Шу кунларда кенг жамоатчилик Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини қизғин муҳокама қилиб, таклифларни фаол билдирмоқда. Конституциявий комиссия эса бу таклифлар асосида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнини бошлаган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ушбу муҳим мавзу муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Қуйида давра суҳбати иштирокчилари фикри билан танишасиз.
Мирзатилло ТИЛЛАБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари:
— Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш конституциявий ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб, бир қатор давлатлар конституциялари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий шартномалар нормалари талабларини ўзига сингдирган.
Замонавий конституцияларда инсон ҳуқуқлари кенг миқёсда қамраб олинган. Тадқиқотчилар аниқлашича, жаҳон мамлакатлари конституцияларида қайд этилган инсон ва фуқаролик ҳуқуқларининг 117 тури мавжуд. XVIII аср охирларида ёзилган АҚШ Конституциясида инсон ҳуқуқлари 35 марта, Россия Конституциясида эса 64 марта тилга олинган. 2008 йилда қабул қилинган Эквадор Конституциясида инсон ҳуқуқларининг 99 тури, 2006 йилда қабул қилинган Сербия Конституцияси ҳамда 2009 йилдаги Боливия Конституциясида инсон ҳуқуқларининг 88 тури келтирилган. Инсон ҳуқуқларига энг кам эътибор қаратилган қомус 2012 йилдаги Таиланд Конституцияси бўлиб, унда инсон ҳуқуқларининг атиги 2 тури санаб ўтилган. Умуман олганда, дунё давлатлари конституцияларида инсон ва фуқароларнинг ўртача 50 га яқин ҳуқуқи кўрсатилган. Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги Конституциясида эса жами 40 та моддада инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид 60 дан ортиқ норма мавжуд.
Кўпчилик конституцияларда экология масалаларига катта эътибор берилган. Уларда табиат ва унинг ресурслари ноёб миллий хазина сифатида қаралади. Атроф-муҳит ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қоидалар жуда хилма-хил бўлиб, тегишли конституциявий нормаларда ифодаланган. Масалан, 2004 йилда Франция Конституциясига Атроф-муҳит тўғрисидаги Хартия киритилди. 2006 йилда Жанубий Африка Конституцияси “экологик қонун” тушунчаси билан тўлдирилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари Грузия Асосий қонунида 2018 йилда ўз ифодасини топди. Шунингдек, Марокаш, Непал ва Малдив ороллари конституцияларида тоза сувдан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Замонавий конституцияларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий хилма-хилликни сақлаш ва жонзотларга нисбатан масъулиятли муносабатда бўлишга доир меъёрлар мавжуд.
Яна бир қизиқарли тенденция фаол сайлов ҳуқуқи учун ёш чегарасини пасайтириш билан боғлиқ. Кўпгина мамлакатларда сайловда овоз бериш ҳуқуқи 18 ёшдан бошланади. Аммо асримиз бошидан буён баъзи мамлакатларда овоз бериш ёшини 17 ёки 16 ёшгача пасайтириш бўйича фаол мунозаралар олиб борилмоқда. Натижада, айрим давлатлар конституциясида бу борада тегишли ўзгартиришлар киритилиб, сайловда овоз бериш ёши кичрайтирилди. Масалан, Никарагуа (1984 йилда), Венесуэла (2007 йилда), Австрия (2007 йилда), Эквадор (2008 йилда), Аргентина (2012 йилда), Мальта (2018 йилда) давлатларида овоз бериш учун ёш чегараси 18 ёшдан 16 ёшга, Японияда эса 2018 йилдан эътиборан 20 ёшдан 18 ёшга туширилди. Юртимиздаги конституциявий ислоҳотларда бу борадаги халқаро тажрибани ҳам, албатта, инобатга олиш керак.
Маълумки, мамлакатимизда 2008 йилдан эътиборан ўлим жазоси бекор қилинган. Айни шу йили Ўзбекистон Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факультатив протоколини ратификация қилган. Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги нормани мамлакатимиз Асосий қонунида ҳам мустаҳкамлаш пайти келди, назаримизда.
Шунингдек, юртимизда олиб борилган демократик ислоҳотлар натижасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бутунлай бартараф этилди. Халқаро ва миллий ҳамкорлар билан пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг тизими яратилди. Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига барҳам бериш, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини мустаҳкамлаб қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Омбудсман, Болалар омбудсмани, Бизнес-омбудсман мақоми ва ваколатлари тўғрисидаги қоидалар ўз аксини топиши керак.
Дилноза МУРАТОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари:
— Янги Ўзбекистоннинг халқаро сиёсат майдонида олиб бораётган ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган, чуқур ўйланган фаол ташқи сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан юксак даражада эътироф этилмоқда. Ушбу эришаётган ютуқларимиз таг замирида Асосий қонунимизнинг инсонпарвар нормалари мужассам. Конституциямизда давлатимизнинг ташқи сиёсатида амал қилинадиган принциплар ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Сўнгги йилларда қабул қилинган конституцияларда халқаро ҳуқуқ нормалари устуворлиги яққол кўзга ташланади. Бу орқали халқаро ҳуқуқий меъёрларни миллий ҳуқуқий тизимга татбиқ этиш самарадорлиги ортади.
Мамлакатимизда ҳам миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида такомиллаштиришга катта эътибор берилмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилган:
- судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида умумэътироф этилган принциплар ҳамда халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномалар нормаларининг кенг қўлланишини таъминлайдиган самарали механизм яратиш;
- “Хабеас корпус” институтини янада такомиллаштириш орқали судлар мустақиллиги ва холислигини ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида суд ҳокимияти ролини тубдан ошириш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш.
Шунга кўра, “Хабеас корпус” институти мақомини Конституцияда мустаҳкамлаб, шахс 48 соатдан ортиқ ушлаб турилмаслигини таъминловчи норма киритишни таклиф этамиз.
Сўнгги йилларда гендер тенглигига эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Тенг ҳуқуқлиликка асосланган конституциявий тамойилнинг бош мақсади, бу — жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар ўртасида тўлиқ тенгликка эришиш. Шу мақсадда Асосий қонунимизга бир хил меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг миқдорда ҳақ тўлаш тўғрисида алоҳида норма киритилиши таклиф этилади.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири:
— Маълумки, Конституция қонун-қоидаларига қатъий амал этилишини таъминлаш мақсадида Конституциявий судлар ташкил этилади. Конституциявий судлар биринчи марта 1920 йилда Австрия ва Чехославакияда таъсис қилинган эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса, 1951 йилда Германия Федератив Республикасида, 1958 йилда Францияда, сўнг бошқа мамлакатларда ҳам пайдо бўлди. Ҳозирги пайтда жаҳонда уларнинг сони кўп ва ваколатлари анча кенг.
Ана шу халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, Конституциямизга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ваколатларини кенгайтириш масаласини киритиш мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз. “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги амалдаги қонунда Конституциявий судга қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари, давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонунлар нормаларига шарҳ бериш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган, деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ваколатлари берилган.
Биз Конституциямизга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ваколатларини мамлакат Президенти сайловлари ўтказилишини назорат қилиш, мазкур сайловларнинг якунини белгилаш, Президент адолатли сайланганини эълон қилиш, умумхалқ референдумларини ўтказиш ва улар якунларини чиқариш, депутатлар ва сенаторлар тўғри сайланганлиги тўғрисида қарорлар чиқаришни киритишни таклиф қиламиз.
Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат бўлими бошлиғи:
— Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда олдимизда турган долзарб вазифалардан бири – Конституциямизни ислоҳ қилиш.
Чунки, конституциявий ислоҳотларни ўтказиш, бугунги кунда қуйидаги асосларга кўра ҳаётий заруратга айланди.
Биринчидан, халқ билан мулоқот тизими инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини конституциявий даражада янада мустаҳкамлашни зарурий талабга айлантирмоқда. Ер ислоҳоти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ислоҳоти, монополиялар ислоҳоти ва бошқалар шулар жумласидандир.
Иккинчидан, “давлат – инсон учун” деган тамойилни конституциявий даражада мустаҳкамлаш, мазкур тамойил асосида инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, давлат ҳокимияти органларининг баъзи ваколатларини фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш заруриятини яна бир бор ижтимоий ҳаётнинг ўзи исботлади.
Мен ҳам мамлакатимиз Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича айрим таклиф ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Биринчидан, “Инсон – жамият – давлат” концепцияси асосида давлат томонидан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлашда давлат фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятидан самарали фойдаланишига доир механизмни янада такомиллаштириш жуда долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий мақомини конституциявий норма даражасида белгилаш ҳамда уларнинг ишсизлик ва камбағалликни тугатиш каби ижтимоий фойдали фаолиятини давлат томонидан рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш таклиф этилади.
Иккинчидан, ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиши, ўз соғлиғига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарар ўрни қопланиши ҳуқуқига эгалиги масалалари Асосий қонунимизда белгиланиши мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўймаслиги халқнинг ҳаққоний талаби, десак бўлади.
Севара ИШМУРАТОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Умумий бўлим бошлиғи:
— Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар Бош қомусимизни бугунги реал воқеликка, кечаётган демократик янгиланишлар мантиғига мослаштиришни тақозо этади.
Конституция тўғрисида, унинг маъно-мазмуни ва устувор тамойиллари ҳақида гапирар эканмиз, асосий қонунимизда, биринчи навбатда, шахс манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бош қомусимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, дейилган. Бу норма ҳақиқий маънодаги демократик бошқарувни, халқ ҳокимиятини ўзида намоён этади.
Ўз навбатида, биз ҳам ўз конституцион ҳуқуқларимиздан фойдаланишимиз, сиёсий-ижтимоий фаоллигимизни оширишимиз талаб этилади. Бугунги сиёсий жараёнга бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазаларимизни ҳаётий ўзгаришларга таяниб тақдим этсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу орқали янги Ўзбекистоннинг пойдеворини бунёд этишга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Фарида БАКАЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи:
— Асосий қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича мен ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Биринчидан, Конституциянинг биринчи бўлимида амалдаги муқаддимада мустаҳкамланган “Конституциявий тузилишнинг асосий тамойиллари”ни қуйидаги йўналишларда очиб бериш таклиф этилади:
- инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлат суверенитетига содиқлик;
- жамиятда демократия ғояларини тасдиқлаш, халқчиллик ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш;
- халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва ҳуқуқий давлат қуришнинг миллий тажрибасини ҳисобга олиш;
- мамлакатда аҳоли тинчлиги ва миллатлараро тотувликни таъминлаш;
- тинч-тотув яшашга асосланган ташқи сиёсатни қуриш ва бошқа давлатлар билан низоларни БМТ Устави тамойилларига мувофиқ ҳал этиш, шунингдек, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш;
- Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш.
Иккинчидан, Конституциянинг “Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган иккинчи бўлимининг концептуал тузилмасини батафсил қайта кўриб чиқиш, унда мавжуд бўлмаган инсон ҳуқуқлари тоифаларини Конституциянинг бошқа бўлимларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларига оид моддаларни кўчириш орқали тўлдириш, уларни Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт қоидаларига, шунингдек, амалдаги миллий қонунчиликка мувофиқлаштириш зарур.
Масалан, “Умумий қоидалар” деб номланган V бобни қуйидаги таҳрирда ўзгартириш мақсадга мувофиқ: “Тенглик ва шахсга нисбатан камситишнинг турли шаклларига йўл қўймаслик”.
Ушбу бобни шахсга нисбатан камситишни тақиқлаш тўғрисида қуйидаги таҳрирда асосий кириш нормаси билан тўлдириш таклиф этилади: “Ўзбекистон Республикасида барча тенг ҳуқуқли бўлиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида ҳамда ўзининг барча ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда бевосита, билвосита, кўп томонлама ва бошқа камситиш шаклларидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Ҳар қандай камситиш барча шахсларга камситиш тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқадиган ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш чораларини кўрувчи ваколатли давлат органлари томонидан камситишлардан тенг ва самарали ҳимоя қилинишини кафолатлайдиган қонунлар билан тақиқланади”.
Отабек НОРБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи:
— Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Миллий марказ ва журналимиз таҳририяти ходимлари ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирмоқда. Мен ҳам шу ҳақда мухтасар фикр юритмоқчиман.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21-моддаси 1-қисмида “Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади”, дейилган. Ушбу қисмни “Ўзбекистон Республикаси фуқароси айни вақтда бошқа давлат фуқаролигини олиши мумкин эмас”, деган жумла билан тўлдиришни таклиф этаман.
Чунки, хорижий давлатларда яшаётган айрим Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқмасдан туриб бошқа давлатлар фуқаролигини олиши амалиётда тез-тез учрамоқда. Бу эса, қонунбузилиш ҳолати сифатида тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради.
Асосий қонунимизга бу ҳақида аниқ қоида киритилиши шу каби қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олади.
Иккинчидан, Конституциямизнинг 110-моддаси 3-қисмида қайд этилган “Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга”, деган жумлани олиб ташлаш тавсия этилади.
Сабаби ушбу қоида Асосий қонунимизнинг 112-моддаси 1-қисмида мустаҳкамланган “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган қоидага зид ҳамда судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатади.
Учинчидан, Конституциямизнинг 117-моддаси 9-қисмидаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади”, деган жумлани “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан ёпиқ овоз бериш йўли билан сайланади”, деб ўзгартириш тавсия этилади.
* * *
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар – давр талаби, инсон қадри устувор бўлган янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Асосий Қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кенг жамоатчилик муҳокамаси ва таклифлари асосида амалга оширилаётгани юртимизда демократик тамойиллар устуворлигидан далолат беради.
Азизбек РАМАЗОНОВ
ёзиб олди
- Қўшилди: 01.06.2022
- Кўришлар: 4862
- Чоп этиш