Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган. Бунда аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Мамлакатимизда  фуқароларнинг мурожаатлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Аҳолининг давлат органлари билан муносабатга киришишини ҳуқуқий тартибга соладиган ушбу Қонунда кўзда тутилган нормалар барча давлат органлари, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун бирдек амал қилади.

  Шу ўринда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги  Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришда фуқаролар билан бамаслаҳат ишлаш бўйича устувор вазифалар белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Тараққиёт стратегиясининг 11-мақсади “Халқ билан мулоқотнинг механизмларини такомиллаштириш” деб номлангани ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Тараққиёт стратегиясининг ушбу мақсади доирасида бугунги кунда, хусусан:

  • халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш;
  • давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатиш;
  • аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш;
  • “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқпарвар давлат” миллий дастури изчил амалга оширилишини таъминлаш;
  • Жамоатчилик палатасининг фаолиятини самарали ташкил этиб, унинг фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини белгилаш жараёнига фаол жалб этиш каби энг муҳим вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳақда бежиз сўз юритмаяпмиз. Чунки Тараққиёт стратегиясида ушбу мақсаднинг тўлиқ рўёбга чиқиши нуқтаи назаридан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази зиммасига ҳам муайян вазифалар юклатилган.

Айни вақтда Миллий марказ томонидан фаолиятининг бошқа муҳим соҳалари қатори айни йўналишда ҳам изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, хусусан, фуқаро А.Азикаеванинг аризаси билан боғлиқ ҳолатга мухтасар тўхталиш ўринлидир.

А.Азикаева Миллий марказга ёзма мурожаат қилиб, Бош прокуратуранинг Мажбурий ижро бюроси тизимида содир этилган хато ва камчиликлар юзасидан шу соҳа раҳбарияти қабулига кириш учун қилган ҳаракатлари бесамар кетганини билдирган.

Миллий марказнинг юборган расмий хати асосида фуқаро А.Азикаеванинг суд қарори ижроси таьминланмаётгани тўғрисида йўллаган мурожаати Бош прокуратурада кўриб чиқилган. Маълум бўлишича, жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг ижро варақасига кўра, қарздор А.А. дан аризачи фойдасига 6 млн. сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Миллий марказ раҳбарияти ёрдами ва масъул ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ўтказилган ўрганиш ва мониторинг туфайли аниқланган камчиликлар жойида бартараф қилинди. Янгийўл туман суди ва Миробод тумани фуқаролик судининг қарздор А.А. ҳисобидан фуқаро А.Азикаева фойдасига тегишли маблағлар тўлиқ ундириб берилиши бўйича қарорлари  ижроси таъминланди.

Бундан ташқари, фуқаронинг Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори томонидан қабул қилинишида амалий ёрдам бериш тўғрисидаги илтимоси қаноатлантирилди. Бюро директори фуқаро А.Азикаевани қабул қилди.

 Шу муносабат билан фуқаро А.Азикаева Миллий марказ раҳбарияти ва ходимларига, хусусан, Жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Отабек Норбоев ҳамда ушбу бўлим масъул ходими Фарида Ҳақбердиевага алоҳида миннатдорчилик билдирилган мактуб йўллаган. Юртдошларимизнинг ҳамкасбларимиз фаолиятидан рози экани бизга ҳам мамнуният бағишлайди, албатта.

Айни чоғда, фурсатдан фойдаланиб, аҳоли мурожаатларини мунтазам ўрганиш ва инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай муаммони ижобий ҳал қилиш – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари учун нафақат бевосита хизмат вазифаси, балки виждон бурчи ҳам ҳисобланишини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётибди.

 

Ойдин Иброҳимова

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech