Бундан беш йил муқаддам Президентимиз ташаббуслари билан 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Биргина шу далилнинг ўзи ҳам кейинги йилларда юртимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини яққол тасдиқлайди.
Юртимиз – бахтиёр ёшлар мамлакати, десак, асло муболаға эмас. Аҳолимизнинг қарийиб 64 фоизини ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлган шахслар ташкил этади.
Албатта бу воқелик давлатимиз зиммасига улкан масъулият юклайди, жамиятимиздан жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни талаб этади. Бинобарин, ёшларимизга кўрсатиладиган ҳар қандай эътибор эртага ўзининг улкан ютуқ ва натижаларини ҳам беради.
Чунки ҳозир Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг ярмидан кўпи ёшлардир. Келгусида ҳар учинчи раҳбар ҳам ёшлардан бўлади.
Ёшлар масаласи ҳар доим давлатимиз сиёсати даражасидаги муҳим масала бўлиб келган. Сўнгги йилларда ёш йигит-қизларимиз учун яратилаётган кенг кўламдаги имконият ва шарт-шароитлар, уларнинг ўқиб-ўрганишлари, қизғин фаолият кўрсатишлари учун қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ўзига жалб этмоқда.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун ҳар бир ҳудудда зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат.
1999 йил 17 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 54/120-сонли резолюцияси билан Халқаро ёшлар масаласи билан шуғулланувчи вазирлар конференциясининг 12 августни Халқаро ёшлар куни деб эълон қилиш ҳақидаги тавсиясини маъқуллаган. Ушбу кунда жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга яна бир бор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, миллий қонунчилигимизга кўра 30 июнь –Ўзбекистон Республикасида Ёшлар куни этиб белгиланган. Шунингдек, 2020 йил 30 июнда:
- Президент Фармонига асосан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.
- Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (Агентлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.
Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. Агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади. Шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган.
Дастурда назарда тутилган тадбирлар Агентлик томонидан тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали молиялаштирилади.
Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилгани, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилгани ҳам юртимизда соҳа ривожи сари қўйилган муҳим қадамлар бўлди.
Ёш авлод ҳақида ғамхўрлик кўрсатилар экан, аввало улар бизнинг таянчимиз ва эртанги келажагимизнинг давомчилари эканлиги, ёшларга оид қонунчилик тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш қулай ҳуқуқий ва ташкилий иқтисодий имкониятлар барпо қилиш, уларнинг касб-ҳунар ўрганишлари, меҳнат қилишлари, эркин ижод қилишлари учун барча шароитларни яратиш ишлари диққат марказимизда туради.
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи келажак авлодга, юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қаралаётгани бежиз эмас.
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Матбуот хизмати етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 30.06.2022
- Кўришлар: 7403
- Чоп этиш