Ёшларга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратилади

Юртимизда болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.  

Статистик рақамларга кўра, 2023 йилда 1 минг 911 нафар, 2024 йилда 2 минг 214 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва  судланган. Ўтган йилда  ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 1 минг 238, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 855 тани ташкил қилган.

Қонун билан Жиноят кодексининг бир қатор моддаларига қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда. Жумладан, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.  

Қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштиришга хизмат қилади. Ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech