ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ – ИНСОНПАРВАР ДАСТУРИЛАМАЛ

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда демократик ислоҳотлар олиб борилди. Ушбу ислоҳотлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган инсонпарвар ғоя асосида амалга оширилди. Натижада, энг аввало, халқимизнинг дунёқараши ўзгарди, давлат ва жамият бир-бири билан яқинлашди, ташкилот ҳамда идораларнинг иш юритиш услуби демократлашди. Бу эса, том маънода, Янги Ўзбекистонни шакллантирди.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод сифатида иштирок этиб, сайловчиларнинг 80,12 % овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб қайта сайлангани ҳам юртимиздаги демократик ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганининг яққол тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 6 ноябрь куни ўтказилган инаугурация маросимида – президентлик лавозимига киришиш тантанали тадбирига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида қуйидаги фикрларни ишонч билан таъкидлади: “Янги муддатга лавозимга киришаётган Президент сифатида жонажон Ватанимизнинг бугунги куни ва келажаги учун бутун масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда айтмоқчиман: Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз!

Бу фикрлар яқин беш йилликда ҳам демократик ислоҳотлар давом эттирилишидан далолат беради.

Хўш, кейинги беш йилда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари нималардан иборат бўлади? Ислоҳотлар қайси соҳаларда олиб борилади? Қандай ғоя ва мақсад йўлида халқимиз бирлашади ва ҳаракатланади? Ушбу саволларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобини мутолаа қилиш орқали жавоб топиш мумкин. Китобда мамлакатимизнинг кейинги беш йиллик тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та энг устувор вазифа батафсил шарҳланган. Бу вазифалар қуйидагилардан иборат:

  1. Эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш;
  2. Адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш;
  3. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш;
  4. Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш ва инсон капиталини ривожлантириш;
  5. Маънавий ва маърифий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш;
  6. Глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш;
  7. Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Юқоридаги устувор вазифаларнинг моҳиятига эътибор қаратсак, давлат сиёсати юртимиздаги ҳар бир инсон бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилганини англаш мумкин. Бунда “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга ошириш, “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Халқпарвар давлат барпо этиш учун эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш зарурлиги, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлаш муҳимлиги стратегик вазифа сифатида белгиланган. Ушбу устувор вазифанинг таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:

  • маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтириш;
  • давлат функцияларининг катта қисмини марказдан ҳудудларга ўтказиш;
  • маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш;
  • ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш;
  • марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш;
  • қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш;
  • Халқ қабулхоналари учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратиш;
  • кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар жорий этиш;
  • Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш;
  • парламент томонидан мурожаатлар билан ишлаш ҳолатининг назоратга олиниши;
  • Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш;
  • Фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш;
  • жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кучайтириш;
  • сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш;
  • мансабдор шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш.

Айтиш мумкинки, ушбу вазифаларни самарали ижро этиш бугунги давр талаби ва заруратидир. Чунки давлатнинг келажаги, барқарор ривожланиши ва дунё геосиёсатида тутган ўрни унинг халқ хоҳиш-истакларини қай даражада ифода этиши билан чамбарчас боғлиқ. Халқдан узоқлашган давлат узоқ яшамайди. Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи. Шунинг учун ҳам Янги Ўзбекистонда жамият қурилиши ва давлат сиёсати “Давлат инсон учун” тамойили асосида олиб борилмоқда. Демак, мамлакатимизда давлат манфаатларидан кўра инсон манфаатлари устувор бўлиб бормоқда.

Айтиш ўринлики, 2020 йил 22 июнда давлатимиз раҳбари фармони билан мустақил мамлакатимиз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси қабул қилинди. Мазкур Миллий стратегиянинг бош мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва вазифаларини белгилаб олишдан иборат. Бунда 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган вазифалар аниқ қайд қилинган ва изчил ижро этилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Натижада, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон 2021 – 2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди. Бу ҳар биримиз фахрлансак арзийдиган тарихий ҳодисадир.

Албатта, давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятига энг тўғри ва холис баҳони, аввало, шу юрт фуқаролари, ўша заминда истиқомат қилаётган инсонлар берадилар. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари таъкидлайдилар, “Янги Ўзбекистон стратегияси – фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, илғор ташаббусларини амалга ошириш, ҳаётий муаммоларини ҳал этиш, турмуш даражасини юксалтириш, мустақил равишда ўз моддий фаровонлигини ошириши учун етарли ва зарур шароитларни яратиш деганидир”.

Ушбу улуғ мақсадни рўёбга чиқариш учун аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, яқин беш йилда “Халқчил давлат” миллий дастури ишлаб чиқилади. Халқ қабулхоналарига конституциявий мақом берилади. “Электрон парламент” ва “Электрон Халқ кенгаши депутатлари” каби концепциялар ҳаётга изчил татбиқ этилади. Ихчам ва профессионал ижро органлари тизими, замонавий менежментга асосланган бошқарув тизими яратилади.

Демократик давлатда фуқаролик жамияти институтлари халқ ва давлат ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. Янги Ўзбекистонда айни шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиши, қонуний фаолият олиб борувчи фуқаролик жамияти институтларининг мақоми кучайтирилиши стратегияда қайд этилган. Бунда, айниқса, маҳалла фаолиятига алоҳида урғу берилиб, “Маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идора ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашда бош мезон бўлади”, – дейилган. Маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини кўпайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, стратегияда қайд этилганидек, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қайта кўриб чиқилади. Фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш концепцияси қабул қилинади. Давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги бўйича муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлар кодексини қабул қилиш ҳамда Жамоатчилик палатасини тузиш ишлари жадаллаштирилади.

“Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида ошкоралик ва сўз эркинлигини таъминлаш ислоҳотларнинг муҳим талаби сифатида баҳоланган. Ҳақиқатдан ҳам, ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Бу ўринда оммавий ахборот воситаларидан ҳам ижтимоий масъулиятни англаш талаб этилади. Ижтимоий масъулият – бу ОАВнинг, ҳар бир журналистнинг оммага тақдим этаётган ахборотга нисбатан жавобгарлиги, ахборотнинг холис, ҳаққоний ва ишончли бўлишига масъуллигидир.

Шунингдек, келгуси беш йилда ахборотлашган жамиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида яхлит Ахборот кодекси қабул қилинади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ОАВ ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш каби ҳаракатлар содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддалар киритилади.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон халқпарвар ва инсонпарвар давлатга айланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби бу йўлдан собитқадамлик билан олға интилишимизга ишонч беради.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали масъул котиби

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech