МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ – ИНСОН, ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТ ҲУҚУҚЛАРИ ҲАМДА МАНФААТЛАРИГА ГА ПУТУР ЕТКАЗИШДИР
Манфаатлар тўқнашуви нима дегани? Ушбу ҳуқуқий тушунчанинг маъно-моҳиятини имкон қадар содда мазмунда ифодалайдиган бўлсак, манфаат – сизу бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимиз. Чунки ҳар бир тўғри нарса ҳам, ҳар бир кишининг ҳалол йўл билан қўлга киритган ҳуқуқи ёки мулки ҳам «ҳақ» дейилади. Бунинг кўплик шакли «ҳуқуқ»дир.
Шунинг учун аввалбошда “ҳақ” ҳақида 3 та мисол келтирамиз.
Биринчи мисол – ХХ аср бошларига тааллуқли. Академик шоиримиз Ғафур Ғулом асари асосида тасвирга олинган “Шум бола” бадиий фильмидан ўша таниш саҳнани эслайлик. Яъни, фильмнинг бош қаҳрамони Қоравой ёлғончилиги учун бойнинг хонадонида хизмат қилиш имконидан маҳрум этилгач, собиқ “иш берувчи”сига қараб:
– Ҳаққимни беринг, бой ота! Ҳаққим нима бўлади? – дея баралла даъво қилади. Воқеага гувоҳ бўлиб турган хизматкорлар орасидан ёши улуғлари ҳақ эгаси – Қоравойнинг тўғри талаб қўяётганлигини бойга писанда қиладилар. Натижада бой ўша “етим ва жулдирвоқи бола”нинг ҳақига хиёнат қилмасдан, унга бир қоп (хом ва чириган бўлса ҳам) олма беради.
Иккинчи мисол – XVII асрда яшаб ўтган аждодларимиз ҳаёти билан боғлиқ. Ривоят қилишларича, улуғ ўзбек шоири, тасаввуф адабиётининг етук намояндаси Бобораҳим Машрабнинг онаси унга ҳомиладорлигида қўшниларининг узумидан сўрамасдан узиб емоқчи бўлади. Шу пайт она қорнидан: онажон, луқмаи ҳаромни еманг, боғнинг эгасини рози қилиб, кейин узумини енг, деган овоз чиққан экан.
Қиссадан ҳисса: ҳали туғилмаган Машраб ҳаромдан – ўзганинг ҳақидан ҳазар этган!
Учинчи мисол – Пайғамбаримиз Муҳамад Мустафо (с.а.в.) яшаган милодий VI-VII асрларга оид. Тарихий ҳикоятга кўра, бир куни ҳазрати Али Фотима розияллоҳу анҳони тушларида кўрсалар, у зот жаннат эшигида турганмишлар. Ҳазрати Али: – «Эй Фотима, нега жаннатга кирмай турибсан?» – деб сўрабдилар. Фотимаи Заҳро онамиз жавобан шундай дебдилар: – «Қандоқ кирай, ҳали жаннатга рухсат йўқ: сабаби – бир кишининг ҳақи бўйнимда экан. Ё Али, қўшни хотиндан тикиш учун бир игнани сўраб олган эдим, қайтариб беришни унутибман. Ўша игнани тезда эгасига қайтариб беринг – ўшандагина мен жаннатга кираман». Яна бир туш кўрдилар – қарасалар, Фотима онамиз жаннатда бир баланд тахт устида ўтирибдилар. Олдиларида ҳурлар саф-саф бўлиб, қўл қовуштириб турган эканлар...
Бир тасаввур қилайлик, Фотима розияллоҳу анҳо онамиздай зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари битта игна учун қанчалик ташвишга тушганлар.
Ушбу учта мисол VI – ХХ асрлар оралиғи, яъни қарийб 14 асрни ўзида қамраган улкан бир даврга мансуб. Уларда ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслик, бугунги янги ибора билан айтганда, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик масаласига нечоғлик жиддий эътибор қаратилганлигини кўриш ва англаш қийин эмас.
Ҳадиси шарифда: “Мўмин киши бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди”, дейилган. Бинобарин, шу каби муҳим ахлоқий мезонлар «Авесто»да, қадимги туркий тош битиклар ва бошқа ёзма манбаларда азалдан ўз ифодасини топган. Хусусан, «Авесто»да ҳалол меҳнат комилликнинг асосий мезони сифатида талқин этилган.
Айниқса, 1991 йили давлат мустақиллигига эришган Ўзбекистонда инсон, жамият, халқ ва давлат манфаатлари конституциявий асосда ҳимоя қилиниши қатъий мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямизнинг 2-моддасига кўра, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”.
Ушбу устувор нормалар 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган Конституция матнида ҳам ўзгаришсиз қолдирилди. Айни чоғда, Бош Қомусимизнинг инсон манфаатларига оид нормалари янада такомиллаштирилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 21-моддасига кўра, “Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт”.
Инсон, халқ, давлат манфаатларига путур етказмаслик, демакки манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик – ҳар кимнинг инсоний фазилатлари, хусусан, ҳалоллиги билан бевосита боғлиқ. Ҳалол киши хиёнат, ғирромлик каби иллатлардан холи бўлиб, у тўғри ва ҳалол, покиза ва виждонан яшайди, бировларнинг ҳақига заррача ҳам хиёнат қилмайди. Бундай инсонлар ҳалол билан ҳаромни фарқлайди, фақат ўз меҳнати эвазига тирикчилик қилади, ҳаром-харишдан жирканади, ҳаромхўрликни гуноҳи азим ва ахлоқсизлик деб билади.
Ҳалолликнинг зидди – коррупция иллатидир. Зеро, “коррупцияга қарши маданият” шаклланмаган жамиятда адолатсизлик ва жиноятлар одат тусига айланади. Шу сабабли ҳам ҳар бир демократик давлат ўз ривожланиш концепциясида ушбу иллатга қарши курашишга қаратилган чораларни кўзда тутади.
Бу борада Ўзбекистонда изчил ва самарали ташаббуслар амалга оширилгани жуда муҳим. Истиқлолнинг ўтган даврида коррупцияга қарши курашишга оид халқаро ҳужжатлар ратификация қилингани, миллий қонунчилик ишлаб чиқилгани, давлат органларига юклатилган вазифаларни бажаришда келиб чиқадиган коррупциявий хатарларни баҳолаш тизими жорий этилгани, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва шу каби бошқа бир қанча лойиҳалар амалга оширилгани шулар жумласидандир.
Коррупция даражасини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг рейтинг натижалари Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ижобий ишлар билан бир қаторда, ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Шу боис Ўзбекистон Президенти ўз чиқишларида коррупцияга қарши кураш масаласига қайта ва қайта тўхталмоқда. Хусусан, 2024 йилда имзоланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун билан давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солиш, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашга доир чоралар белгиланди.
Қонуннинг 3-моддасида “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига шундай таъриф берилди:
“Манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият”.
Содда қилиб айтганда, манфаатлар тўқнашуви — давлат органи ходимининг шахсий манфаатлари унинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва қонуний бажаришига таъсир кўрсатадиган вазиятдир. Бунда ўша мансабдор шахс ёки давлат хизматчиси ўз шахсий манфаатларини ўйлаб, зиммасидаги мансаб ё хизмат мажбуриятларини тўғри ва холис бажаришдан чалғиши билан боғлиқ ҳолат назарда тутилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат муассасалари, давлат унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан тўлиқ татбиқ этилади.
Қонун қисман, яъни давлат харидлари соҳасида жорий этиладиган ташкилотлар ҳам кўзда тутилган. Қолаверса, мазкур Қонун талаблари ушбу ташкилотлардаги барча ходимларга ҳам татбиқ этилавермайди.
Гап шундаки, фақат давлат органлари ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходимларигина мазкур Қонун таъсир доирасига тушади. Бундай тоифадаги ходимлар сирасига техник ходимлар, хизмат кўрсатувчи ходимлар, мутахассислар, ишчилар ва ишлаб чиқариш ходимлари кирмайди.
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади. Бундай қарор ёки битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, етказилган зарар айбдор шахслардан ундириб олинади.
Ачинарли томони шундаки, манфаатлар тўқнашуви давлат ташкилотларида холисликка соя солувчи ва коррупцияга йўл очиб берувчи омиллардан ҳисобланади. Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва уларнинг келиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш учун давлат бошқарувида холислик ва адолат принципларини қатъий таъминлаш талаб этилади.
Шу маънода, Президентимиз 2025 йил 26 декабрда тақдим этилган Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашда кескин ва қатъий позицияни эълон қилар экан, 2026 йилни коррупцияга қарши курашда “фавқулодда ҳолат” йили сифатида белгилаб бергани алоҳида эътиборга сазовор.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский