ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОРЛИГИ

инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган

 

Ўзбекистон Республикаси давлат

мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига

 

Кейинги йилларда хориж сафарларига кўп ҳам чиққим келмай қолди. Бу кайфиятим фақат дунёнинг нотинчлиги ва беқарорлиги билангина боғлиқ эмас. Яъни, бундан кўра ҳам муҳимроқ омиллар бор, демоқчиман.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: “Ҳолва ейишдан мурод – оғизнинг чучиши” деганларидек, авваллари чет эллардаги замонавий ва жозибадор сайёҳлик салоҳияти афзалликларидан баҳра олиш пайида бўлардик. Бугун эса чет элликлар Ўзбекистон саёҳатига ошиқмоқда. Яқин ўн йиллар олдин юртимизга бир йил давомида ташриф буюрадиган туристлар сони 1 миллион нафарга ҳам етмаган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич ҳар ойда 1 миллиондан ошмоқда.

Ажнабий юртларнинг таомлари иштаҳа қўзғайдиган роҳатижон ресторанларида меҳмон бўлишу, гавжум кўчаларида кўзларни ўйнатиб ўтадиган энг сўнгги русумдаги автолар томошасидан завқ олиш иштиёқи ҳам урфдан қолди. Нега десангиз, бир томондан, ҳамюртларимизнинг чет эл сафаридан қайтиб келганидан сўнг кафе-ресторанларимизда ҳузур билан тамадди қилар экан, “Ўзимизникидан қўймасин!” деган шукроналарига ҳам, хорижлик меҳмонларимизнинг “Ўзбек таомларига нима етсин!” деган мақтовларига ҳам ҳар қадамда гувоҳ бўлиб турибмиз.

Қолаверса, кўча-кўйда атиги 3-4 хил русумдагидан бошқача хил енгил уловларнинг қораси кўринмайдиган эски замонлар аллақачон ўтмишда қолди. Ўша зерикарли йўл манзаралари энди ҳатто тушимизга ҳам кирмайди. Болалару набираларга нафақат мамлакатимиз автозаводларида тайёрланган, балки жаҳонинг энг машҳур брендлари бўлган автомобилларга ҳам тўла кўчаларимизда ўттиз йилча олдин аҳвол бутунлай бошқача эди, десак, ишонишмайди ҳам.

Хориж сафарига мойиллигим сусайганининг яна бир сабаби бор. Гап шундаки, ХХ асрнинг 90-йилларида каминага дунёнинг йигирмага яқин давлатини гоҳ саёҳат, гоҳ хизмат сафари баҳонасида томоша қилиш насиб этди. Ҳар гал Нью-Йорк ва Вашингтон, Лондон ва Женева, Амстердам ва Бонн, Брюссель ва Льеж, Анқара ва Истанбул, Куала-Лумпур ва Бангкок – сайёрамизнинг қайси шаҳрини зиёрат қилмайин, албатта, гўзал ва пурвиқор бино-иморатларига бошимдан дўппим тушиб кетадиган даражада ҳангу манг бўлиб термулганим рост.

Негаки, собиқ иттифоқнинг собиқ фуқаросиман, бинобарин, товуқларга катак қуриш учун ҳам “энг юқори”дан рухсат олиш талаб этилган замонларни кўрганман. Юртимиз қишлоқларининг ўша вақтдаги абгору вайрона аҳволи ҳақида тўхталмайман. Шаҳарларимиздаги қарийб бир хил қолипли “қути” уйлардан зериккан одам учун хориждаги биноларнинг ҳар бири ҳайратомуз мўъжиза бўлиб туюлиши табиий.

Бизда эса одамлар шу “қути”-уйлар учун ҳам 20-30 йиллаб навбатда турган. Эски маҳаллаларнинг зах босган, пастак ҳовлиларида кўп болали 7-8 талаб оила зич ҳолда ва мушкул шароитларда истиқомат қилиши одатий ҳол бўлган. Бундай эҳтиёжманд инсонларнинг шахсий уй-жой қуриш учун етарли пул-маблағи бўлмаган, маблағ топилганда – қурилиш ашёлари билан боғлиқ тақчилликлар кўндаланг турган. Ҳар икки муаммога ечим топилган тақдирда ҳам, барибир, уй қуриш учун “юқори”дан ижозат бўлмагани панд берган…

Бугунги кунда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини тиклашга қатъий бел боғлаганимиздан буён қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бирига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Энг асосийси, барча соҳалар қатори қурилиш тармоғидаги улкан ишларимиз ҳам инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилмоқда”.

Жонажон Ватанимиз бўйлаб муҳташам ва фусункор, шинам ва ҳар томонлама қулай уйлар, бино ва иншоотлар қуриш борасида ақл бовар қилмайдиган тезкорлик билан ғоят улкан кўламлардаги бунёдкорлик ишлари  амалга оширилмоқда. Халқимизнинг кўз ўнгида қад ростлаётган замонавий турар-жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳандислик-коммуникация, йўл ва транспорт тармоқлари, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари, боғ ва хиёбонлар обод шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.

Айниқса, изчил ошиб бораётган инвестициявий жозибадорлик туфайли пойтахтимизда бунёдкорлик суръати янада жадаллашди. Кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, маданият ва спорт мажмуалари шаҳар имкониятларини кенгайтирмоқда. Янги Тошкент қурилиши ҳам бошланиб, иккиси замонавий мегаполисга айланмоқда.

Пойтахтимизда ҳам автобус, ҳам метрополитен йўналишлари изчил кенгайтириб борилмоқда. Метрополитенни Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Икки босқичли айни жараённинг биринчи босқичида Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Тошкент ҳалқа йўлигача ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳасининг шоҳ бекатигача ерости йўли барпо этилади.

Бу соҳадаги яна бир истиқболли лойиҳа – Янги Тошкент шаҳрига метро йўлидир. Узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат бўлиши кутилаётган бу метро ҳозирги “Дўстлик” метро бекатидан бошланиб, янги марказгача боради.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабрдаги қарори билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланган. Бош режага кўра, пойтахтимиз ҳудуди 3 та – консервация, реконструкция ва реновация    зоналарига ажратилган. Жумладан, реновация зонасига эски, кам қаватли уйлар, шаҳарсозлик ва зилзилабардошлилик талабларига жавоб бермайдиган бинолар киритилган. Улар босқичма-босқич бартараф этилиб, бўшатилган ҳудуд замонавий лойиҳалар асосида қайтадан қурилиши кўзда тутилган.

Пойтахт бош режасида 300 дан ортиқ реновация манзили белгиланган. Хусусан, 2025-2026 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда 65 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу орқали мазкур ҳудудлар функционал жиҳатдан бойитилади, аҳоли учун шароитлар яхшиланади, атроф ободонлаштирилади. Натижада эски ва замонавий мавзелар орасидаги тафовут босқичма-босқич қисқартириб борилади ҳамда улар ўзаро уйғунлаштирилади. Бинолар кам майдонда қурилиб, мавжуд дарахтлар сақлаб қолинади, янги яшил ҳудудлар барпо этилади.

Юртимиз аҳолиси фаровонлиги ва турмуш маданиятини ошириш мақсадида шаҳар ва туманларда – “сити”лар, қишлоқ жойларда эса “Янги Ўзбекистон” массивлари илғор шаҳарсозлик ечимлари асосида қурилмоқда. Янгича масканлардаги иншоотлар нафақат замонавий архитектураси, балки аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Инфратузилма иншоотларига қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилмоқда. Бу, ўз навбатида, энергия тежамкорлиги ва узлуксизлиги, экологик хавфсизликни  таъминлашда муҳим омилдир.

Ҳар бир уй замонавий коммуникация тармоқлари, атрофи эса болалар майдончалари ва автотураргоҳлар билан таъминланмоқда. Аҳолининг дам олиши, болалар ва ёшларнинг фаол вақт ўтказиши учун ҳам қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, сайилгоҳлар, болалар боғчаси, спорт майдонлари, соғломлаштириш масканлари ҳамда сервис нуқталари ягона концепция асосида барпо қилинаётир. Яна бир муҳим жиҳат: кўп қаватли уй-жойлар кўркамлиги, тартиблилиги ва ободлиги билан алоҳида диққатни тортади.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда шаҳарсозлик  соҳасини  такомиллаштириш, сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва биноларнинг  зилзилабардошлигини  ошириш  бўйича  тизимли  ишлар  амалга  оширилмоқда. Чунки  халқаро миқёсда рўй берган кучли зилзилаларнинг салбий оқибатлари мамлакатимизда ҳам ушбу соҳада янада қатъий ёндашувни тақозо этмоқда. 

Ўзбекистон Президенти “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Агар дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган бўлса, бу ҳуқуқларнинг 90 таси эндиликда мамлакатимизнинг Асосий қонунида мавжуд ва шу ҳуқуқлардан 40 таси янги конституциявий ҳуқуқлардир.

Хусусан, муносиб турар жойга бўлган ҳуқуқ — инсон қадр-қиммати ва фаровон ҳаёт кечириш ҳуқуқининг ажралмас қисми. Бинобарин, халқимизнинг “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг”, деган мақоли бежиз айтилмаган.

Агарки инсоннинг ҳуқуқий маданияти, онги, савияси юқори бўлса, демак юрт обод бўлади. Юрт ободлиги, турмуш ободлиги аввало кўнгилдан бошланади. Чунки ҳаётни обод қилиш учун инсон кўнгли обод бўлиши даркор. Обод юртда яшаш ҳам инсоннинг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади. Инсоннинг ҳуқуқий маданиятини ошириш эса, юрт ободлигининг асосий шартидир. Обод юртда яшаш ҳам инсон ҳуқуқига киради. Биз уй-жой қуриш, ободонлаштириш масаласига инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг узвий ва ажралмас қисми, деб қараймиз.

Айни масалада Ўзбекистон билан БМТнинг тегишли тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик нафақат ҳуқуқий, балки амалий ечимлар ишлаб чиқишда ҳам муҳим ўрин тутади. БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Раджагопалнинг 2024 йил 19-30 август кунлари мамлакатимизга ташриф буюргани шундай яқин ҳамкорликка яққол мисолдир.

Ушбу ташриф Ўзбекистон БМТнинг фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз уй-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган барча ташаббусларига доимо ҳурмат билан ёндашиб келаётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Ўзбекистонга сафари давомида Б. Раджагопал аҳолининг муносиб турар жойга бўлган ҳуқуқини таъминлаш борасида кўплаб ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлганини эътироф этди.

Айни вақтда БМТ Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачисининг урбанизация ва турар-жой масалаларига қаратилган конструктив тавсияларини амалга оширишга қаратилган Миллий ҳаракатлар режаси – “Йўл харитаси” тайёрланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда мамлакатда муносиб уй-жой ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Аслида ҳам, янги уйлар, янги иморатлар – Ватанимизнинг мустақиллиги ва халқимизнинг бунёдкорона кайфияти шарофатидир. Бугун пойтахтимиздан токи барча шаҳару қишлоқларимизнинг кўркам ва хушманзара кўчалари, майдонлари бўйлаб сайр қилиб, эл-юртимиз тинчлик ва тараққиёт, ободлик ва фаровонлик йўлидан собит ва дадил қадам ташлаётганига гувоҳ бўламиз.

Эътибор беринг: ЮНИСЕФ маълумотларига қараганда, кейинги икки йилда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги можаролар оқибатида камида 12 миллион 200 минг нафар ёш бола ўлдирилган, майиб-мажруҳ қилинган ёки уй-жойини тарк этишга мажбур этилган. Ҳозирги вақтда ушбу минтақада ҳар беш сонияда битта болакай бошпанасидан маҳрум бўлмоқда...

Биз, ўзбекистонликларнинг чор-атрофимизда янги қад ростлаган кўркам ва маҳобатли иморатлар, қайтадан сайқал топган бинолар, илғор таълим муассасалари, кенг ва равон йўллар, ораста боғ-роғлар, майдонлар завқимизни оширади. Ана шу яратувчанлик ва бунёдкорлик тимсолида Истиқлолнинг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини янада теранроқ англаймиз.

Мустақиллик йиллари Ватанимиз буюк ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Юртдошларимиз қалби ва онгида ўзликка ишонч, фахр ва ғурур туйғулари кучайди. Истиқлол шарофати туфайли халқимизнинг бунёдкорлик фазилати шаҳар ва қишлоқларимизнинг обод қиёфаси тимсолида ўзининг мафтункор, илҳомбахш қирралари билан яққол намоён бўлаётир. Бу барчамизни бирдай қувонтиради.

Зотан, қанча-қанча синов ва бўронларни бошидан кечириб, она заминини не-не босқинчи, ёвуз кучлардан, ҳар қандай бало-қазолардан кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келган, ўз зурриёди ва насл-насабини ақл-заковат, мардлик ва матонат соҳиби этиб тарбиялаган, улар орасидан дунёни ҳайратга солган олиму уламолар ва саркардаларни вояга етказган эл-юртимизнинг шундай мунаввар кунларга етиб келишида беқиёс куч-қувват ва мадад берган ким?

Бунга жавоб битта – минг йиллар олдин мана шу мўътабар заминда илдиз отиб, Аллоҳнинг марҳамати ва неъмати, ўзининг оғир ва машаққатли меҳнати билан шу юртни обод этган, ҳаётни тебратган – бу инсон, ва шу инсонни тарбиялаган она халқимиздир.

Бугун биз эришган, эришажак юксак марралар, руҳ ва дил тантанаси, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, халқимизга ҳуррият ва эркинлик  берган, кўтаринки бунёдкорлик кайфиятини бахш этган Истиқлол неъматларидир. Бинобарин, мустақилликнинг ўзи – энг улуғ, энг азиз неъмат.

Мустақиллик – бу аввало ҳуқуқдир.  Мустақиллик – эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омили. Мустақиллик – озод ва обод Ватаннинг ҳар бир фарзанди ўзлигини, ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини теран англаши учун чексиз ва буюк имконият.

Эътиборли жиҳати шундаки, Истиқлол мевалари давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги теран ислоҳотларимиз самараларида, иқтисодиётимизда эришилаётган залворли ютуқларда, ижтимоий сиёсатдаги инсонпарварликда, юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда, қалбдаги ободлик, руҳдаги озодлик тимсолида, айниқса, баралла намоён бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик, ободлик ва фаровонлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик баробарида, инсон қадрининг шундай юксак даражада улуғланаётгани фарзандларимиз учун тенгсиз сабоқ ва муносиб ибрат. Буларнинг барчаси азиз ва муқаддас Ватанимиз истиқлол йилларида том маънода инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган буюк давлатга айланганидан яна бир далолатдир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech