Кутубхона – умр китобининг кўркам муқоваси

Бугун сайёрамиздаги беҳисоб кутубхоналарда гўзал ва сурурли, ёрқин ва мазмунли не-не умрлар тараннум этилган қанчадан-қанча ҳаётий қиссалару муҳташам китоблар жамланган. Ушбу китобларни имкон қадар кўпроқ ўқиш ва уқиш, мутолаадан завқ ва илҳом олиш билан чекланиб қолмай, шу негизда тафаккур қилиш, янги дунёларни кашф этиш фароғатига не етсин.

23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни муносабати билан ўтказилган турли маърифий тадбирлар ҳақидаги маълумотларни ўқир эканман, хаёлимдан шу фикрлар кечди. Ҳар йили бутун дунёда нишонланадиган айни халқаро сана, китоблар – авлодлар ва маданиятлар ўртасидаги кўприк эканини эътироф этган ҳолда, ЮНЕСКО томонидан 1995 йилда жорий этилган.

Маълумки, ЮНЕСКО ҳамда китоб саноатининг асосий тармоқлари – нашриётлар, китоб дўконлари ва кутубхоналарни ўзида бирлаштирган халқаро ташкилотлар 2001 йилдан бери Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи кунини нишонлаш доирасида Жаҳон китоб пойтахтини танлаб келади. Танланган шаҳарлар нафақат ўз мамлакатида, балки унинг ташқарисида ҳам барча ёшдаги инсонлар ва бутун жамият орасида китоб ва мутолаани тарғиб қилади.

Бугунги кунга қадар ЮНЕСКО 26 та Жаҳон китоб пойтахтини аниқлаган: 2001 йилда Мадрид билан бошланган бу рўйхатга 2026 йилда Работ шаҳри қўшилди.

ЮНЕСКО ташаббуси билан 2002 йилда яна бир улкан маърифий қадам қўйилди – замонавий Искандария кутубхонаси билим аҳлига ўз эшикларини очди. Бу ҳақда сўз борганда,  даставвал, барча билимларни бир жойга тўплаш истаги одамларда қадим замонлардаёқ мавжуд бўлганини таъкидлаш лозим.

Бинобарин, универсал билимлар хазинасини яратиш орзусини рўёбга чиқаришга қаратилган илк уриниш милоддан аввалги III асрда Искандария кутубхонасига асос солиниши мисолида намоён бўлган. Кейинчалик ёнғинлар ва низолар оқибатида у йўқ бўлиб кетган. Шукрки, ХХI аср бошида мазкур маърифат хазинаси қайтадан қад ростлади.

Интернет ва тезкор ахборот асри, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда ҳам кутубхоналар ўз қадрини йўқотмади. Муҳими, кутубхоналар бир қарашда оддий кўринадиган, аслида бебаҳо бўлган китобларни ишончли сақлаш, астойдил тиклаш ва келгуси авлодларга изчил етказишда давом этмоқда.

Италиялик машҳур адиб Умберто Эко таъбири билан айтганда, “Кутубхонанинг асосий вазифаси – инсон борлигини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган, аммо айнан у учун ўта муҳим бўлиб чиқиши мумкин бўлган китоблар билан танишишни осонлаштиришдир”. Аммо, афсуски, дунёда китобхонлик даражаси пасайиб бормоқда.

Жумладан, АҚШнинг Флорида университети ва Лондон университети коллежи томонидан ўтказилиб, “iScience” журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, сўнгги 20 йил ичида шунчаки завқ учун китоб ўқийдиганлар улуши 40 фоиздан кўпроққа камайган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бунга рақамли медианинг кенг тарқалиши, иқтисодий босимнинг кучайиши, бўш вақтнинг қисқариши, шунингдек, китоблар ва кутубхоналардан фойдаланиш имкониятларидаги тенгсизлик каби омиллар таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, “YouGov” социологик компанияси ўтказган “Америкаликларнинг 2025 йилдаги китобхонлик одатлари” номли тадқиқотга кўра, АҚШдаги вояга етганларнинг 40 фоизи 2025 йил давомида битта ҳам китоб ўқимаганини, 19 фоизи эса 10 та ёки ундан кўп китоб мутолаа қилганини маълум қилган. Шу билан бирга, тадқиқот иштирокчиларининг 46 фоизи босма китобларни, 24 фоизи электрон китобларни, 23 фоизи эса аудиокитобларни афзал кўришини билдирган.

Китобхонлар орасида энг оммабоп жанр детектив ва криминал адабиёт (21%) бўлиб, ундан кейинги ўринни тарихий китоблар (18%) эгаллади. Поэзия эса энг кам талабгир жанр бўлиб чиқди — атиги 4%. Шунингдек, 65 ва ундан катта ёшдагилар бошқа ёш гуруҳларига қараганда кўпроқ китоб ўқиши аниқланди.

Америка ноширлари ассоциацияси маълумотларига кўра, АҚШда китоб савдоси умуман олганда барқарорлигича қолмоқда: 2025 йилда қарийб 707 миллион нусха босма китоб сотилган. Тадқиқотчилар катталар учун мўлжалланган бадиий адабиётга талаб ортаётганини, шу билан бирга сўнгги йилларда нашриётлар даромадида электрон китоблар улуши камайганини, аудиокитоблардан тушаётган даромад эса узоқ муддатли истиқболда сезиларли даражада ўсганини қайд этмоқда.

Миллий саводхонлик жамғармаси маълумотларига қараганда, 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг атиги 32,7 фоизи китоб мутолаасидан завқ олади. Бу кўрсаткич 2005 йилдан буён энг паст даражага тушган.

Шу ёш тоифасида ҳар куни китоб ўқийдиганлар улуши эса 18,7 фоизни ташкил этди. Бу сўнгги 20 йилдаги энг қуйи кўрсаткичдир. Шу билан бирга, 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 89,7 фоизи уйида шахсий китобига эга экани, бироқ ҳар ўнинчи бола (10,3 фоиз) ўзининг шахсий китобига эга эмаслиги аниқланган.

Болалар орасида китобга эгалик қилиш даражаси 5–8 ёшлилар гуруҳида юқорироқ (92,2%) бўлса, 8–18 ёшлилар гуруҳида 89,4 фоизгача пасайган. Айниқса, 8–18 ёшли ўсмирлар ўртасида китобга эгалик қилиш кўрсаткичи сўнгги ўн йилдаги энг паст даражага етгани таъкидланган.

Айни чоғда, Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни муносабати билан дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам китобхонлик маданиятини кучайтириш зарурлиги яна бир бор алоҳида таъкидлангани бежиз эмас. Зеро, китоблар ҳалим-ҳамон билим, тафаккур ва маънавий ўсишнинг энг муҳим манбаи бўлиб қолмоқда.

Аслида ҳам, китоблар инсонни янги ғоялар ва турли қарашлар билан таништиради, танқидий фикрлашни шакллантиради ва бағрикенглик, тинчлик каби қадриятларни мустаҳкамлайди. Бу фазилатлар, ўз навбатида, барқарор ва тараққий этган жамият учун асос бўлади.

Рақамли технологиялар даврида китоб ўқишнинг аҳамияти камайгани йўқ, аксинча, янада муҳимлашди. Шунинг учун дунёнинг аксарият тараққийпарвар мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, фойдали адабиётларни ўқиш имкониятини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани айни муддаодир.

Эътибор беринг: яқинда Саудия Арабистонининг Жизон минтақаси мамлакатда китобхонлик бўйича етакчи ҳудуд сифатида қайд этилди. Расмий маълумотларга кўра, аҳолининг катта қисми йил давомида камида битта китоб мутолаа қилган. Янги китоб ярмаркаси ва маърифий ташаббуслар ушбу натижаларга туртки берган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.

Бинобарин, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини изчил ошириб, юртимизда 1 одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгиланди. Яъни, марра юқори қўйилди.

Модомики, Янги Ўзбекистонда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқаришга қатъий бел боғлаган эканмиз, демак қонида маърифат ва китобхонлик фазилатлари азалдан жўш урган  ўзбекистонликлар учун ушбу марра ҳам чўт эмас. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech