Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари учун бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича тренинг

2026 йил 10 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Azimut Grand» меҳмонхонасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари учун «Ўзбекистонда бизнес ва инсон ҳуқуқлари: Миллий бошланғич баҳолашдан амалий ҳаракатларга» мавзусида бир кунлик тренинг бўлиб ўтди. Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) «Бизнес ва инсон ҳуқуқлари» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Тренинг 9 ноябрь куни ўтказилган Ўзбекистонда бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Миллий мулоқотнинг давоми бўлди. Унда вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Машғулотларда БМТнинг Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи тамойиллари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Трансмиллий корхоналар учун масъулиятли бизнес юритиш бўйича йўриқномалари асосида давлат, бизнес ва фуқаролик жамиятининг вазифалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар давлатнинг масъулиятли бизнес юритишни ривожлантиришдаги воситаларини, жумладан тартибга солиш ва назорат, давлат харидлари, давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш, инвестиция сиёсати ва бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмларини таҳлил қилди.

Тренингда инсон ҳуқуқлари бўйича зарур даражадаги текширувнинг БМТ ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ёндашувлари амалий вазият мисолида тушунтирилди. Иштирокчилар гуруҳларда ташкилот учун хавфни одамларга таъсирдан фарқлаш, энг жиддий таъсирларни аниқлаш ва уларга нисбатан чоралар танлаш бўйича машқлар бажарди.

Алоҳида модуль ҳуқуқ эгаларининг иштироки, шикоятларни кўриб чиқиш механизмлари ва самарали ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш имкониятига бағишланди. Амалий машғулотларда иштирокчилар ҳуқуқ эгасининг муаммо пайдо бўлишидан оқибатлар бартараф этилгунга қадар бўлган йўлини кузатиб, мавжуд механизмлардан фойдаланишни янада қулай ва самарали қилиш бўйича таклифларини билдирди.

Тренинг якунида иштирокчилар ўз институционал вазифалари доирасида кейинги амалий қадамларни ҳамда идоралараро муҳокамани талаб қиладиган масалаларни белгилаб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 10.11.2026 Ko'rishlar 55
Ulashish