Интервью | Ўзбекистонлик эксперт: Хитой тажрибасини қандай тушуниш ва қўллаш керак

Суҳбатдош ҳақида маълумот: Мирзатилло Алишерович Тиллабоев – инсон ҳуқуқлари, халқаро ва конституциявий ҳуқуқ соҳалари бўйича ўзбекистонлик мутахассис, юридик фанлар доктори, профессор. Турли йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тизимида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.

Мирзатилло Тиллабоев кўп йиллардан буён инсон ҳуқуқлари, халқаро ва конституциявий ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар олиб боради. У 150 дан ортиқ илмий нашр, бир қатор монография, дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар муаллифидир. Унинг “Замонавий Хитой ва Янги Ўзбекистон: инсон ҳуқуқлари, тараққиёт ва стратегик шериклик” номли монографияси Ўзбекистонда катта қизиқиш уйғотган.

2026 йил 12 июнь куни Пекин университетининг Минтақавий ва мамлакатшунослик институти профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат делегация Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ташриф буюрди ҳамда Марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев билан цивилизациялараро алмашинув ва уларнинг ўзаро бойиши масалалари юзасидан суҳбатлашди.

М. Тиллабоевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўз цивилизациявий анъаналарига эга. Шу боис ҳар икки давлат ўзининг тарихий мероси ва замонавий воқеликларига таяниб, миллий шароитларга мос келадиган ислоҳотлар ва тараққиёт йўлини мустақил равишда излаши лозим.

Қуйида интервьюнинг тўлиқ матни келтирилади.

 

Савол: Мирзатилло Алишерович, Сиз билан суҳбатлашиш имконияти биз учун катта шарафдир. Сизнинг кичик ватинингиз — Ўзбекистон шарқидаги Фарғона водийсида жойлашган Андижон шаҳри. Бу шаҳар “Бир макон, бир йўл” ташаббусини биргаликда амалга ошириш доирасидаги етакчи лойиҳа — Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг сўнгги манзили. Ушбу темир йўл она юртингиз тараққиёти учун қандай имкониятлар яратади? Қандай хатарлар биргаликда чора кўришни тақозо этади?

 

Жавоб: Аввало, Пекин университети делегациясини қутлайман. Сўнгги икки йил ичида мен бир неча бор Хитойда бўлиб, кўплаб таниқли профессор ва олимлар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдим. Шунингдек, мен Хитойнинг Шэньчжэнь, Сиань ва Лоян каби бир қатор шаҳарларида ҳам бўлдим.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли уч давлат раҳбарлари ташаббуси билан қурилмоқда ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида кенг истиқболларга эга. Сиань шаҳрида бўлганимда халқаро порт ҳудудига ташриф буюрдим. У ерда жуда кўп контейнерлар ва поезд таркиблари тўпланган. Бу Хитойни Европа ва Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган муҳим қуруқлик портидир.

Ўзбекистон минг йиллар давомида Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашиб келган. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент қадимдан Евроосиёнинг турли цивилизацияларини ўзаро боғлаб турган йирик савдо шаҳарлари бўлган. Денгиз савдо йўллари очилгач, қуруқликдаги йўналишларнинг аҳамияти бироз пасайди. Бироқ қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл йўлаги нафақат Ўзбекистон ёки Андижон каби алоҳида бир шаҳарнинг, балки бутун минтақанинг тараққиётига ҳисса қўшади.

Аввало, юк ташиш муддатлари сезиларли даражада қисқаради. Илгари юкларни манзилга етказиш анча вақт талаб этган бўлса, эндиликда ташиш давомийлиги анча камаяди. Назаримда, темир йўл қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилгач, минтақанинг иқтисодий салоҳияти ҳам, жорий савдо ҳажми ҳам сезиларли даражада юксалади.

Иккинчидан, ушбу темир йўл бутун минтақа бўйлаб янги иш ўринлари яратилишига туртки бўлади. Бу ерда гап логистика, сервис хизматлари, янги технологияларни жорий этиш, янги поезд таркиблари ва бекатларни ишга тушириш, шунингдек, турдош соҳаларни ривожлантириш ҳақида бормоқда. Буларнинг барчаси биргаликда қўшимча қиймат занжирларининг кенгайишига хизмат қилади.

Ишончим комилки, бу темир йўл бутун минтақага манфаат келтиради. Яқин орада ишлаб чиқариш ва транспорт ташувларида қандай ўзгаришлар юз бераётганига гувоҳ бўламиз. Бу ўзгаришлар бутун минтақа, энг аввало, Ўзбекистон иқтисодиётида ўз аксини топади.

 

Савол: Кузатиш ва тадқиқотларингизга кўра, Хитойнинг камбағалликни бартараф этиш борасидаги тажрибаси нимадан иборат? Бундай ишларнинг аниқ мисолларини кўрганмисиз? Хитойнинг камбағалликка қарши курашга доир қайси ғоя ва ёндашувлари Сиз учун алоҳида қизиқиш уйғотади?

 

Жавоб: Сўнгги ўн йилликларда Хитой 700 миллиондан ортиқ аҳолисини қашшоқликдан олиб чиқди. Бу тажриба, шубҳасиз, ҳурматга ва жиддий ўрганишга лойиқ.

Ўзбекистонда ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг “Камбағалликдан қутулиш” китоби таржима қилиниб, нашр этилди. Шунингдек, мамлакатимизда ушбу нашрнинг кенг кўламли тақдимоти бўлиб ўтди. Ўтган йили биз Си Цзиньпиннинг “Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва таъминлаш тўғрисидаги танланган сўзлари” тўпламини ўзбек тилига таржима қилдик. Бу асарларда мужассам бўлган ғоялар ва амалий тажриба биз учун жуда фойдалидир.

Камбағалликни тугатишга келсак, аввало, Хитойнинг “бир қишлоқ — бир маҳсулот” ёндашувини жуда қимматли деб ҳисоблайман. Сианда қўзиқорин етиштириш қандай йўлга қўйилганини ўз кўзим билан кўрганман. Ўзбекистонда ҳам Президентимиз ташаббуси билан бандлик муаммоси ўткир бўлган кўплаб туманларда шу каби ёндашув қўлланила бошланди ва “бир қишлоқ — бир маҳсулот” тамойили асосида ишлаб чиқариш ривожлантирилмоқда. Бу механизмнинг истиқболи катта.

Иккинчи муҳим йўналиш — ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва кредитлар ажратишдир. Ўзбекистонда ҳам, Хитойдагидек, кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредитлар берилмоқда. Бу, биринчидан, аҳоли бандлигини таъминлашга ёрдам берса, иккинчидан, фуқароларнинг турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшади.

Учинчи йўналиш ёшлар билан боғлиқ. Ўзбекистон – ёшлар мамлакати, ёшлар бизнинг энг муҳим бойлигимиз ҳисобланади. Аҳолининг ўртача ёши тахминан 28–29 ёшни ташкил этади. Бу бизда салмоқли меҳнат ресурслари мавжудлигини англатади.

Давлат таълим соҳасига катта эътибор қаратмоқда. Бундан ўн йил аввал ёшларнинг атиги 9–10 фоизигина олий маълумот олиш имкониятига эга эди. Ҳозирга келиб бу кўрсаткич уч-тўрт баробар ошди ва қарийб 35–40 фоизга етди.

Шунингдек, ҳукумат ёш тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаб, уларга бошланғич сармояни қўлга киритишда кўмаклашмоқда. Хусусан, ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва стартаплар яратиш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Айрим махсус ҳудудларда тадбиркорлар учун пасайтирилган ёки ҳатто ноль даражадаги солиқ ставкалари белгиланган.

Тўртинчи йўналиш – аёллар тадбиркорлиги. Мен Хитойда кичик бизнес ва микробизнесга раҳбарлик қилаётган кўплаб аёлларни кўрдим. Улар нафақат ўзлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади, балки бошқа аёллар учун ҳам иш ўринлари яратмоқда. Бу ерда гап фақат ишлаб чиқариш фаолияти ҳақида эмас, балки ахборот-технология хизматлари, сервис соҳаси, логистика ва етказиб бериш ҳақида ҳам бормоқда.

Ўзбекистонда ҳам давлат томонидан хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аёлларга ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва янги маҳсулотлар яратишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Буларнинг барчаси, умуман олганда, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Савол: Ипак йўли Хитой ва Ўзбекистонни ўзаро боғлаган. Икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик алоқалар тарихидан келажак авлодларга қандай сабоқлар қолдирган маъқул? Тарихдан фойдали тажриба орттириш учун нима қилиш керак?

 

Жавоб: Биз бутун жамиятнинг уйғун ривожланишига ҳисса қўшиш учун ўтмишни ўрганамиз. Тарихни билмасдан туриб, тўлақонли замонавий шахсни шакллантириб бўлмайди.

Албатта, бугунги ахборот ва замонавий технологиялар асрида интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар инсонлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Болалар ва ёшларни тарихни китоблар орқали ўрганишга даъват этиш тобора қийинлашиб бормоқда.

Фикримча, тарих ва бой маданий меросни ўрганиш ўз тарихини қадрлайдиган, аждодларини ҳурмат қиладиган ва жамияти тараққиёти асосида ётган қадриятларни англайдиган авлодни тарбиялашга ёрдам беради.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой анъаналари замонавий Ғарб цивилизациясининг айрим унсурлари бизнинг жамиятларимизга ҳар доим ҳам тўғри келавермаслигини кўрсатади. Биз ўзимизнинг тарихий илдизларимизга таянишимиз ва жамиятимиз тараққиётининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олишимиз зарур.

Хитойда бир мақол бор, унинг маъносини шундай ифодалаш мумкин: “Кетмоннинг учида олтин бор”. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш мақол мавжуд: “Осмондан чалпак ёғмайди”.

Бошқача айтганда, инсон ҳар бир нарсага ўз меҳнати билан эришиши керак. Масалан, бугун биз кондиционер ва барча зарур қулайликлар билан жиҳозланган замонавий хонада ўтирибмиз. Буларнинг бари ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, балки бир неча авлод меҳнатининг самарасидир.

Ҳар бир инсон тарихга мурожаат қилиб, ўз халқининг маънавияти ва тараққиёт йўлини англаб етиши зарур.

 

Манба: russian.china.org.cn

 

 

Изоҳ: Ушбу интервью 2026 йил 16 июлда china.org.cn сайтида – инглиз тилида ва russian.china.org.cn сайтида – рус тилида эълон қилинган. Интервью русча манбадан ўзбек тилига таржима қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech