2022 йил 20 июнь куни Урганч шаҳрида шу мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида ташкил этилди.
Конференциянинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги тамойили ҳамда “Давлат – инсон учун” ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилади” деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича миллий ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш, мазкур тамойилларни конституциявий қонунчилик ҳамда амалиётда мустаҳкамлаш борасида ҳар томонлама асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Офлайн ва онлайн форматларда ўтказилган халқаро тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакати вакиллари, 300 нафардан зиёд миллий эксперт, Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари, академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда Янги Ўзбекистонда бошланган конституциявий ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, пировардида, инсон қадрини улуғлаш, оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилаш ва ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш экани ҳақида атрофлича сўз борди.
Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан халқимиз, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллалар аҳолиси томонидан Конституциявий комиссияга 40 мингдан зиёд таклифлар келиб тушгани қайд этилди. Ушбу таклифлар жамият ва давлат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларини қамраб олган.
Конституциявий комиссия ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганиш асосида кўриб чиқаётгани таъкидланди. Бирон-бир таклиф ва мулоҳаза эътибордан четда қолмаяпти, таклифлар халқимиз фаровонлигини таъминлашга, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради, деган нуқтаи назар бўйича ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинаяпти.
Халқаро анжуман доирасида, жумладан, “Инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг конституциявий асослари: халқаро ва миллий тажриба” мавзуси бўйича маърузалар тингланди. Бу борада Жан-Антуан Дюпра – Европада хавфсизлик ва прогнозлаш институти эксперти (Франция), Пол Политис – АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат вакили, Мария Людовика Ботарелли – Европа аёллар лоббиси Италия мувофиқлаштирувчи қўмитаси президенти (Италия) каби экспертлар айни соҳадаги халқаро тажриба ҳақида фикр алмашдилар.
Муҳокамалар давомида бугунги кунда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – барча фуқароларимиз қалбидан чуқур жой олиб, уни ҳаётга татбиқ этиш умуммиллий ҳаракатига айланиб улгургани, энг муҳими, халқимизда эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишонч кучайгани, Ўзбекистондаги шиддатли демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси юксалиб бораётгани миллий ва хорижий экспертлар томонидан эътироф этилди.
Айниқса, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришга йўналтирилган кенг қамровли, шиддатли, аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилган демократик ислоҳотлар амалга оширилаётгани юқори баҳоланди.
Экспертлар “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда янги “Инсон – шахс – жамият” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш таклифи жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу ғоялар мамлакатдаги ислоҳотлар ўзагини ташкил этиб, турли йўналишлардаги тарихий янгиланишларни ўзаро боғлаб турибди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз тарихида сифат ва мазмун жиҳатдан янги тараққиёт даври бошланганидан далолат беради. Бу янги даврнинг энг муҳим ва устувор хусусиятлари, аввало, мамлакатимизда давлат ва бошқарув органлари, барча раҳбарлар бундан буён ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бориши, уларнинг барча куч ва имкониятлари адолатли жамият ва ижтимоий давлат қуриш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганида акс этади.
Форумда “Конституциявий ислоҳот: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш” масаласи бўйича ҳам қизғин мунозаралар бўлди. Бу шўъбада “Қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашда депутатларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигига оид конституциявий-ҳуқуқий асосларни ривожлантириш”, “Конституциявий ҳуқуқ ва жамоатчилик назорати институтини мустаҳкамлаш”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар фаолияти самарадорлигини ошириш” мавзуларида маърузалар тингланди.
Маърузачилар томонидан Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўналишида жамоат бирлашмалари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бераётганига муносиб баҳо берилди.
Шунингдек, фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг конституциявий асосларини янада такомиллаштириш масалалари бўйича асосланган таклифлар қизғин муҳокама қилинди.
Халқаро конференция якунида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссияга тегишли таклиф ва тавсиялар тайёрланди.
Хорижий давлатлар ва Ўзбекистон конституциявий тараққиётининг қиёсий таҳлили ҳамда халқаро конференция иши давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида Урганч декларацияси қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.06.2022
- Кўришлар: 5274
- Чоп этиш