Ўзбекистон халқаро тараққиёт йўлида долзарб ва муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 24 июнь куни Хитой раислигида 18 мамлакат давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида ўтказилган “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда илгари сурилган ташаббуслар хорижий оммавий ахборот воситалари ва халқаро эксперт доиралари вакиллари томонидан чуқур ўрганилмоқда ва кенг муҳокама қилинмоқда.
Хитойнинг “Жэньминь жибао” газетаси ва “Chinadaily.com” электрон портали, Италиянинг “Askanews.it” ахборот агентлиги, кўплаб хорижий босма ва электрон нашрлар Ўзбекистон Президенти ўз нутқида “БРИКС плюс” форматидаги мулоқот Барқарор ривожланиш кун тартибидаги масалаларни илгари суришда инклюзив шериклик учун зарур платформа сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаганига эътибор қаратган.
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганлар эътиборини “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида ислоҳотларни амалга оширишни изчил давом эттираётган Янги Ўзбекистон кенг кўламли халқаро шерикликка, шу жумладан, “Жануб — Жануб” форматидаги ҳамкорликка очиқлигига қаратгани алоҳида таъкидланган.
Хорижий нашрлар Ўзбекистон Президенти жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этиш учун глобал савдо ва инвестициялар тизимидаги тўсиқларни бартараф этиш, янги ишлаб чиқариш ва савдологистика занжирини яратиш, саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш ва инфратузилмаларни модернизация қилиш, технологиялар трансфери ва инновацияларни жорий этиш, сунъий интеллект, рақамлаштириш, биотехнологиялар, жумладан, вакциналар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлигини қайд этганини урғулаган.
Ўзбекистон Президентининг нутқидаги асосий йўналишлардан бири қамбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги дастурларни амалга ошириш, иқлим ўзгариши ва инсон тараққиёти масалалари бўйича кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш бўлди. Ўзбекистон Университетлар лигаси ва Тармоқли университет каби БРИКС дастурларида иштирок этиш, шунингдек, профессионал таълим ва ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани билдирилди. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси сифатида шерикликнинг устувор йўналишлари бўйича БРИКС ва ШҲТнинг ўзаро амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишни таклиф қилди, деб ёзади муаллифлар.
Хориж оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти ўз нутқида транспорт-коммуникация соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш ҳамда “Шимол — Жануб” ва “Ғарб — Шарқ” трансконтинентал йўналишларига минтақани жалб этиш тарафдори эканини таъкидлагани ҳақида сўз юритган.
Ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, озиқ- овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва фойдаланишнинг ишончли тизимларини шакллантириш мақсадида жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг эллик фоизигача бўлган қисми ҳиссасига тўғри келаётган БРИКС мамлакатларининг улкан салоҳиятидан унумли фойдаланиш муҳимлиги қайд этилган.
Халқаро ахборот маконидаги етакчи нашрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг “БРИКС плюс” шаклидаги навбатдаги мулоқотнинг ўтказилиши тезкор равишда умумий таҳдидларнинг олдини олишга бўлган қатъий интилишларни яна бир бор намойиш этгани ҳақидаги фикрини келтирган.
Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича эксперт, тарих фанлари доктори, профессор Александр Князев “Sputnik” агентлигига берган интервьюсида “Ўзбекистон “БРИКС плюс”даги иштироки билан ташқи сиёсий фаоллигини намоён қилди. Ушбу майдончада Ўзбекистоннинг Россия, Хитой, Ҳиндистон каби устувор шериклари бор. Мамлакат ўзининг халқаро мавқеини оширар экан, Марказий Осиё минтақасидаги ролини юксалтиришга эришмоқда. Унинг икки томонлама муносабатлари фаоллашмоқда. Буни, айниқса, Россия билан алоқаларда кўриш мумкин”, деб фикр билдирган.
Москва давлат университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари институти директори, Олий иқтисодиёт мактабининг жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати факультети профессори, тарих фанлари доктори Алексей Масловнинг фикрича, БРИКС лойиҳаларидаги иштирок Ўзбекистонга нафақат сиёсий, балки иқтисодий манфаат ҳам келтиради.
— Ўзбекистон учун, биринчи навбатда, БРИКС банки муҳим аҳамиятга эга. Ушбу молия муассасаси имтиёзли шартларда маблағлар олиш имкониятини тақдим қилади. Банк трансмиллий автомагистраллар яратиш, инфратузилма лойиҳалари, шу жумладан, йўллар қурилиши учун инвестициялар ажратади. Бу Ўзбекистон маҳсулотларини бошқа давлатларга экспорт қилишга ёрдам бериши мумкин, — дейди Алексей Маслов.
Хитойнинг етакчи таҳлил марказлари вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.
Ли Жуйси,
Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти Бош тадқиқотчиси:
— Президент Шавкат Мирзиёев “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт бўйича юқори даражадаги мулоқотдаги нутқида нафақат БРИКС макони ва Евроосиё минтақаси, балки глобал аҳами ятга молик долзарб масалаларга алоҳида тўхталди. Ўзбекистон раҳбари жаҳон савдо ва инвестициялар тизимига салбий таъсир кўрсатаётган инқироз ҳодисаларига барҳам бериш, савдо йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш, ўзаро инвестиция ва саноат кооперациясини рағбатлантириш, камбағалликни камайтириш ва барқарор экологик ривожланишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон Президентининг бизнес мулоқотлар учун доимий платформа — “БРИКС плюс” бизнес ҳамжамияти форумини ишга тушириш муҳимлиги тўғрисидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Шу нуқтаи назардан, БРИКСга аъзо давлатлар ишбилармон доираларини жорий йил август ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ иқтисодий форумига таклиф этиш мумкин.
Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббуслар, биринчи навбатда, ҳозирги мураккаб шароитда иқтисодиётни, савдо-иқтисодий алоқаларни, саноат кооперациясини тиклаш ва камбағалликни қисқартириш муаммоларини ҳал этиш учун ўта муҳимдир. Бу таклифлар Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш стратегиясини ҳам акс эттиради.
Сюй Тао,
Хитой давлат кенгаши Тараққиёт тадқиқот маркази ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти етакчи эксперти:
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “БРИКС плюс” глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотдаги маърузаси менда алоҳида таассурот қолдирди. Маърузада турли соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг замонавий тенденциялари ва йўллари, уларни амалга ошириш бўйича амалий ғоялар чуқур таҳлил қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Президенти ўз нутқида иқтисодиётни тиклаш, транспорт ва коммуникациялар ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирларини яратиш каби долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбарининг камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида дастур қабул қилиш зарурлиги тўғрисидаги ташаббуси ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Хитой камбағалликни қисқартириш соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани Янги Ўзбекистон қурилишининг асосий устувор йўналишларидан бири эканини қайд этиш қувонарли.
Чжан Цинзи,
Гуандун халқаро илмий ва технологик ҳамкорлик иттифоқининг МДҲ мамлакатлари бўйича вицепрезиденти:
— Аввало, Ўзбекистонни “БРИКС плюс” форматидаги глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда муваффақиятли иштирок этгани билан табриклайман. Унда Ўзбекистон раҳбари қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Улар, албатта, БРИКС давлатлари ва бошқа ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришни рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Гуандун халқаро илмий ва технологик ҳамкорлик иттифоқи Ўзбекистон билан таълим, технология, инновация ва тижорат соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр.
Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг мулоқот доирасидаги янги халқаро ҳамкорлиги Хитой ва “БРИКС плюс” мамлакатлари билан трансчегаравий савдо учун янги платформани шакллан- тиришни мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон билан таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасида яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.
Чжан Дун,
Хитой-ШҲТ минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик Пилот зонаси администрацияси раҳбари:
— Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчиси, сўнгги йилларда мамлакат нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этиши ва минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни бойитиш бўйича илгари сурган ташаббуслари барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу йўналишда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади, чунки мамлакатларимиз изчил ривожланиш кун тартибини фаол илгари сурмоқда.
Ўзбекистон Президентининг “БРИКС плюс” мулоқоти доирасида жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатлар шароитида глобал савдо ва инвестициялар тизими учун тўсиқларни бартараф этиш ва янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирини яратиш, саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш ва инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича ташаббуслари амалий иқтисодий самара беради, минтақалараро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг махсус иқтисодий зоналари негизида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун янги рағбат бўлиб хизмат қилади.
Хитой ишбилармон доиралари Ўзбекистонда яратилаётган янги бизнес имкониятларини диққат билан кузатиб бормоқда. Биз Хитой ва Ўзбекистон ўртасида саноат зоналари соҳасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, юқори технологияларни ўз ичига олган қўшма минтақавий лойиҳаларни яратишда давом этамиз.
“Дунё” АА
- Қўшилди: 28.06.2022
- Кўришлар: 4665
- Чоп этиш