Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Омбудсманлар форумида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди

2026 йил 16–18 ноябрь кунлари Москвада 70 га яқин давлатдан 450 дан ортиқ вакилни бирлаштирган Халқаро омбудсманлар форуми бўлиб ўтди. Форум ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов бошчилигидаги Миллий марказ делегацияси иштирок этди.

Халқаро форум илк бор қўшма форматда ўтказилди. Яъни, Форум Евроосиё омбудсманлари альянсининг XI йиғилиши, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари: омбудсманларнинг илғор тажрибалари алмашинуви” мавзусидаги Х халқаро илмий-амалий конференцияси ҳамда Ёшлар омбудсманлари форумини ўзида қамради.

Кенг кўламли ушбу тадбир миллий тажриба алмашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг халқаро ҳамкорлигига доир янги ёндашувларни ишлаб чиқиш майдонига айланди. Иштирокчилар орасида МДҲ, БРИКС ва ШҲТ давлатлари, шунингдек, Осиё, Африка, Европа, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқ мамлакатлари вакиллари ҳам бор эди.

Евроосиё омбудсманлари альянсининг йиғилиши болалар ва ёшлар ўртасида бузғунчи ҳамда хавфли контент тарқалишига қарши курашиш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар рақамли маконда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, рақамли технологиялар ва медиа борасидаги саводхонликни ошириш, кибербуллингнинг олдини олиш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш бўйича ўзаро тажриба алмашдилар.

Йиғилиш якунида Ироқнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институти ҳамда Панжоб провинцияси (Покистон) омбудсманининг Евроосиё омбудсманлари альянсига аъзо бўлиши тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди. Альянс ташкил этилганидан буён унга аъзо давлатлардан бири ҳисобланувчи Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга изчил кўмаклашиб келмоқда.

Х Халқаро илмий-амалий конференция давомида хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов “Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқлари: омбудсманларнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари ва амалиёти” мавзусидаги шуъба мажлисида сўзга чиқди. Ўзбекистон вакили иштирокчиларни миграция жараёнининг барча босқичларида меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича мамлакатимиз тажрибаси билан таништирди.

Миллий марказ директори, хусусан, ташкилий меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, фуқароларни касб-ҳунар ва тилга ўқитишни назарда тутувчи сафар олдидан тайёрлашнинг “касб ва тил” моделини жорий этиш, шунингдек, хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш географиясини 3 тадан 27 та давлатгача кенгайтириш масалаларига тўхталди.

Академик Акмал Саидов хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда комплекс ёндашув зарурлигини таъкидлар экан, шундай деди: “Хориждаги фуқарони ҳимоя қилиш чегарани кесиб ўтиш билан тугамайди. У бузилган ҳуқуқ чинакамига тиклангандагина якунланади”.

Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг қатъий позициясини акс эттиради: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нафақат миллий даражада, балки давлатлараро ҳамкорликнинг таъсирчан механизмлари, омбудсманларнинг ўзаро алоқалари ва ўз мамлакатидан ташқарида бўлган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали ҳам таъминланиши лозим.

Форум кун тартибидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида умумий ёндашувларни шакллантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжат — “Москва тамойиллари” лойиҳаси муҳокамаси муҳим ўрин эгаллади.

Муҳокамалар чоғида академик Акмал Саидов лойиҳа қоидаларини БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги 48/134-сонли резолюцияси билан тасдиқланган Париж тамойилларига мувофиқлаштириш зарурлигига эътибор қаратди.

Таниқли ўзбек ҳуқуқшуносининг фикрича, Париж тамойиллари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мамлакат ичидаги мақоми, мустақиллиги, ваколатлари ва фаолият юритиши борасидаги халқаро стандартларни белгилаб беради. Шу билан бирга, турли мамлакатлардаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларнинг ўзаро амалий алоқалари, халқаро миқёсда мувофиқлаштирилиши ва ҳамкорлиги масалаларини янада ривожлантириш талаб этилади.

Шу муносабат билан “Москва тамойиллари” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларининг мустақиллиги ва миллий ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда институтлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат амалдаги халқаро стандартларга муҳим амалий қўшимча бўлиши мумкин.

Форум доирасида виждон эркинлигини таъминлаш ва маданий ўзликни сақлаш, одам савдоси ҳамда қулликнинг замонавий шаклларига қарши курашиш, хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, бир томонлама чеклов чораларининг гуманитар оқибатлари масалалари бўйича ҳам мунозаралар бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларида омбудсманлар ҳамкорлигининг самарали механизмларини излаб топиш, илғор тажриба алмашиш ҳамда халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 19.11.2026 Ko'rishlar 237
Ulashish