ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ДИПЛОМАТИЯСИ ФЕНОМЕНИ: МОҲИЯТИ ВА ХУСУСИЯТЛАРИ

“Ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи – инвестиция ва технология олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтириб, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир”.

Ўзбекистон Президенти Ш. М. Мирзиёев 2026 йил 15 январда бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида шундай деб таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича истиқболдаги вазифаларни белгилаб берди. Шу билан бирга, “Барча дипломатик ваколатхоналар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланяптими?” деган масала ўртага қўйилди.

 

Янги Ўзбекистон Президенти дипломатиясининг миқёси ва кўламлари

 

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Билим ва донолик – инсоннинг безагидир”, деган ҳикматли сўзлари бор. Фикримизча, Ўзбекистон Президенти дипломатияси феноменининг ўзига хослиги айнан билим ва донолик, жасорат ва бағрикенглик фазилатлари билан чамбарчас боғлиқ.

Гап шундаки, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг объекти эмас, балки том маънода фаол ва ташаббускор субъектига айланди. Зеро, ХХ аср бошидан токи яқин даврларгача Ўзбекистон жаҳон сиёсати объекти бўлган ва унга нисбатан гоҳ гоҳ “яқин хориж”, гоҳ “хомашё базаси”, гоҳ эса “постсовет ҳудуди” каби беписанд “ёрлиқ”лар қўлланиб келингани сир эмас.

Кейинги тўққиз йилда Миллат Сардорининг қатъияти ва прагматик сиёсати туфайли мамлакатимиз жаҳон сиёсатида бошқаларнинг ортидан эргашадиган ташабуссиз объект ҳолатидан дадил чиқиб олди. Янада эътиборлиси, дунёда кескин геосиёсий ўзгаришлар юз бераётган бугунги мураккаб шароитда Янги Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга иқлимни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётни жорий этиш, фуқаросизликка барҳам бериш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби турли соҳаларда янги ғоя ҳамда лойиҳаларни тақдим этаётган жаҳон сиёсатининг фаол актори ҳисобланади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бормоқда”. Давлатимиз раҳбари ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини алоҳида қайд этгани бежиз эмас.

Биринчидан, 2025 йили Президентимизнинг 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлари амалга оширилди, Янги Ўзбекистон тарихида қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари илк бор ташкил этилди.

Иккинчидан, Мамлакатимизга ташриф буюрган давлат бошлиқлари, ҳукумат раҳбарлари ва юқори даражадаги меҳмонлар билан ўтказилган қабуллар сони 23 тани ташкил этди.

Учинчидан, 2025 йил Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида дипломатик муносабатлар географияси сезиларли даражада кенгайган йил сифатида намоён бўлди. Ўтган йил давомида мамлакатимиз Африка, Океания ҳамда Кариб ҳавзасига мансуб 8 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатди.

Тўртинчидан, Хорижий давлатларда 2017 йилдан буён 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди. Элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилди.

Бешинчидан, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўзининг амалий жиҳатларини яққол кўрсатган кўрсатган туб янги усул: телефон дипломатияси изчил давом эттирилди. Давлатимиз раҳбари 2025 йил давомида таниқли давлат ва жамоат арбоблари билан ўзаро 50 дан ортиқ телефон сўзлашувларини амалга оширди.

Буларнинг барчаси, ўз-ўзидан сўнгги йилларда Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати соҳасида ҳам қамровдор ислоҳотлар амалга оширилганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Эътибор беринг: Президентимиз 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида кейинги тўққиз йилда амалга оширилган улкан ислоҳотлар  самаралари, шиддатли янгиланишлар натижадорлиги ҳақида сўз юритди. Шундай экан, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти ҳам айни шу мезон – натижадорлик мезонлари бўйича ҳар томонлама теран ва тизимли таҳлилга тортилгани мантиқан асослидир.

 

Янги Марказий Осиё дипломатияси

 

Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз. Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Мамлакатларимиз 2017 йилдан буён Марказий Осиёда тараққиёт ва шерикликнинг муҳим масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10 дан зиёд резолюцияси қабул қилинишига эришди”.

Ўзбекистон лидерининг 2017 йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясидаги илк нутқида баён этилган аҳил ва иноқ, ҳамжиҳат ва яқин самарали қўшничилик сиёсати, таъбир жоиз бўлса, минтақавий сиёсатга оид ноёб янги доктринадир. Шу доктрина асосида Марказий Осиё давлатлари бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни бу қадар очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади. Натижада халқаро сиёсий луғатда минтақавий тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи ўзига хос моделни акс эттирадиган “Марказий Осиё руҳи”, “Янги Марказий Осиё” атамалари шаклланди.

Қисқа даврда дунёда минтақамизга нисбатан ишонч ва ҳамкорликка интилиш кучайди. Айниқса, Президентимиз эътироф этганидек, “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат, шу жумладан Европа Иттифоқи мамлакатлари билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.

Мамлакатимиз пойтахтида 2025 йил 16 ноябрда Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ғоят катта тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Маслаҳат учрашуви якунида қабул қилинган ҳужжатлар ва илгари сурилган ташаббусларда барқарор, хавфсиз ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишдек умумий мақсад ўз мужассамини топгани таҳсинга сазовордир.

Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви кўлами Озарбайжон Президенти иштирокида – Кавказ минтақаси ҳисобига янада кенгайди.

Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди. Шу мулоқотлар якунида “Aбадий дўстлик тўғрисида”ги декларация қабул қилингани катта аҳамият касб этди.

Айни жараёнда “минтақавий ўзига хослик” ва минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи деган янги тушунчалар сиёсий-ҳуқуқий луғатимизга кириб келди. Бу, ўз-ўзидан, минтақамизда Янги Марказий Осиё дипломатияси шаклланиш ва ривожланиш палласида эканининг ўзига хос белгисидир.

 

Янги Ўзбекистоннинг парламент дипломатияси

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош Қомусимизнинг 109-моддасида белгиланганидек, “фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир”.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти янги таҳрирдаги Конституциянинг 11-моддасида белгилаб қўйилган давлат ҳокимияти тизимидаги уч тармоқ – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини нечоғлик муваффақият билан таъминлаб келаётганлиги таҳсинга сазовор.

Ўтган даврда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги кунда Олий Мажлисимиз энг кучли парламентларга хос бўлган барча назорат ваколатларига эга”.

Бунга амалий бир мисол. Хусусан, 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламентимиз белгилаб келмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Президентининг янги ташаббуси билан энди давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллаш ҳам парламент ваколатига ўтказилмоқда.

Янги Ўзбекистон парламенти – том маънода “Халқ уйи”га айланиб бормоқда. Депутатлар ва сенаторлар билан муҳокама қилинган барча ташаббус  ва режалар, сессияларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифалар, моҳият эътиборига кўра, нафақат қонунларга киритилмоқда, айни чоғда, Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаларида ҳам ўз  аксини топмоқда.

Ҳозирги вақтда бутун дунёда парламент дипломатияси қонун чиқарувчи органларнинг ташқи сиёсатга, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, барқарор институтларни ривожлантиришга таъсир кўрсатишининг ўзига хос механизми сифатида олдинги ўринга чиқмоқда. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси нафақат юбилей тадбири, балки парламент дипломатиясини мустаҳкамлашда муҳим босқич ва институционал халқаро парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей Ассамблеясини ўтказиш жойи сифатида Тошкентнинг танланиши Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги роли ортиб бораётгани, кўп томонламалик ва очиқлик принципларига содиқлигининг эътирофи бўлди. Бинобарин, Ўзбекистон парламент дипломатияси сиёсатини фаол амалга ошириб, хорижий парламентлар ва халқаро институтлар билан алоқаларни тобора мустаҳкамламоқда.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг таъкидлаганидек, "Ўзбекистон дунё бўлинишларга дуч келган тақдирда ҳам парламент қандай қилиб бирдамлик майдони бўлиши мумкинлигини намойиш этди". Унинг сўзларига кўра, "Ўзбекистон Евроосиёнинг нафақат географик, балки турли хил овозларни ҳам бирлаштиришга қодир бўлган сиёсий маркази эканлигини ҳам исботлади".

 

Ўзбекистон Президентининг инсон ҳуқуқлари

дипломатияси

 

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб, фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.

Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қамровдор саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу йўлдаги барча интилишларимиз БМТнинг ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Ҳеч кимни унутмаслик ва ортда қолдирмаслик” асосий тамойилига мувофиқдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга БМТнинг 2 нафар Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари – 2017 йилда Зайд ал-Ҳусайн ва 2023 йилда Фолькер Тюрк ташриф буюрганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ўзбекистон БМТнинг махсус процедуралари билан ўзаро ҳамкорлик борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. БМТнинг 4 нафар махсус маърузачиси, яъни мамлакатимизга 2019 йил сентябрида БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян, 2021 йил сентябрида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид,  2021 йил декабрида БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн, 2024 йил августида БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Раджагопал ташриф буюрди.

Жаҳон ҳамжамияти 2025 йилда БМТнинг 80 йиллиги тантаналари билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи мажбурий юридик шартнома – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 60 йиллигини, шунингдек, замонавий ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг гендер мезонини бошлаб берган Аёлларга нисбатан Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлади. Мамлакатимизда ушбу саналарни нишонлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари ва таълим муассасаларини кенг жалб этган ҳолда кенг қамровли тадбирлар амалга оширилди.

Шунингдек, 2025 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги кўплаб минтақавий воситаларнинг юбилей саналари, хусусан, EХҲТ Хельсинки битимининг 50 йиллиги, МДҲ Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги конвенциясининг 30 йиллиги нишонланди. Ушбу ҳужжатлар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий халқаро тизими учун таянч устунлар ҳисобланади.

Қолаверса, замонавий халқаро ҳуқуқ асосини яратган Нюрнберг трибунали ўз ишини бошлаган санага 80 йил тўлгани ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари даври, шубҳасиз, Нюрнберг жараёнидан бошланган. Гарчи, ХХ асрда кўплаб халқаро ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, Нюрнбергдаги Ҳарбий трибунал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим воқеа ҳисобланади.

Мамлакатимиз 2025 йилда БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича тавсияларини бажариш борасида тарихий ютуққа эришди. Гап шундаки, 1991 йилдан 2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан 2025 йилгача 85 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламларини қамраб олишга ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла намоён этади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва унинг махсус механизмлари билан фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг турли органлари тавсиялари асосида еттита миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқди ва амалга оширмоқда.

Ўз навбатида, 2024 йилда Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди.

Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича минтақавий тузилмаларда фаол иштирок этмоқда. 2025 йилда янги ташкил этилган МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон вакили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига сайланди.

2025 йилда Брюсселда Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва улар билан боғлиқ масалалар бўйича збекистон – Европа Иттифоқи" кичик қўмитасининг 21-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенглик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Инсон ҳуқуқлари замонавий цивилизация тараққиёти даражасини кўрсатиб турувчи мезондир. Афсуски, дунёда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий инқирозлар, геосиёсий ўзгаришлар ва қуролли можаролар инсон ҳуқуқлари масалаларига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Маълумки, Вена декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар дастури ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаларини қабул қилишни тавсия этган.

Шу маънода, Президентимиз ташаббуси асосида қайта кўриб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янгиланаётган лойиҳасида эса 451 та мақсад мужассам этгани, жумладан, 2026 йил бошида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси кўзда тутилгани катта аҳамиятга эгадир. Бу – Янги Ўзбекистон тарихида инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Миллий стратегия бўлади.

Ушбу Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда илғор халқаро тажриба, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, шунингдек, ўтган давр мобайнида шаклланган миллий амалиёт инобатга олинади. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини кўриб чиқиш доирасида тақдим этилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав ва шартномавий органлари тавсиялари ҳам ўз аксини топади.

 

Янги Ўзбекистон жаҳон дипломатияси марказига айланмоқда

 

Кейинги даврда Янги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдони сифатида ўзини яққол намоён этаётгани таҳсинга сазовор. Президентимиз бу ҳақда видеоселекторда алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Мамлакатимиз 2025 йилда:

  • Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси;
  • ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси;
  • “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити;
  • халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилди.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланувчи дипломатия соҳасида:

биринчидан, ҳамкор давлатлар билан икки томонлама дипломатия;

иккинчидан, минтақамиздаги қўшни мамлакатлар билан минтақавий дипломатия;

учинчидан, асосий халқаро ташкилотлар билан кўп томонлама дипломатия доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка катта аҳамият қаратади.

БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда. 

Сўнгги йилларда БМТ билан ҳамкорлик бемисл даражага кўтарилиб, 160 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Биргина 2025 йилнинг ўзида БМТнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида 2025 йил нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш борасида ҳам катта ютуқлар йили сифатида тарихга киради.

 

Иқтисодий дипломатия: 2026 йилги устувор вазифалар

 

Ўзбекистон Президенти жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар кучайган ва давлатлар ўртасида ишончсизлик йўқолиб, иқтисодий рақобатчилик  тобора кескинлашаётган ҳозирги мураккаб шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилар экан, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, Янги Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари учун 4 та масала:

биринчидан, мамлакатимиз саноати ва инфратузилмаларини модернизация қилиш ва ривожлантириш учун хорижий инвестициялар, илғор замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш;

иккинчидан, элчилар фаолият юритаётган давлатлардан экспорт тушумлари ортиши экспорт масаласида, яъни иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий мамлакатлар бозорини эгаллашига ҳар жиҳатдан кўмаклашиш;

учинчидан, Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича элчихоналарнинг ҳам фаол ва тизимли иш олиб бориш;

тўртинчидан мамлакатимиздан ушбу мамлакатларга қонуний меҳнат миграцияси ҳуқуқий, адолатли ва манфаатли асосда йўлга қўйилиши Элчи фаолиятининг самарадорлиги мезонлари бўлиши шарт.

Давлатимиз раҳбарининг Ватанимиз дипломатлари билан юзма-юз мулоқотида айни масалалар юзасидан атрофлича очиқ ва амалий фикрлашилди. Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз Янги Ўзбекистонда иқтисодий дипломатияни шакллантириш ва ривожлантириш масаласини 2018 йил 12 январда бўлиб ўтган айнан шу таркибдаги йиғилишда кун тартибига қўйганлигига эътиборни қаратиш ҳар томонлама ўринли, деб ўйлаймиз.

Давлатимиз раҳбари замонавий дунёда кўплаб давлатлар, хусусан, ривожланган мамлакатларнинг ташқи сиёсат фаолиятида айнан шу масалаларга энг устувор аҳамият берилиши уқтиргани бежиз эмас. Негаки, Янги Ўзбекистоннинг янги иқтисодий дипломатияси ўтган қисқа даврда ўзининг самарадорлигини амалда кўрсатди.

Бунинг тасдиғи сифатида Президентимиз эътиборни қаратган 3 та рақамни келтириш билан кифояланамиз. Яъни:

  • икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди;
  • тарихда илк бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт 33,5 миллиард долларга етди, хорижий инвестициялар эса 43 миллиард доллардан ортди;
  • ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайди.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатларимиз элчиларига Яқин Шарқ, Европа, Осиё ва Африка давлатлари йўналишларида экспортни кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, иссиқхона ва хизматлар соҳаларида аниқ лойиҳалар билан ишлаш вазифалари қўйилди. Айрим бозорларда Ўзбекистон маҳсулотларининг номи етарлича танитилмаётгани қайд этилди.

 

Замонавий дипломатиянинг  Янги Ўзбекистон модели

 

Аслида ҳам, нафақат мамлакатимиз, балки дунё олимлари томонидан кенг эътироф этилганидек, миллий давлатчилигимиз неча минг йиллик қадимий тарих ва бой маданиятга эга бўлиб, дипломатик муносабатлар тарихимизнинг энг чуқур қатламларига бориб тақалади. Бинобарин, Президентимиз сўзлари билан айтганда, “Қадимдан мамлакатимиз ҳудудида дипломатия анъаналари шаклланган, аждодларимиз яқин ва узоқ хориж билан дўстлик ва ҳамкорликда яшашга интилганлар”.

Дарвоқе, 2022 йилда чоп этилган “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китоби Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил январда Ўзбекистон дипломатлари билан учрашувда айтилган таклифларига амалий жавобдир. Ўзбекистон дипломатияси тарихи ҳақида китоб чоп этилгани – катта сиёсий воқеа. Ушбу китобни хорижий тилларга таржима қилиш ва нашр этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “бизнинг миллий давлатчилигимиз неча минг йиллик қадимий тарих ва бой маданиятга эга. Бинобарин, дипломатик муносабатлар ҳам тарихимизнинг энг чуқур қатламларига бориб тақалади. Бу ҳақиқат нафақат мамлакатимиз, балки дунё олимлари томонидан кенг эътироф этилган”.

Шу нуқтаи назардан, ўзбек дипломатиясининг қадимги замонлардан бошлаб бугунги кунгача – мустақил Ўзбекистон дипломатияси шаклланиши ва тараққий этишигача бўлган 3 минг йилдан ортиқ даврни қамраб олган узоқ тараққиёт босқичларида Янги Ўзбекистон дипломатияси босқичи алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу янги босқичга, таъбир жоиз бўлса, ўзбек дипломатиясининг Янги Ўзбекистон моделига  айнан Президент Шавкат Мирзиёев асос солгани эътибору таҳсинга лойиқ.

Бошқача айтганда, Президентимиз бундан 8 йил олдин Янги Ўзбекистон дипломатиясининг асосий йўналишларини кўрсатиб берди. Ўзбек дипломатиясининг тантанаси бўлган айни воқелик, ўз навбатида, миллий дипломатия соҳасида Янги Ренессанс бошланганидан далолат беради.

 

Янги Ўзбекистон дипломати қандай бўлиши керак?

 

Ўзбекистон Президенти “дипломатлардавлатимиз манфаатларини ҳимоя қилаётган, ташқи сиёсатимизни амалга оширишда муҳим ўрин эгаллайдиган, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги юзи”, дея муносиб баҳо берди. Айниқса, давлатимиз раҳбари “Дипломатия, дипломатлик – оддий касб эмас, балки инсондан жуда кўп фазилатларни талаб этадиган ноёб санъат”, “Дипломатлар – жамиятнинг энг етук вакиллари”, шунингдек, Элчи – Пезидентнинг хориждаги расмий вакилидир”, деган юксак эътирофларни билдирди.

Элчилар билан учрашувда Президентимиз “Янги Ўзбекистон дипломати қандай бўлиши керак?”, деган долзарб саволни яна бир бор кун тартибига қўйди. Давлатимиз раҳбарининг фикрларига қараганда, Янги Ўзбекистон шароитида:

  • энг муҳими, дипломат ҳақиқий ватанпарвар бўлиши, ўз халқи, ўз юртининг чинакам фидойиси бўлиши зарур;
  • Элчи ўз давлатига садоқатини намоён этиш учун мамлакатнинг обрўси ва шаънини, шон-шуҳратини, улуғворлигини ҳар жиҳатдан эҳтиёт қилиши лозим;
  • ҳақиқий дипломат бўлиш учун фақат билим ва тажриба, чет тилларни билиш етарли эмас, бунинг учун аввало туғма талант керак;
  • шу билан бирга, Элчи чет мамлакатлар билан бўладиган муносабатларда у ердаги дўстларнинг хайрихоҳлиги ва ғанимларнинг макр-ҳийласидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб туриши даркор;
  • Элчи ўзбек халқининг бой тарихини, маданиятини, миллий қадриятларини, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билиши  уларни юрагидан ўтказиши фарзу қарз;
  • Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнатдан бошқа нарса эмас;
  • Элчи ўзи бўлиб турган мамлакат фуқароларининг юрагига қандай йўл топишни билиши, хусусан, инсон қалбини, халқ қалбини аввало унинг маданияти, адабиёти ва санъатига, миллий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш орқали забт этиш мумкинлиги теран англаши даркор.

 

Президентимизнинг дипломатия борасидаги

янги ташаббуслари

 

Президентимиз Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати ва дипломатиясини ривожлантирига қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди.

Биринчи ташаббус: Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарур.

Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим”.

Иккинчи ташаббус: Ташқи сиёсат бўйича кенгаш фаолиятини кучайтириш, бунда ташқи сиёсий алоқаларни кенгайтириш, олий даражадаги ташрифларга пухта тайёргарлик кўриш, дипломат кадрларни қайта тайёрлаш ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш масалаларига эътиборни янада ошириш зарурлиги таъкидланди. Ташқи ахборот сиёсати ва мамлакат имижини оширишда халқаро ОАВ ва махсус медиа лойиҳалар билан ишлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Учинчи ташаббус: давлат раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат” фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилгани жуда муҳим. Бу ташаббус ҳам дипломатларимизнинг хизматларини муносиб эътироф этишга жиддий эътибор берилаётганининг амалий тасдиғидир.

 Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бораётган мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, вазмин ва оқилона очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолиятини янада юксак босқичларда изчил давом эттиради. Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Энди янгича руҳда ишлайдиган, аниқ натижаларга эришаётган, Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қиладиган дипломатлар даври келди”.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси,

академик

«Халқ сўзи» газетасининг 2026 йил 24 январь, 16-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech