фикрлашни ривожлантириш, чет тилларини билиш даражасини кўтариш ва тадбиркорлик салоҳиятини кучайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бу чоралар халқаро даражада тан олинаётган “яшил иқтисодиёт”, рақамлаштириш ва инклюзив ривожланиш каби тенденцияларга мос келади.
Шу жиҳатдан қаралганда, 15 июль – Бутунжаҳон ёшлар кўникмалари куни нафақат глобал мулоҳазаларга чорловчи сана, балки Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларнинг муҳим қўшимчасидир. Бу сана — келажак эгалари бўлган ёшларнинг илм, меҳнат ва ижод орқали ўз ўрнини топишига рағбат ва эътироф куни ҳамдир.
Меҳнат бозорида муваффақиятга эришишда, албатта, доимий равишда билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаб бориш, янгиликка очиқ бўлиш, ўз устида ишлаш ва ҳаёт давомида ўқиш тамойилига риоя қилиш катта аҳамиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, юртимиз ёшларига — мамлакатнинг навқирон эгалари ва эртанги келажак бунёдкорларига — зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиш дегани, бу орқали юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва барқарор ривожланиш йўлида салмоқли ҳисса қўшиш демакдир.
Чунки ёшлар – фақатгина демографик гуруҳ эмас, балки инновация, янгилик ва ижтимоий ўзгаришларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Уларнинг интеллектуал салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижодий ғояларини қўллаб-қувватлаш ва етакчилик қобилиятини ривожлантириш орқали жамият ҳаётида улкан ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин.
Миллатнинг истиқболи ва давлатнинг салоҳияти айнан ёш авлоднинг қандай тарбия топгани, қандай таълим олгани ва қанчалик фаол ҳаётий маслакка эга экани билан белгиланади. Шу боис, ҳар бир ёшга ўз иқтидорини намоён этиш учун тенг шароитлар яратиш, бир томондан, ижтимоий адолат масаласи бўлса, иккинчи томондан, миллий ривожланишнинг узвий шартидир.
Шу нуқтаи назардан, ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва жамиятда фаол иштирок этиши учун қулай ва самарали муҳитни яратиш давлат ва жамиятнинг якдил масъулияти ҳисобланади.
Ҳусниддин Холмаматов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси
- Қўшилди: 15.07.2025
- Кўришлар: 248
- Чоп этиш