Хотин-қизлар қадр-қимматини улуғлаш – Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор мезони
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Жорий йилда ҳам хотин-қизларнинг ушбу қутлуғ байрами файзли Рамазон ойида бўлиб ўтаётгани унинг эзгу руҳи ва мазмунини янада оширмоқда. Зеро, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, муқаддас динимиз ҳам муҳтарама оналаримиз, дилбар опа-сингилларимиз, мунис қизларимизга ҳамиша яхшилик қилишга, уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйишга буюради.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабат тобора юксалиб, муҳтарама оналаримиз, суюкли рафиқа, опа-сингил ва салоҳиятли хотин-қиз ҳамкасбларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланган.
Ушбу соҳадаги ишлар, хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асослари мукаммаллаштирилмоқда. Аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий нормалар асосида ўқитиш каби муҳим йўналишларда изчил иш олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда". Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтиришга, оилалар фаровонлигини таъминлашга оид миллий тажриба – Ўзбекистон модели амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларнинг келгусида ҳам қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Чунки бу – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Шу асосда соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш юзасидан 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу борада, айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир кенг кўламли чора-тадбирлар ўз натижасини бераётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Яқинда, 2026 йил 16 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат жамиятимиз томонидан қизғин кутиб олингани бежиз эмас.
Маълумки, “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг 25-мақсади оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашдан иборат. Президентимиз Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасида бу борада бир қатор вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, 2026 йил давомида Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 200 нафар кўп болали (тўрт ва ундан ортиқ), кам таъминланган оилалардан бўлган аёллар бепул соғломлаштирилади. Хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадига хизмат қиладиган тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.
Шунингдек, 1091 та маҳаллада хусусий секторларни жалб қилган ҳолда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари давлат-хусусий шериклик асосида ёки касб-ҳунар ўргатиш фаолияти билан белгиланган тартибда шуғулланувчи ташаббускор тадбиркорлар биноларида ташкил этилади.
Ахборот технологиялари соҳасида 100 минг нафар хотин-қизнинг саводхонлиги оширилади. Ҳар бир ҳудудда хотин-қизларни касаначилик асосида банд қилган лидер тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилиб, уларнинг хорижий давлатларда тажриба алмашиши ташкил этилади.
Гендер тенглик бўйича амалдаги қонунчилик нормаларини амалиётга жорий этишда мавжуд муаммолар ўрганилади. Уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, хотин-қизлар ўртасида бир қанча танловлар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Аввало, “Ҳудуднинг энг яхши 100 та инновацион лойиҳалари” танлови ўтказилади. Шунингдек, каштачи ва дизайнерлар ўртасида ўтказиш режалаштирилган “Ипак кашта жилоси” республика танлови миллий меросни асраш, каштачилик санъатини тарғиб қилиш, ишсиз аёлларни даромад топишга ўргатиш, кўргазмаларда иштирок этишига кўмаклашиш мақсадида ижобатга хизмат қилиши тайин.
“Ўзбекистон–2030” стратегиясида оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш масаласи ҳам алоҳида мақсадлардан бири (16-мақсад) этиб белгиланган. Бинобарин, мазкур Стратегияни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасининг 31-бандида туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш ишларини давом эттириш кўзда тутилгани жуда муҳим.
Бунда жорий йил якунигача, биринчидан, барча ҳомиладор ва 1,5 миллион нафар бола эмизувчи аёллар йод препарати билан, иккинчидан, 5,9 миллион нафар 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар кўрсатмага мувофиқ темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади. Бу ишларнинг барчаси Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Президентимиз 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳимоя қилиш – қадим-қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келгани ҳақида алоҳида тўхталди. Лекин жамиятимизда аёллар ва болаларнинг турли зўравонликларга учраётгани буюк тарих, юксак маънавият ва маърифатга эга бўлган, оилани муқаддас деб биладиган халқимизга асло ярашмайди, деб уқтирди.
Сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 2 мингдан зиёд жиноят аниқлангани ўта ачинарлидир. Мурожаатномада таъкидланганидек, “Ҳеч қачон унутмайлик, оилавий зўравонлик – бу фақат оиланинг ички иши эмас, бу – бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”
Шу маънода, давлатимиз раҳбари аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгаши олдига долзарб вазифа қўйди. Бу ўринда Мувофиқлаштирувчи кенгаш барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда, бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратиши зарурлиги ҳақида сўз бормоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жамиятда бирдамликни таъминлаш орқали уни юксалтириш бўйича устувор ислоҳотлар дастурининг 14-бандида айни шу тизимни йўлга қўйиш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланди. Дастур асосида, хусусан:
биринчидан, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча кўринишларига барҳам бериш мақсадида жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чоралари белгиланади;
иккинчидан, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий ва зўравонликка оид жиноятларни тергов қилишни прокуратура органлари ваколатига ўтказилади;
учинчидан, вояга етмаган шахслар ва хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ва кўриш махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан амалга оширилиши йўлга қўйилади;
тўртинчидан, оила ва хотин-қизлар масканларида ёш никоҳланувчилар учун махсус ўқитиш дастурларининг самарадорлигини ошириш, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида психолог, ҳуқуқшунос ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш орқали оилавий (маиший) зўравонликка қарши курашиш чоралари кўрилади.
Бугунги кунда юртимиз хотин-қизлари – ўз хонадонининг файзу фариштаси бўлган аёлларимиз жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилгани туфайли ҳам муҳим самаралар қўлга киритилмоқда.
Маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилгани ва унга давлат хизматчиси мақоми берилгани, аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилингани каби янгиликлар диққатга сазовордир. Бундай муҳим омиллар Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларимиз алоҳида ўрин тутишини яққол англатиб турибди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 60-мақсадида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича долзарб масалалар қамраб олинган бўлса, 69-мақсади хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган. Ўз навбатида, Тараққиёт стратегиясининг 85-мақсади доирасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш, 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди ва амалий ижроси таъминланаяпти.
Меҳнат кодекси ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга хотин-қизлар учун тақиқланган касбий фаолият соҳаларини қисқартириш, қонунчиликдаги гендер-асимметрик қоидаларни бартараф этишга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг институционал асослари янада мустаҳкамланди.
Ушбу дастурий ҳужжатларнинг ижроси Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари каби халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларимизни бажаришга ҳам кўмаклашмоқда. Яна бир муҳим ҳужжат – 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳам ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституция асосида мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилиб бормоқда.
Фарида ХАКБЕРДИЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
Ўзбекча
English
Русский