Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жорий йилнинг 7-8 май кунлари бўлиб ўтадиган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига дунёнинг турли давлатларидан келаётган хорижлик меҳмонлар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган муқаддас обидаларни зиёрат қилмоқда.
Археологик ёдгорликлар ва бошқа сайёҳлик объектлари билан танишаётир.
“Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали кўрик-танловида иштирок этиб ўзларининг ноёб санъатларини дунёга кенг тараннум этиш учун Буюк Британия ва Франциядан келган санъаткорлар ҳамда соҳа мутахассислари Термиз шаҳри ҳамда Термиз тумани бўйлаб саёҳат қилди.
Меҳмонлар дастлаб Термиз шаҳридаги “Азизбек” тўйхонасида ўтказилаётган келин-куёв тўйида қатнашди. Муҳташам “Санъат саройи” да бўлиб миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, Термиз археология музейи билан танишилди. “Сурхон ипаги” корхонаси музейи ва бу ерда тўқилаётган миллий атлас, адрас каби матолар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Буюк аждодимиз Ҳаким Термизий мажмуаси ва Фаёзтепа археологик ёдгорликлари уларда ўзгача таассурот қолдирди.
– Менга Ўзбекистон жуда ёқиб қолди, – дейди Буюк Британиялик фольклоршунос Ева Скалла. – Хивада ўтказилган “Лазги” фестивалида бўлиб, Хоразм ва Бухородаги кўплаб тарихий обидаларни томоша қилдим. “Бойсун баҳори” га келиб шундай мафтункор юртни томоша қилаётганимдан баҳад мамнунман. Қадимий юртда яшаётган самимий одамларнинг меҳмондўстлиги таҳсинга лойиқ.
Ўзбеклар ҳамиша меҳмондўст бўлган. Лекин, мен бундай юксак даражада бўлишини кутмаган эдим. Қаерга бормайлик, бизни очиқ чеҳра билан самимий кутиб олишади. Айниқса, эрамиздан аввалги асрларга оид Фаёзтепа археологик ёдгорлиги менда бой таассурот уйғотди. Ўтмишда буддистлар барпо этган ступага таъзим қилиб, уни ўз қўлим билан ушлаб кўрдим. Узоқ тарихдан сўзлайдиган бундай ноёб ёдгорликни учратмаган эдим. Бойсун ҳам бизни ҳайратда қолдиришига ишонаман. Албатта, бу ҳақида “Бойсун баҳори” да учрашиб қолсак, мароқ билан гапириб берарман. Шундай нафис фестивални ташкил этган давлатингиздан миннатдормиз.
– Термизга қўнган заҳоти бизни миллий куй-қўшиқлар оҳангида самимий чеҳра билан кутиб олишди, – дейди франциялик санъаткор Бижан Етемад Могҳадам. – Меҳмонхонага жойлашгач, ёш келин-куёв тўйида қатнашиб, гўзал миллий қадриятларингизга гувоҳ бўлдик. Маҳаллий меҳмонлар билан рақсга тушдик. Ёшларга бахт тиладик. Миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ҳам бизга жуда ёқди. Тинч, осуда тарихий бу гўшада мароқли саёҳат қилиб, бой таассурот олаётганимиздан қувончимиз чексиз.
Хорижлик меҳмонларнинг қадимий ва ҳамиша навқирон вилоят бўйлаб саёҳатлари давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 06.05.2022
- Кўришлар: 2486
- Чоп этиш