Жорий йил 2-5 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Женевага ташриф буюрди. Ташриф доирасида халқаро ташкилотлар ва дипломатик миссиялар раҳбарлари билан ҳамкорликда ўзаро учрашув, амалий мулоқот ҳамда анжуманлар ўтказилди.
Хусусан, 4 июль куни Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотида “Конституциявий ислоҳот: инсон қадри ва ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсад” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Женевада жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳи, Парламентлараро Иттифоқ, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия, ЮНИСЕФ раҳбарияти ва ходимлари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси, ноҳукумат ташкилотлар фаоллари, хорижий давлатларнинг Женевадаги ваколатхоналари бошлиқлари, Швейцария оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Акмал САИДОВ, Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Конституциявий комиссия раиси:
– Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ислоҳ этишдан кўзланган асосий мақсад “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида амалий ҳаётимизнинг бош қадриятига айлантиришдир. Чунки инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак". Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи билан боғлиқ таклиф ва тавсиялар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани алоҳида эътиборга сазовор.
Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритиш таклиф қилинди. Нега деганда, яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган.
Кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилишини назарда тутадиган “Миранда қоидаси” Конституциямизда муҳрлаб қўйилмоқда. Шунингдек, “Хабеас корпус” институтини ривожлантиришга жиддий аҳамият берилмоқда.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, ана шу шиддатли ўзгаришларнинг марказида инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи тургани халқаро мулоқот иштирокчилари томонидан мамнуният билан таъкидланди. Хусусан, мамлакатда гендер тенгликка эришиш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида муҳим ютуқлар қўлга киритилгани юқори баҳоланди.
Айниқса, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг устувор тамойиллари ва ғоялари БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” шиори билан ҳамоҳанг эканлиги алоҳида эътироф этилди. Зеро, бу муҳим омил инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашда улкан аҳамият касб этади.
Мартин ЧУНГОНГ, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларининг мамлакатингиз конституциявий асосларини ислоҳ этиш ва такомиллаштиришга қаратилган ташаббуси таҳсинга сазовордир.
Асосий Қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилаётгани ва ушбу жараёнда жамоатчиликнинг кенг иштирок этаётгани, ўз навбатида, бўлажак референдумнинг қонуний негизда юксак уюшқоқлик билан ўтишига йўл очади. Таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, ҳеч шубҳасиз, халқаро стандартлар талабларига мос келади.
Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги конституциявий ислоҳотлар соҳасида Парламентлараро Иттифоқ тўплаган тажриба Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳозирги қатъий йўли ва ибратли амалиётига жуда ҳам монанд ҳамда уйғун эканини алоҳида таъкидлайман. Шу маънода, “Инсон шарафи ва қадр-қиммати”ни бош масала этиб белгилаган ҳолда, Асосий Қонунга ўзгартиришлар киритиш жараёнларини изчиллик билан амалга ошираётган Ўзбекистонни бошқа кўплаб мамлакатларга намуна қилиб кўрсатишдан сира иккиланмайман.
Конституция – халқ учун ёзилади. Мамлакатингизда бўлиб ўтаётган умумхалқ муҳокамаси ва келиб тушаётган кўпсонли таклифларнинг эътибор билан ҳисобга олиниши натижасида халқаро стандартларга, энг муҳими, Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси ва орзу-истакларига тўлиқ мос келадиган Конституциявий қонун лойиҳаси шакллантирилиши тайин.
Парламентлараро Иттифоқ Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот жараёнларини тўла қўллаб-қувватлайди. Биз бу борада ҳар қандай техник кўмак кўрсатишга ҳамиша тайёрмиз.
Ҳейнз КОЛЛЕР, Халқаро меҳнат ташкилотининг Бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори:
– Шу йил март ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифим самараларидан жуда ҳам хурсандман. Мамлакатингизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, «Cotton Campaign» томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкотнинг бекор қилингани ва пандемия шароитига қарамай, юртингизга Европа Иттифоқи томонидан «GSP+» бенефициари мақоми тақдим этилгани – буларнинг барчасини юксак баҳолайман.
Бу салмоқли натижалар аввало Ўзбекистон Президентининг қатъий ва мустаҳкам сиёсий иродаси самараларидир. Албатта, Президентнинг жамоаси, шу жумладан, барча ижтимоий шериклари яқин ҳамкорликда тиришқоқлик билан ишлаганини ҳам эътироф этиш керак.
Кейинги даврда Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида ишончли ва ўрнак олишга арзигулик амалий муносабатлар қарор топди. Мамлакатингиз бу борада чиндан ҳам бой ижобий тажриба тўплади. Ушбу ибратли амалиёт Халқаро меҳнат ташкилоти тарихидаги энг мақбул намунадир, десам, асло муболаға бўлмайди.
Конституциявий ислоҳот ҳақида сўз борганда, Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари дастуриламал принципларини конституциявий нормалар мақомида мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни астойдил маъқуллайман. Хусусан, сурункали болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ижтимоий давлат ғояси билан суғорилган конституциявий нормалар ниҳоятда муҳимдир.
Бундай ёндашув, бир томондан, халқнинг кундалик турмушини фаровон этишга хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакат ялпи иқтисодиёти юксалиши йўлида ҳам ижобий самаралар беришига аминман.
Жианни МАГАЗЗЕНИ, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Универсал даврий шарҳ бўлими бошлиғи:
– Ўзбекистонда инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётганини қўллаб-қувватлайман. Мамлакатингиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари юзасидан Универсал даврий шарҳ муҳокамаси бўйича катта ижобий тажрибага эга.
Бу ўринда, айниқса, 2018 йилда Ўзбекистон Универсал даврий шарҳнинг учинчи босқичи доирасида тақдим этилган 212 та тавсиямиздан 198 тасини қабул қилгани ва амалиётга татбиқ этгани юксак баҳога сазовордир.
Универсал даврий шарҳнинг олдинги босқичлари доирасида тақдим этилган қонун ижодкорлиги билан боғлиқ таклифларимиз ҳам Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясида ўз аксини топади, деб умид қиламан.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Универсал даврий шарҳ – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг механизми. Ушбу механизм доирасида бир йилда тўрт маротаба БМТга аъзо 193 та давлат томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари ва вазифалари қандай бажарилаётгани мунтазам равишда шарҳлаб борилади.
Универсал даврий шарҳ ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш мақсадида амалга оширадиган саъй-ҳаракатлари ҳақида маълум қилиши, шунингдек, айни соҳадаги ўз мажбуриятларини бажариши учун имкониятлар яратади.
Диего ГАРСИЯ-САЯН, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси:
– Фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда адвокатлар ва судьяларнинг мустақиллигини амалда таъминлаш жуда муҳимдир. Бу борада муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларининг бевосита раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий янгиланишлар юксак баҳога лойиқдир.
Ўзбекистоннинг янги Президенти мамлакат бошқурувига келган даврдан эътиборан юртингиз ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришлар шиддатли суръатларда амалга оширилаётганини кузатиб келмоқдамиз. Шу жумладан, очиқлик ва транспарентликни таъминлаш, судьялар ва адвокатларнинг мустақиллигига эришиш йўлида салмоқли одимлар қўйилганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ўзбекистонга бундан уч йил олдин амалга оширган ташрифимни мамнунлик билан эслайман. Ўшанда Ўзбекистон Президенти ва тегишли муассасалар раҳбарлари билан самарали мулоқотлар олиб боргандик.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзаро ишончга асосланган ана шу мулоқотларимиз ўз мевасини берганини алоҳида таъкидламоқчиман. Чунки айни вақтда мамлакатингизда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш жараёнлари ижобий томонга изчил ривожланаётганини кўриб турибмиз.
Мамлакатингизда ўлим жазоси қўлланмаслиги ҳақидаги норманинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилишини олқишлайман. Албатта, “Хабеас корпус” институтини ривожлантиришга жиддий аҳамият берилаётгани ва барча шахсларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиши кафолатланаётгани ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Конституциянгизда қонун устуворлиги принциплари ўрнатилаётгани диққатга сазовор. Айниқса, “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” тамойилининг янгиланаётган Асосий Қонунда ўз аксини топиши ҳавас қилса арзигуликдир.
Шу ўринда Бош Қомусингизда том маънодаги ҳуқуқий давлат барпо этишнинг кафолати бўлиб хизмат қиладиган конституциявий нормалар қарор топишига чин дилдан тилакдошман. Чунки бунинг натижасида судьялар, янада муҳими, адвокатларнинг ҳақиқий мустақиллиги сўзсиз таъминланади.
Рутс ДРЕЙФУС, Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия Вице-президенти, Швейцариянинг собиқ Президенти:
– Халқаро комиссиямиз Марказий Осиёни ўлим жазосидан холи минтақага айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни қизғин қутлайди. Ишончим комилки, бу эзгу интилишлар ўз самарасини беради ва Европа Иттифоқидан кейин Марказий Осиё ўлим жазосини тўлиқ тақиқлаган иккинчи минтақа мақомига эга бўлади.
Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби олийлари раҳбарлигида амалга оширилаётган ўзгаришларни Швейцария жамоатчилиги чуқур ҳайрат билан кузатиб бормоқда.
Конституциявий ислоҳот асносида Ўзбекистоннинг Асосий Қонунига ўлим жазоси қўлланишининг тақиқланишига оид норма киритилаётганини тўла қўллаб-қувватлайман. Бундай конституциявий тузатиш Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий принципи бўлмиш яшаш ҳуқуқини рўёбга чиқариш имконини беради ва буни таъкидлаётганимдан мамнунман.
Анна-Катерин ҲАНН, Фрибур Университети профессори (Швейцария):
– Даставвал, Швейцарияда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ва бу борада ўзим тўплаган тажриба ҳақида мухтасар тўхталаман.
Мамлакатимиз Асосий Қонуни 1848 йилда тасдиқланган бўлиб, ўтган даврда унга бир неча бор ўзгартиришлар киритилган. Шулар орасида 1999 йилги конституциявий ислоҳот алоҳида аҳамиятга эга.
Таҳлилларимга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот 1999 йилда Швейцариянинг янгиланган Конституциясини қабул қилиш жараёнларига жуда ўхшайди. Ўшанда мамлакатимизда федерал адлия ислоҳ этилган ва швейцариялик фуқароларга қўшимча сиёсий ҳуқуқлар берилган.
Швейцариянинг Асосий Қонунида, шунингдек, бошқа бир қатор дастуриламал ҳуқуқлар кодификациялаштирилган. Бинобарин, бу ҳуқуқларни илгари фақат суд амалиёти ва қонуности ҳужжатлар орқалигина билганмиз.
Роберт БЛЮМ, Женева Дипломатлар доираси Президенти:
– Муҳтарам Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларининг Президент лавозимига сайланиши ва юртингизда шиддатли ислоҳотлар жараёнининг бошланиши тимсолида Ўзбекистон қайтадан дунёга келди гўё. Шу нуқтаи назардан, давлатингиз раҳбарининг Конституцияни такомиллаштириш ташаббусини мамлакатингиз истиқболи йўлидаги ўта муҳим қарор, деб ҳисоблайман.
Асосий Қонунни ўзгартириш жараёнларининг эътиборга молик жиҳатлари бисёр. Айниқса, янгиланаётган Конституцияда “Ўзбекистон – ижтимоий ва ҳуқуқий давлат” деган янгича мақомни мустаҳкамлаб қўйиш бўйича астойдил иш олиб борилаётгани эътирофга сазовор.
Конституциявий ислоҳот аввало инсон ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу муҳим жараён Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида дунёдаги нуфузли халқаро ташкилот – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги даврида кечаётгани жорий ислоҳотларнинг аҳамиятини янада оширади.
Президентингиз танлаган йўл мамлакатни тараққиёт, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги сари дадил бошлаб бораётганини яққол кўриб турибман. Бу йўл, ўз навбатида, Ўзбекистон жаҳон майдонида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишини таъминлашига ишонаман.
Ўзбекистонда 2021 йили бўлиб ўтган Президент сайловида швейцариялик кузатувчилар миссияси раҳбари сифатида иштирок этар эканман, сайловнинг очиқлик ва транспарентлик руҳида, барча халқаро демократик стандартларга риоя этган ҳолда ўтказилганини кузатиш шарафига муяссар бўлганман. Бу галги улкан сиёсий тадбирлар ҳам ўшандай юксак профессионал даражада ташкил этилишига ишончим комил.
Халқаро давра суҳбатида, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари – Ташқи ишлар вазири ўринбосари Г. Фозилов, Бош прокурор ўринбосари Э. Йўлдошев ва “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Э. Туляков қатнашди.
Тадбирда иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар намояндалари мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотга ўзларининг зарур экспертлик кўмагини кўрсатишга шайлигини билдирдилар. Бундай амалий ёрдам Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари тўлиқ амалга ошиши учун йўналтирилиши алоҳида таъкидланди.
Ғулом МИРЗО тайёрлади
Тошкент – Женева – Тошкент
- Қўшилди: 07.07.2022
- Кўришлар: 5590
- Чоп этиш