80 мингдан зиёд аёлларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш бўйича аниқ лойиҳалар амалга оширилимоқда

Аёл жамиятнинг асосий устунидир!

Янги Ўзбекистон ислоҳотлари инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда, айниқса, аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида рўёбга чиқарилмоқда. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз интилиш ва қобилиятларини тўлақонли рўёбга чиқара олишлари учун имкониятларни кенгайтириш масаласи  Президентимизнинг доимий эътиборида.

Эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги халқ фаровонлигида, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда муҳим ўрин тутади. Давлат бошқарувида аёллар иштирокини ошириш мақсадида 6 мингдан  зиёд  хотин-қизлардан иборат   кадрлар захираси шакллантирилди.  2018-2021 йиллар давомида 4878 нафар хотин-қизларнинг уй-жой сотиб олишлари учун 112 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 150 нафар бемор хотин-қизлар турли даражада тиббий операция қилинди.  Президентимизнинг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 19 майдаги қарори асосида, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича Республика маркази, унинг 14 та ҳудудий ва 14 та Намунали туманлараро марказлари ташкил этилди. Ҳудудларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида “Aёллар тадбиркорлигини ривожлантириш марказлари” ташкил этилиб, уларда 2021 йилнинг ўзида 102 мингга яқин хотин-қизлар тикувчилик, нонвойлик бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида таҳсил олишди.

 Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 га яқин пухта ишланган мақсадларга эришиш назарда тутилмоқда.  Жумладан, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини  икки баробар камайтириш, биргина жорий йилда 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳам аниқ лойиҳаларни  амалга оширишкўзда тутилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди. 

Халқаро тажриба

Аслида, хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми, цивилизациянинг энг муҳим ютуқларидан биридир. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари учун дастлабки ҳаракатлар бошланган ва инсон ҳуқуқларини ҳимояловчи илк тарихий ҳужжатлар (Франция Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси, АҚШ Мустақиллик декларацияси) қабул қилинган даврларданоқ аёллар ўз фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари учун курашиб, тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб келмоқда.

Хусусан, Францияда аёллар буюк Француз инқилобидан 150 йил кейин сайлов ҳуқуқига эга бўлган, АҚШда эса ХХ асрнинг 90-йилларидагина ҳомиладорлик ва туғруқ таътили қонун билан белгиланди. Бу масалада анчайин тараққий топган Скандинавия мамлакатларида ХХ асрнинг 70-йилларига қадар қонун ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида “боқувчи” атамаси фақат эркак жинсидаги шахс – эр ёки отани англатган. Европа мамлакатлари орасида  гендер тенглиги тан олинишига энг узоқ қаршилик кўрсатган давлат Швейцария бўлиб, швейцариялик аёллар бир неча натижасиз уринишлардан сўнг, ниҳоят 1968 йилда сайлов ҳуқуқини қўлга киритишди.  Инсон ҳуқуқлари ҳамда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларининг тан олиниши учун халқаро миқёсдаги ҳаракатлар тарихида муҳим босқич Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги йилларда бошланди. 1945 йил июнь ойида уруш якун топгач, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948 йилнинг 10 декабрида инсон ҳуқуқлари хартияси – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатнинг иккинчи моддасида Декларацияда баён қилинган ҳуқуқ ва эркинликларга ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, эътиқоди, сиёсий ёки бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулк, табақа ёки бошқа мансубиятидан қатъи назар, барча инсонлар тенг равишда эгалиги қайд этилган бўлиб, у ҳозирда миллий ва халқаро антидискриминацион қонунчиликка асос саналади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясига таянган ҳолда, 1950 йилнинг 4 ноябрида муҳим ва самарали минтақавий халқаро ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳимояси ҳақида Европа конвенцияси қабул қилиндики, юқорида зикр этилган мазмун унинг 14-моддасида ўз ифодасини топди. 1966 йилда эса сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳамда ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги икки халқаро пакт қабул қилинди. Ушбу халқаро аҳамиятга эга ҳужжатларнинг барчаси учун умумий бўлган бир жиҳат шундаки, уларнинг ҳар бири индивидуумнинг ҳуқуқ ва эркинликлари хартияси аҳамиятини касб этади ва “ҳар бир инсон эркин, ўз қадри ва ҳуқуқларида тенг бўлиб туғилади”, деган ғояга хизмат қилади.

Ўз навбатида, инсон ҳуқуқларининг табиий моҳиятини ифодалаган ушбу тамойил уларнинг ижтимоий табиатини мутлақо инобатга олмайди. Аёлларга келганда у фақатгина табиат ва инсоннинг ўзига эмас, балки жамиятга ҳам боғлиқ бир фактни ҳисобдан ташқарида қолдиради: шахснинг чин эркинлиги нафақат тенг ҳуқуқлилик, балки уларни амалга ошириш имкониятларида ҳам тенгликни тақозо қилади. Хотин-қизларда эса бундай имкониятлар борасида турли тўсиқлар жуда кўп ва бу халқаро аҳамиятга эга муаммодир.

Инсон ҳуқуқларининг индивидуал табиати ҳақидаги эътирофдан воз кечиш ва аёллар ҳуқуқларининг алоҳида, аввало дискриминацияга учровчи, ижтимоий гуруҳ сифатида тан олиниши инсон ҳуқуқларининг учинчи (сиёсий, фуқаролик ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлардан кейинги) авлоди шаклланиши билан боғлиқ.  У ижтимоий, сиёсий, жисмоний ва бошқа сабабларга кўра барча инсонлар учун умумий бўлган ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда бошқалар билан тенг имкониятга эга бўла олмайдиган ва шу боисдан давлат томонидан ҳам, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қўллаб-қувватланишга муҳтож фуқаролар категорияси ҳуқуқларини қамраб олади.

Мазкур коллектив ҳуқуқлар субъектлари қамрови анчайин кенг. У ўз ичига хусусан ёшлар ва қариялар, ногиронлар ва ишсизлар, қочоқлар, маҳаллий бўлмаган миллат вакилларини киритади. Бироқ ушбу доиранинг марказида айнан хотин-қизлар турадики, сабаби улар барча инсонлар учун умумий бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардан амалда фойдаланишда аввало жисмоний жиҳатдан эркаклар билан тенг имкониятларга эга эмаслигидан ва айни пайтда ўсмир, қария, ногирон, қочоқ, муҳожир, ишсиз ва ҳкз. бўлишлари, яъни мазкур сабаблар туфайли ҳам ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда камситилиши мумкинлигидан ҳам давлат томонидан алоҳида муҳофазага муҳтождирлар.

Шу боис БМТ томонидан Аёлларга нисбатан дискриминацияни бартараф этиш декларацияси (1967) ҳамда Аёлларга нисбатан дискриминациянинг барча шаклларини бартараф этиш ҳақидаги конвенция (1979) қабул қилинган. Айнан иккинчи ҳужжатда аёлларнинг коллектив ва индивидуал ҳуқуқлари ҳимояси масаласига кучлироқ урғу берилган. Хусусан, 1979 йилги Конвенциянинг 1-моддасига мувофиқ, “аёлларга нисбатан дискриминация” тушунчаси жинс белгилари асосида, хотин-қизларнинг, оилавий аҳволидан қатъий назар,аёл ва эркак тенглигига таяниб, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва бошқа соҳалардаги ҳуқуқлари ва асосий эркинликларидан фойдаланишига тўсқинлик қилиш, уларни тан олмасликка қаратилган ҳар қандай чеклов ёки тақиқни билдиради”. Айни пайтда Конвенциянинг 4-моддасида аъзо-давлатлар томонидан томонидан оналикни ҳимоялаш, шунингдек, аёллар ва эркакларнинг фактик тенглигини ўрнатишни жадаллаштиришга йўналтирилган махсус муваққат чоралар дискриминация саналмаслиги таъкидланади.   Айтиш жоизки, 1979 йилги БМТ Конвенцияси инсон ҳуқуқларининг XVIII асрдаги Француз инқилобидан сўнг мустаҳкамланган эътирофига сезиларли ўзгариш киритди.  Жаҳон ҳамжамияти илк маротаба инсон ҳуқуқлари моҳияти ва илдизлари сифатида “адолат” мезонини “эрк” ва “тенглик” категориялари билан бир қаторда қўллай бошлади.  Умуман олганда, ўтган асрнинг 70-йиллари дунё миқёсида аёллар тенг ҳуқуқлилиги масалаларида уйғониш, жадаллашув сезилган давр бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Хусусан, 1975 йилнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро аёллар йили деб аталиши, 1976-1985 йиллар оралиғидаги даврнинг эса “Тенглик, тараққиёт, тинчлик” шиори остида БМТ Аёллар Ўн Йиллиги эълон қилиниши фикримиз исботидир. 1979 йилги БМТ Конвенцияси эса эркак ва аёлларнинг ҳуқуқий асосга бўлган ҳуқуқ ва имкониятларини тенглаштириш вазифасини кўндаланг қўйган, мазкур масалага бағишланган принципиал аҳамиятли илк халқаро ҳужжат бўлди. 1985 йилда аёллар аҳволи юзасидан Найроби (Кения)да ўтказилган халқаро конференция “гендер тенглиги” тушунчасига янгича мазмун бағишлади. Тенгликка фақатгина ҳуқуқий тушунча, яъни дискриминациянинг de jure бартараф этилиши эмас, балки аёлларнинг тараққиёт жараёнида нафақат истеъмолчи (бенефициар) балки фаол ҳаракатланувчи куч сифатида иштирок этиши учун имконият, шарт-шароит ва ҳуқуқлар тенглиги сифатида ёндашила бошланди.

Европа, хусусан Скандинавия мамлакатлари, миқёсида бу ҳолат ҳуқуқий давлатларнинг ҳуқуқий ижтимоий давлат шаклига ўзгариши билан изоҳланади. Муайян маънода бунга хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқлари учун кураши фаоллашуви ҳам ҳисса қўшди. Ўтган асрнинг 90-йиллари ҳам гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси масалаларида самарали давр бўлди. Жумладан, ҳарбий зиддиятлар даврида энг кўп азият чекадиган қатлам аёллар ва болалар эканлиги инобатга олинган ҳолда, 1993 йил Венада ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конференция кун тартибига аёлларнинг инсон сифатидаги ҳуқуқлари умуминсоний ҳақ-ҳуқуқларнинг ажралмас таркибий қисми эканлиги ҳақидаги масала қўйилди. Вена конференциясида қабул қилинган ҳужжатлар ҳарбий ихтилофлар даврида аёллар ҳуқуқларининг бузилишини инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг таянч тамойилларини бузишга тенглаштирди.

Шунингдек, конференция Декларациясида ижтимоий ва шахсий ҳаётда аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтатиш, жинсий тажовуз, эксплуатация ва одам савдосини бартараф қилиш, маданий қадриятлар ниқоби остида анъана ва маиший ҳаётга ўрнашган зарарли тажриба, диний ақидапарастликка қарши курашишга йўналтирилган ҳаракатларнинг муҳимлиги таъкидланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена халқаро конференцияси Бош Ассамблеяга Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида декларация қабул қилишни таклиф қилди ва мамлакатларни бундай шармандали ҳолат билан курашишга чорлади. Ўша йили – 1993 йилнинг 20 декабрида Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ҳақида декларация қабул қилинди.

Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар БМТ органларига инсон ҳуқуқлари борасида тақдим этадиган ҳисобот маърузаларига аёлларга нисбатан зўравонлик ва унга қарши кўрилаётган чораларга оид маълумотлар, шунингдек, мазкур масаладаги тенденциялар таҳлилини ҳам киритиши лозим бўлди. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Комиссияси томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик масалалари юзасидан махсус маърузачи тайинланди. Бироқ, шуни таъкидлаш жоизки, хотин-қизлар ҳуқуқлари учун миллий ва халқаро миқёсда амалга оширилаётган хатти-ҳаракатлардан қатъий назар, маиший зўравонлик, тажовузлар, иш ҳақларидаги номутаносиблик, меҳнат ҳуқуқларининг камситилиши каби муаммолар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Ана шундай муаммоларнинг борлиги бугунги кунда фақатгина ҳуқуқ ва қонунчилик амалиёти соҳасида эмас, балки ижтимоий-маданий даражада, оилада, жамиятда аёлга ҳурмат, унинг эркак билан тенг, аммо шу билан бир қаторда нозик хилқат эканлиги ҳақидаги ғояни ривожлантириш, ҳуқуқий, ахлоқий, жинсий тарбияга жиддий эътибор қаратишни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз”, алоҳида деб такидлаган.

Дарҳақиқат,  сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглигини, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасидаги иштирокини таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бу борадаги ишлар собитқадамлик билан давом эттирилмоқда. Жамият тараққиётини демократлаштириш жараёнини аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Севара ИШМУРАТОВА

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази

Умумий бўлим бошлиғи

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech