Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” тушунчасини замонавий дунё сиёсати луғатига киритгани беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Янги Ўзбекистон – бу ибора Юртбошимиз илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир.
Бу ғоя замирида: бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаолари; иккинчи томондан, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари; учинчи томондан, бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган.
“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”.
Ушбу фикрларни Президентимиз маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича 2021 йил 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирганди. Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда сўзлаган нутқнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кейинчалик Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ўз аксини янада яққол топди: Тараққиёт стратегиясининг етти йўналишидан бири маънавият соҳасида амалга ошириладиган ислоҳотларга бағишланди.
Шу йил 24-26 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Юртбошимиз иқтисодиёт ва маънавиятнинг ўзаро узвий боғлиқлиги ҳақида яна бир бор батафсил тўхталди. Зеро, Ўзбекистон замини кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келган.
Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлган. Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Миср каби мамлакатларда шаклланган цивилизация ва маданият намуналари айнан қадимги Мовароуннаҳр, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида учрашиб, бир-бирини ўзаро бойитган.
Дарвоқе, биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчилари ушбу жаҳоний анжуманни келгусида анъанавий форумга айлантириш фикрини билдирдилар. Бу бежиз эмас. Чунки Тошкент Форуми бизнес дунёсида улкан тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Бунинг бир қатор сабаблари бор.
Биринчидан, тадбир 2 минг нафардан ортиқ иштирокчи – жаҳоннинг 56 мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали хорижий меҳмонлар учун очиқ фикр алмашиш, мулоқот ва истиқболли ташаббуслар майдонига айланди.
Иккинчидан, энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимидаги нутқида Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилган шиддатли ислоҳотлар натижалари тўғрисида сўз юритилди ҳамда галдаги устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Учинчидан, Форумда 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди.
Тўртинчидан, қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ҳаракатлар стратегиясининг моҳияти ва аҳамияти нимада? Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз, биринчи навбатда, илгари инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омилларни бартараф этиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар ярата бошладик”.
Буларнинг барчаси юртимизда инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир. Жорий йил бошидан амалга оширишга киришилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадларини рўёбга чиқариш учун 2022 йилга – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб ном берилгани ҳам бежиз эмас.
Инсон қадри дегани, содда қилиб айтганда, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни қадрлаш деганидир. Алишер Навоий бобомизнинг:
Кимки улуғроқ, анга хизмат керак,
Улки кичикроқ, анга шафқат керак, –
деган ҳикматини олайлик.
Бу пурҳикмат ибора замирида, авваламбор, Шарқ кишилари, хусусан, ўзбек халқи учун неча минг йиллар давомида асосий ахлоқ низомига айланган “Улуғларга хизмат, кичикларга шафқат” нақлига хос инсонсеварлик фалсафаси ўз мужассамини топган.
Давлатимиз раҳбари таърифлаганидек, “Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида кейинги беш йилда бу борада эришилган ўнта муҳим натижа санаб ўтилди ва уларнинг туб моҳияти ишончли далиллар асосида чуқур очиб берилди.
Биринчи муҳим натижа: 2017 йилда миллий валюта – сўмнинг эркин конвертацияси жорий этилди ва хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш билан боғлиқ барча чекловлар олиб ташланди. Натижада Ўзбекистоннинг банклари ва йирик корхоналари илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқди. Дунё бозорларига миллий валютада ҳам халқаро облигациялар чиқарилгани улкан воқеа бўлди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, мамлакатимиз кейинги беш йилда:
- Экология самарадорлиги индексида – 29 поғона;
- Фаровонлик индексида – 9 поғона;
- Статистик салоҳият индексида – 16 поғона;
- Глобал инновациялар индексида – 29 поғона;
- Глобал тинчлик индексида – 19 поғона;
- Очиқ маълумотлар рейтингида – 124 поғона;
- Озиқ-овқат хавфсизлиги индексида – 9 поғона;
- Интернет тезлиги рейтингида – 25 поғона;
- Иқтисодий эркинлик индексида – 52 поғона;
- Бизнес юритиш индексида – 18 поғона;
- Болалар ҳаёти сифати рейтингида – 16 поғона юқорилаган. Шунингдек, Сиёсатдаги аёллар рейтингида – 2021 йилда 45-ўринни эгаллаган.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳонда нуфузи ўсиб бораётгани — бу нафақат давлатнинг ҳар томонлама пухта ўйланган, қатъий ва мустақил ички ва ташқи сиёсати натижаси, балки мамлакатда демократик ва бозор ислоҳотларини амалга оширишда эришилаётган ютуқларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши ҳамдир.
Энг муҳим мақсадга эришиш йўлида инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган, Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб “Глобал инновацион индекс” рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириш стратегик режаси қабул қилинди.
Иккинчи муҳим натижа: мамлакатимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди. Яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритди.
Янги Ўзбекистон меъмори ва ташаббускори бўлмиш Президентимиз қайд этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.
Учинчи муҳим натижа: коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Шу мақсадда Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилди.
Илк бор Президентимизнинг 2020 йил 29 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент қўмиталари тузилди. Бу амалий қадамлар барча даражадаги давлат муассасаларида коррупцияга қарши курашни тубдан кучайтиришга ёрдам беради.
Соҳага оид бир қатор концептуал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури шулар жумласидандир.
Тўртинчи муҳим натижа: мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва тўлиқ ҳимоя қилиш ҳам энг устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш – устувор аҳамиятга эга. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатдаги ҳолатлар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топган.
2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди. Мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди.
Мамлакатимиз қўшилган халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича мажбуриятлари бажарилиши юзасидан БМТнинг устав ва шартнома органларига 41 та миллий маъруза тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.
Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали 2021 йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди.
Энг муҳими, кенг кўламли демокртик ислоҳотлар халқ ҳаётини, ҳуқуқий тафаккури ва дунёқарашини, турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган юксак мақсад шакллантирилган ва “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги тамойил кундалик фаолиятнинг асосига айланди.
Бешинчи муҳим натижа: мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш, демократик медиа макон яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аввало мавжуд норматив-ҳуқуқий базани кучайтириш мақсадида кейинги беш йилда 12 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Медиа соҳаси, ахборот хизматлари тизими тубдан янгиланди.
Электрон оммавий ахборот воситалари, хусусан, Интернет журналистикаси ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 1 минг 893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизи Интернет нашрлари – веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган.
Давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2 минг 410 тага етган.
Оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Президентимиз ҳақли эътироф этганидек, бу борадаги энг муҳим ютуғимиз шуки – биз жамиятимизда “ёпиқлик муҳити”дан қутулиб, Янги Ўзбекистон пойдеворини айнан эркинлик ва адолат тамойиллари асосида барпо этмоқдамиз.
Олтинчи муҳим натижа: кўп йиллар давомида мамлакатимиз турли “қора рўйхат”ларга киритилиши учун сабаб бўлган мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.
Яқинда халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари коалицияси – “Cotton Campaign” ҳамда жаҳондаги машҳур брендлар томонидан Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинди. Бу ҳам айни йўналишда эришган ютуқларимизнинг адолатли эътирофидир.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 19 та конвенцияси, жумладан, Болалар ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича конвенциясини ратификация қилди.Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига мувофиқ, Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигидаги одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг замонавий талаблари ва тавсияларига жавоб берадиган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларини амалга ошириш мақсадида вақтинчалик ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки яшаш жойида рўйхатдан ўтмаган фуқароларни ишга қабул қилишни тақиқлаш бекор қилинди.
Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, жиноятларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар жорий этилди. АҚШ Давлат департаментининг 2020 йилда одам савдосига қарши курашнинг дунё бўйича ҳолати таҳлилига бағишланган маърузасида Ўзбекистон бу борада 2021 йилда иккинчи тоифага (Tier 2) ўтказилгани таъкидланди.
Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Еттинчи муҳим натижа: Президент Шавкат Мирзиёев жорий этган шиддатли ислоҳотларнинг биринчи кунидан бошлаб юртимизда таълим ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
Яқин йилларгача мамлакатда болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 30 фоизга ҳам етмасди. Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди. Ушбу масканларда тарбия олаётган болаларимиз қамрови 67 фоизга кўтарилди.
Мактаб таълимидаги ислоҳотлар жамиятда ўқитувчилар мақомини оширишдан бошланди. Педагог ходимлар иш ҳақи мунтазам оширилиб, аксинча, ўқитувчилар тўлдирадиган ҳужжатлар сони камайтирилди. Иқтидорли ёшлар учун мутлақо янги турдаги Президент мактаблари ва ижод мактаблари ташкил этилди.
Бундан ташқари, 200 га яқин янги мактаб барпо этилди ва 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаблар реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Шунингдек, 11 йиллик мактаб таълимига ўтилиши муносабати билан бўшаб қолган 383 та касб-ҳунар коллежи мактабга айлантирилиб, қўшимча 221 мингта ўқувчи ўрни яратилди.
Қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди. Таълимнинг бакалавриат, магистратура ва сиртқи шакллари учун квоталар оширилиб, кечки таълим шакли жорий этилди. Натижада мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражаси олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муҳим ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон ва зарур буюмлар билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан ажратилган маблағлар миқдори ўтган даврда 12 баробар кўпайтирилди.
Пандемия миллий соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам жиддий синов ва катта тажриба мактабига айланди. Мамлакатда бу хавфли касалликка қарши курашиш учун мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари фойдаланишга топширилди. Кўплаб қўшимча тиббий асбобускуналар ва тез ёрдам машиналари харид қилинди.
Ҳар бир инсон давлат раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципига гувоҳ бўлмоқда.
Саккизинчи муҳим натижа: мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ сиёсати ҳам бизнес соҳасини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага туширилди. Мол-мулк, шахсий даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари икки баробар пасайтирилди.
Шу билан бирга, импорт бўйича 6 мингга яқин бож ставкалари ҳам камайтирилди. Ўтган 5 йил ичида 200 га яқин лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки соддалаштирилди.
Тўққизинчи муҳим натижа: Ўзбекистонда “ягона дарча” тамойили асосида хорижий инвесторлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди. Хусусан, сармоядорларга ҳар томонлама кўмак берадиган, барча ҳудуд ва тармоқларни қамраб олган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолияти йўлга қўйилди.
Натижада иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми 3,5 баробар ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобидан 59 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилгани мамлакатимизда 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўрни яратишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Қолаверса, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, электротехника, кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноатлари ва бошқа кўплаб соҳалардаги қайта ишлаш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга муваффақ бўлинди. Бу, ўз навбатида, экспортнинг йиллик ҳажмини салкам 20 миллиард долларга етказиш имконини берди.
Ўнинчи муҳим натижа: икки йил аввал мамлакатимиз тарихида биринчи марта камбағалликни бартараф этиш Ҳукумат сиёсатининг асосий мақсадларидан бирига айлантирилди.
Ушбу йўналишда алоҳида Стратегия қабул қилиниб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Натижада қисқа даврда ярим миллиондан ортиқ оилани муҳтожлар тоифасидан чиқаришга эришилди.
Аслида, камбағаллик ҳамма макон ва замонларга хос ҳаётий воқеликдир. Улуғ рус ёзувчиси Фёдор Достоевский қайд этганидек, “Камбағаллик айб эмас. Йўқчиллик бу – иллат”.
Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий қўллабқувватлашнинг янги самарали механизмлари жорий этиляпти. Шу асосда ўтган даврда 758 мингдан ортиқ камбағал оилага томорқасидан самарали фойдаланишга кўмаклашилди. Энг муҳими, одамларда ўзўзини иш билан таъминлаш, ишбилармонлик қобилияти ва тадбиркорлик орқали камбағалликдан чиқиш борасидаги тажрибаси ва кўникмалари шаклланмоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари дастлабки ижобий натижасини бераётганини таъкидлаш лозим. Айниқса, фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Энг асосийси, ҳатто коронавирус пандемияси авж олган 2020 йилда ҳам мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсишида ижобий динамика сақлаб қолинди. Айни чоғда, 2021 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 7 фоиздан ошди.
Янги Ўзбекистон замонавий халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчисига айланди. Ўзгариб бораётган Ўзбекистон бизнес ва сармоядорлар учун иқтисодий очиқлиги ва жозибадорлиги билан тавсифланади, устувор вектори Марказий Осиё бўлган давлатнинг самарали ташқи сиёсати унинг қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўйишига, Афғонистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга, минтақа ва жаҳон давлатлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашига ёрдам беради.
Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда. Кўплаб халқаро ташкилотлар ва етакчи хорижий экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақадаги тараққиёт “локомотиви” ҳисобланади.
Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни бу қадар очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.
Ўзбекистон жаҳон минбарларидан илгари сурган халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилгани учун халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўли тўғри танланганидан далолат беради. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани реал ҳақиқатдир".
Акмал Саидов,
академик
- Қўшилди: 01.04.2022
- Кўришлар: 3593
- Чоп этиш