Инсон қадрини улуғлаш айёми

“Улуғ мутафаккир ва шоир Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, одамларнинг дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси эканини унутмаслигимиз, бундай эзгу иш услуби бизнинг нафақат хизмат вазифамиз, шу билан бирга, виждоний бурчимизга айланиши керак”.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 29 апрель куни Рамазон ҳайити байрами арафасида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шундай деб таъкидлади. Шу муносабат билан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари олдига Рамазон ойи ва мусулмонларнинг мўътабар байрами Ийд ал-Фитр юқори савияда ўтишини таъминлаш вазифасини қўйгани бежиз эмас.

Бинобарин, халқимиз азалдан Рамазон ойи ва ҳайитини инсонийлик, шукроналик, сабр-қаноат, саховат, меҳр-оқибат байрамлари сифатида кенг нишонлаб келган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик муҳити тўла шаклланган. Ёшларимиз имон-эътиқодли ва бошқа динларга эҳтиром руҳида тарбияланмоқда.

Юртимизда 16 та диний конфессиянинг барчаси эмин-эркин ўз ибодатларини адо этади ва диний маросимларини бажаради. Диний байрамлардан Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Пасха ва Рождество ҳамда бошқа байрамлар кенг нишонлаб келинмоқда.

Маълумотларга қараганда, бу йилги Рамазон ойида диний-маърифий соҳа ходимлари томонидан 23 минг 124 та кам таъминланган оила, 8 минг 565 нафар етим бола ҳолидан хабар олинган. Шунингдек, ҳомийларни жалб этган ҳолда, 6 минг 596 нафар моддий ёрдамга муҳтож фуқарога 725 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилган.

Юртимизда аҳиллик, эзгулик, бирдамлик ва маънавий поклик фазилатлари улуғланадиган қутлуғ Рамазон ойи ва Ҳайит байрами кунлари – инсон қадрини улуғлашнинг ўзига хос эзгу айёми сифатида намоён бўлмоқда. Давлат раҳбарининг қатор янги фармон ва қарорлари бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 майдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилди.

Бунинг натижасида 4 миллион 100 минг аҳоли хонадонига қўшимча маблағ кириб борадиган бўлди. Ушбу мақсадлар учун жорий йилда 4 триллион сўм йўналтирилади. Шунингдек, энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади.

Янада содда қилиб айтганда, Ҳайит байрами арафасида пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори бирйўла 40 фоизга ошди. Нафақа олувчилар сони 2016 йилги 466 минг нафардан – 2022 йилда 1 миллион 860 минг нафарга етганини ҳам қайд этиш лозим.

Иккинчидан, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади. Бу ҳақдаги топшириқ Президентимизнинг 2022 йил 29 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Агар эътибор қаратилса, уруш қатнашчилари ва меҳнатга лаёқатсиз фахрийлар учун тўланадиган ҳақ миқдори Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мунтазам ва кўп миқдорда ошириб келинаётганига амин бўлиш мумкин. Хусусан, ушбу маблағ ҳажми 2017 йилда – 2 млн сўм, 2018 йилда – 5 млн сўм, 2019 йилда – 7,5 млн сўм, 2020 йилда – 10 млн сўм, 2021 йилда – 12 млн сўмдан иборат бўлган. 

Учинчидан, Ўзбекистон Президенти Муборак Рамазон ҳайити байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар шахс афв этилди. Мутасаддиларга ушбу фуқаролар байрамни ўз уйида, яқинлари бағрида кутиб олишлари, шунингдек, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун барча шароитларни яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Тўртинчидан, давлат раҳбарининг 2022 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган бир қатор муҳим вазифалар:

· аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш;

· ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш;

·етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг оилавий ва бошқа муқобил шаклларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш мақсадлари ижобатига қаратилган.

Бешинчидан, эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга:

  • ёлғиз яшаётган ва ўзгалар парваришига муҳтож одамлардан шахсан хабар олиб, уларга совға-саломларни етказиш;
  • уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларнинг ҳар бирининг хонадонига шахсан бориб, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни  тантанали равишда топшириш;
  • фронт ортида меҳнат қилган 10 минг нафар фахрий билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олиш ва совға-саломлар етказиш топширилди.

Олтинчидан, 2022 йил 1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади. Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартиби жорий этилади.

Еттинчидан, ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими ҳам кенгайтирилмоқда. Хусусан, 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир шундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия бериладиган бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига маҳаллий бюджетлар, «дафтарлар» жамғармалари ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу каби савобли ишларнинг қамровини кенгайтириш вазифаси юкланди. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Рамазон ойи – сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз”.

Президент Шавкат Мирзиёев инсон қадрини улуғлаш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ бундай эзгу амалларни мунтазам ҳамда изчил давом эттиришга, юртимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган янада кенг имкониятларни кўрсатиб бергани бежиз эмас.

Чунки халқпарвар ва адолатли давлат барпо этиш мақсадлари мустаҳкамлаб қўйилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

 

Ғулом МИРЗО,

Ойдин ИБРОҲИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходимлари

ЎзА

 

 

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech