Парламент назорати: Ўзбекистон ва хориж тажрибаси

2022 йил 17 май куни Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Самарали парламент назорати механизмларини жорий этишнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Асосий мақсади – хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида парламент назоратининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлган ушбу конференция 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси
7-мақсадида, Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 23-бандида белгиланган “Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмлари самарадорлигини ошириш” вазифаси ижроси доирасида ташкил этилди.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ронни Хайне кириш сўзлари билан очиб беришди.

Конференцияни модератор – Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов олиб борди ҳамда “Парламент назорати механизмлари: Янги Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида маъруза қилди.

Онлайн ва офлайн тарзда ўтган тадбирда дастур бўйича халқаро, хорижий ва миллий экспертларнинг маърузалари тингланди.

Таъкидланганидек, ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш кўплаб муаммоларни бартараф этиш билан узвий бўлган мураккаб ва давомли жараёндир. Бугунги кунга келиб оддий бир ҳақиқат – давлат бошқарувида кенг ваколатга эга бўлган парламентсиз мамлакатда тўлақонли демократия бўлиши мумкин эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Бунда парламент халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қонунларнинг ижро ҳокимияти органлари томонидан тўлиқ бажарилишини назорат қилиб бориши мамлакат тараққиётида муҳим омилдир.

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган жаҳон тенденцияларига мос демократик ислоҳотлар жараёнида парламентнинг, хусусан парламент назоратининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти янада ошди. Хусусан, парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни парламентнинг назорат функциясини Янги Ўзбекистон ва “Учинчи ренессанс” йўлида янада ривожлантиришга қаратилган самарали тизим яратилишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Қонунда парламент назорати объектлари, субъектлари, назорат шакллари, қонун ҳужжатлари ижроси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг қилиш, очиқлик ва ошкоралик масалалари ва уни амалга ошириш механизмлари тартибга солинган.

Бундан ташқари, парламент назоратининг янги шакллари, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “ҳукумат соати” институти, Олий Мажлис Сенатида эса вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий этилди.

Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар миллий парламентнинг мавжуд назорат функцияларини ҳозирги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ва самарали механизмларини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Халқаро тадбирда парламент назоратини амалга ошириш механизмлари бўйича мавжуд муаммолар таҳлил қилинди ва уларнинг ечимига доир, шунингдек парламент назорати борасида самарали механизмларни жорий этиш бўйича миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ҳамкор ташкилотларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини инобатга олган ҳолда, илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech