КОИНОТ ВА КОНСТИТУЦИЯ
12 апрель – Жаҳон авиация ва космонавтикаси куни
Коинот ва Конституция – ушбу икки тушунчанинг ўзаро боғлиқлиги нимада? Янги таҳрирдаги Конституциямиз матнида “коинот” сўзи учрайдими?
Лингвистик таҳлилга кўра, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “халқ” сўзи энг кўп, яъни 70 маротаба, “давлат” сўзи – 43, “инсон” сўзи – 35 маротаба қўллангани ҳолда, “коинот” сўзи бир марта ҳам қайд этилмаган. Аммо, бу ҳолат коинот ва Конституция тушунчалари ўртасида ҳеч қандай алоқадорлик йўқ, деганини англатмайди, албатта.
Коинотнинг Конституцияга алоқадорлиги ҳақида академик Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон Конституцияси тарихи” китобида бир қанча қизиқарли маълумотлар қайд этилган. Шулардан айримларига тўхталамиз.
Гап шундаки, Европа Иттифоқи Конституциясининг олтин ғилофга солинган нусхаси 2005 йил апрель ойида коинотга олиб чиқилган. Ушбу Конституция “Союз ТМА-6” фазовий кемасида “Бойқўнғир” космодромидан Халқаро космик станцияга асосий экспедиция таркибида парвоз қилган Европа космик агентлигининг италиялик фазогири Роберто Виттори томонидан фазога етказилган.
Конституция инсонга – у қаерда эканидан қатъи назар – кераклидир. Айни шу жиҳати билан ҳам Конституция – шунчаки рамз эмас, балки бебаҳо тимсол.
Коинотга нафақат Конституциялар, балки муқаддас китоблар ҳам “парвоз қилган”. Хусусан, “Мир” орбитал мажмуаси ва Халқаро космик станцияга “Библия” ва “Қуръон” нусхалари бир неча бор олиб чиқилган.
Америкалик астронавтлар эса 1969 йил 20 июлида Ойга қўнганида, ушбу сайёра сатҳида АҚШ байроғини ўрнатган. Шунингдек, 1975 йилда “Аполлон” – “Союз” лойиҳаси синов парвозининг охирги босқичида “Союз” фазогирлари томонидан орбитага олиб чиқилган БМТ байроғи ҳар икки фазавоий кема туташганидан сўнг “Аполлон” экипажига Ер сайёрасининг тимсоли сифатида топширилган. Парвоз якунида тарихий байроқ БМТнинг ўша пайтдаги Бош котиби Курт Вальдхаймга тақдим этилган ва ҳозиргача ушбу халқаро ташкилот Бош қароргоҳида сақланмоқда.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Бинобарин, коинотга парвознинг ўзи ғоятда ноёб воқеа ҳисобланади. Фазога ҳар қандай парвоз – бу парвозни амалга оширган биргина инсоннинг шахсий кашфиёти ва эришган ютуғигина эмас, айни чоғда, бутун инсоният забт этган улкан маррадир.
Халқимиз 2023 йилги референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддасида шундай нормалар мустаҳкамлаб қўйилди: “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади”.
Ушбу конституциявий нормалар юртимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиётига бемисл ҳисса қўшадиган, Ватанимиз донғини дунёга таратадиган, халқимизнинг ёруғ келажагини таъминлайдиган ҳар томонлама юксак истеъдодли фарзандлар, хусусан, фозил мунажжимлар ва дониш фалакиётшунослар, моҳир авиасозлар ва жасур фазогирлар камол топиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Янги Ўзбекистон космик технологиялар соҳасида янги босқичга қадам қўймоқда. Авваламбор, Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномада мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлангани маълум қилинди.
Яқинда Президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда мамлакатимиз 2028 йилда илк илмий сунъий йўлдошини фазога учиришни режалаштираётгани қайд этилди. Мазкур лойиҳанинг Мирзо Улуғбек номи билан аталиши ва у нафақат космик технологияларни ривожлантириш, балки миллий-илмий мактабни шакллантириш ва ёш мутахассисларни тайёрлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг биринчи миллий космонавтини қисқа муддатли космик парвозга тайёрлаш ишлари ҳам бошланган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Астрономия институти раҳбари Шуҳрат Эгамбердиевнинг эътироф этишича, ўзбекистонлик фазогирнинг космосга учирилиши, космосда бажариб келадиган тажрибаларнинг илмий аҳамиятидан қатъи назар, юртимиз нуфузининг халқаро миқёсда кескин ошишига ҳисса қўшиши шубҳасиз. Сунъий йўлдош эса, биринчи навбатда, мамлакат иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш ва янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши керак. Айниқса, у алоқа, қишлоқ хўжалиги, жумладан, пахта ва буғдой етиштириш жараёни, муҳим иншоотларнинг ҳолатини мониторинг қилиб бориш каби йўналишларда қўл келади.
Маълумки, Мирзо Улуғбек XV асрнинг буюк олими ва давлат арбоби, астроном, математик ва доно ҳукм дор сифатларини уйғунлаштирган шахс бўлган. Марказий Осиёнинг буюк мусулмон олимлари анъанасини давом эттириб, Самарқандда ўша даврнинг энг йирик обсерваторияларидан бирини барпо этган ва у ерда машҳур юлдузлар жадвали ва “Зижи Кўрагоний”ни тузган. Шоҳ ва олим аждодимизнинг астрономия соҳасидаги ишлари, хусусан, юлдузлар ва сайёраларнинг аниқ координатларини ўлчаши жаҳон астрономия фани тараққиётига катта таъсир кўрсатган.
Шу ўринда 12 апрель – Жаҳон авиация ва космонавтикаси кунининг таъсис этилиши тафсилотларига мухтасар тўхталишни лозим топдик. Айни халқаро сананинг тарихи машҳур фазогир Юрий Гагарин 1961 йил 12 апрелда “Восток” фазовий кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга оширган оламшумул воқеага бориб тақалади. Зеро, ўша парвоз инсониятнинг коинотни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди.
Бу ҳақда қанчадан-қанча фильмлар ишланди, китоблар чоп этилди ва мақолалар ёзилди. Ана шу кўплаб манбаларнинг негизидаги асл воқеликка бир назар солайлик: 1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да «Бойқўнғир» космодромидан ичида Юрий Гагарин ўтирган «Восток» фазовий кемасининг учишига старт берилди.
Парвоз муваффақиятли амалга ошди ва коинотга қўйилган илк қадам башариятнинг буюк ютуғига айланди. Чиндан ҳам, инсон зотининг ер атмосферасидан юқорига – очиқ коинотга чиқиши том маънода улкан воқелик эди. Гагариннинг ўша илк парвозидан буён қирққа яқин мамлакатнинг 400 нафардан ортиқ фазогири коинотга парвоз қилди.
Космонавтлар куни байрами 1962 йилдан бошлаб фақат собиқ СССРда нишонлаб келинган. Ушбу санани халқаро байрам куни сифатида нишонлаш ташаббуси иккинчи фазогир – Герман Титовнинг таклифи билан БМТга киритилган.
Шу тариқа даставвал 1968 йили бўлиб ўтган Халқаро авиация федерациясининг 61-Бош конференциясида 12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни деб эълон қилинган. Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеясининг Юрий Гагарин парвози 50 йиллиги муносабати билан 2011 йил 7 апрелда қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, инсон коинотга парвоз қилган айни сана жаҳон миқёсида кенг нишонлаб келинмоқда.
БМТ резолюциясида, шунингдек, коинотни ўзлаштиришда бутун инсониятнинг умумий манфаатларини рўёбга чиқариш, космосни фақат тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш, барча давлатларнинг космик тадқиқотлардан тенг манфаат кўрилишини таъминлаш кераклиги алоҳида қайд этилган.
Юрий Гагарин ўзининг шонли парвозидан кейин, 1961 йилдан – 1968 йилгача бўлган даврда юртимизга олти марта келган ва ҳар гал катта тантаналар билан кутиб олинган. Чунки Гагарин парвози, умуман, ХХ асрда коинот забт этилиши билан боғлиқ кашфиёт ва натижаларда Ўзбекистоннинг ўзига хос ҳиссаси бор.
Афсуски, бу соҳада фидокорлик кўрсатган юртдошларимизнинг хизматлари, илмий ишлари ва ихтиролари билан боғлиқ қимматли маълумотлар соҳага алоқадор музей ҳамда архивларда сақланаётганини кўпчилик ҳалигача билмайди. Аслини олганда, инсониятнинг олис тарихида фазони ўрганиш борасида улуғ аждодларимиз ҳамиша пешқадам бўлганлар.
Хусусан, оммавий ахборот воситаларида эътироф этилганидек, 1957 йилда илк бор сунъий йўлдош ернинг гравитацион йўлдошини тарк этди. Мана шу буюк кашфиётда Абу Али ибн Сино бобомизнинг ҳиссаси бор. Чунки космик кеманинг ишлаш принципи импульс сақланиш қонунига асосланган. Демак, космосга чиқаётган ҳар битта фазовий кемада Ибн Синонинг, бундай кемаларнинг ичида ишлаётган ҳар ускунанинг ишлаш принципида Ал-Хоразмийнинг ғояси ётибди.
Замонавий космонавтика соҳаси оёққа туришида ҳам ватандошларимиз салмоқли ҳисса қўшган. Академик Шуҳрат Эгамбердиев “Коинотни забт этган ватандошларимиз ёхуд Юрий Гагаринни биринчи бўлиб кутиб олган ўзбек” номли мақоласида бу жараённинг баъзи муҳим тафсилотлари ҳақида атрофлича тўхталган.
Олимнинг эътироф этишича, Гагаринни парвоздан сўнг биринчи бўлиб кутиб олиш ва уни ҳукумат раҳбарлари билан учрашувгача кузатиб бориш айнан юртдошимиз – собиқ иттифоқ авиацияси ва космонавтикасига катта ҳисса қўшган муҳандис-полковник, авиаконструктор Ота Баҳромовга топширилган экан. О.Баҳромов 1955 йилдан Москва шаҳридаги космонавтларнинг хавфсизлиги, қутқарув ва ҳаётини таъминлаш воситалари конструкторлик бюросини бошқарган бўлиб, айнан у раҳбарлик қилган бюрода фазога учиш учун герметик кабина-капсулалар яратилган.
Космонавтика соҳасига муҳим ҳисса қўшган яна бир истеъдодли ватандошимиз – техника фанлари доктори Рашид Отахонов масофага рангли тасвирларни узатиш ва қабул қилиш усулларининг назарий асосларини ишлаб чиққан. Р. Отахоновнинг 1983 йилда яратган “Кодер-декодер-5” қурилмаси “Салют-7”, “Союз-9”, “Союз-10” ва “Союз-11” орбитал космик кемаларида синовдан муваффақиятли ўтган.
Ўша пайтдан бошлаб космонавтлар ҳатто очиқ космосда ишлаётган ҳолатда ҳам парвозни бошқариш марказидан рангли форматдаги йўриқномаларни олиш имкониятига эга бўлган. Бу эса улар фаолияти самарадорлигини кескин оширган.
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шавкат Воҳидов бош конструктори бўлиб ишлаган Тошкент машинасозлик-конструкторлик бюросининг дастлабки муваффақиятли ишланмаси – 1976 йили Ой аппарати “Луна-24”да ўрнатилган ГЗУ “ЛБ-09” тупроқ олиш қурилмаси бўлган. Унинг ёрдамида Ой сатҳида 2,7 метр чуқурликда қудуқ қазилган.
Осмон жисмларини бурғилаш чуқурлиги бўйича бу рекорд ҳанузгача энг яхшисидир. Қазиб олинган Ой тупроғи қадоқланиб, қайтиш модули ёрдамида Ерга келтирилган. Кейинчалик ушбу бюрода Марс ва унинг табиий йўлдоши Фобосда фойдаланиш учун пенетраторларнинг экспериментал намуналари ҳамда Фобосга узоқ вақт хизмат қилувчи автоматик станцияни ўрнатиш тизими ишлаб чиқилган. Венера сиртидаги ишлар учун тупроқ олиш қурилмаси ҳам яратилган.
Академик Ш.Эгамбердиев фахр билан таъкидлаганидек, ватандошларимиз бевосита космосга ҳам парвоз қилган. Бу ўринда, албатта, Бўстонлиқ ўғлони – собиқ иттифоқнинг икки карра қаҳрамони, генерал-майор Владимир Жонибеков ва ўзбек халқининг яна бир фарзанди, учувчи-космонавт Солижон Шарипов ҳақида сўз бормоқда.
Владимир Жонибеков собиқ иттифоқдаги космонавтлар орасида энг кўп – 5 марта фазога парвоз қилган тажрибали космонавтдир. Космосда 145 кун 15 соат 58 дақиқани ўтказган. Президентимиз 2022 йили В.Жонибековни 80 ёшга тўлиши шарафига “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.
Ўз навбатида, Солижон Шарипов Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ва Амир Темур орденлари ҳамда НАСАнинг “Космик парвоз учун” медали билан тақдирланган. Миллатдошимиз ўзини академик Шавкат Воҳидовнинг шогирди деб билади.
Бу икки фазогирнинг фаолияти билан боғлиқ биргина ибратли далил: 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳрида амалга оширилган улкан ўзгаришларни ўз кўзи билан кўрган Владимир Жонибеков ва Солижон Шарипов бу ерда коинот бўйича музей барпо этишни таклиф қилган. Ушбу ташаббусни Президент Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлади ва “Космонавтика музейи” 2021 йил апрелда – сайёрамизнинг биринчи космонавти парвозининг 60 йиллиги нишонланган кунда тантанали очилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 августдаги Фармонига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилди. Ўтган даврда бу соҳада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш, инфратузилма яратиш бўйича муайян ишлар қилинди.
Ўзбекистон Президенти 2022 йил 23 ноябрь куни космик фаолиятни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишиши асносида қайд этганидек, бугунги кунда космосдан фойдаланиш миқёси шунчалик кенгки, ҳали бу борада ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Масалан, 2020 йилда дунёда космик хизматлар бозорининг умумий ҳажми 400 миллиард долларга яқинлашган. Бунда асосий ўринни ерни масофадан зондлаш, алоқа йўлдошлари, навигация хизматлари эгалламоқда. Келажакда космосдан фойдаланиш эҳтиёжи янада ортиб бораверади.
Шу боис, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, космик тармоқни ривожлантиришнинг 5 йиллик концепцияси ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Уларда ерни масофадан зондлаш, телекоммуникация сунъий йўлдошлари миллий гуруҳини яратиш, илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, аэрокосмик стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган мақсадлар изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.
Шундай қилиб, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш асносида мамлакатимиз ҳаётининг бошқа барча соҳалари қатори миллий коинот инфратузилмасини яратишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу илғор соҳани ривожлантириш учун давлатлар ўртасида ва хусусий ҳамкорлар иштирокида хорижий инвесторларни жалб этишга урғу берилаётгани жуда муҳим.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский