26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни
Инсоният тамаддуни тафаккур кучи билан равнақ топган. Жаҳон цивилизациясини инсон тафаккури маҳсули бўлган ғоя, ихтиро ёки санъат асарларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси табиий ва ижтимоий қонуниятлар асосида моддий ҳамда маънавий эҳтиёжлар қуршовида яшайди. Шу маънода, ихтиро ёки санъат асарларига интеллектуал мулк сифатида қараш дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшадиган илм ва истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва уларга кенг имкониятлар яратиш имконини беради.
Бугунги кунда халқаро миқёсда интеллектуал мулк ҳуқуқининг кафолатланиши ва таъминланиши Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (World Intellectual Property Organization – WIPO) томонидан амалга оширилади ҳамда назорат қилинади. Ушбу нуфузли ташкилот БМТнинг ихтисослашган агентлиги бўлиб, фаолиятининг асосий йўналишлари ишончли ва барқарор халқаро интеллектуал мулк тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг таъсис этилишига асос бўлган Конвенция 1970 йил 26 апрелда кучга кирган. 2000 йилдан бошлаб ҳар йили 26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни сифатида кенг нишонланади.
Халқаро интеллектуал мулк куни ҳар йили муайян мавзуга бағишланади. Айни мавзу доирасида дунёнинг кўплаб мамлакатларида конференциялар, интеллектуал ҳамда кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.
Жорий йилда ушбу халқаро сана “Интеллектуал мулк ва ёшлар: келажак инновациялари” шиори остида нишонланмоқда. Бу орқали истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар орасида илм-фан янгиликлари ҳамда инновацион ишланмаларни тарғиб этиш кўзда тутилган.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё аҳолисининг 2 миллиарддан ортиғи ёшлардан иборат. Бу инсоният тарихида ёшлар сонининг энг юқори кўрсаткичидир.
Жаҳондаги ёшларнинг қарийб 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Демак, йигирма биринчи юз йилликда ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни рағбатлантириш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб.
Сўнгги йилларда БМТ доирасида ёшлар муаммоларига доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжат қабул қилингани ҳам айни масаланинг аҳамиятидан далолат беради.
Шунингдек, жаҳон ёшларининг талаб-эҳтиёжларини қондириш, салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш мақсадида БМТнинг “Ёшлар-2030” стратегияси ишлаб чиқилган. Унда ёш авлодга сифатли таълим бериш, шу жумладан уларни илмий-инновацион соҳаларга жалб этиш, илмий-ижодий фаолият билан шуғулланадиган ёшларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини таъминлаш зарурлиги белгиланган.
Мамлакатимизда ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор тамойилларидан бири ҳисобланади. Айниқса, сўнгги йилларда бу борада қатор қонунлар, Президентнинг ўнлаб фармон ва қарорлари, ҳукумат ҳужжатлари қабул қилинди.
Шу асосда Ёшлар ишлари агентлиги ва Бош вазир раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш иш бошлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди, Олий Мажлис палаталари қошида Ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистонда 30 июнь – Ёшлар куни, деб эълон қилинди.
Истеъдодли ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш, уларнинг креатив ва инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш, ёшларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқини кафолатлаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳам салмоқли.
Жумладан, мунтазам ўтказилаётган халқаро ёшлар инновацион форумлари, республикамизнинг чекка ҳудудларида ёшларга замонавий йўналишлар бўйича таълим беришга мўлжалланган “TexnoBus” технологик мобил таълим платформаси, “Technoways” технологик ривожланиш марафони каби истиқболли лойиҳалар самарали натижа бермоқда.
Мухтасар айтганда, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан жорий йилдаги Халқаро интеллектуал мулк куни учун танланган мавзу дунё ҳамжамиятини ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чорлайди. Зеро, бугун ўз қобилиятини намоён эта олган ёш авлод эртага инсоният фаровонлиги йўлида оламшумул ихтиролар қилишга қодир.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 26.04.2022
- Кўришлар: 2865
- Чоп этиш