17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 10 июнь куни “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Ушбу қарорнинг 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни арафасида қабул қилингани ерлар деградациясига қарши курашиш борасидаЎзбекистон ва халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари уйғунлигидан далолат беради.

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни тарихи ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. Ушбу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил 30 январда таъсис этилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси қабул қилинган кун муносабати билан танланган.

Ўзбекистон Осиё минтақасидаги давлатлар орасида биринчилар қаторида БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенциясига аъзо бўлган. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирган. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо ҳисобланади.

Қурғоқчилик – экинларнинг ҳосилдорлигини йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги натижасида инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши нуқтаи назардан энг дахшатли табиий офатлардан биридир. Сўнгги йилларда озиқ-овқат ва сув танқислиги, кучли қурғоқчилик туфайли юзага келган ўрмон ёнғинлари кучайган.

Ернинг таназзулга учраши ва иқлим ўзгариши натижасида кучайган қурғоқчилик айниқса шиддатли тус олмоқда. Бундай ташвишли ҳолат 2000 йилга нисбатан 29 фоиз кўп ва ҳар йили 55 млн. кишига таъсир қилади. Энг ачинарлиси, 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 70 фоиз ёки 31,4 млн гектар ери қурғоқчил майдонлар бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардир.

Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди. Натижада ушбу минтақада экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

Мамлакатимизда 2017 йилдан буён CADI — “Марказий Осиёдаги чўллар бўйича ташаббус” лойиҳаси амалга оширилиб келмоқда. Лойиҳа Бирлашган Миллатлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилиб, Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, ерларни қайта тиклаш биохилма-хилликни сақлашга ҳисса қўшади. Ернинг исишига таъсир этувчи атмосфера углеродининг ерда сакланиб колиши туфайли иқлим ўзгариши жараёни секинлашади. Шунингдек, бу иқлим ўзгариши оқибатларининг юмшашига олиб келиши ва COVID-19 пандемияси тугагач, “яшил” тикланишга асос бўлиши мумкин.

Президентимизнинг 2019 йил 22 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борада улкан аҳамият касб этди. Қарор мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадига қаратилгандир.

Мазкур қарор билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига бир қатор қўшимча функциялар юклатилди. Айниқса, юртимизда чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ҳалқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро хамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида фикр юритганда, хусусан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ҳақида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Чунки республикамиз учун энг долзарб қайноқ ҳудудлар танлаб олинган мазкур “Йўл харитаси” негизида қисқа муддат ичида бир қатор ибратли ишларни амалга оширишга эришилди.

Мисол учун, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019-2022 йилларда қарийб 1,7 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди. Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган водий ерларни ҳамда инфратузилмаларни қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда Бухоро яшил қалқонини яратиш, Навоий вилоятида 150 минг гектардан ортиқ чўл яйловлари ҳолатини яхшилаш мақсадида саксовулзорлар барпо этиш бўйича ишлар бошланган.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ерлар деградациясига қарши курашиш масалалари бўйича қўшимча вазифалар юклатилгани диққатга моликдир. Вазирлик, жумладан:

  • ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади;
  • ушбу соҳада давлат дастурлари ва истиқболга мўлжалланган стратегияларни ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • ерлар деградацияси ва чўлланиши, шу жумладан ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш, уларни сақлаш ва фитомелиорациялаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, ўрмонлар ва иҳотазорлар барпо қилиш жараёнлари мониторингини юритади;
  • ерлар деградациясига қарши курашиш ишларини олиб боришга масъул корхона, муассаса, ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар учун бу бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Қарорга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш масалалари бўйича департамент ва ҳудудларда Ерлар деградациясига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилди.

Хулоса қилиб айтганда, ер юзида глобал миқёсда иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари кучайиб бораётган ҳозирги замонда, айниқса, бизнинг кам ўрмонли минтақамизда, асосан қумли чўл ҳудудларида ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш ва ерлар деградациясига қарши курашиш жуда улкан аҳамиятга эга.

Бу муҳим омил, шунингдек, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, маҳаллий аҳолининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича хабардорлигини ошириш, ерлардан барқарор фойдаланишни ҳамда амалга ошириш дастурларини ишлаб чиқиб, амалиётда қўллашни ташкил этишни ҳам тақозо этади.

 

Ойдин ИБРОҲИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази Матбуот хизмати етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech