Оилани муқаддас маскан сифатида эъзозлаш, оилада тинчлик-осойишталик, фаровонлик муҳитини қарор топтириш халқимизга азалдан хос бўлган фазилатлардир. Оила ва оилавий қадриятлар ҳар қандай инсон ҳаётида қуриладиган энг муҳим пойдевор ҳисобланади. Шахснинг шаклланиши оилада бошланади.Оилавий қадриятлар яхлит табиатнинг уйғун ривожланиши учун зарур кўникмаларни сингдиради.
Оилада энг муҳими нима? Бу саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олиши қийин. Ғамхўрлик ва ишончми? Фидойилик ва меҳнатсеварлик? Оилавий анъаналарга риоя қилишми? Балким Севгидир?
Оила ва оилавий қадриятлар доимо чамбарчас боғлиқ ва бир-бирисиз мавжуд эмас. Агар оила бўлмаса, оилавий қадриятлар табий равишда ўз маъносини йўқотади. Анъанавий оилавий қадриятлар ғамхўрлик ва севгига асосланади. Оиланинг бош сарбони ота бўлса, она оиланинг тинчлигини мустаҳкамловчи, унда вояга етаётган фарзандларлар тарбияси билан шуғулланувчи, меҳр-муҳаббат улашувчи муқаддас зот саналади. Азалдан оила-муқаддас даргоҳ, никоҳ эса бузилмас ришта саналади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тичлик, ҳотиржамлик йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади.
Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади.
Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир. Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим.
Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас гўша саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир.
Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарм-у ҳаё, меҳр-у оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало оилада шаклланган. Бугунги кунда ҳам ана шу анъаналарни давом эттириб, ўзбек оилалари оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари бўлиб униб ўсишларида астаойдил жон куйдирмоқдалар.
Севара Ишмуратова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Умумий бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 18.05.2022
- Кўришлар: 10209
- Чоп этиш