Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли: янги муаммолар, ютуқлар ва имкониятлар

2022 йил 29-30 июнь кунлари Анқара шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва уларнинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишдаги кенгайтирилган роли: янги муаммолар, ютуқлар ва имкониятларни ўрганиш” мавзусига бағишланган халқаро саммит бўлиб ўтди. Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Д.Муратова иштирок этди.

Тадбирда турли хорижий давлатлар, хусусан, Албания, Германия, Грузия, Дания, Озарбайжон, Хорватия ва Туркиянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлари вакиллари, халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда минтақавий мутахассислар қатнашди.

Тадбирнинг мақсади инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг халқаро инсон ҳуқуқлари кун тартибида янги пайдо бўлган ва ривожланаётган ролини муҳокама қилиш, ушбу институтлар дуч келаётган асосий муаммоларни ёритиб бериш ва бу муаммоларни бартараф этишнинг самарали стратегияларини муҳокама қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг иқлим ўзгариши, бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро боғлиқ муносабатлар бўйича тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Тадбир аввалида Туркия Республикаси Президенти Ражеб Тайеп Эрдоғаннинг мурожаати ўқиб эшиттирилди. Туркия Республикаси Президенти Саммитга йиғилган барча иштирокчиларни қутлар экан, мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, Туркия айни дамда дунёнинг турли миллатларига мансуб кўплаб қочоқлар учун макон бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, 20 йил аввалги ҳолатга қиёсланадиган бўлса, Туркия Республикаси бугунги кунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида улкан натижаларга эришган, хусусан, терроризм ва экстремизм хавфи сезиларли даражада пасайган. Президент мазкур тадбир кўзланган мақсадларга эришишда барча учун манфаатли бўлишига ишончи комил эканлигини билдириб, Саммитни юқори даражада ўтказишда муваффақият тилади.

Сўнг, Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Муҳаррем Қилич тадбирни очар экан, айни пайтда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар нафақат маҳаллий, балки минтақавий ва халқаро муаммоларга дуч келаётганини, мазкур тўсиқларни бартараф этиш чораларини аниқлаш мақсадида йиғилган Саммит иштирокчиларидан миннатдор эканини билдирди. М.Қилич қайд этишича, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўзаро ҳамкорлигини яна чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашдир.

Туркия Республикаси Адлия вазири Бекир Боздаг ҳам Саммит иштирокчиларини қутлаб, Туркия қонун устуворлиги ва демократия таъминланган мамлакат эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида тизимли стратегияларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган. Ўтган даврда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, дискриминациянинг турли хил кўринишларини бартараф этиш борасида салмоқли ютуқларга эришилган. Бу борадаги тегишли нормалар мамлакат Конституциясида ҳам ўз аксини топган.

Саммит давомида иқлим ўзгаришига инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни шакллантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли, тадбиркорлик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро боғлиқ муносабатлар мавзуларига оид тақдимотлар намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари таъкидланганларидек, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг мажбуриятидир. Бу мажбурият қонун устуворлигини таъминлайдиган турли хил ҳуқуқий ва маъмурий сиёсат ҳамда тизимлар орқали ресурсларни тенг тақсимлаш ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва камситмаслик тамойиллари орқали амалга оширилади.

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари тизимларини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи таркибий қисмга айланган. Бошқа давлат ташкилотларидан фарқли равишда миллий институтлар ўзининг мустақил ва доимийлик хусусиятига асосланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли миллий режаларни ҳамда истиқболли стратегияларни ишлаб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 декабрда қабул қилинган 48/134-сон қарор, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар мақоми тўғрисидаги Париж тамойиллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг фаолияти учун асос яратадиган муҳим ҳужжатлар эканини назарда тутган ҳолда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал алянси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Европа тармоғи каби инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий механизмлар томонидан олиб борилаётган ишларнинг долзарб хусусиятлари қизғин муҳокама қилинди.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал алянси иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ тематик соҳага алоҳида эътибор қаратади. Ўз навбатида, Европа парламентининг 2021  йил 19майдаги қарорида иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига таъсири ва бу борада атроф-муҳит ҳимоячиларининг роли тўғрисида таъкидланган.

Ушбу жараёнлардан келиб чиқиб, Саммитнинг биринчи сессияси иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланди. Бунда иқлим ўзгаришига инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни шакллантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ролини оширишга алоҳида урғу берилди.

Бизнес ва инсон ҳуқуқлари масаласи – Саммитнинг яна бир муҳим мавзусидир. Эдинбург Декларацияси 2010 йил октябрь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни халқаро мувофиқлаштирувчи қўмитасининг 10-халқаро конференцияси доирасида қабул қилинган бўлиб, бизнес ва инсон ҳуқуқларини ҳал қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ролига бағишланган. Эдинбург Декларацияси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг корпоратив инсон ҳуқуқлари масъулияти ва суиистеъмолчиликлари билан фаол равишда шуғулланиш, жумладан БМТнинг бизнес ва инсон ҳуқуқларига оид раҳбарий тамойилларига мурожаат қилиш бўйича жамоавий мажбуриятларини белгилайди.

Тадбирда иштирок этган давлатлар вакиллари инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳукумат сиёсатини белгилаб берувчи инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кучли миллий тизимларини жорий қилиш улкан аҳамиятга эгалигини таъкидладилар. Бу борадаги ижобий ишларга юқори баҳо берилди.

Саммитда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг аксарияти БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйгани эътироф этилди. Улар халқаро ва минтақавий нормалар ҳамда стандартларнинг миллий даражада қўлланишини назорат қилиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Иштирокчилар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар учун норматив-ҳуқуқий асослар ва уларнинг инсон ҳуқуқлари тараққиёти ҳамда ҳимоясидаги роли ва аҳамиятини, миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ ўз ваколатини амалга ошириш давомида институционал имкониятларини кучайтириш усуллари ва воситалари, инсон ҳуқуқлари бўйича турли соҳаларда миллий институтларнинг иш фаолиятини кучайтириш, тажриба ва энг яхши амалиётларни ўзаро алмашиш учун майдон ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий ва халқаро механизм билан алоқа ва ҳамкорлик” мавзуидаги сессия доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова сўзга чиқди.

Д. Муратова Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусан, БМТ билан узоқ йиллик ҳамкорлиги, мазкур ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, келажакдаги режалар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказнинг тизимли фаолияти ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон хуқуқлари соҳасида қабул қилинган янги қонунлар тўғрисида маълумотлар берди. Шу билан бир қаторда, мазкур тадбир мавзуси таалуқли бир қатор таклифларини билдирди.

Тадбир иштирокчилари Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон ҳуқуқлари бўйича мақсад ва вазифалар билан таништирилди.

Самит иштирокчилари жорий йил октябрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Глобал форумга катта қизиқиш билдирдилар.

Тадбирда якунида иштирокчи давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари илғор тажрибасини ўрганиш ва тарғиб этиш юзасидан тегишли ҳужжатлар қабул қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech