Дунё ҳамжамиятига эслатма

 

12 феврал — Терроризмга олиб келиши мумкин бўлган зўравон

экстремизмнинг олдини олиш бўйича халқаро кун

 

2022 йилнинг 20 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 12 феврални «Терроризмга олиб келиши мумкин бўлган зўравон экстремизмнинг олдини олиш бўйича халқаро кун» деб эълон қилиш бўйича резолюция қабул қилинган. Хўш, нега айнан ушбу сана танланган? Боиси, 2016 йилнинг 12 февралида БМТ Бош Ассамблеяси «Зўравон экстремизмнинг олдини олиш бўйича Ҳаракатлар режаси»ни қабул қилган эди.

Экстремизм ва терроризм тушунчаларига таъриф деярли барча давлатларнинг жиноят қонунчилигида ўз аксини топган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ҳамда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасидаги қонунларда уни учратиш мумкин. Бироқ миллий қонунчиликда «зўравон экстремизм» атамасига алоҳида таъриф берилмаган. Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқда «терроризм» тушунчасида бўлгани каби, «зўравон экстремизм» атамаси бўйича умумий эътироф этилган ягона таъриф мавжуд эмас.

Баъзан ушбу икки атама бир-бирининг ўрнида чалкаш тарзда ишлатилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Умуман олганда, БМТ ҳужжатлари, жумладан «Зўравон экстремизмнинг олдини олиш бўйича Ҳаракатлар режаси» ва Бош котиб позициясига кўра, зўравон экстремизм терроризмга нисбатан кенгроқ тушунча бўлиб, террорчилик даражасига етмаган, бироқ мафкуравий зўравонликни оқловчи ва тарғиб қилувчи шаклларни ҳам қамраб олади. Айнан шу жиҳати билан террорчиликнинг олдини олишга қаратилган ёндашувларда муҳим ўрин тутади.

Амалиётда зўравон экстремизмга қарши курашиш асосан шахслар ёки гуруҳларни зўравонликка мойилликдан қайтариш, шунингдек, сиёсий мақсадларда нодавлат субъектлар томонидан амалга ошириладиган мафкуравий асосланган терроризмга қўшилиш, уни қўллаб-қувватлаш ёки унда иштирок этишнинг олдини олишга қаратилган мажбурий бўлмаган воситалар мажмуини англатади.

Ушбу соҳада универсал таърифларнинг йўқлиги стратегиялар ва сиёсатларда изчилликни таъминлашда муаммолар келтириб чиқармоқда. БМТнинг терроризмга қарши кураш жараёнида инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси таъкидлаганидек, семантик ва концептуал ноаниқлик бундай чора-тадбирларнинг инсон ҳуқуқларига таъсири ҳамда терроризм хавфини камайтиришдаги самарадорлигини баҳолашни мураккаблаштиради. Зўравон экстремизмнинг олдини олиш ёндашуви БМТ томонидан устувор йўналиш сифатида илгари сурилиб, таълим, бағрикенглик, ҳаётга ҳурмат, зўравонликсиз яшаш, мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш орқали зўравон экстремизмнинг омилларини бартараф этишга қаратилган кенг қамровли профилактик ёндашув зарурлигини назарда тутади.

Ўзбекистонда ушбу ҳодисанинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, 2021–2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ушбу таҳдидларга қарши курашишда комплекс ва мувозанатли ёндашув белгиланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, виждон эркинлиги, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар зўравон экстремизмнинг олдини олишда муҳим профилактик омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса БМТ томонидан илгари сурилган зўравон экстремизмнинг олдини олиш ёндашувига, яъни радикаллашувнинг ижтимоий, иқтисодий ва мафкуравий сабабларини бартараф этишга қаратилган концепцияга мос келади.

Мазкур ёндашувнинг самарадорлиги Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни орқали ҳам тасдиқланяпти. Жумладан,

Global Terrorism Index маълумотларига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда терроризм хавфи энг паст бўлган давлатлар қаторидан жой олиб келмоқда.

Бу ҳолат мамлакатимизда зўравон экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасида изчил, профилактик ишлар ва инсон ҳуқуқларига асосланган сиёсат олиб борилаётганидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, Терроризмга олиб келиши мумкин бўлган зўравон экстремизмнинг олдини олиш бўйича халқаро кун бутун дунё ҳамжамиятига зўравонлик ва муросасизликка қарши биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини эслатади.

Ушбу сана зўравон экстремизмни фақат хавфсизлик муаммоси сифатида эмас, балки таълим, бағрикенглик, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат орқали бартараф этилиши мумкин бўлган мураккаб ижтимоий ҳодиса сифатида англаш муҳимлигини таъкидлайди. Айнан ана шундай ёндашув тинчликни асраш ва келажак авлодлар учун хавфсиз, барқарор жамиятни барпо этишнинг энг тўғри йўли ҳисобланади.

 

Шодия Исмоилова

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази етакчи мутахассиси

«POSTDA» газетасининг 2026 йил 12 февраль кунги 7 (4753)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech