2022 йил 26 апрелда Жиззах давлат педагогика университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотира музейининг Маънавият ва маърифат маркази залида “Машраб” нашриёти томонидан яқинда чоп этилган "Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)" номли китоб тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Ғулом Мирзо қаламига мансуб ушбу қисса тарихий ҳужжатлар ва шахсий хотира-кечинмалар асосида битилган.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори академик Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев, Жиззах давлат педагогика институти тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Бахтигул Эргашева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари, шоира Меҳрибон Абдураҳмонова ва бошқалар сўзга чиқди.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганларидек, ХХ асрнинг 50-йилларидаги "илиқлик даври"да катта қатағон қурбонлари орасидан айрим таниқли зиёлиларнигина қисман оқлаш йўлидан борилган. Бунинг сабаби шуки, агар ўшанда ноҳақ қатағон этилган миллионлаб оддий кишилар ҳам ялпи оқлаб юборилса, советлар тузуми зулмкор бўлгани тўғрисидаги ҳақиқат очилиб қолар, оқибатда халқнинг ишончсизлиги ва норозилиги кучайиб кетиши мумкин, деб қаралган.
Оқибатда "халқ душмани" деган сохта айблов билан қатағонга дучор этилган ушбу китоб қаҳрамонлари – ота-бола Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевнинг оқланиши учун 70 йил вақт керак бўлди. Бунга қадар эса совет даврида дину эътиқодида мустаҳкам турган Мирза Сўфи бобо – 10 йил, ўғли Абдирайим бобо – 6 йил қамоқ жазосини ГУЛАГ – Ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари бош бошқармасининг меҳнат-тузатиш лагерларида тўла ўтаб қайтганлар.
Ушбу китоб муаллифининг 2018 йил декабридаги мурожаати асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 1949 йили қатағонга учраган М.Тўлаев ва А.Мирзаевга нисбатан инсон ҳуқуқлари қўпол бузилганлиги ҳолатлари юзасидан хулоса тайёрланди. Шу асосда ва архив ҳужжатларига таянган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига протест киритди.
Ҳарбий суднинг кассация инстанцияси судлов ҳайъати 2019 йил 30 апрелда мазкур жиноят ишини протест билан биргаликда очиқ суд мажлисида кўриб чиқди. Натижада 1949 йил 9 декабрда М.Тўлаев ва А.Мирзаевларга нисбатан чиқарилган ҳукм бекор қилинди. Ота-болалар вафотидан сўнг айбсиз деб топилди ва оқланди. Етмиш йилдан сўнг ушбу инсонларга нисбатан адолат қарор топди.
Бу – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарвар сиёсати туфайли юртимизда мустабид шўролар тузуми даврида қатағон қилинган ватандошларимизнинг пок номларини оқлаш, уларнинг хотираларини абадийлаштириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларга биргина амалий мисолдир.
Тақдимотда қатнашган профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Меҳмонлар Қатағон қурбонлари музейи экспонатлари билан танишдилар.
– Қатағон қурбонлари музейимизда кўп йиллик тарихга эга нодир манбалар сақланади, – дейди Жиззах давлат педагогика университети ректори Шавкат Шарипов. – Энг муҳими, қатағон даври адабиётига ҳам қизиқувчи талаба-ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Зеро, ўтмишини унутган инсон келажагини қура олмайди.
Академиклар А.Саидов ва Қ.Абдураҳмонов музейнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёздилар.
Музейга янги нашр этилган китоблар ҳадя қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.04.2022
- Кўришлар: 2705
- Чоп этиш