Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.
Жорий йил биринчи чорагининг энг муҳим воқеаларидан бири – 25 март куни Ўзбекистон Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бўлди. Мазкур қарор биринчи навбатда Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан доимий ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Президент қарори билан Миллий марказ таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди. “Инсон ҳуқуқлари уйи”:
биринчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув, илмий-услубий ва оммабоп нашрлар, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари доимий чоп этилишини таъминлайди;
иккинчидан, кутубхона фондини инсон ҳуқуқлари соҳасига оид миллий ва халқаро нашрлар билан тизимли равишда бойитиб боради;
учинчидан, фуқаролар ушбу нашрлардан фойдаланишлари учун зарур шароитлар яратади.
Шунингдек, Миллий марказга қўшимча асосий вазифалар юклатилди. Бу вазифалар:
· инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш;
· инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш;
· фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратишдан иборат.
Миллий марказда Ўзбекистон Президентининг ушбу қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ахборот-кутубхона ресурслари рўйхатининг электрон шакли яратилмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномаси ва 4 та Факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда.
Жорий йил февраль ойида ана шундай иккита даврий маъруза эшитилди. Булардан бири – БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ижроси бўйича Ўзбекисоннинг Олтинчи даврий маърузаси бўлса, кейингиси – Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни бажариш бўйича Учинчи миллий ҳисоботдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари БМТ Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитасининг 81-сессиясида ҳамда 22-23 февраль кунлари БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг 71-сессиясида ушбу даврий ҳисоботларни эшитиш жараёнларида иштирок этди.
Шу кунларда БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси ҳамда Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси Ўзбекистон Даврий маърузалари юзасидан тақдим этган тавсияларини амалга ошириш учун Миллий ҳаракатлар режалари лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазирлик идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакат делегацияси 2022 йил 28 февралдан – 2 мартга қадар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 49-сессиясининг Юқори даражадаги сегменти ишида қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 7 июнда ратификация қилинган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини мамлакатимизда амалга ошириш мақдсадида Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳани тайёрлаш жараёнида миллий маслаҳатлашувлар ўтказилди. Вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро экспертларнинг фикрлари инобатга олинди. Миллий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқланиши белгиланган.
Айни чоғда, “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишга қаратилган “Халқчил давлат” миллий дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар жадал бормоқда.
Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Миллий марказ томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Қийноққа қарши қўмитаси тавсиялари асосида ишлаб чиқилган ҳамда жорий йил 29 мартда қабул қилинган Қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган қўшимчага кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.
Бу ўринда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлаш ҳақида сўз бормоқда. Яъни, қонун талабига мувофиқ, бундан буён қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар давлат томонидан тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.
Қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмни янада такомиллаштириш борасидаги ушбу ибратли натижага Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижроси туфайли эришилди. Тараққиёт стратегиясида қийноқларнинг олдини олиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка кенг жорий қилиш ва превентив миллий механизмнинг қонунчилик асосларини ривожлантириш вазифалари кун тартибига қўйилган.
Миллий марказ томонидан ташкил этилган “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курсларини тугатган 1 минг 51 нафар тингловчига сертификатлар топширилди.
Жорий йилнинг дастлабки уч ойида Миллий марказ томонидан 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Ҳисобот даврида Миллий марказга 393 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 26,3 фоизи фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 73,7 фоизи алоқа воситалари, асосан почта алоқа тармоғи орқали олинган.
Миллий марказ томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида 15 та мурожаат қаноатлантирилди. Яъни, фуқароларга ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда амалий кўмак берилди. 14 та мурожаатда эса кўрсатилган фактлар тасдиқланмади.
Шу йилнинг биринчи чораги давомида телефон орқали мурожаат қилган 720 нафардан ортиқ фуқарога Марказ ходимлари томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
- Қўшилди: 12.05.2022
- Кўришлар: 4869
- Чоп этиш