"Дунёдаги ҳар бир давлатнинг миллий суверенитети ва мустақиллиги шу мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаши, ўз халқининг тинч ва фаровон ҳаётини, унинг энг муҳим манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам сиёсий-ижтимоий замин ва куч-қудрат манбаидир”. Ушбу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида алоҳида таъкидланган.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар йўлидан дадил одимламоқда, прагматик ташқи сиёсат юритмоқда. Жаҳон ҳамжамияти билан очиқ ва фаол мулоқот олиб бориш билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.
Жорий йил бошида, жумладан, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини бажариш мақсадида "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш йили" Давлат дастури тасдиқланди. Айни дастурий ҳужжатга мувофиқ, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари ва институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар изчиллик билан бажарилмоқда.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек: "Халқимизнинг асрлар давомида турли ғоя ва амалий ҳаракатларда шаклланган орзу-интилишлари бугун Янги Ўзбекистон концепциясида мужассам бўлмоқда". Бу фикрнинг нақадар тўғрилигини қуйидаги аниқ далил ва рақамлар яққол кўрсатиб турибди:
· миллий иқтисодиёт жадал ўсиши натижасида қисқа даврда тарихда биринчи марта мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 110 миллиард АҚШ долларидан ошди;
· юртимизда мактабларнинг янги модели – ижодий, ихтисослаштирилган ва Президент мактаблари тизими яратилиб, мактабгача таълим тизимида қамров даражаси 2017 йилдаги 27 фоиздан – ҳозирги 77 фоизга, олий таълимда 9 фоиздан – 42 фоизга ўсди;
· спортчиларимиз илк бор Париж Олимпиадаси ва Паралимпиадасининг кучли ўн бешта жамоаси қаторига кирди, Ўзбекистон тарихида биринчи марта футбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси, шунингдек, футбол бўйича миллий терма жамоа жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Янги Ўзбекистоннинг прагматик дипломатияси
Дунёнинг турли минтақаларида қуролли можаролар, экологик ва техноген офатлар, иқтисодий инқирозлар, "савдо низолари", терроризм ва экстремизм хавфи кундан-кун кучайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирги шундай ўта мураккаб шароитда мамлакатимизда ягона Ўзбекистон тамойили асосида тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масалаларига устувор аҳамият берилаётгани эътиборга лойиқдир.
Глобал ўзгаришлар, янги чақириқ ва таҳдидлар шароитида Янги Ўзбекистон дипломатияси мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг халқаро имижини яхшилашда сезиларли ютуқларга эришдик.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли минтақанинг қардош давлатлари билан дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилди. Жаҳон сиёсатида "Марказий Осиё руҳи" ва "Марказий Осиё қиёфаси" каби тушунча ҳамда воқеликлар пайдо бўлди.
Марказий Осиёда ишонч ва шерикликнинг янги даражасига эришилгани жадал ўзгаришларга жўшқин суръат бағишлади. Жорий йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқтада “Дўстлик” стелласи ўрнатилгани ўртамизда мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг яна бир тасдиғи бўлди. Минтақа мамлакатлари барқарор ва изчил ривожланишининг ушбу ноёб ҳодисаси нуфузли таҳлил марказлари томонидан фаол ўрганилмоқда.
Бугунги кунда "Янги Марказий Осиё" концепцияси реал воқеликка айланмоқда, минтақада ягона транспорт-логистика макони шаклланмоқда. Минтақамиз жадал ривожланиб, иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаоллик маркази сифатида намоён бўлмоқда. Марказий Осиё оламшумул тарихий имкониятлардан фойдаланиб, яхши қўшничилик ва хавфсизлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланмоқда.
Марказий Осиёни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги тўлақонли транзит хабига айлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми 4,5 баробар, инвестициялар эса икки баробар кўпайди. Қўшма корхоналар сони беш баробар ортди. Жорий йилда "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бошланди. Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди.
Фаол ва прагматик ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон халқаро сиёсатнинг марказларидан бирига ва глобал ғоялар ташаббускорига айланмоқда. Шу йил 3-4 апрель кунлари Самарқандда Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити ўтказилгани бунинг яна бир тасдиғидир. Саммит Ўзбекистон Президенти раислигида ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Самарқанд иқлим форуми – Марказий Осиёда биринчи марта шундай даражадаги, яъни экология ва барқарор ривожланиш масалаларига тўлиқ бағишланган тадбир ўтказилди. Форум минтақа учун муҳим воқеа бўлди ва халқаро ҳамжамият эътиборини тортди: унда БМТ Бош котибининг учта ўринбосари, йирик экологик ташкилотлар раҳбарлари, 30 дан ортиқ мамлакат ва халқаро агентликлар, жумладан UNCCD, FAO, UNIDO, UNECE ва ICBA вакиллари, шунингдек, экология вазирлари ва экспертлари иштирок этди.
Парламент мезонлари ва Янги Ўзбекистон
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида 2025 йил 5-9 апрель кунлари сайёрамиз миқёсидаги яна бир муҳим тадбир ташкил этилди. Бу ўринда "Ижтимоий ривожланиш ва адолат йўлидаги парламент ҳаракатлари" мавзусида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ҳақида сўз бормоқда.
Ассамблея доирасида Ёш парламентарийлар глобал форуми ва Халқаро хотин-қизлар парламент форуми ўтказилди. Форумда 140 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингга яқин парламентарий, шунингдек, 20 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилот вакиллари иштирок этди.
Марказий Осиё тарихида биринчи марта ушбу тадбир Ўзбекистонда бўлиб ўтди. Бу, шубҳасиз, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, шунингдек, парламентаризмни ривожлантириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганининг ёрқин самарасидир.
Форумнинг якуний дастурий ҳужжати – "Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати" Тошкент декларациясининг қабул қилиниши кўп кунлик мунозараларнинг мантиқий ҳосиласи ва халқаро парламент ҳамжамиятининг ҳозирги замон устувор муаммолари бўйича консенсусининг ўзига хос ифодаси бўлди. БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тасдиқланган Тошкент декларацияси стратегик хусусиятга эга бўлиб, глобал хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, ижтимоий адолат ҳамда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни илгари суриш, ёшлар ва инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш соҳасида парламент ҳаракатларининг кенг қамровли ҳадли дастури ҳисобланади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида парламент институтини янада ривожлантириш масалалари устувор вазифалар қаторига киритилган. Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда парламент ваколатлари тубдан кенгайтирилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатнинг мутлақ ваколатлари эса 14 тадан 18 тага кўпайди. Қонун чиқарувчи ҳокимиятга Президентнинг суд, коррупция ва монополияга қарши курашиш органларини шакллантириш бўйича бир қатор ваколатлари ўтказилди.
Парламентнинг Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат механизмлари, шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик имкониятлари янада кучайтирилди. Ҳозирги вақтда Олий Мажлис палаталари қарийб 100 та хорижий парламент билан яқин алоқалар ўрнатган, 80 та дўстлик гуруҳи ва парламентнинг қўшма комиссиялари самарали фаолият юритмоқда.
Янги аралаш сайлов тизими асосида ўтган сайловлар ва аёл номзодлар учун квотанинг кўпайтирилиши сиёсий партияларнинг сезиларли таъсири ва янги гендер мезонига эга бўлган янада профессионал ва масъулиятли парламентнинг шаклланишига ёрдам берди. Бугунги кунда миллий парламентда аёллар улуши 38 фоизга етди ва бу кўрсаткич Парламентлараро Иттифоқ томонидан Осиё минтақасида сўнгги 30 йилдаги энг юқори ўсиш сифатида баҳоланди.
Қуйи палатада парламент кўпчилиги ва мухолифат шакллантирилди. Бундан ташқари, ўзини парламент мухолифати деб эълон қилган сиёсий партиялар фракцияларига қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи парламент мухолифати ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича қонунчилик даражасида чора-тадбирлар қабул қилинди. Яъни, парламент мухолифати ҳуқуқларининг сони 3 тадан 6 тага кўпайди. Хусусан, бу ўринда:
· қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунга қадар қонун лойиҳасининг ёки унинг айрим қоидаларининг муқобил таҳририни киритиш ҳуқуқи;
· Қонунчилик палатасида битта қўмита раиси лавозимини ва иккита қўмита раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаш ҳуқуқи;
· "Ҳукумат соати" ва парламент сўрови доирасида ҳар чоракда камида битта масала киритиш ҳуқуқи мисолидаги янги ҳуқуқлар ҳақида сўз бормоқда.
Парламент мухолифати Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини ҳам киритиши мумкин. Шунингдек, Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, ушбу ўзгаришлардан келиб чиқиб, мамлакатимиз ҳудудларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари кенгайтирилди: уларга 30 дан ортиқ ваколат ўтказилди ва бу жараён изчил давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг турли соҳаларида маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтиришни назарда тутувчи 2030 йилгача маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Хусусан, Халқ депутатлари Кенгашларига:
· давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдорини белгилаш;
· дафн этиш жойларини сақлаш қоидалари ва бундай хизматларни кўрсатиш тарифлари миқдорини тасдиқлаш;
· ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш;
· йўлнинг айрим қисмларида, тегишли йўл белгиларини ўрнатган ҳолда, ҳаракат тезлигини ошириш ёки камайтириш учун рухсатнома бериш ваколатлари тақдим этилмоқда.
Бундан ташқари, ҳокимлар депутатлар ва жамоатчилик олдида ҳисобот берадиган "Кенгаш соати" институти жорий қилинмоқда. Шунингдек, давлат божлари, жарималар, йиғимлар каби даромадларнинг бир қисмини маҳаллий бюджетлар фойдасига қайта тақсимлаш таклиф этилмоқда.
Кенгашлар ҳузурида Олий Мажлис палаталари ҳузурида тузилган Ёшлар парламентларига монанд Ёшлар гуруҳлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллалар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва илмий доиралар вакиллари иштирокида маслаҳат гуруҳлари ташкил этилади. Эндиликда маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларида вилоят, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари лавозимига номзодлар дастлабки тарзда муҳокама қилинади ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастурлари эшитилади.
Маълумки, 2025 йил май-июнь ойларида Ўзбекистоннинг 208 та туман ва шаҳарларидаги 8 минг 852 та маҳаллада маҳалла раислари сайлови ўтказилди. Маҳалла раислари биринчи марта 5 йилга сайланди, чунки илгари бу муддат 3 йил эди.
Маҳалла раислари сайлови натижасида 3 минг 962 та, яъни жами маҳаллаларнинг 44,8 фоизида янги раҳбарлар, қолганларида эса амалдаги раислар қайта сайланди. Сайланганлар орасида 1 минг 196 нафар хотин-қиз ва 306 нафар туман (шаҳар) кенгашлари депутати бор. Раислар янги таркибининг ўртача ёши 51 ёшни ташкил этди.
Шундай қилиб, ўтган йил давомида мамлакатимизда вакиллик демократиясининг барча унсурлари – миллий парламент, маҳаллий вакиллик органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сифат жиҳатидан янги асосда шакллантирилди.
Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон – ижтимоий давлат эканлиги аниқ белгиланган. Чунончи, 43-моддада давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради, фуқароларнинг касбий тайёргарлиги ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради, дейилган.
"Ўзбекистон – 2030" стратегиясига кўра, 2026 йилга бориб камбағаллик даражасини 2022 йилга нисбатан икки баравар қисқартириш, 2030 йилгача эса камбағаллик хавфи остида бўлган 4,5 млн кишининг даромадини ошириш ва ижтимоий шериклик асосида 500 минг нафар малакали мутахассисни тайёрлаш режалаштирилган. Сўнгги 8 йил ичида мамлакатда 7 миллиондан ортиқ киши камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга камайди. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 фоизга тушириш мақсад қилинган.
Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича асосий вазифалар ва чора-тадбирлар қонунчилик ва давлат стратегияларида мустаҳкам белгилаб қўйилган. Хусусан, "Қашшоқликдан фаровонликка" умуммиллий дастурини амалга ошириш бошланди. Ушбу фаолиятни амалга ошириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва "Инсон" ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.
Натижада 2,3 миллиондан ортиқ эҳтиёжманд оила, хотин-қизлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар кафолатланган ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинди. Бундан ташқари, "Темир дафтар" "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари", "Меҳр дафтари" каби мутлақо янги ташкилий-ҳуқуқий механизмлар аниқ натижалар бермоқда.
Ўзбекистон тажриба алмашиш ва муҳтожларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро ташкилотлар ва мамлакатлар билан барқарор ҳамкорлик қилишга интилиб келаётгани бежиз эмас. Президентимиз таъбири билан айтганда, кўп қиррали камбағаллик бўйича ўзаро мулоқот эзгу мақсадларга эришишга хизмат қилади ва унинг якунлари бўйича ишлаб чиқилган амалий таклиф ва тавсиялар глобал миқёсда камбағалликни қисқартиришда янги қадам бўлади.
Ўзбекистоннинг Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича глобал иттифоққа қўшилгани – глобал озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш ҳамда очлик, қашшоқлик ва тенгсизликка қарши фаол курашда тарихий қадам бўлди. Мамлакатнинг ушбу саъй-ҳаракатлари сармоялар ва маҳалла институтларининг асосий роли туфайли таълим, иш ўринлари яратиш ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган.
Йил бошидан буён бу соҳада халқаро тажриба асосида шаклланган моделлар жорий этилмоқда. Хусусан, банк тизими маҳаллалар билан фаол мулоқот қилиб, аҳоли бандлигини таъминлашда кўмаклашадиган бўлди.
Бандликни оширишда касб-ҳунар таълими сифати асосий омил бўлиб қолмоқда. Бу муҳим омил эса иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш даражасини ошириш, хусусий секторни фаол жалб этишни тақозо этади. Хусусан, интернет орқали бепул видеокурсларни жорий этиш, шунингдек, ишлаётган фуқароларга "касбий ваучерлар"дан фойдаланган ҳолда қайта тайёрлаш ёки малака ошириш имкониятини бериш кўзда тутилган.
Шундай қилиб, мамлакатимизда рўй бераётган шиддатли ўзгаришлар таҳлили асосида дадил айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат, халқаро майдондаги ишончли ҳамкор сифатидаги мақоми сезиларли даражада мустаҳкамланди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик конструктив ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг депутати, академик
«Халқ сўзи» газетасининг 2025 йил 26 август кунги 175 (9070)-сони
- Қўшилди: 26.08.2025
- Кўришлар: 176
- Чоп этиш