ЯНГИ МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ МИНТАҚАВИЙ ЎЗИГА ХОСЛИГИ ВА ХАЛҚАРО-ҲУҚУҚИЙ СУБЪЕКТЛИГИ
(Ўзбекистон Президентининг янги ғоялари ва ташаббуслари талқини)
Мамлакатимиз пойтахтида 2025 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ғоят катта тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Маслаҳат учрашуви якунида қабул қилинган ҳужжатлар ва илгари сурилган ташаббусларда барқарор, хавфсиз ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишдек умумий мақсад ўз мужассамини топгани таҳсинга сазовордир.
Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Айни жараёнда “минтақавий ўзига хослик”ва “минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи” деган янги тушунчалар луғатимизга кириб келди.
Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги – янги воқелик
Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Минтақамиздаги муштараклик сиёсати туфайли халқаро луғатда “Янги Марказий Осиё руҳи”, “минтақавий ўзига хослик”, “минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи” деган иборалар пайдо бўлди. Бу ўринда, аввало, Марказий Осиёда конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларни босқичма-босқич барпо этиш ҳақида сўз бормоқда. Худди шу ёндашув туфайли сўнгги йилларда Марказий Осиё тубдан ўзгаргани, янги қиёфа касб этгани — ўзаро ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айлангани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви арафасида Ўзбекистон Президентининг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласи матбуотда эълон қилингани катта аҳамиятга эга. Ушбу мақолада ҳам минтақамиз истиқболига оид бир қатор янги ғоя ва фикрлар тақдим этилгани эътиборга лойиқ.
Шундай янги ғоялардан бири – “минтақавий ўзига хослик” тушунчасини қисқача таҳлил қилайлик. Президентимиз кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигини минтақавий яқинлашувнинг янги босқичига олиб чиқиш борасида турли соҳаларда эришилган натижаларга тўхталар экан, “Аста-секин Марказий Осиёнинг янги минтақавий ўзига хослиги вужудга келмоқда”[1], дея эътироф этди.
Бундай минтақавий ўзига хосликнинг моҳияти нимада? Ўзбекистон лидерининг таъкидлашича, “Бу фарқли жиҳатларимизни эътироф этиш ва айни пайтда халқларимизнинг умумий тарихи, муштарак маданиятини, тақдирларимиз ўзаро боғлиқ эканини чуқур англашга асосланади. Қўшничилик — хавф эмас, имконият, бир тарафнинг муваффақияти — барчанинг ютуғи деган ягона минтақавий маконга мансублик ҳисси шаклланмоқда”[2].
Ўзбекистон Президенти “Марказий Осиё яқин ўн йилликларда қандай ривожланади?”, деган принципиал саволга жавоб қайтарар экан, яна бир бор “минтақавий ўзига хослик” тушунчасига урғу бермоқда. Давлатимиз раҳбари, жумладан, бу борада гуманитар ҳамкорлик устувор йўналиш бўлиб қолётганини, инсон капиталини ривожлантириш, таълим, илм-фан ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш марказий вазифа эканини қайд этди.
Янада муҳими, умумий ахборот маконини яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш сифатини ошириш, умуман, ижтимоий соҳани, жумладан, туризмни ва ёшларга оид қўшма дастурларни ривожлантириш — буларнинг барчаси халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг уқтиришича, “Умумий қадриятлар, маданий яқинлик ва фаровонликка биргаликда интилишга асосланган минтақавий ўзига хосликни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда”[3].
Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида “минтақавий ўзига хослик” деган янги тушунчанинг маъно-мағзини янада теран очиб берадиган ёрқин фикр-мулоҳазаларни билдирди. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро-сиёсий жараёнлар шароитида ўзаро ҳамжиҳатлигимиз ва бир-биримизни қўллаб-қувватлашни кучайтириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ишончим комилки, бугун биз минтақамизнинг Янги Марказий Осиё сифатидаги тарихий уйғониш даври остонасида турибмиз”[4].
“Минтақавий ўзига хослик” тушунчасининг хусусиятлари
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан дипломатик лексикон ва амалиётга олиб кирилган “минтақавий ўзига хослик” (“региональная идентичность”) атамасининг маъно-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириб бериш учун қомус ва луғатларни варақлаш асносида муайян қийинчиликларга дуч келдик. Нега деганда, бир томондан, луғатларимизда “ўзига хослик” иборасига изоҳ берилмаган бўлса, иккинчи томондан, шу иборанинг муқобили сифатида хорижий лисонда учрайдиган “идентиклик” (“идентичность”) сўзи ҳам миллий луғатга киритилмаган экан.
Маълумки, “идентиклик” (“identity”) атамаси лотинча сўздан олинган бўлиб, унинг ўзагини “idem”, яъни “худди ўзи” деган маънони англатади ва бирор-бир объектнинг турли ўзгаришларга қарамай, ўзлигини сақлаб қолишига айтилади.
Бинобарин, инсон туғилиши ва улғайиб бориши давомида унда ижтимоий, диний ҳамда миллий дунёқараш ривожланиб, унинг маданий айнанлиги (идентиклиги) шаклланади. Инсон қайси маданий идентикликни қабул қилиши кўпроқ индивидуал танлов бўлса-да, унинг бор имкониятларининг намоён бўлиши шу танланган жамият, миллат даражасида амалга оширилади.
Шунга асосан, этномаданий идентиклик инсоннинг ҳам индивидуал, ҳам жамоавий идентиклигини кўрсатиб беради. Этномаданий идентиклик – жамиятнинг бирлиги, бутунлигини сақлашга ва унинг бошқа жамиятларга қараганда ўзига хослигини кўрсатувчи кўзгу ҳисобланади.
Баъзи манбаларга кўра, “идентиклик” атамасининг пайдо бўлиши ва илмий муомалага киритилиши XX асрнинг 40–50 йилларида яшаган америкалик психоаналитик Э.Эриксон номи билан боғлиқ. Бошқа манбаларга қараганда эса, “идентиклик” атамасини машҳур психоаналитик Зигмунд Фрейд илмий муомалага киритган.
Айни чоғда, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “идентиклик” тушунчасига оҳангдош “идентификация” сўзига изоҳ учрайди, холос. Унга кўра: “идентификация – объект ёки шахснинг умумий ва хусусий белгилари мажмуига қараб айнанлигини аниқлаш”, дегани.
Шу сабабли ҳозирги вақтда “ўзига хослик” (“идентиклик”) атамаси турли хил талқинларда қўлланилмоқда. Жумладан, унинг “ўзлик”, “ўзига хос қиёфага эгалик”, “асллик”, “айнанлик” каби вариантлари ушбу атама акс эттирадиган ҳақиқий тушунчани аниқлаштиришга кўпинча халал беради.
Фандаги ушбу ҳолат нафақат ғарблик олимлар, балки ўзбекистонлик мутахассислар орасида ҳам кенг тарқалган. Айни масалани алоҳида ўрганган олимларимизнинг фикрича, Ўзбекистондаги этнология, социология ёки ижтимоий (маданий) антропология фанлари йўналишларида тадқиқотлар олиб бораëтган мутахассислар орасида идентиклик, миллий идентиклик, этник идентиклик, ижтимоий идентиклик, гуруҳ идентиклиги, диний идентиклик, этномаданий идентиклик, идентиклик инқирози, гендер идентиклиги, тил идентиклиги ва бошқа мазкур атама билан боғлиқ замонавий сўзларга батафсил таърифлари ишлаб чиқилмаган, мавжудлари ҳам якунига етказилмаган. Бу атамаларнинг чегаралари, вазифалари, аҳамиятини аниқлаш, тадқиқ этиш, баҳолаш бўйича методологик тавсиялар ҳам шакллантирилмаган.
Айтмоқчимизки, “минтақавий ўзига хослик” (“региональная идентичность”), деган том маънода янги атаманинг туб моҳиятини тушунтириш учун, аввало, “ўзига хослик” (“идентиклик”) иборасининг мазмунини изоҳлаб бериш тақозо этилади. Шундай экан, тилчи, луғатчи ва қомусчи мутахассисларимиздан бу борада аниқ бир атамани муомалага киритиш учун тақдим этишларини кутиб қоламиз.
Шундай қилиб, Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги, деганда, нималарни тушунамиз? Фикримизча, ушбу янги тушунча замирида:
- жуғрофий яқинлик;
- умумий тарих;
- маданий муштараклик;
- диний омил;
- бағрикенглик (толерантлик);
- қардошлик ва қўшничилик имкониятлари;
- халқларимиз тақдири ўзаро боғлиқлиги каби ягона минтақавий маконга мансубликни тасдиқлайдиган муҳим омиллар ўз мужассамини топган.
Марказий Осиё – халқаро ҳуқуқий субъект сифатида: моҳияти ва аҳамияти
Янги Марказий Осиёда вужудга келаётган янги минтақавий ўзига хослик қандай аҳамиятга эга? Гап шундаки, минтақавий жипслашув борасидаги айни шундай муҳим ютуқлар туфайли бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг ўз манфаатлари ва тараққиёт йўлларини аниқ тасаввур этадиган мустақил ва масъулиятли иштирокчиси сифатида қарор топди. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Марказий Осиё плюс” ҳамкорлик форматлари минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи кучайиб бораётганининг ифодаси ҳамда барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим маркази сифатидаги ролининг эътирофи бўлди”[5].
Чиндан ҳам, илгари ташқи ҳамкорлар алоқаларни асосан икки томонлама асосда қурган бўлса, бугунги кунда дунёнинг етакчи давлат ва бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатларни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантирмоқда. Бу минтақанинг бошқа ҳамкорлар билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқади, дея қайд этади Президентимиз. Янги Марказий Осиё ташқи ҳамкорлар билан халқаро муносабатларнинг ягона субъекти сифатида мулоқот қилса, унинг овози баландроқ ва ишончлироқ янграйди, позициямиз кучлироқ бўлади, инвестицияларни жалб этиш, бошқа мамлакатлар билан барча йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича вазифаларни янада самарали ҳал қила оламиз.
Бошқача айтганда, Марказий Осиё давлатлари кейинги даврда БМТ, ШҲТ, МДҲ, ТДТ каби ҳамкор халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда нафақат мустақил ва суверен давлат мақомида, балки юридик тилда айтганда, “халқаро ҳуқуқий субъект” сифатида ягона минтақа номидан ҳам дадил ва якдил иш кўраётгани жуда муҳим. Зеро, “халқаро ҳуқуқий субъект”га айланишнинг туб асоси ва таянчи – минтақавий ўзига хосликдир.
“Халқаро ҳуқуқий субъект” – нима дегани?
Халқаро юридик шахс, яъни “халқаро ҳуқуқ субъекти” институти халқаро ҳуқуқдаги энг қадимги институт ҳисобланади. Янги мустақил давлатлар пайдо бўлишининг ҳозирги босқичи, асосан, ХХ аср 90-йиллари бошида Марказий ва Шарқий Европада социалистик ҳамжамият ва алоҳида давлатларнинг парчаланиши юз берди.
Бу ўринда учта федерация – СССР (1991 йил), ЮСФР (Югославия социалистик федератив республикаси, 1991-1992 йиллар), Чехословакия (1993 йил) ва битта унитар давлат – ГДР (1990 йил) барҳам топгани ҳақида сўз бормоқда. Бироқ собиқ социалистик федерациялар ўрнида шаклланган янги мустақил давлатларни тан олишнинг бой халқаро ҳуқуқий амалиёти халқаро ҳуқуқ фанида чуқур илмий таҳлил этилмади ва муносиб баҳо олмади.
Ваҳоланки, ХХ аср 90-йиллари бошидан замонавий дунёда бир қатор глобал ўзгаришлар, хусусан:
- СССР, Югославия, Чехословакиянинг парчаланиши;
- халқаро ҳуқуқ субъекти бўлган йигирмадан ортиқ янги мустақил давлатнинг пайдо бўлиши;
- янги мустақил давлатларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши ва улар билан дипломатик алоқалар ўрнатилиши;
- ушбу мустақил давлатларнинг халқаро ташкилотлар фаолиятига фаол жалб этилиши каби оламшумул воқеалар рўй берди.
Бу ғоят муҳим омиллар:
бир томондан, “халқаро ҳуқуқ субъекти” институтига эътиборни тубдан оширди;
иккинчи томондан, мустақил давлатлар халқаро-ҳуқуқий эътироф этилишининг аҳамиятини янада кучайтирди;
учинчи томондан, янги давлатларнинг халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши, шунингдек, халқаро-ҳуқуқий сиёсат олиб боришига нисбатан илмий ва амалий қизиқишнинг долзарб аҳамиятини баралла намоён этмоқда.
Буни бир қанча сабаблар билан изоҳлаш мумкин.
Биринчи сабаб – янги давлатнинг пайдо бўлиши нисбатан кам учрайдиган ҳодисадир. Инсоният олис тарихининг саноқли даврларидагина қисқа фурсатларда бу тахлит кўп сонли янги давлатларнинг ташкил топиши тажрибаси кузатилган.
Иккинчи сабаб – янги давлат ташкил топиши ва унинг халқаро- ҳуқуқий тан олиниши ҳар доим алоҳида давлатлар ва халқаро ҳамжамиятга аъзо давлатлар ҳамжамиятларининг тўқнашувлари билан боғлиқ бўлади. Жумладан, янги давлатнинг бошқа давлатлар томонидан эътироф этилиши ва БМТга аъзо бўлиши аслида “хамирдан қил суғургандек” осон кечмайди.
Учинчи сабаб – халқаро юридик шахс ва халқаро ҳуқуқий эътироф институтлари кодификацияланмаган бўлиб, асосан, одат ҳуқуқий нормаларини ўз ичига олади. Ушбу халқаро-ҳуқуқий институтларнинг айрим жиҳатлари манфаатдор томонларнинг кўп томонлама ва икки томонлама келишувлари, халқаро ташкилотларнинг қарорлари, шунингдек, алоҳида давлатларнинг дипломатик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Халқаро одатлар, умумий тамойиллар ва таълимотлар – халқаро юридик шахс, халқаро ҳуқуқий эътироф институтлари ва халқаро ҳуқуқий сиёсат таянадиган асосий пойдевор мана шулардир.
Давлатларнинг халқаро ҳуқуқий субъектлигининг асоси уларнинг ўзига хос давлат суверенитетидир. Бу, ўз навбатида, тегишли халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга оширишидан келиб чиқади. Халқаро муносабатларда фақат мустақил суверен давлатларгина универсал юридик шахс мақомига эга бўлган халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари сифатида ҳаракат қиладилар.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро-ҳуқуқий мақоми халқаро ҳамжамиятда суверен давлат сифатида, бир томондан, эга бўлган ҳуқуқлари, иккинчи томондан, зиммасига олган мажбуриятларининг чамбарчас боғлиқлигидан иборатдир. Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканини тасдиқлайдиган бир қатор хусусиятлар мавжуд.
Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий сиёсатини самарали амалга ошириш кўп жиҳатдан халқаро-ҳуқуқий соҳадаги устувор йўналишлар ва йўналишларнинг тўғри белгиланишига боғлиқ. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Ўзбекистон олдида турган минтақавий ва жаҳон миқёсидаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишга катта ёрдам беради.
Марказий Осиё давлатларининг халқаро-ҳуқуқий сиёсати ҳақида фикр юритганда, ҳақиқатан ҳам, минтақавий жипслашув борасидаги ютуқлар туфайли бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг ўз манфаатлари ва тараққиёт йўлларини аниқ тасаввур этадиган мустақил ва масъулиятли иштирокчиси сифатида қарор топганлигини таъкидлаш лозим. Зеро, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз”.
Ўз навбатида, Марказий Осиё минтақаси давлатлари халқаро ҳуқуқий субъект сифатида:
- БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотларга аъзо ҳисобланади;
- асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилган;
- БМТ Бош Ассамлеясида минтақамизга оид резолюцияларни илгари суриш борасида бирга иш олиб бормоқда;
- БМТнинг устав ва шартномавий органларида ўзаро ҳамкорлик қилмоқда.
Муҳими, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ўз саъй-ҳаракатларини иқтисодиётни ривожлантириш, ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтириш орқали минтақамиз барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда. Яна бир эътибор ва эътирофга молик жиҳат: илгари ташқи ҳамкорлар алоқаларни асосан икки томонлама асосда қурган бўлса, бугунги кунда дунёнинг етакчи давлат ва бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатларни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантириш йўлини танлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида минтақамизнинг “халқаро ҳуқуқий субъект” сифатида ягона минтақа номидан иш кўраётгани билан боғлиқ янги халқаро-ҳуқуқий воқелик алоҳида эътибор марказида турди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳамжиҳатлик ва умумий тараққиёт сари интилишнинг кучайиши Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва глобал миқёсдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда”.
Акмал САИДОВ,
академик
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2025 йил 26 ноябрь кунги 245 (1571)-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
[1] Ш.М.Мирзиёев. Марказий Осиё янги давр остонасида // “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 13 ноябрь.
[2] Ш.М.Мирзиёев. Марказий Осиё янги давр остонасида // “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 13 ноябрь.
[3] Ўша жойда.
[4] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқи //https://president.uz/uz/lists/view/8674
[5] Ш.М.Мирзиёев. Марказий Осиё янги давр остонасида // “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 13 ноябрь.
Ўзбекча
English
Русский