«Яшил макон»да яшаш учун “Яшил” университет ва “яшил техникумлар”да ўқилади
15 апрель – Халқаро экологик билимлар куни
Сайёрамизда кун сайин кескинлашиб бораётган экологик муаммоларни бартараф этиш учун инсонларнинг экологик билими юқори бўлиши лозим. Шу боис ҳар йили 15 апрелда дунёнинг кўплаб мамлакатларида Халқаро экологик билимлар куни нишонланади.
Рио-де-Жанейро шаҳрида 1992 йили ўтказилган БМТ конференциясининг атроф-муҳит муаммолари муҳокамаси чоғида ушбу халқаро санани инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунёда экологик билимларни тарғиб этиш куни сифатида нишонлаш таклиф этилган. Бундан асосий мақсад сайёрамиз аҳлининг экологик билимини бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида табиатга бўлган меҳр ва эътиборни кучайтириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишдир.
Экологик билимлар — инсон ва табиат ўртасидаги мураккаб муносабатларни тушунишга ёрдам берадиган назарий ва амалий билимлар мажмуаси. Бу билимлар инсоннинг табиатга бўлган ижобий муносабати, яъни табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ифлосланишни камайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Аслида, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари нафақат экологлар, балки ҳар бир фуқаронинг кун тартибида бўлиши даркор. Нега деганда, экологик саводхон инсон ўз ҳаёт тарзи орқали атроф-муҳитга камроқ зарар етказади, қайта ишлаш, энергияни тежаш, тоза муҳитни сақлаш каби фаолият жараёнларига оқилона иштирок этади.
Шу маънода, Янги Ўзбекистонда экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилгани алоҳида таҳсинга сазовор. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.
Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз.
Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегияларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра юз карра кўпроқ эътибор берилган.
Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи 2021 йилдан эътиборан “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида юртимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Бу вазифалар орасида, албатта, экологик билимларни оширишга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида ўрин тутади. Давлат дастури доирасида, жумладан:
-
таълим муассасаларида “Экологик бурчаклар” очиш;
-
мактабгача таълим ташкилотларида “Экологик йўлакчалар” ташкил этиш;
-
мамлакат миқёсида экологик маданиятни оширишга қаратилган турли оммавий тарғибот тадбирларини ўтказиш;
-
“Ёшлар ойлиги” доирасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган туркум тадбирларни амалга ошириш;
-
“Экология билимдонлари” кўрик-танловини ўтказиш;
-
Экологик муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган “Экооромгоҳ-2025”ни ташкил этиш каби кўплаб амалий чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилагани диққатга лойиқдир.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти 2025 йил 2 июнда “«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилди. Фармондан кўзланган мақсад «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш, ўрмонлар ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашиш ишларини тизимли амалга ошириш, шунингдек, мазкур йўналишларда ягона давлат сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштиришдир.
Бу борада Президентимизнинг 2026 йил 25 марта қабул қилинган “«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони навбатдаги муҳим қадам бўлганини таъкидлаш лозим. Ушбу ҳужжат «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республикада яшил майдонларни кенгайтириш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилиш ҳамда мавжуд яшил боғларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш орқали уларни сақлаш, зараркунандаларга қарши курашиш тизимини яратиш ҳамда маҳаллий иқлим шароитига мос кўчатларни илмий асосланган ҳолда етиштиришни ривожлантириш мақсади ижобатига қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 апрель куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди. Пойтахтимизда 108 гектар майдонни қамраган Миллий дендрология боғидаги “Яшил” университет ҳудудида “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “ин-витро” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.
Энг муҳими, сўнгги беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда. Ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилди.
Юртимизнинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди. Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди. Шамол ва қум-чанг бўронларининг зарарли таъсирини олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрли “яшил белбоғ” ҳосил қилинди.
Шу тариқа қисқа даврда мамлакатимизда яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди. Жорий йил март ойида Президентимиз имзолаган янги Фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимизда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича катта марра белгиланди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди. Атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Тақдимот асносида “Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни бир-бирига боғлаган ҳолда янги тизим яратиш режалаштирилганлиги ҳақида ҳам ахборот берилди. Мазкур соҳада халқаро стандартларга мос мутахассислар етишмаётгани, аҳоли ўртасида экологик онг ва барқарор одатлар ҳали етарли даражада шаклланмагани, инновация ва иқлим технологияларини амалиётга жорий қила оладиган кадрлар тақчиллиги мавжудлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 та ҳудудда “яшил техникумлар” ташкил этилиб, улар “Green University” тизимига академик ҳамкорлик асосида бириктирилади. Лойиҳага кўра, тайёрланадиган ўқувчи ва талабалар сони йил сайин оширилиб, 2028-2029 ўқув йилига бориб, 10 минг нафарга етказилади.
Бакалавриат ва магистратурада атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, яшил иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳандислиги, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш, барқарор шаҳарсозлик, барқарор энергия алмашинуви каби янги йўналишлар очилади. Таълим жараёнида дуал тизим жорий қилиниб, назарий билим билан амалиёт уйғунлаштирилади. Университет таълим тизимини ривожлантириш, илмий-инновацион лойиҳалар ва тарғибот ишлари учун катта миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш, “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишга тушириш, шунингдек, Самарқанд шаҳрида GEF-8 ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.
Мухтасар айтганда, атроф табиий муҳитга зарар етказиш инсониятни аянчли оқибатларга гирифтор қилади. Айни пайтда бунинг жабрини тортяпмиз ҳам. Шундай экан, келажак авлодлар олдида жавобгарлигимизни чуқур англаган ҳолда – ҳечдан кўра кеч бўлса-да – она табиатга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз, яъни уни севишимиз ва асраб-авайлашимиз шарт. Бунинг учун эса, шубҳасиз, экологик билимларимизни мунтазам ошириб боришга қатъий бел боғлашимиз фарзу қарздир.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский