8 сентябрь – Халқаро журналистлар бирдамлиги куни
Ушбу сана Халқаро журналистлар ташкилоти IV конгрессининг қарорига асосан 1958 йилдан буён дунё миқёсида нишонлаб келинмоқда. Даставвал, ушбу халқаро санани таъсис этган ташкилот ҳақида мухтасар тўхталиш ўринлидир.
Халқаро журналистлар ташкилоти – шу касб соҳаси бўйича жаҳон миқёсида энг йирик ва “ёши улуғ” тузилма. У ўз сафларида сайёрамиздаги 420 минг нафардан зиёд журналистни бирлаштирган. Бошқа демократик ташкилотлар қатори Халқаро журналистлар ташкилоти ҳам гуманизмнинг умуминсоний қадриятлари амал қилиши, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилиши, жаҳон ҳамжамиятининг БМТ тимсолидаги институтларига ҳурмат кўрсатилиши, янгича халқаро ахборот тартиб-таомили мустаҳкам қарор топиши учун интилиб келмоқда.
Халқаро журналистлар ташкилотининг Бухарест шаҳрида бўлиб ўтган ўша конгресси депутатларининг фикрича, Халқаро журналистлар бирдамлиги куни барча мамлакатлар ва даврий нашрлар журналистлари бутун дунёга ўзларининг аҳиллигини, айниқса, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бирдамлигини намойиш этишлари учун зарур. Шу маънода, ҳар йили мазкур санада дунёнинг турли мамлакатлари журналистларини бир жойда жамлайдиган қурултой ва анжуманлар ўтказиб, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда соҳа пешқадамларини тақдирлаш яхши анъанага айланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ХХ аср охирида бўлиб ўтган БМТнинг навбатдаги конференциясида ҳам Халқаро журналистлар бирдамлиги куни сифатида эътироф этилган айни сана тасодифан танланган эмас. Зеро, 1943 йилнинг 8 сентябрида чехославакиялик журналист ва адабиётшунос Юлиус Фучик Германияда фашистлар томонидан қатл этилган.
Маълумки, Юлиус Фучик 1942 йил 24 апрелда фашистларга қарши фаолияти учун гестапо томонидан асирга олинган ва Прагадаги қамоқхонада “Дор остидан репортаж” китобини ёзган. Муаллиф вафотидан сўнг жаҳоннинг 70 та тилига таржима қилинган ушбу асар 1950 йилда “Тинчлик” халқаро мукофотига сазовор бўлган.
Кейинги даврда журналистика бутун ер юзидаги энг хавфли касблардан бири бўлиб қолмоқда. Дунёнинг деярли барча ҳудудларида ҳар йили журналистлар тажовузларга дуч келмоқда ва қурбон бўлмоқда. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) жаҳон миқёсида қанча журналист қурбон бўлгани, қанчаси дараксиз йўқолгани ва қамоқхоналарда сақланаётганига оид маълумотларни мунтазам эълон қилмоқда. Афсуски, бу кўрсаткичлар тобора ортиб бораётгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди.
Ўтган йили шу сана атрофида “БМТ янгиликлари” сайтида БМТ Бош котибининг журналистлар хавфсизлигига бағишланган маърузаси ҳақида мақола чоп этилди. Унда журналистиканинг яна бир долзарб ва оғриқли муаммоси – соҳада ишлаётган хотин-қизлар ҳали ҳам озчиликни ташкил этиши ҳақда сўз борган. Бунинг сабаби шундаки, улар – жинсий мансублиги баҳонасида – лавозим пиллапояларидан кўтарилишда тўсиқларга учрамоқда, кўп ҳолларда таҳдидларга дучор бўлмоқда ва зўравонлик қурбонларига айланмоқда.
Маърузада БМТ раҳбарининг айни мавзудаги маърузасидаги алоҳида боб “Оммавий ахборот воситаларидаги хотин-қизларнинг ҳолати” масаласига бағишланган. Оммавий ахборот воситалари соҳасидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш халқаро фонди 2021 йилда бу борада тадқиқот ўтказган. Натижада ўрганилган 522 та медиакомпания ходимлари сонининг атиги учдан бир қисминигина аёл-журналистлар ташкил этиши аниқланган.
Мавжуд гендер нотенглик ҳам аёл-журналистларнинг ойлик маошлари миқдорига, мансаб пиллапояларидан кўтарилишига ва касбий ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётир. Аксарият ҳолларда жиддий ва ўта муҳим мавзуларни ёритиш – эркак-журналистлар зиммасига, аҳамияти камроқ мавзуларни эса аёл-журналистларга топширишдек номақбул ақидаларга риоя қилинмоқда. Аёл-журналистлар раҳбарлик лавозимларини эгаллашда эркак-журналистларга нисбатан кўпроқ тўсиқларга учрамоқда.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари таҳририятларида ҳалигача хотин-қизларга шилқимлик қилиш ҳоллари учраб турибди. Гарчи, касбий нуқтаи назардан, ҳар икки жинсга мансуб ОАВ вакиллари турли тажовузларга учраётган бўлсалар-да, жинсий мансублиги билан боғлиқ ҳолда, айнан аёл-журналистлар янада кўпроқ таҳдидларга дучор бўлмоқда.
БМТ маърузасида аёл-журналистларнинг аксар ҳолларда рақамли технологиялар соҳасида таҳдид ва таъқибларга тўқнаш келаётгани қайд этилган. ЮНЕСКО билан Журналистлар учун халқаро марказ ўтказган ва 125 мамлакатдан оммавий ахборот воситаларининг 900 нафардан зиёд ходими иштирок этган тадқиқотда қатнашган аёл-журналистларнинг 73 фоизи айнан интернетда тажовузга учраганлигини айтган.
Аёл-журналистларга интернет тармоғидаги ҳужумлар муайян вазиятларда, хусусан, сайловлар даврида янада кучаяди. Масалан, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти баҳосича, Бразилияда бўлиб ўтган Президент сайловида ҳар бир журналистга ўртача ҳар уч сонияда интернет орқали хуруж қилинган, бунда тажовузга учраганларнинг 70 фоизини аёл-журналистлар ташкил этган.
Шу билан бирга, ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ ўтказган тадқиқот иштирокчилари ўзларининг “доксинг” (яъни, инсоннинг розилигисиз шахсий маълумотларини эълон қилиш) қурбонига айланганидан шикоят қилган. Аксарият ҳолларда аёл-журналистларга тегишли электрон почта манзили ва телефон рақамлари экстремистик мазмундаги веб-сайтларда ҳамда троллингга кўмаклашадиган сайтларда жойлаштирилган. Ҳатто бундай тажовузга учраганлардан айримларининг фаолиятини интернет орқали таъқиб этиш ва аккаунтларини бузиб кириш ҳоллари ҳам учраган.
ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ тадқиқоти иштирокчиларининг 37 фоизи интернетда журналистларга нисбатан учраётган бундай тазйиқларга сиёсий арбобларни асосий айбдор, деб кўрсатган. Яъни, айрим сиёсий арбобларнинг омма олдидаги очиқ-ошкора таҳдидлари, ўз навбатида, уларнинг тарафдорларига аёл-журналистларга нисбатан тажовуз ё таҳдид қилиш учун қутқу берган.
Маърузада ана шу тажовуз ва таҳдидлар аёл-журналистларнинг қадр-қиммати ва маънавий-руҳий ҳолатига салбий таъсир қилаётганига эътибор қаратилган. Интернет орқали “рақамли тажовуз”ни бошидан кечирган аёл-журналистларнинг кўпчилиги хавотир ва изтироб ичида яшаётгани, ўзини ҳимоясиз ҳис қилаётгани ва ўзига нисбатан ишончи сусайганидан арз қилган.
Янада ачинарлиси, ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ тадқиқоти иштирокчиларининг салкам 20 фоизи, интернетдаги босимлар билан боғлиқ ҳолда, рел ҳаётда ҳам жисмоний тажовузга учраганлигини тан олган. Оқибатда рақамли маконда суиистеъмолликлар қурбонига айланган ва шу билан боғлиқ равишда жисмоний тажовузга учраган аёл-журналистлар кўпинча ишга келмай қўяди. Улар ўзига келиб олиш ёки яна таҳдидларга учрамаслик учун ишдан бўшайди, баъзи ҳолларда эса ҳатто журналистика соҳасини бутунлай тарк этади.
Шу билан бирга, ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ ўтказган тадқиқот натижалари кўрсатишича, респондентларнинг 30 фоизи, интернетдаги тажовузлардан хавотирланган ҳолда, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида ўзини ўзи цензура қилиш йўлига ўтганини билдирган.
Бундан ташқари, БМТ Бош котиби маърузасида давлатлар ўз ҳудудида журналистларга нисбатан содир этилган тажовуз ҳолатлари юзасидан тезкор, холис ва мустақил суриштирув ўтказиш учун асосий жавобгар томон ҳисобланиши қайд этилган. Бу борадаги ишларни ҳалигача йўлга қўймаган давлатлар фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биргаликда журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий механизмларни яратишлари тақозо этилади.
Журналистларга нисбатан тажовузларнинг олдини олиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларига қарши жиноятлар бўйича айбдорларга нисбатан одил судлов орқали қонуний чора кўриш амалиёти шулар жумласига киради. Айни чоғда, мамлакатлар интернет маконида ва ундан ташқарида ҳам фикр эркинлигига амал қилинишини таъминлайдиган қонунлар қабул қилишлари талаб этилади, дейилган Бош котиб маърузасида.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 08.09.2025
- Кўришлар: 162
- Чоп этиш