Ўзбекистон Республикаси Президенти шу йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида халқимизга мурожаат қилиб, конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақирди. “Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир! Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари янгиланган Конституция лойиҳасини қабул қилиш учун умумхалқ муҳокамаси ва референдум ўтказилишини билдирди. Президентимиз Асосий қонунга қатор нормаларни киритиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.
Яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи: миллий амалиёт ва халқаро ҳуқуқ
Асосий қонунимизда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек, барча фуқароларга мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим. Ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари айнан Конституция даражасида мустаҳкамланиши керак, деди давлатимиз раҳбари.
Шу кунларда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида ушбу таклифлар ўз аксини топган.
Конституциявий қонун лойиҳасининг 28-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ҳар ким республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқига эга”.
Агар янги нормалар билан тўлдирилган ушбу модданинг биринчи жумласини амалдаги Конституциянинг 28-моддаси биринчи жумласи билан солиштирилса, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси” деган тушунча янги таҳрирдаги матнда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс” деган мазмунда кенгайтирилганини кузатиш мумкин.
Энг асосийси, таклиф этилаётган таҳрирда мавжуд нормалар аниқлаштирилган. Хусусан, нафақат фуқароларнинг, балки мамлакатимизда қонуний асосда юрган ҳар бир кишининг бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш, яшаш жойини эркин танлаш ва республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган.
Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс деганда, бир томондан, фуқаролиги бўлмаган юртдошларимиз, иккинчи томондан, халқаро ҳуқуқ талаблари доирасида юртимизда бўлиб турган хорижий фуқаролар ҳам тушунилади.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда фуқаросизликка барҳам бериш борасидаги вазият кейинги беш йилда тубдан ўзгарди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш билан боғлиқ чақириғига жавобан биргина 2021 йилнинг ўзида 56 минг 751 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлди.
Кейинги даврда янгиланган "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда камида 15 йил давомида яшаб турган ва доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик берилишининг янги тартиби ўрнатилди.
Бундан ташқари, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг 2024 йилгача фуқаросизликка барҳам бериш бўйича Глобал ҳаракатлар режасига кўра, Ўзбекистонда туғилиш ҳолатларини ялпи рўйхатга олишни таъминлаш мақсадида чақалоқларни, шу жумладан, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ота-оналардан туғилган болаларни расмийлаштириш амалиётига ўзгаришлар киритилган.
Фуқаролик ва фуқаросизлик бўйича модул ҳамда Фуқаролик ва фуқаросизлик бўйича модул асосида ўқитувчиларга таълим бериш дастури ишлаб чиқилди. Марказий Осиёда фуқаросизликни камайтириш ва тугатиш масалаларига бағишланган қўшма тадбирлар ташкил этилди. БМТнинг 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва 1961 йилги Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисидаги конвенцияси ҳамда Фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича Раҳбарий қоидалар ўзбек тилига таржима қилинди ва нашр этилди.
БМТнинг 1961 йилги Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенциясига қўшилар экан, ҳукуматлар фуқароликка бўлган устувор ҳуқуқни ҳимоя қилишга содиқлигини намоён этади. Зеро, инсон қадри – улуғ, инсон ҳуқуқлари бардавомдир.
Шахснинг фуқароликка эгалиги жамият ҳаётига тўлақонли иштирок этиш, хусусан, сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловда иштирок этиш, мулк ҳуқуқидан фойдаланиш, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳуқуқларини қонуний асосда кенг рўёбга чиқариш имкониятларини кафолатлайди. Фуқаролик, шунингдек, инсоннинг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш каби бошқа бир қатор ҳуқуқларини ҳам таъминлайди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 13-моддасида ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва ўзига яшаш жойини танлаш, исталган мамлакатни, шу жумладан, ўз мамлакатини тарк этиш ва ўз мамлакатига қайтиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.
Яшаш жойини танлаш эркинлиги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12-моддасида кўрсатилган. Пактда қайд этилишича, ушбу эркинлик қонунда назарда тутилган, давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлигини ёки ахлоқ-одобини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ва Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқлар билан мос келадиган чекловлардан бошқа ҳеч қандай чекловларга дучор бўлмаслиги керак.
Шу маънода, ҳозирги кунда Конституция ислоҳоти доирасида кўриб чиқилаётган конституциявий кафолат давлатга ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва ушбу эркинликларнинг асоссиз ҳамда қонунга хилоф равишда чекланишига йўл қўймаслик мажбуриятини юклайди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва яшаш эркинлиги шахс ҳуқуқларининг устуворлиги тамойилига риоя қилиш асоси бўлиб хизмат қилади.
Яна бир муҳим масала – қочоқлар мавзусидир. Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишга оид “Йўл харитаси”нинг ижроси, шунингдек мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши билан боғлиқ ҳолда, қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда фуқаролик ва фуқаросизлик масалалари бўйича халқаро шериклар билан ҳамкорликда мунтазам қўшма тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий натижалари ҳақида фикр юритганда, авваламбор, инсон ҳуқуқлари бўйича тренинг дастурининг қочоқларни ҳимоя қилишга оид модули ишлаб чиқилганини таъкидлаш лозим. Давлат органлари ходимлари учун мўлжалланган ушбу модул асосида ўқитувчиларни тайёрлашга қаратилган тренинг ҳам ўтказилди.
Шунингдек, 1951 йилги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенция бўйича қўшма семинар-тренинглар ташкил этилди. БМТнинг ушбу соҳага оид 3 та муҳим ҳужжати: 1951 йилги Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва 1967 йилги унинг Протоколи; Қочоқларни халқаро даражада ҳимоя қилиш ва бошпана беришнинг давлат тизимни яратиш масалаларига оид Раҳбарий қоидалар (Парламент аъзолари учун қўлланма); Қочоқлар мақомини белгилаш тартиб-таомиллари ва мезонлари бўйича Раҳбарий қоидалар ўзбек тилига таржима қилинди.
Сўнгги йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Бошқармаси вакиллари ўртасида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳаётий далилларнинг барчаси ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз тобора фаоллашаётганини кўрсатади.
Бошпана бериш ҳуқуқи: яқин хориж тажрибаси
БМТ экспертлари таҳлилларига қараганда, жаҳондаги 66 та давлатнинг Конституцияларида хорижий фуқароларга бошпана бериш ҳуқуқи кафолатланган. Ушбу давлатлар тажрибасини турли минтақа ва қитъалар кесимида кўриб чиқамиз.
Дастлаб Марказий Осиё минтақасидаги бошпана беришнинг аниқ конституциявий ҳуқуқига эга мамлакатлар тажрибасига мухтасар тўхталамиз.
Хусусан, 2010 йил 27 июнда қабул қилинган Қирғизистон Конституциясининг 19-моддасига кўра, “(2) халқаро мажбуриятларга мувофиқ Қирғизистон Республикаси сиёсий асосларда, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги сабабли таъқиб қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга бошпана беради”.
1994 йил 6 ноябрда қабул қилинган ва 2003 йил 22 июнда ўзгартирилган Тожикистон Республикаси Конституциясининг 16-моддасида қайд этилишича, “Тожикистон инсон ҳуқуқлари бузилиши қурбонига айланган чет эл фуқароларига сиёсий бошпана бериши мумкин”.
1992 йил 18 майда қабул қилинган ва 2003 йил 15 августда ўзгартирилган Туркманистон Конституциявий қонунининг 8-моддасига мувофиқ, “(2) Туркманистон ўз мамлакатларида сиёсий, миллий ёки диний эътиқодлари учун таъқибга учраган чет эл фуқароларига бошпана ҳуқуқини беради”.
Собиқ совет иттифоқи ўрнида ташкил топган МДҲ маконидаги мустақил давлатлар Конституцияларида бу борада қандай нормалар кўзда тутилган? Айрим мисоллар:
- 1994 йил 1 мартда қабул қилинган Беларусь Конституциясининг 12-моддаси: “Беларусь Республикаси сиёсий ёки диний эътиқоди ёки этник мансублиги учун бошқа давлатларда таъқибга учраган шахсларга бошпана бериш ҳуқуқини қўллаши мумкин”.
- 1995 йил 24 августда қабул қилинган ва 2010 йил 15 октябрда ўзгартирилган Грузия Конституциясининг 47-моддаси: “(2) халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида ва қонунда белгиланган тартибда Грузия чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга бошпана беради”.
- 1994 йил 29 июлда қабул қилинган Молдова Конституциясининг 19-моддаси: “(3) бошпана ҳуқуқи қонунга мувофиқ ва Молдова Республикаси қўшилган халқаро шартномаларга риоя қилган ҳолда берилади ва олиб қўйилади”.
- 1995 йил 12 ноябрда қабул қилинган Озарбайжон Конституциясининг 70-моддаси: “(1) эътироф этилган халқаро ҳуқуқий стандартларга мувофиқ, Озарбайжон Республикаси чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга сиёсий бошпана беради”.
- 1993 йил 12 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 31 декабрда ўзгартирилган Россия Конституциясининг 63-моддаси: “(1) Россия Федерацияси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга бошпана беради”.
- 1996 йил 28 июнда қабул қилинган ва 2010 йил 30 сентябрда ўзгартирилган Украина Конституциясининг 26-моддаси: “(2) чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қонунда белгиланган тартибда бошпана берилиши мумкин”.
Осиё қитъаси давлатлари тажрибаси
Энди мамлакатимиз жойлашган қитъа – Осиё давлатларининг бошпана бериш соҳасидаги конституциявий тажрибасига назар соламиз.
- 1982 йил 4 декабрда қабул қилинган ва 2004 йил 14 мартда ўзгартирилган Хитой Конституциясининг 32-моддаси: “Хитой Халқ Республикаси Хитой ҳудудидаги чет элликларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилади ва Хитой ҳудудида чет элликлар Хитой Халқ Республикаси қонунларига риоя қилишлари керак. Хитой Халқ Республикаси сиёсий сабабларга кўра талаб қилинаётган чет элликлар учун бошпана бериши мумкин”.
- 1971 йил 11 сентябрда қабул қилинган ва 2007 йил 26 мартда ўзгартирилган Миср Конституциясининг 53-моддаси: “(1) сиёсий бошпана ҳуқуқи халқларнинг манфаатларини, инсон ҳуқуқларини, тинчлик ва адолатни ҳимоя қилгани туфайли таъқибга учраган ҳар бир чет эллик учун давлат томонидан кафолатланади”.
- 1945 йил 18 августда қабул қилинган ва 2002 йилда ўзгартирилган Индонезия Конституциясининг 28-моддаси: “(1) ҳар бир инсон ўзи, оиласи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқи бўлган нарсаларни қилиш ёки қилмаслик қўрқуви таҳдидларидан ҳимояланиш ҳамда ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга; (2) ҳар бир инсон қийноқлардан ёки ғайриинсоний ва камситувчи муомаладан озод бўлиш ҳамда бошқа мамлакатдан сиёсий бошпана олиш ҳуқуқига эга”.
- 2005 йил 15 октябрда қабул қилинган Ироқ Конституциясининг 21-моддаси: “(2) қонун асосида Ироқда сиёсий бошпана ҳуқуқи халқларнинг манфаатларини, инсон ҳуқуқларини, тинчлик ва адолатни ҳимоя қилгани туфайли таъқибга учраган ҳар бир чет эллик учун давлат томонидан кафолатланади”.
- 1979 йил 24 октябрда қабул қилинган ва 1989 йил 28 июлда ўзгартирилган Эрон Конституциясининг 155-моддаси: “Агар шахс Эрон қонунларига биноан хоин ва саботажчи сифатида қаралмаса, Эрон Ислом Республикаси ҳукумати уни излаётганларга сиёсий бошпана бериши мумкин”.
- 1991 йил 15 августда қабул қилинган ва 2003 йил 6 майда ўзгартирилган Лаос Конституциясининг 51-моддаси: “Лаос Халқ Демократик Республикаси озодлик, адолат, тинчлик ва илмий сабаблар учун курашгани туфайли таъқибга учраган чет элликларга бошпана беради”.
- 1992 йил 13 январда қабул қилинган Монголия Конституциясининг 18-моддаси: “(4) фуқаролиги бўлмаган шахсларга сиёсий бирлашмаларда иштирок этгани ёки эътиқоди туфайли, сиёсий ёки бошқа фаолияти сабаб таъқибга учраганларга уларнинг асосли сўрови бўйича Монголияда бошпана берилиши мумкин”.
- Саудия Арабистони Маслаҳат кенгаши асосий тизимида 1992 йил 1 мартда қабул қилинган ва янги Конституция деб юритиладиган Қирол фармонининг 42-моддаси: “Агар жамоат манфаати буни талаб қилса, Давлат сиёсий бошпана беради. Қоидалар ва халқаро шартномалар жиноятчиларни экстрадиция қилиш билан боғлиқ тартиб-қоидаларга аниқлик киритади”.
Европа давлатлари тажрибаси
Европа қитъаси давлатларининг бу борадаги тажрибаси алоҳида диққатни тортади. Мисол учун:
- 1998 йил 21 октябрда қабул қилинган Албания Конституциясининг 40-моддаси: “Хорижликлар қонунга кўра Албания Республикасида паноҳ ҳуқуқига эга”.
- 1991 йил 12 июлда қабул қилинган ва 2007 йил 6 февралда ўзгартирилган Болгария Конституциясининг 27-моддаси: “(2) Болгария Республикасида, халқаро эътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш доирасида, ҳар бир шахс, таъқибга учраганида, ўша давлат қонунлари ва халқаро конвенцияларга мувофиқ, бошқа давлатлардан бошпана излаш ва олиш ҳуқуқига эга”.
- 1949 йил 20 августда қабул қилинган ва 2007 йилда ўзгартирилган Венгрия Конституциясининг 65-моддаси: “Қонун ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ, Венгрия Республикаси, агар уларнинг келиб чиқиш мамлакати бўлмаса ёки бошқа давлат ҳимояни таъминламаса, Венгрия ўз ватанида ёки мамлакатида ирқи ёки миллатига кўра таъқибга учраганлар, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги, диний ёки сиёсий эътиқоди туфайли қувғинга дучор этилишига асоси бўлган чет эл фуқароларига бошпана ҳуқуқини кенгайтиради”.
- 1979 йил 6 декабрда қабул қилинган ва 1992 йил 27 августда ўзгартирилган Испания Қироллиги Конституциясининг 13-моддаси: “(4) Қонун бошқа мамлакатлардан келган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Испанияда бошпана олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин бўлган шартларни белгилайди”.
- 1947 йил 22 декабрда қабул қилинган ва 2003 йил 12 июнда ўзгартирилган Италия Конституциясининг 10-моддаси: “(3) ўз мамлакатида Италия Конституцияси билан кафолатланган демократик эркинликларнинг ҳақиқий амалга оширилишини рад этган чет эллик, қонунда белгиланган шартларга мувофиқ, Республика ҳудудида бошпана олиш ҳуқуқига эга”.
- 1991 йил 23 декабрда қабул қилинган ва 2006 йил 20 июнда таҳрир қилинган Словения Республикаси Конституциясининг 48-моддаси: “Қонун доирасида бошпана ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига содиқлиги туфайли таъқибга учраган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун тан олинади”.
- 1990 йил 22 декабрда қабул қилинган ва 2001 йил 2 апрелда ўзгартирилган Хорватия Конституциясининг 33-моддаси: “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар улар сиёсий бўлмаган жиноятлар в халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига зид бўлган фаолият учун жавобгарликка тортилмаса, Хорватия Республикасидан бошпана олишлари мумкин”.
Америка қитъаси давлатлари тажрибаси
Бошпана беришнинг аниқ конституциявий ҳуқуқини кафолатлашда Америка қитъаси давлатларининг тажрибаси, айниқса, эътиборлидир. Жумладан:
- 2009 йил 7 февралда қабул қилинган Боливия Конституциясининг 29-моддаси: “хорижликларнинг талаб ва мафкуравий ёки сиёсий таъқиблар учун бошпана ёки сиёсий паноҳ олиш ҳуқуқи қонунлар ва халқаро шартномаларга мувофиқ эътироф этилади”.
- 1988 йил 5 октябрда қабул қилинган ва 2010 йил март ойида ўзгартирилган Бразилия Конституциясининг 4-моддаси: “Бразилия Федератив Республикасининг халқаро муносабатлари қуйидаги тамойиллар асосида бошқарилади: (Х) сиёсий бошпана бериш концепцияси”.
- 1999 йил 15 декабрда қабул қилинган Венесуэла Конституциясининг 69-моддаси: “(1) Венесуэла Боливар Республикаси бошпана ҳуқуқини кафолатлайди”.
- 1985 йил 31 майда қабул қилинган ва 1993 йил 17 ноябрда ўзгартирилган Гватемала Республикаси Конституциясининг 27-моддаси: “Гватемала бошпана ҳуқуқини тан олади ва уни халқаро амалиётга мувофиқ беради”.
- 1991 йил 6 июлда қабул қилинган ва 2005 йил 22 июлда ўзгартирилган Колумбия Конституциясининг 36-моддаси: “Бошпана ҳуқуқи қонунда назарда тутилган чегаралар доирасида тан олинади”.
- 1992 йил 24 февралда қабул қилинган ва 2002 йил 26 июнда ўзгартирилган Куба Конституциясининг 13-моддаси: “Куба Республикаси империализм, фашизм, мустамлакачилик ва неоколониализмга қарши демократик ҳуқуқларга оид идеаллари ёки курашлари учун; камситиш ва ирқчиликка қарши; миллий озодлик учун; ишчилар, деҳқонлар ва талабаларнинг ҳуқуқлари ва талаблари учун; уларнинг илғор сиёсий, илмий, бадиий ва адабий фаолияти; социализм ва тинчлик учун қувғин қилинганларга бошпана беради”.
- 1983 йил 20 декабрда қабул қилинган ва 2003 йил 15 майда ўзгартирилган Салвадор Республикаси Конституциясининг 28-моддаси: “Салвадор ўз ҳудудида яшашни истаган чет эл фуқаросига бошпана беради, қонунларда ва халқаро ҳуқуқда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно”.
- 1992 йил 20 июнда қабул қилинган Парагвай Республикаси Конституциясининг 43-моддаси: “Парагвай сиёсий сабабларга кўра ёки тегишли умумий жиноятлари ёки фикри ё эътиқоди туфайли таъқибга учраган шахсларга ҳудудий ва дипломатик бошпана ҳуқуқини беради. Давлат органлари тегишли шахсий ва хавфсизликни таъминловчи ҳужжатларни дарҳол бериши талаб этилади. Сиёсий бошпана берилган ҳеч ким ҳокимият уни таъқиб қилаётган мамлакатга боришга мажбур этилмайди”.
- 1998 йил 5 июнда қабул қилинган Эквадор Республикаси Конституциясининг 29-моддаси: “Сиёсий жиноятлар учун таъқиб қилинган эквадорликлар бошпана сўраш ҳамда ушбу ҳуқуқни қонун ва халқаро шартномаларга мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқига эга. Эквадор бошпана учун хорижликлар ҳуқуқини тан олади”.
Африка қитъаси давлатлари тажрибаси
Африка қитъасидаги давлатларда ҳам бошпана бериш конституциявий ҳуқуқини таъминлаш йўналишида муайян тажриба тўпланган. Хусусан:
- 1992 йил 25 августда қабул қилинган Ангола Конституциявий қонунининг 26-моддаси: “Ҳар қандай чет эллик шахс ёки фуқаро сиёсий сабаблар билан таъқиб қилинган тақдирда, амалдаги қонунларга ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ, унга бошпана сўраш ҳуқуқи кафолатланади”.
- 1990 йил 2 декабрдаги референдумда қабул қилинган Бенин Республикаси Конституциясининг иловаси ҳамда Халқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича Африка хартиясининг 12-моддаси: “(3) ҳар бир шахс, таъқибга учраганида, ўша давлат қонунлари ва халқаро конвенцияларга мувофиқ, бошқа давлатлардан бошпана излаш ва олиш ҳуқуқига эга”.
- 1992 йил 25 февралда қабул қилинган Мали Конституциясининг 12-моддаси: “(2) сиёсий ёки диний эътиқоди, этник алоқаси туфайли таъқиб қилинган ҳар қандай шахс Мали Республикасида бошпана ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”.
- 1990 йил 30 ноябрда қабул қилинган Мозамбик Конституциясининг 64-моддаси: “(2) Мозамбик Республикаси тинчлик учун курашгани туфайли қувғинга учраган чет элликлар, демократия, миллий ва ижтимоий озодлик ёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани сабаб таъқибга учраганларга бошпана беради”.
- 1990 йил февралда қабул қилинган ва 1998 йил 24 декабрда ўзгартирилган Намибия Республикаси Конституциясининг 97-моддаси: “Давлат уларнинг сиёсий эътиқодлари, ирқи, дини ёки маълум бир ижтимоий гуруҳга аъзолиги асосларига кўра таъқибдан қўрққан шахсларга бошпана беради”.
- Руанда Республикасининг 2003 йил 26 майда қабул қилинган янги Конституцияси 25-моддаси: “Бошпана ҳуқуқи қонун билан белгиланган шароитларда тан олинади”.
- 1996 йил 31 мартда қабул қилинган Чад Республикаси Конституциясининг 46-моддаси: “Бошпана ҳуқуқи қонунда белгиланган шартлар билан чет эл фуқаролари учун берилади. Сиёсий қочқинларни экстрадиция қилиш тақиқланади”.
Қайси давлатлар Конституцияларида экстрадиция қилиш тақиқланган?
Айрим давлатларнинг Конституцияларида бошпана ҳуқуқи кўзда тутилмаган бўлишига қарамай, сиёсий қочқинларни қайтариб юбормаслик тамойилига амал қилиш тажрибаси ҳам кузатилади. Бунда ўша давлат Конституциясида экстрадиция тақиқланганига оид норма мавжудлиги муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, Жазоирнинг 1976 йил 19 ноябрда қабул қилинган ва 1996 йил 28 ноябрда ўзгартирилган Конституцияси 69-моддасига мувофиқ, “Ҳеч қандай ҳолатда, қонуний бошпана ҳуқуқига эга бўлган сиёсий қочқинни топшириш ёки экстрадиция қилиш мумкин эмас”.
Сурия Араб Республикасининг 1973 йил 13 мартда қабул қилинган ва 2000 йил 11 июнда ўзгартирилган Конституциясидаги сиёсий бошпана масаласига бағишланган 34-моддасига биноан, “Сиёсий қочқинлар сиёсий тамойиллари ёки эркинликни ҳимоя қилишлари сабабли экстрадиция қилиниши мумкин эмас”.
Бирлашган Араб Амирликларининг 1971 йил 18 июлда қабул қилинган муваққат Конституцияси 38-моддасига кўра, “фуқаролар ва сиёсий қочқинларни экстрадиция қилиш тақиқланади”.
Баҳрайн Қироллигининг 2002 йил 14 февралда қабул қилинган Конституцияси 21-моддаси, Ливиянинг 1969 йил 11 декабрда қабул қилинган Конституцияси 11-моддаси, Тунис Республикасининг 1959 йил 1 июнда қабул қилинган ва 2008 йил 28 июлда ўзгартирилган Конституцияси 17-моддаси, шунингдек, Қувайт давлатининг 1962 йил 11 ноябрда қабул қилинган Конституцияси 46-моддасида ҳам сиёсий қочқинларни экстрадиция қилиш тақиқланган.
Ғулом МИРЗО,
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати ходимлари
- Қўшилди: 01.07.2022
- Кўришлар: 4736
- Чоп этиш