Миллий марказда 2025 йилда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг кўриб чиқилиши ва ҳал қилиниши бўйича мониторинг натижалари
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига 2025 йилда жами 1228 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич олдинги йилдагига қараганда 18,4% кам бўлиб, 2024 йилда аризалар сони 1455 тани ташкил этган.

Мурожаатларнинг 96 таси аноним мурожаатлар ҳисобланади. Шу сабабли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3,6 ва 29-моддаларига биноан улар кўрмасдан қолдирилди.
2025 йил давомида Миллий марказ қабулхонасида жами 600 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган. Шундан 438 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари иш юритишга қабул қилинган бўлса, қарийб 170 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Миллий марказга келиб тушган 774 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган. Шундан 260 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 438 таси (38,7%) фуқаролардан бевосита қабул жараёнида, 694 таси (61,3%) алоқа воситалари орқали келиб тушган. Шунингдек, 35 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Виртуал қабулхоналари орқали, 136 та мурожаат Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлардан иборат.
Мурожаатлар муаллифлари жинси бўйича таҳлил қилинганда, Миллий марказга 567 нафар (50,1%) эркак ва 515 нафар (45,5%) аёл мурожаат қилгани аён бўлди. Шунингдек, 50 та мурожаат (4,4%) жамоавий тарзда юборилган.
Мурожаатларнинг 1002 таси (88,5%) ариза, 129 таси (11,4%) шикоят ва 1 таси (0,01%) таклифлардир.

Ҳудудлар кесимида таққосланганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд, Наманган ва Бухоро вилоятларида яшовчи фуқаролардан келиб тушганлигини кўриш мумкин.
Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Навоий, Жиззах ва Хоразм вилоятлари аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар сони камайган.
Хусусан, таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг аксарияти, яъни 400 таси (32,5%) Тошкент шаҳри, 191 таси (15,5%) Тошкент вилояти, 184 таси (15%) Қашқадарё вилояти, 57 таси (4,6%) Самарқанд вилояти, 53 таси (4,3%) Наманган вилояти ва 50 таси (4%) Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 545 таси (48,1%) ижтимоий-иқтисодий, 469 таси (41,4%) шахсий, 104 таси (9,1%) сиёсий ҳуқуқларга ва 14 таси (1,2%) маданий ҳуқуқларга оид мурожаатларни ташкил қилади.
Мурожаат қилувчи шахсларнинг юридик мақоми
Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг:
-
216 таси – фуқароларнинг одил судловга оид ҳуқуқларига тааллуқли;
-
123 таси – суриштирув ва дастлабки тергов органларининг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан, шунингдек, қарорларидан норозилик;
-
97 таси – маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорлари билан боғлиқ;
-
215 таси – бошқа давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ;
-
103 таси – муносиб турмуш кечиришга доир;
-
99 таси – давлат органларига мурожаат қилиш билан боғлиқ;
-
196 таси – шахсий мулк ҳуқуқларига доир;
-
42 таси – суд қарорлари ижроси билан боғлиқ мурожаатлардир.

Мониторинг натижасида, ўтган йиллардаги каби, таҳлил қилинаётган даврда келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп келиб тушганлиги маълум бўлди.
Мамлакатимизда одил судлов янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва “Судлар тўғрисида”ги қонун талабларига биноан фақат судлар томонидан амалга оширилади, уларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади. Шунингдек, давлат тергов ва суриштирув органларининг фаолияти юқори турувчи орган ҳамда прокурорлар томонидан назорат қилиниши Жиноят-процессуал кодекс ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2025 йил давомида юборилган 500 дан ортиқ тавсиянинг кўриб чиқилиши натижасида:
- 16 та мурожаат қаноатлантирилди, яъни фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди ва қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам берилди;
- 29 та ҳолатда фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, 2025 йилда телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 2500 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Миллий марказга оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Фуқароларга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида Фарғона вилоятининг Бувайда ва Учкўприк туманларида, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Яккабоғ туманларида аҳоли билан учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган ва киритилган таклифлар асосида қаноатлантирилган мурожаатлар қуйидагиларда ўз ифодасини топди:
Фуқаро Н.Ч.нинг Миллий марказ Виртуал қабулхонасига суднинг ҳал қилув қарорига биноан чиқарилган ижро варақаси ижроси Мажбурий ижро бюросининг тегишли туман бўлими томонидан таъминланмаётганидан норози бўлиб, қонун устуворлигини таъминлашда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича Бюронинг ҳудудий бошқармасига тавсия хати киритилган эди.
Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан берилган жавоб хатига кўра, давлат ижрочилари томонидан амалга оширилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг низоли бўлган 0,27 га ер майдонида ноқонуний равишда қурилган 95,87 кв.м ҳажмдаги пахса-лой девор ҳамда омборхона ва ҳожатхона бинолари буздирилган, ноқонуний эгалланган ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган.
Шу тариқа мурожаат тўлиқ қаноатлантирилган. Мурожаат муаллифи ўрганиш натижаларидан қониқиш ҳосил қилиб, ташаккурнома билдирган.
Миллий марказга келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти суд-ҳуқуқ масалалари билан боғлиқ эканлиги юқорида ҳам таъкидланди. Шу мазмундаги мурожаатлар юзасидан киритилган тавсиялар ҳам қаноатлантирилмоқда.
Мисол учун, “F.O.S.v T.L.S” хорижий фирмасининг ишончли вакили Р.М.нинг, фирма манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган республикамизда фаолият юритувчи “B.I.T.T” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура идоралари томонидан жиноят иши қўзғатилмаётганидан норозилик билдириб ёзган мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тавсия хати киритилган эди.
Бош прокуратура томонидан мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қуйи прокуратура идорасининг қарори бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатлари ўтказиш бўйича топшириқ берилган.
Шунингдек, “W.H.B.T.C.” хорижий компанияси вакилининг, ички ишлар идораси тергов бошқармаси иш юритувида бўлган жиноят ишининг олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатларидан, хорижлик тадбиркорларнинг ишончига кириб жуда кўп миқдордаги маблағларини ўзлаштириб кетиш жиноятининг ташкилотчиси ҳисобланган “A.A.B.” МЧЖ норасмий раҳбари А.И.га нисбатан тегишли чора кўрилмасдан, жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланмасдан, унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасидан норозилиги тўғрисидаги шикояти юзасидан Бош прокуратурага тавсия хати киритилган эди.
Прокуратура томонидан берилган жавоб хатига кўра, жиноят иши юзасидан “A.A.B.” МЧЖ таъсисчиси А.Б. ҳамда МЧЖнинг норасмий раҳбари А.И. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов натижасига кўра, А.Б ва А.И.ларга Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. Мурожаат муаллифининг талаблари қаноатлантирилган.
Миллий марказга келиб тушаётган мурожаатларнинг яна бир тоифаси борки, бундай мурожаатлар фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари билан боғлиқ. Бу борада ҳам инсон ҳуқуқлари тикланишида амалий кўмак бериб келинмоқда.
Хусусан, фуқаро Д.Т.нинг бир нафар фарзанди билан узоқ йилдан буён қийин аҳволда яшаб келаётганлиги сабабли аёллар дафтари “Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар” рўйхатининг 4-босқичида туриши, шахсий турар жойи йўқлиги учун ижарада яшаб келиши, вирусли гепатитнинг “С” ўткир тури билан рўйхатда туриши ва доимий даволанишга муҳтожлиги, собиқ турмуш ўртоғи унинг номига бир нечта банк муассасаларидан ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан кредит маблағлари расмийлаштириб, ўзлаштириб кетганлиги учун суднинг тегишли ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилганлиги, банк муассасалари эса уни кредит ахборот маълумотлар базасига салбий рўйхатга киритиб қўйганлиги сабабли субсидия асосида уй-жой сотиб ололмаганлиги, ҳозирги вақтда шароити янада оғирлашиб бораётганлигини маълум қилиб, салбий кредит тарихи ҳақидаги маълумотлар унинг манфаатида ўзгартирилишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича “Кредит-ахборот таҳлилий маркази”нинг Кредит бюросига тавсия хати киритилган эди.
Тавсиянома асосида Кредит бюроси томонидан “Ш-М” МЧЖ микромолия ташкилотига тааллуқли банклар бошқарувига расмий хат киритилиб, фуқаро Д.Т.га тегишли кредит тарихи маълумотларида номутаносиблик ҳолатларига нисбатан муносабат билдирилиб, кредит тарихига ўрнатилган тартибда ўзгартиришлар киритиш талаб қилинган.
Яна бир мисол: фуқаро Л.Х.нинг Миллий марказга 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган онаси Г.Ш. нинг яшаб келган турар-жойи бузилиб, ҳозирги вақтда бошпанасиз қолиб кетганлиги ва муқим яшаш жойи йўқлигини билдириб, қонунчиликда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминланишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилиб, мурожаатни назорат тартибида кўриб чиқиш ва фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида прокуратура идорасига тавсия киритилган эди.
Прокуратура томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, фуқаро Г.Ш. кўп қаватли уй-жойлар ёнида ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ноқонуний қурилган нотурар бинода яшаб келганлиги, “Обод маҳалла” давлат дастури асосида огоҳлантирилиб, нотурар бинода бузилиш ишлари олиб борилганлиги ва бошқа уйга туман ҳокимлиги томонидан кўчириб ўтказилганлиги маълум қилинган.
Шу билан бирга, фуқаро Г.Ш. Ҳукуматнинг тегишли қарори талабларига мувофиқ туман оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан “Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар”рўйхатига киритилган. Яъни, фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский