КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТ ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ: Миллий ва хорижий тажриба, халқаро амалиёт

Янгиланаётган Конституциямизда:

– Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига кўра, болалар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича нормани акс эттириш;

– бола манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратишни устувор йўналишлардан бири этиб белгилаш;

– давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида қайд этиш;

– “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади”, деган қоидани ёзиб қўйиш;

– ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада ошириш учун: “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган қоидани киритиш лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда илгари сурган ушбу таклифлар таълим муассасалари педагогик жамоалари, болалар ҳуқуқлари билан шуғулланадиган давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ота-оналар томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Конституцияни ўзгартириш учун тавсия этган таклифларини экспертлар ҳам юқори баҳолаётгани бежиз эмас. Бу ташаббуслар давлат раҳбарининг Асосий қонунда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашга қаратилган таклифи билан ҳамоҳангдир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган бўлса, ўша йилнинг 9 декабрида мамлакатимиз парламенти БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мазкур Конвенциянинг асосий принциплари барча давлатларнинг Конституцияларига имплементация этилиши, яъни уйғунлаштирилиши тарафдоридир.

Чунки давлат Конституциясида бола ҳуқуқлари бўйича нормалар акс эттирилиши, биринчи навбатда, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг туб моҳияти ва аҳамиятини англашга ёрдам беради. Қолаверса, бу муҳим омил катталар билан бир қаторда болалар ҳам инсон ҳуқуқлари эгалари эканини конституциявий асосда кафолатлашга хизмат қилади.

Шу ўринда жаҳон Конституцияларида бола ҳуқуқларига оид қоидалар қандай акс этган, деган савол туғилиши табиий. Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ўтказилган халқаро давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди.

Тадбирда, жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг болалар манфаатларининг устуворлиги, боланинг ҳаётга, исмга, фуқароликка, ота-онасини билиш ҳуқуқига, ота-онанинг болаларга нисбатан ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид тамойиллар қайси давлатларнинг Конституцияларида қандай шакл ва мазмунда ўз аксини топгани атрофлича муҳокама этилди.

Ирландия ҳукуматининг Болаларни ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Конор О’Маҳони бола ҳуқуқларига оид қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган 47 та давлат Конституцияларини қиёсий таҳлил қилиб берди. Хорижий экспертнинг сўзларига қараганда, ҳар қандай конституциявий ўзгаришлар жараёнида билдирилган таклифларнинг ёшлар ташкилотлари ва бевосита навқирон авлод вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши  жуда зарур.

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти кенг жамоатчилик таклифлари асосида Конституциявий комиссия томонидан тайёрланадиган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш, сўнгра умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган лойиҳани референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш ташаббусини илгари сургани таҳсинга лойиқ.

Бу борадаги халқаро амалиётга тўхталганда, Венеция комиссиясининг 2013 йил 8-9 март кунлари бўлиб ўтган 95-ялпи мажлисида қабул қилинган қарорга кўра, “Конституцияларда болалар ҳуқуқларининг акс этиши” мавзусида тадқиқот ўтказилганига эътибор қаратиш лозим бўлади.

Нега деганда худди шу тадқиқот негизида Венеция комиссиясининг 2014 йил 21-22 март кунлари ўтказилган 98-ялпи мажлиси томонидан “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида: халқаро стандартлар ва миллий Конституциялар” номли маъруза тайёрланган.

Натижада Европа Кенгашига аъзо давлатлар Конституцияларининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги турлича тажрибаларни умумлаштириш имконияти туғилди. Бу, ўз навбатида, миллий Конституцияларда бола ҳуқуқларига оид қоидаларни қандай акс эттириш ва уларнинг самарадорлик билан амалга оширилишини қай тарзда таъминлаш мумкинлиги масаласига ойдинлик киритишга йўл очди.

Хусусан, Норвегия Конституциясининг 104-моддаси бола ҳуқуқларига бағишланган бўлиб, унда болаларнинг кўплаб ҳуқуқлари кафолатланган, боланинг қадр-қиммати асосий ҳуқуқий принцип экани таъкидланган. Ушбу Конституциянинг 109-моддасида болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи тўғрисида сўз боради. Ҳужжатда бола манфаатларини энг мақбул тарзда таъминлаш принципи аниқ ифодасини топган.

 Швеция Конституциясида бола ҳуқуқларига оид нормалар инсон ҳуқуқларига кириш қисмида мустаҳкамланган. Финляндия Конституциясида барча инсонларнинг қонун олдида тенглиги қайд этилган ҳолда, болаларнинг ҳуқуқлари алоҳида таъкидланган. Яъни, болаларга катта шахсларга муомала қилгандек муомалада бўлиш ва уларга ўзларининг ривожланиш даражасига мутаносиб масалалар ижобий ечим топишида бевосита иштирок этишларига ижозат бериш зарур.

Польша Конституциясининг 72-моддаси айни мазмундаги учта банддан иборат:

(1) Польша Республикаси бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

(2) ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола давлат органлари томонидан кўрсатиладиган ғамхўрлик ва ёрдам ҳуқуқига эга;

(3) давлат ҳокимияти органлари ва болалар учун масъул шахслар бола ҳуқуқларини ўрнатиш жараёнида, иложи борича, боланинг қарашларига устувор аҳамият беради.

Хорватия Конституциясининг 62-63-моддаларида давлат оналик, болалик ва ёшларни ҳимоя қилиши, ҳар бир инсон болаларни ва ночор шахсларни ҳимоя қилишга бурчли экани қайд этилган. Шунингдек, 64-моддада болаларнинг мажбурий меҳнатга ва зарарли ишларга жалб этилмаслиги билан боғлиқ ҳуқуқлари кафолатланган.

Молдова ва Руминия Конституцияларида болалар ўз ҳуқуқларининг амалга оширилишида алоҳида ҳуқуқларга эгалигига доир умумий қоидалар баён этилган. Латвия ва Озарбайжон Конституцияларида ҳам бола ҳуқуқларини кенг қамрайдиган қоидалар мавжуд.

Осиё давлатлари ҳақида сўз борганда, жумладан, Ҳиндистон Конституциясининг бир қатор моддаларида бола ҳуқуқлари қатъий кафолатланганини таъкидлаш лозим. Хусусан:

  • 21А-моддада – 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган барча болаларнинг бепул ва мажбурий таълим олиш ҳуқуқи;
  • 24-моддада – 14 ёшга тўлмаган болаларни ҳар қандай турдаги хавфли меҳнатдан ҳимоя қилиш ҳуқуқи;
  • 39(е)-моддада – иқтисодий заруратдан келиб чиқиб, болаларнинг ҳуқуқларини суиистеъмол қилишдан, уларни ёши ва куч-қуввати тўғри келмайдиган ишларга мажбурлашдан ҳимоя қилиш ҳуқуқи;
  • 45-моддада – олти ёшга тўлмаган барча кичик болаларни парваришлаш ва уларга таълим бериш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Бола ҳуқуқлари Непал Конституциясининг 39-моддасида кафолатланган. Ушбу модда “Бола ҳуқуқлари” деб номланган ва 10 та банддан ташкил топган:

(1) Ҳар бир бола исм олиш ва туғилганиданоқ шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.

(2) Ҳар бир бола таълим олиши, соғлигини сақлаши, таъминоти, муносиб парвариши, спорт билан шуғулланиши, ҳордиқ чиқариши ҳамда ўз шахсини ҳар томонлама ривожлантириши учун оиласи ва давлат томонидан қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга.

(3) Ҳар бир бола болани ривожлантириш ва бола иштирокини таъминлаш ҳуқуқига эга.

(4) Ҳеч қайси бола қандайдир фабрика, кон ёки шунга ўхшаш хавфли жойларда ишлашга жалб этилиши мумкин эмас.

(5) Ҳеч қайси бола эрта никоҳга кириши, ғайриқонуний кўчирилиши, ўғирлаб кетилиши ёки гаровга олиниши мумкин эмас.

(6) Ҳеч қайси бола армия, полиция ёки бошқа ҳар қандай қуролли гуруҳга ёлланиши ёки сафарбар этилиши ёхуд маданий ё диний анъаналар баҳонасида зўравонликка, яккалаб қўйишга ёки жисмоний, руҳий, шаҳвоний ё бошқа турдаги эксплуатацияга ёхуд ундан ҳар қандай воситалар ё ҳар қандай усуллар билан номуносиб фойдаланиш ҳолатларига дучор этилиши мумкин эмас.

(7) Ҳеч қайси бола уйда, мактабда ва бошқа ҳар қандай жойда ва вазиятда ҳам жисмоний, руҳий ва бошқа турдаги қийноқларга солиниши мумкин эмас.

(8) Ҳар бир бола балоғатга етмаган ёшдагиларга мўлжалланган одил судлов ҳуқуқига эга.

(9) Ночор, етим, ногирон, низодан жабрланган, кўчирилган  ёки муҳтож бола давлат томонидан алоҳида ҳимояга олиш ва имтиёзлар бериш ҳуқуқига эга.

(10) Шу моддадаги (4),  (5),  (6) ва  (7)-қоидаларга зид ҳар қандай хатти-ҳаракат учун қонун бўйича жазо берилади ҳамда бундай қилмишдан жабр кўрган бола қонун асосида айбдордан товон ундириб олиш ҳуқуқига эга.

 Хорижий давлатлар Конституцияларининг ана шу қиёсий таҳлили аён бир ҳақиқатни яққол тасдиқлайди. Бу ўринда Ўзбекистон Президенти томонидан давлатнинг фуқароларни яшаш учун зарур уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, боланинг манфаатлари, жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон соғлиги ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга тааллуқли нормалар Конституцияда ўз аксини топиши таклиф этилгани жуда муҳимлиги ҳақида сўз бормоқда.

Бу ташаббуслар оила, болалар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, мамлакат ичкариси ёки ташқарисида яшаётган барча фуқароларимиз ҳуқуқлари ва манфаатларини конституциявий кафолатлашга қаратилгани билан диққатга сазовордир.

Академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, аҳолининг 40 фоизи болалардан иборат бўлган Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш ва ҳимоя қилиш масаласи ўта долзарбдир. Мамлакатда айни соҳада болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган қирқдан зиёд қонун ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ҳам шундан далолат беради.

Ирландиялик эксперт Конор О’Маҳони ҳам мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.

Ўз навбатида, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде қайд этганидек, “Конституциявий ислоҳотлар жараёнида бола ҳуқуқлари тўғрисидаги нормаларни кучайтириш, хусусан, боланинг энг мақбул манфаатларини ҳисобга олиш, камситмаслик, зўравонлик ва шафқатсиз муомалани тақиқлаш, болаларни эксплуатация қилишга йўл қўймаслик принциплари, кафолатланган хизмат кўрсатиш ва одил судлов имкониятларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш масалалари ҳар доим ва ҳамма жойда, айниқса, аҳолисининг учдан бир қисмини болалар ташкил этувчи Ўзбекистонда ниҳоятда аҳамиятлидир”.

 

Ғулом МИРЗО,

Ойдин ИБРОҲИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати ходимлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech