ЛЕВ ТОЛСТОЙ ҲИКМАТНОМАСИ

Лев Толстой ижодхонаси

 

“Лев Толстой – ҳар бир ёзувчи учун академиядир”.

Алексей ТОЛСТОЙ,

атоқли рус адиби

Жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири – “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси нодир истеъдод соҳиби Лев Николаевич Толстой бадиий-ижодий меросининг бебаҳо хазиналаридан бири ҳисобланади.

Л.Н. Толстой ушбу асарни 1863 – 1869 йилларда ёзган. Ҳажман улкан, шаклан бетакрор ва мазмунан серқирра ушбу асарга муносиб ном топиш устида адиб узоқ вақт ўйланган. Ижод жараёнида “Уч кемтик” (“Три поры”), “1805 йил” (“1805 год”), “Охири хайрли ишларнинг барчаси яхши” (“Все хорошо, что хорошо кончается”) деган номлардан фойдалангани манбаларда қайд этилган. Алал-оқибат эса “Уруш ва тинчлик” деган якуний тўхтамга келган.

Асарнинг бундай номланишида Л.Н. Толстой франциялик сиёсатчи, иқтисодчи, публицист, файласуф ва социолог Пьер-Жозеф Прудоннинг 1861 йилда ёзилган ва рус тилидаги таржимаси Россияда 1864 йилда нашр этилган “Уруш ва тинчлик” (“La Guerre et la Paix”) фалсафий трактатидан таъсирланган бўлиши мумкин. Сабаби, Лев Толстой 1860-1861 йилларда Европа бўйлаб амалга оширган саёҳатида Прудон билан шахсан танишган. Демак, улуғ рус адиби француз дўстининг ижодига бефарқ бўлмаган. Қолаверса, XIX асрда рус жамиятида француз тилининг мавқеи устувор бўлгани ва Лев Толстой асарларида француз тилидаги жумлалар кўп бор ишлатилгани ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди, назаримизда.

Кўриниб турибдики, даҳо адиб Лев Толстой тафаккурида тобланган ва қалбида илҳом суви билан суғорилган умуминсоний ва эзгу ғояларни ушбу асарда ифодалашга уринар экан, воқеалар ривожини, қаҳрамонлар тақдири ва хусусиятларини олдиндан қатъий белгиланган йўналишда олиб бормаган, асарни кўп марта таҳрир қилиб, ўзгаришлар киритган. Бу эса Л.Н. Толстой яшаган XIX асрда жаҳон адабиёти учун мутлақо янги ҳодиса ҳисобланган, ўзига хос жанр ва бетакрор услубдаги асар ёзилишига сабаб бўлган.

Шунинг учун ҳам Л.Н. Толстой 1865 йил 3 январда  “Русский вестник” журнали ношири М.Н. Катковга йўллаган мактубида: “Мазкур асар роман ҳам, қисса ҳам эмас, унда ечилиши билан тамом бўлиб қоладиган ва қизиқишни сўндирадиган биронта тугун ҳам йўқ. Буларни сизга ёзаётганимга сабаб шуки, мундарижада ҳам, бўлажак эълонларда ҳам менинг асаримни роман, деб атаманг. Бу мен учун жуда муҳим бўлганидан сиздан шуни илтимос қиляпман”, – дея таъкидлаган.

Адабиётшунослик нуқтаи назаридан Л.Н. Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асари роман-эпопея жанрига мансуб.

Роман-эпопея – йирик тарихий воқеа-ҳодисаларни қамраб олган, уларни яхлит ҳолда батафсил акс эттирадиган роман туридир. Одатда, роман-эпопеяларда асосий ва иккиламчи қаҳрамонлар сони ниҳоятда кўп бўлади.

Л.Н. Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асари роман-эпопея жанрининг барча талабларига тўла мос келади ва жаҳон адабиётида ушбу жанр ривожини янги босқичга олиб чиққан асар ҳисобланади.

“Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясида Франция императори Наполеон Бонапартнинг 1805 – 1807 ҳамда 1812 – 1814 йиллардаги ҳарбий юришлари, шу жумладан Франция – Россия уруши воқеалари тарихи ёритилган. Ўз асарида адиб 500 дан ортиқ бадиий қаҳрамонлардан фойдаланган. Уларнинг баъзилари тарихий шахслар, баъзилари прототиплар, баъзилари эса тўқима бадиий образлардир.

Асарнинг асосий ва чинакам қаҳрамони – она Ватанини босқинчилардан мардонавор ҳимоя қилган рус халқи. Роман-эпопеяда ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятдаги мавқеи турфа хил бўлган кишилар рус заминига бостириб келган умумий душманга қарши бир ёқадан бош чиқариб, бир сафда туриб кураш олиб борганликлари юксак маҳорат билан тасвирланган. Шу билан бирга, ҳар бир қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари ва ботиний дунёси, ўй-фикрлари ва орзу-интилишлари таъсирчан услубда ифодаланган.

         Уруш ва тинчлик даврини муқояса қилиш орқали урушнинг даҳшати ва тинчликнинг қадри акс эттирилган. Тарихий воқеалар асносида муҳаббат, садоқат, дўстлик, ватанпарварлик ва жасорат каби эзгу инсоний туйғулар уларнинг акси бўлган нафрат, хиёнат, душманлик, сотқинлик ва қўрқоқлик каби разил иллатлар билан таққосланган. Инсон умри ғаниматлиги, унинг ҳар онини яхшилик ва бунёдкорликка сарфлаш зарурлиги ибратли фалсафий-бадиий мулоҳазалар орқали баён этилган.

1868 – 1869 йилларда “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси биринчи марта алоҳида китоб шаклида нашрдан чиққан. Л.Н. Толстой асарни қайта таҳрирдан ўтказиб, 1869 йилда иккинчи марта чоп эттирган. Шундан кейин ҳам адиб ҳажман улкан ушбу ижод маҳсулини қайта ишлаш ва таҳрир қилишда давом этган. Шу тариқа 1873 йилда роман-эпопеянинг учинчи нашри дунё юзини кўрган.

“Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси нашр этилгач, адабий жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлган. Н.Страхов, В.Соколов, С.Бочаров, П.Анненков каби машҳур рус адабиётшунос олимлари асар ҳақида ёзган тақризларида унга юқори баҳо беришган. Масалан, адабий танқидчи Сергей Бочаров қуйидаги фикрларни қайд этган: “Китоблар ўқувчи хотирасида қандай муҳрланиб қолиши билан характерланади. “Уруш ва тинчлик” ёрқин эпизодлар, алоҳида манзаралар билан ёдда қолади, уларнинг ҳар бири катта маънога эга”. Машҳур рус шоири ва ёзувчиси И.С. Тургенев эса 1880 йилда “XIX аср” номли француз газетаси муҳарририга ёзган мактубида “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясини “буюк ёзувчининг буюк асари” дея таърифлаган.

Асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан бири сифатида бугунги кунда ҳам севиб мутолаа қилинади. У асосида сериал ва кинофилмлар суратга олинган, опера ва спектакллар саҳналаштирилган.

Тўрт жилддан иборат “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясининг биринчи жилдини 1947 йилда атоқли ўзбек адиби ва таржимони Абдулла Қаҳҳор ўзбек тилига таржима қилган. Унинг иккинчи ва учинчи жилдини Абдулла Қаҳҳор ҳамда унинг турмуш ўртоғи, таниқли таржимон Кибриё Қаҳҳорова ҳамкорликда ўзбек тилига ўгиришган. Роман-эпопеянинг сўнгги тўртинчи жилдини эса Кибриё Қаҳҳорова она тилимизга таржима қилган.

Ўзбек тилида бир неча бор нашр этилган “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси халқимизнинг энг севимли асарларидан бири ҳисобланади.

Қадрли мутолаа ихлосмандлари, жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири – “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясидан саралаб олинган ҳикматли фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ушбу ҳаётий-фалсафий мушоҳадалар маънавий оламингизни бойитиб, Сизни умумбашарият адиби Лев Толстой ижодига яқинлаштиради деган умиддамиз.

 

 

 

*  *  *

Руҳан азоб чекаётган кишида саломатлик қаёқда дейсиз?

*  *  *

Дунёда бахт деган нарса баъзан жуда адолатсизлик билан тақсим қилинар экан.

*  *  *

Агар ҳамма фақат ўз эътиқоди асосида урушадиган бўлса, дунёда уруш деган нарса бўлмас эди.

*  *  *

Хотинга боғланиб қолдингми, демак, кишанга тушдинг – бутун эркингни йўқотасан. Дилингдаги бутун умид, белингдаги бутун қувват – ҳаммаси ўзингга ортиқча юк бўлади: пушаймондан азоб чекканинг чеккан.

*  *  *

Ёвғон ошиму беғалва бошим.

*  *  *

Қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлади.

*  *  *

Инсонда бўладиган нуқсонларнинг икки манбаи бор: бири – бекорчилик, бири – хурофот.

*  *  *

Инсонда икки фазилат бор: бири – фаолият, бири – ақл.

*  *  *

Математика – буюк иш.

*  *  *

Ҳаракатда баракат деган гап бор.

*  *  *

Машаққат тортсанг, муродга етасан.

*  *  *

Ҳамма вақт кулфат лаззатдан кучлироқ бўлади.

*  *  *

Фақат аҳмоқ одамлар-у фосиқ одамлар саломат бўлмайди.

*  *  *

Ҳар кимнинг бир камчилиги бўлади.

*  *  *

Бирон ёққа кетаётганида ёки ҳаётида бирон ўзгариш бўлган вақтда ўз қилмишларини ўйлаб кўриш қобилиятига эга бўлган кишилар одатан жиддий фикр ва мулоҳазалар қилади.

*  *  *

Стерн айтганидек, “Биз одамларни уларнинг бизга қилган яхшиликларидан кўра ўзимизнинг уларга қилган яхшилигимиз учун кўпроқ яхши кўрамиз”.

*  *  *

Ҳамма вақт иш чаппасига кетганида нима бўлишини назарга олиб иш тутиш керак.

*  *  *

Солдатга ўғрилик номус. Солдат деган ҳалол, олижаноб ва жасур бўлиши керак: ўз оғайнисининг нарсасини ўғирлаган бўлса, демак, номуси йўқ.

*  *  *

Агар одам ўлганидан кейин нима бўлишини билса эди, ҳеч ким ўлимдан қўрқмас эди.

*  *  *

Нима бўлишингни билмаганлигинг учун қўрқасан.

*  *  *

Меҳр-муҳаббатнинг ҳеч кимга оғирлиги йўқ.

*  *  *

Кийим одамни чиройли қилади.

*  *  *

Йигитнинг ақли кўзида бўлади.

*  *  *

Қўрққан одамнинг афт-ангорини кийим билан ўзгартириб бўлмас.

*  *  *

Кўнгил яқин – йўл яқин.

*  *  *

Суворовнинг “Душманга ўзингни ҳужум қилгани қўйма, ўзинг ҳужум қил” деган қоидасини эсдан чиқариш керак эмас.

*  *  *

Ботирлик ёшга қарамайди.

*  *  *

Қани энди, одам бу дунёда кимдан ёрдам сўрашни-ю, у дунёда нима бўлишини билса!

*  *  *

Ҳамма нарсанинг ҳеч нарсага арзимаслигидан ва англаб бўлмайдиган, лекин жуда муҳим аллақандай бир нарсанинг буюклигидан бошқа ҳеч, ҳеч тўғри гап йўқ!

*  *  *

Абадиятга нисбатан бир лаҳзагина умринг қолганда шунга шунчалик азоб-уқубат чекиб ўтиришга арзийдими?

 

*  *  *

Номардлик ҳар кимда ҳам бўлади.

*  *  *

Ўлсанг, ҳаммаси тамом бўлади. Ўлсанг ё ҳаммасини биласан ёки қайтиб сўрамайсан.

*  *  *

Ҳамма нарсани барбод қиладиган ва бугунми, эртами келадиган ажал абадиятга нисбатан кўз очиб юмгунча бари бир келиб ёқангдан ушлайди.

*  *  *

Ҳеч қандай ҳақиқат топилган эмас. Ҳеч қандай ҳақиқатнинг тагига етиб бўлмайди.

*  *  *

Биз фақат билмаслигимизнигина биламиз. Мана шунинг ўзи инсон заковатининг энг олий нуқтасидир.

*  *  *

Ҳеч ким якка ўзи ҳақиқатга етиша олмайди.

*  *  *

Ҳикмати илоҳи ва ҳақиқат ичмоғимиз керак бўлган покиза сув демакдир.

*  *  *

Ҳикмати илоҳи фақат ақлу идрокка, физика, тарих, кимё ва бошқа дунёвий илмлардан мураккаб бўлган билимга асосланган эмас. Ҳикмати илоҳи ягонадир. Ҳикмати илоҳи бир илмдан ҳамма нарсани, оламнинг яратилиши ва унда инсоннинг тутган ўрнини тушунтириб берадиган илмдан иборат. Бу илмни забт этиш учун одам ўзини, кўнглини пок қилиши керакдир. Шунинг учун бу илмни билишдан олдин эътиқод қилиш ва такомиллашиш лозим. Бу мақсадларга эришмоқ учун қалбимизга виждон отли нури илоҳий жойлаштирилгандир.

*  *  *

Безор бўлсанг, бу ҳаётингни ўзгартир, ўзингни пок қил, пок бўлганинг сайин ҳикмати илоҳини тушунаверасан.

*  *  *

Мададни фақат худодан сўраш керак.

*  *  *

Ўлим эзгулик йўлида риёзат чеккан руҳни роҳат ва фароғатга элтиш учун бу дунёнинг касиратидан қутқарадиган дўст.

*  *  *

Иеороглиф – ҳис қилиб бўлмайдиган ва тасвир қилинган нарсадаги сифатларга эга бўлган нарсанинг номидир.

*  *  *

Хизматда юқори мартабага эришиш учун ҳаракат, меҳнат, ботирлик, садоқат эмас, балки қилинган хизмат учун мукофот берадиганлар билан муомала қилишни билиш керак.

*  *  *

Ҳеч нарса абадий бўлмайди.

*  *  *

Инсоф ва ноинсофлик тўғрисида ўйлаш одамларнинг иши эмас. Одамлар ҳамма нарсадан ҳам кўра инсофни ноинсофликдан ажратиш тўғрисида бир умр адашган ва бундан кейин ҳам адашади.

*  *  *

Бировга нисбатан қилинган ҳар бир ёвузлик ноинсофлик бўлади.

*  *  *

Мен ўзим учун ёвузлик деб билган нарсани бировга қилмайман.

*  *  *

Мен ҳаётда фақат икки нарсани чинакам бахтсизлик деб биламан: виждон азоби ва хасталик. Мана шу икки нарса бўлмаслигининг ўзи хушбахтликдир.

*  *  *

Ёвузлик қилмаслик, пушаймон бўлмаслик учунгина яшаш кифоя қилмайди.

*  *  *

Ҳар ким ўз билганича яшайди.

*  *  *

Шон-шараф нима ўзи? Бу ҳам бошқаларни севиш, ўшалар учун бирон яхшилик қилиш, уларнинг мақтовига сазовор бўлиш деган гап.

*  *  *

Ҳаётда энг яхши бахт шу эзгулик лаззатидир.

*  *  *

Бизнинг учун ақлий меҳнат қанчалик зарурат бўлса, унинг учун жисмоний меҳнат ҳам шунчалик зарурат ва ҳаётининг матлабидир.

*  *  *

Киши ҳаётини мумкин қадар яхшироқ ўтказишга ҳаракат қилиши керак.

*  *  *

Яшаш керак, севиш керак ва шунга ишониш керак.

*  *  *

Томирлардан қонни чиқариб ташлаб, ўрнига сув қуйсанг, ўшанда уруш бўлмайди.

*  *  *

Бировга яхшилик қилсам, кўп хурсанд бўламан, лекин адолатсизлик ўрнига адолат ўрнатиш буюк бир бахтдир.

*  *  *

Қонун мендан кучлироқ.

*  *  *

Қонунни бажаришдан кўра, ёзиш осонроқ.

 

Акмал САИДОВ,

академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech