ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ: ИҚТИСОДИЁТ ВА МАЪНАВИЯТ УЙҒУНЛИГИ ЙЎЛИДА

Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли биринчи фундаментал китоби чоп этилди. Яқин беш йил давомида амалга ошириладиган Тараққиёт стратегиясининг ўтган беш йилда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларига татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясига ўхшаш жиҳати ҳақида сўз борганда, мазкур стратегик ҳужжат ҳам албатта кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганидан сўнггина қабул қилинганига эътибор қаратиш лозим.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» тамойилини барча ислоҳотларимизнинг бош мезони сифатида белгиладик. «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик». 

 

Жамият ҳаётининг танаси – иқтисодиёт, жони ва

руҳи – маънавият

 

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси еттита устувор йўналишни қамраб олгани, моҳиятига кўра, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш масаласи ана шу устувор йўналишлардан бири этиб белгилангани билан Ҳаракатлар стратегиясидан алоҳида ажралиб туради. Шу маънода, ушбу дастуруламал ҳужжатда белгиланган маънавий тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ мақсад-вазифалар хусусида сўз юритиш айни муддаодир.

Тараққиёт стратегиясининг бошқа олтита устувор мақсади:

  • инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
  • мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
  • миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
  • адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
  • миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
  • мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш – буларнинг барчаси маънавий тараққиёт мезонлари билан чамбарчас боғлиқ.

Бу бежиз эмас. Чунки, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси  бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси  аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”.

Ушбу фикрларни Президентимиз маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича 2021 йил 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирди. Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда сўзлаган нутқнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кейинчалик Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ўз аксини янада яққол топди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси “Инсон қадри учун  100 та мақсад”дан иборат бўлиб, шундан 8 таси, яъни 71-78-мақсадлар бевосита маънавий тараққиётни таъминлаш масалаларига тааллуқли ҳисобланади. Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга доир Давлат дастурида 398 та банд белгиланган бўлса, шунинг 29 таси – 257-285-бандлар айнан маънавият соҳасига оид чора-тадбирлардир.

Жорий йил 24-26 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президентимиз иқтисодиёт ва маънавиятнинг ўзаро узвий боғлиқлиги ҳақида яна бир бор батафсил тўхталди. Зеро, Ўзбекистон замини кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келган.

 

Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс

 

Тараққиёт стратегиясининг 71-мақсади: “Эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш” деб номланган. Бу мақсад ижроси доирасида жорий йилги Давлат дастурида етти банддан иборат вазифалар кўзда тутилмоқда.

Дастлабки вазифа “Янги Ўзбекистон  маърифатли жамият” концепциясини амалга оширишдир. Бунинг учун айни пайтда мазкур концепция ва уни амалга ошириш миллий дастурини ишлаб чиқишга киришилди.

Бинобарин, биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган, адолатни қадрлайдиган халқ фарзандларимиз. Мозий шоҳидки, IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган ва Мусулмон Ренессанси деб номланган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда Темурийлар даври Ренессанси дея эътироф этилган ХIV-ХVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда эътиқод  мустаҳкам, маънавият  кучли, инсонлар дунёқарашида маънавият  устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат  етакчи бўлган.

Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда. 

Ҳар икки Ренессанс даврида илму ижод билан машғул бўлган буюк аждодларимиз ва улуғ алломаларимиз ўзларининг юксак маънавияти, собит эътиқоди, ҳавас қилса арзигулик миллий ғурур ва фахр-ифтихор туйғулари, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга йўғрилган гўзал ва ноёб фазилатлари билан алоҳида ажралиб турган.

Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг машҳур “Ўзбекистон” қасидасида эътироф этилганидек:

“Темур тиғи етмаган жойни

Қалам билан олди Алишер”.

Темурийлар даври Ренессансининг ёрқин намояндаси бўлмиш давлат арбоби, буюк аллома, улуғ шоир ва мутафаккир аждодимиз Алишер Навоийнинг олиймақом маънавияти юртимиз асрлар оша тараққий топиши ҳамда миллатимиз қадр-қиммати олам аро юксалиши борасида буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг моҳирона давлатчилик фаолияти ва ҳарбий жасоратидан сира кам бўлмаган даражада улуғвор ўрин тутади.

Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган вазифалардан яна бири “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” шиори остида "Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” ғоясининг рўёбга чиқарилишини таъминлашдир. Бу жараёнда:

биринчидан, “Янги  Ўзбекистон  тараққиёт стратегияси" мавзусида плакатлар туркуми, мультимедиа ва бошқа замонавий тарғибот маҳсулотлари яратиш;

иккинчидан, “Ўзбекистон қаҳрамонлари", “Маънавият луғати" китобларининг тақдимотини ўтказиш;

учинчидан, “Маънавият фестивали"ни ҳар йили  ўтказиб бориш кўзда тутилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари маънавият йўналишидаги долзарб вазифаларни, маънавий-маърифий янги Уйғонишнинг илмий-назарий ва методологик асосини яратиб берди.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади”. Мафкура, аввало, фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбияси, деганидир. Бу қадриятлар эса халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига таянади.

“Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”, дейди Юртбошимиз.

Бинобарин, ана шу саъй-ҳаракатларимиз самараси сифатида юзага чиқадиган маънавий-маърифий Уйғониш биз бунёд этишга киришган Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янада аниқ қилиб айтганда, Учинчи Ренессанснинг муҳим асосини маънавий-маърифий уйғониш ташкил этади.

 

Китобсевар миллат бўлайлик!

 

Тараққиёт стратегияси 72-мақсадининг мавзуси: “Аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш”. Шу мақсадга эришиш учун аҳолига ахборот-кутубхона хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш ҳамда соҳада ягона  бошқарув  тизимини жорий этиш ва китобхонликни кенг оммалаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Бу ўринда, албатта, биринчи навбатда, Президент кутубхонасини ташкил этиш ва уни самарали фаолият олиб боришини таъминлаш талаб этилади. Соҳани давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш ва  рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳам жуда муҳим.

Бундан ташқари, Давлат дастурида қайд этилган:

  • ўзбек миллий мумтоз ва замонавий адабиёти намуналарини жаҳон тилларига сифатли ўгиришга доир таржимонлик мактабларини ривожлантириш;
  • хорижий тилларга таржима   қилинган  ўзбек ижодкорлари асарларини кенг тарғиб қилишни тизимли йўлга қўйиш;
  • жаҳон адабиётининг  энг  сара намуналарини  восита  ва  оригинал тиллардан ўзбек тилига таржима қилиш тизимини кенг қўллаб-қувватлаш;
  • ноширликнинг “print-on-demand” тажрибаси ҳамда соҳа хизмат кўрсатувчи вакилларининг workfarm” онлайн   майдончасини шакллантириш;
  • ногиронлиги бўлган   шахсларга, шунингдек,  болалар уйлари ташкил этаётган оилаларга китоблар тўплами тақдим этиш ва “Меҳр кутубхонаси” лойиҳасини амалга оширишга оид вазифаларни изчил бажариш зарур.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, Ўзбекистонда оммавий кутубхоналар сони 400 тани ташкил этади.

 

Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганамиз ва кенг тарғиб этамиз

 

Тараққиёт стратегияси 73-мақсади айни шу мавзу билан боғлиқ истиқболдаги муҳим вазифаларни ўзида қамраган. Бунда, хусусан қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мўлжалланмоқда:

биринчидан, ИҲТ, ИРСИКА,  АЙСЕСКО, ЮНЕСКО каби   дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” шиори остида халқаро конференция, симпозиум  ва  анжуманлар ташкил этиш;

иккинчидан, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий   меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан  етишиб чиққан алломаларнинг    асарларини халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш;

учинчидан, буюк аждодларимизнинг бой илмий  меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом  академияси,  Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий,  Имом  Термизий, Имом Мотуридий  халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини  қўллаб- қувватлаш.

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 10 февраль куни Самарқанд вилоятига сафари доирасида буюк муҳаддис Имом Бухорий қабрини зиёрат қилгани ва мазкур мажмуа қурилишини кўздан кечирганига эътибор қаратиш лозим. Бинобарин, шу кунларда бу ерда қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилмоқда.

 

Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик – жамиятнинг қўш таянчи

 

Бу борада Ҳаракатлар стратегияси доирасида:

биринчидан, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилангани;

иккинчидан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқлангани;

учинчидан, 2019–2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани ва изчил амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайд этиб, БМТ Бош Aссамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, шу боис мазкур санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этгани юртимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли фуқароларимизни бениҳоя қувонтирди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 10 февралдаги Қонунига асосан, мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланган. Бу Қонун ҳудудида 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ўзаро аҳилликда истиқомат қиладиган Ўзбекистон жамиятида халқлар ва давлатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан жуда муҳимдир.

Президентимиз 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалаларга тўхталиб, “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш бўйича таклиф билдирганди. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси 193 та аъзо мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилишида ўзига хос рамзий маъно бор. Бугун миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш борасидаги Ўзбекистон намунаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бинобарин, она заминимизда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик чуқур тарихий илдизларга эга.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллатлараро муносабатлар, мамлакатимизда яшаб келаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самаралари халқаро ташкилотлар, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. 

Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари, бир томондан, Конституция ва қонунларимизга, иккинчи томондан, мамлакатимиз қўшилган халқаро шартномалар, жумладан, БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.

Ўз навбатида, Тараққиёт стратегиясининг худди шу эзгу йўналишдаги 74-мақсадини амалга ошириш учун жорий йилдаги Давлат дастурида бир қанча вазифалар мустаҳкамлаб қўйилган. Бунда, хусусан, турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти  ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга урғу берилмоқда.

Бу борада, шубҳасиз, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш ҳам ниҳоятда катта аҳамият касб этади.

 

Яхшиликнинг мукофотифақат яхшиликдир

 

Янги Ўзбекистон — бу давлат фаолияти, аввало, халқ тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга, жамиятда адолат ғоялари ва тамойилларининг тантана қилишига қаратилган мамлакатдир.

Дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси Президентимизнинг:

  • мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини чуқур ислоҳ қилиш;
  • аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни дунёда етакчи ўринга олиб чиқиш;
  • мамлакатимизда замонавий жиҳозлар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланган юқори технологик ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш;
  • тиббиёт муассасаларининг илмий, услубий ва таълим бериш салоҳиятини ривожлантириш;
  • соғлиқни сақлаш тизимида замонавий тиббий асбоб­ускуналар, диагностика воситалари ва усулларидан кенг фойдаланиш;
  • жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини юксалтириш бўйича ишлари ва ташаббуслари қанчалик ўз вақтида амалга оширгани ҳамда ҳаётий эканини кўрсатди.

Ўзбекистон Президенти 2022 йил 8 апрель куни Тошкент шаҳридаги 102-заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатида юртимиздаги шундай ижтимоий муассасалардаги шароитларни яхшилаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишини Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир” оятини зикр этиш билан бошлагани бежиз эмас. Зеро, кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, элимиз эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам бергани, қийинчилик ва синовларни баҳамжиҳат енгиб ўтгани бунинг ёрқин мисоли бўлди. Айни чоғда давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши – инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, 2021 йил 25 мартда қабул қилинган Президент фармони асосида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват уйлари”, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилгани шундай амалий  чоралар сирасига киради.

Шу билан бирга, “Саховат”, Мурувват” уйлари, Республика фахрийлар пансионатининг раҳбар ва шифокорлари иш ҳақи 1,5 баробарга, кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари иш ҳақи 2 баробарга оширилди. Ушбу интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 минг нафар ёлғиз фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Қолаверса, “Замин” жамғармаси билан ҳамкорликда заиф эшитувчи 2 мингдан зиёд болалар рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди. Шунингдек, 11 та ихтисослашган мактаб-интернат ёрдамчи товуш-нутқ воситалари билан жиҳозланди. Ногиронлиги бўлган 900 нафар болага протез-ортопедия мосламалари, 1 минг 100 нафар шахсга пультли аравачалар етказиб берилганини ҳам қайд этиш мақсадга мувофиқдир.

Давлат раҳбари томонидан Халқ таълими вазирлигига “Замин” жамғармаси билан бирга 2 минг 600 дан зиёд заиф эшитувчи болани тиббий текширувдан ўтказиб, уларни эшитиш мосламалари билан таъминлаш, эшитиш қобилияти тикланган болаларни босқичма-босқич умумтаълим мактабларида ўқитишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилгани бу йўналишдаги ишларнинг давомийлиги ва изчиллигидан далолат беради.

 

Янги Ўзбекистон бунёдкорларининг бадиий-эстетик дидини юксалтириш йўлида

 

Тараққиёт стратегиясининг 75-мақсади: “Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш, аҳолининг бадиий-эстетик дидини юксалтириш” деб номланган. Унда айни мақсадга эришишни тъминлайдиган бир қанча амалий чора-тдбирлар назарда тутилган.

Хусусан, атоқли Ўзбекистон халқ рассомлари Чингиз Аҳмаров таваллудининг 110 йиллиги, Зинаида Ковалевская таваллудининг 120 йиллиги саналарини муносиб нишонлаш мисолида уларнинг намунали ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда хотираларини абадийлаштириш ҳақида сўз бормоқда. Бунда, улар яшаган ва ижод қилган уйларига ёдгорлик лавҳалари ўрнатилиши ҳам муҳим аҳамият касб этиши тайин.

Қолаверса, Ўзбекистон   тасвирий   ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилади. Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук         мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштирилади.

Дунё  ҳамжамиятига “Саҳродаги   Лувр”   номи билан  танилган           Савицкий музейининг маданий, маърифий имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу йўналишда ривожланган мамлакатларнинг етакчи илмий-маданий муассасалари билан ҳамкорликда махсус тадқиқотлар амалга оширилади, чет тилларда китоб ва альбомлар нашр қилинади.

Тараққиёт стратегиясининг “Маданият ва санъат соҳаларини янада ривожлантириш, маданият муассасалари ва объектларининг моддий-техника базасини яхшилаш” номли 76-мақсади ижроси доирасида:

  • маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар, шунингдек, ушбу соҳада фаолият   олиб  бораётган профессор-ўқитувчи        ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш;
  • театр санъатини ривожлантириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
  • миллий маданиятни халқаро даражада оммалаштиришга қаратилган тадбирларни ҳудудларда ўтказишни жорий этиш;
  • ўзбек халқи маданияти ва санъатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган атоқли ижодкор зиёлилар юбилейларини муносиб нишонлаш, ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ амалий чора-тадбирларлар белгилангани ҳам аҳамиятлидир.

Буларнинг барчаси санъатнинг инсон бадиий-эстетик дидини юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим соҳаларини ривожлантириш кўлами нақадар кенглигини яққол кўрсатиб турибди. Зеро, cанъат миллийликка асосланади ва эзгулик, олижаноблик, дўстлик, ҳамжиҳатлик, маънавий етуклик каби умуминсоний ғояларни тарғиб этади.

Шундай экан, миллий санъатимизни ҳар томонлама равнақ топиши, истеъдодли ёшларимизнинг ўқиб-ўрганиши, ўз ижод намуналарини намойиш этиши учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Бугунги кунда дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кундан-кун кучаймоқда. Айниқса, глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқараётганига асло бефарқ қараб бўлмайди.

Чунки айни шу глобал миқёсли жараёнларда миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Айни чоғда, фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устомонлик билан сингдирилаётгани ҳам сир эмас.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, айни вақтда дунёнинг жуда кўп минтақаларида инсоний қадриятлар емирилмоқда. Ҳатто иқтисодий тараққиёти юксалаётган аксарият мамлакатларда ҳам маънавият инқирозга юз тутмоқда.

Айниқса, пандемия шароитида айрим ўлкаларда бетоқатлик, тажовузкорлик кайфиятлари кучайиб бораётгани ачинарлидир. Бугун дунёда содир бўлаётган шу каби ташвишли воқеликларнинг барчаси Ўзбекистон Президенти ҳақ эканини, яъни иқтисодий ва маънавий юксалиш уйғунлигини таъминлаш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон ҳаётининг бошқа барча соҳаларидаги ютуқлари қаторида ўзбек халқининг юксак маънавиятини, бой миллий маданий, тарихий, маърифий меросини, хусусан, китобат ва хаттотлик, мусиқа ва рақс, кино ва театр санъати, меъморлик ва ҳунармандчилик, заргарлик ва кандакорлик, пазандалик ва қандолатпазлик бобидаги маҳоратини дунёга кенг ҳамда изчил тарғиб қилиш тақозо этилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, билимли одам  эътиқодли бўлади. Маънавият вакцинасини ҳар бир миллатнинг ўзи яратади. Бугунги маънавий қашшоқлик  адолатли ҳақиқатдир. Ҳозирги кунда иқтисодий камбағалликни тугатиш чораларини кўряпмиз, лекин маънавий қашшоқликка барҳам бериш борасидаги натижаларимиз билан ҳали мақтана олмаймиз. Шу маънода, иқтисодиёт ва маънавият уйғунлигига эришмоғимиз шарт.

 

Акмал САИДОВ,

академик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech