Терроризмга қарши самарали курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

2022-йилнинг 12-13-май (Андижон) ҳамда 16-17 май (Термиз) кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси вакиллари ва ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) билан ҳамкорликда Андижон ва Термиз вилоятининг Прокуратура ва Ички ишлар органлари ходимлари учун “Терроризмга қарши самарали курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусида амалий-ўқув семинари ташкил этилди.

Ушбу тренингда халқаро экспертлар Лисе Cроуч, Жоҳаннес Ҳеилер ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Гўзал Назарова ва Қодиржон Обидов миллий тренерлар сифатида иштирок этдилар.

Тренингнинг биринчи кунида иштирокчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар, терроризмга қарши курашиш сиёсатига инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни татбиқ этиш, инсон ҳуқуқларини бузувчи терроризмга қарши курашиш амалиётларидан келиб чиқадиган хавф-хатарлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига таъсири, тергов жараёнида ишонч ва ҳурматни мустаҳкамловчи техникалардан фойдаланиш бўйича назарий ва амалий кўникмалар билан таништирилди.

Таъкидлаш керакки, юқоридаги масалалар турли сессиялар доирасида муҳокама қилиниб, ҳар бир сессия сўнгида иштирокчилар томонидан тегишли амалий топшириқлар ечилди.

Тренингнинг иккинчи куни доирасида қийноқлар ва бошқа ғайриинсоний муносабатларнинг таъсири, стереотиплар ва уларнинг тушунчаси, терроризмга қарши курашиш учун жамоавий ёндашувни ошириш масалалари, босимлар ва уларга муносабатни шакллантириш юзасидан қизғин суҳбат олиб борилди ва хорижий тренерлар билан биргаликда назарий ва амалий билим-кўникмалар алмашилди.

   Тренинг давомида иштирокчилар эгаллаган билим ва кўникмалар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги меъёрларга риоя қилиб, терроризмга қарши кураш фаолиятида ўз вазифаларини самарали бажаришга ёрдам беради. Иштирокчилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тегишли миллий қонунлар ва халқаро стандартларни ўзларининг амалий фаолияти жараёнида юзага келадиган вазиятларга татбиқ этиш ва уларга риоя этиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Иштирокчиларнинг амалий мисолларни кўриб чиқиш ва улар биргаликдаги стратегияларни яратиш, сўроқ қилиш ва тергов усулларини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган вазиятларни таҳлил қилиш жараёнида баҳс-мунозаралар ва тажриба алмашиш  энг асосий ютуқларидан бўлди.

Мазкур семинар тренинглар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ўзларининг терроризмга қарши курашишдаги қисқа ва узоқ муддатли фаолиятларини муваффақиятли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech