ЎЗБЕКИСТОНДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЎЗГАРИШЛАР БАРҚАРОР ВА ОРТГА ҚАЙТМАС МАЗМУНГА ЭГА
ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРНИНГ ЭКСПЕРТ, ЖАМОАТЧИЛИК, ИШБИЛАРМОН ДОИРАЛАРИ ВАКИЛЛАРИ 1-2 ИЮЛЬ КУНЛАРИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СОДИР БЎЛГАН ВОҚЕАЛАРГА ЎЗ МУНОСАБАТИНИ БАЁН ЭТАР ЭКАН, МАМЛАКАТИМИЗ РАҲБАРИЯТИ ТОМОНИДАН ҚОНУНЧИЛИК ВА ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШИНИ БИЛДИРМОҚДА.
Жанубий Кавказни ўрганиш маркази раҳбари, сиёсатшунос Фарҳод Мамедов (Озарбайжон) Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақанинг барча мамлакатлари билан чегарадош ягона давлат эканига эътибор қаратиб, республика барқарорлигини издан чиқаришга уриниш бутун минтақага таъсир ўтказиши мумкин бўлганини таъкидлаган. Бундан манфаатдор бўлган кучлар ўзига хос тарих ва улкан ҳудудга эга, мамлакатнинг энг кам аҳолиси яшайдиган Қорақалпоғистонни танлаган. Ҳудудда Орол денгизи қуриши туфайли юзага келган турли муаммолар, хусусан, ишсизлик билан боғлиқ объектив қийинчиликлар мавжуд.
“Шу билан бирга, сўнгги беш йил давомида ҳудуд маҳаллий бюджетига бир миллиард долларга яқин маблағ йўналтирилди, — дейди эксперт. — Ишсизлик муаммосини ҳал этиш мақсадида корхоналар, қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш рағбатлантирилмоқда, инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган қисмида миллионлаб туп дарахтлар экилмоқда. Оролбўйи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, экотизимини тиклаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда.
Ҳудуд собиқ совет давридан бери мавжуд бўлган муаммолар исканжасидан чиқмоқда. Айнан бундай саъйҳаракатлар натижалари Ўзбекистон етакчисига ташқаридан уюштирилган муаммони тезкор ва таг-туги билан ҳал этиш имконини берди. Мамлакат раҳбарияти ҳар қандай таҳдидга муносиб жавоб бериш учун сиёсий ирода, ресурслар ва энг муҳими, қонуний асосларга эга эканини намойиш этди”.
Қозон федерал университети кафедра мудири, Марказий Осиё тадқиқотлари институти илмий дастурлар директори, сиёсий фанлар доктори, профессор Андрей Болшаковнинг (Россия) таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нукусга шахсий ташрифлари Қорақалпоғистондаги вазиятни тезкорлик билан барқарорлаштиришга имкон берди. Ўзбекистон раҳбари Конституциявий қонун лойиҳасидан Қорақалпоғистонга оид моддаларни олиб ташлаш фикрини илгари сурди ва парламент бу таклифларни қўллабқувватлади.
“Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча соҳаси изчил ислоҳ қилиб келинмоқда, —деди эксперт. — Қорақалпоғистон Республикаси шу маънода жуда мураккаб ҳудуд ҳисобланади. Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик муаммолар туфайли маҳаллий аҳолининг қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш имкониятлари чегараланган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти мазкур вазиятни ўнглаш учун тизимли тарзда ҳаракат қилмоқда. Қорақалпоғистонда Устюрт газ-кимё мажмуаси, цемент заводлари, “Нукус-полимер” МЧЖ, телевизор, чангюткичлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, металл-конструксия заводи, тикувчилик фабрикалари каби қатор йирик мажмуалар фаолият юритмоқда. Уларнинг барчаси ички ва хорижий сармоялар жалб қилиш орқали янада ривожланмоқда.
Масалан, сўнгги 5 йилда Ўзбекистон ушбу ҳудудга 1 миллиард долларга яқин сармоя киритди. Мамлакатнинг барча вилоятларида бўлгани каби бу ерда ҳам мавжуд қийинчиликларга барҳам бериш ва тараққиётни таъминлашга ҳаракат қилинмоқда. Ҳудудда кичик бизнес ривож топмоқда, ижтимоий нафақалар тақдим қилинмокда, тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси ҳал этилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати, айниқса, Қорақалпоғистоннинг иш ўринлари етарли бўлмаган туманларини ривожлантиришга интилмоқда”.
Шунингдек, профессор Андрей Болшаков Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотларни тўхтата олмаслигини таъкидлади. Мамлакат аҳолиси, миллати ва эътиқодидан қати назар, янгиланишлар жараёнини қўллаб-қувватламоқда. Бу эса Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ва бутун модернизатсия жараёнининг муваффақияти учун ўта муҳимдир.
Тожикистон Миллий Фанлар академияси Осиё ва Европа мамлакатлари институти катта илмий ходими Виктор Кимнинг қайд этишича, Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар барқарор ва ортга қайтмас мазмунга эга эканини, ҳеч қандай бузғунчи кучлар янги Ўзбекистон қуриш бўйича ижобий жараёнга халақит бера олмаслигини кўрсатди.
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мунтазам тарзда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак“лигини таъкидлаб келади. Мамлакат ҳукуматининг сўнгги йиллардаги барча амалий ҳаракатлари айнан шу мақсадни амалга оширишга қаратилган, — дейди эксперт. — Замонавий Ўзбекистон — бу марказда ҳам, олис ҳудудларда ҳам бир хил турмуш даражасини таъминлашга эришаётган давлатдир. Қорақалпоғистон мисолида ҳудудлар сўнгги йилларда қандай ижобий томонга ўзгарганини кўриш мумкин. Нафақат ҳудуд қиёфаси ўзгариб, янги бинолар ва йўллар қурилди, шаҳар ва қишлоқларнинг обод қиёфасига эришилди, балки жамият, оила, инсон ҳаётининг барча жабҳасида сифатли ўзгаришлар рўй берди. Сўнгги беш йилда ҳудудга қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилди, 65 минг оилага, жумладан, ногиронлиги бор болалари 16 ёшгача бўлган 17 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳар йили янги иш ўринлари, хусусан, замонавий қишлоқ хўжалиги кластерлари, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.
Давлат экологик тизимни тиклашни энг муҳим вазифа деб билмоқда. Орол денгизи минтақаси нафақат Ўзбекистон, балки халқаро ҳамжамиятнинг долзарб муаммосидир. Ўзбекистон раҳбари юқори халқаро минбарлардан туриб, ушбу минтақавий муаммони биргаликда ҳал этиш зарурлигини асослаб бермоқда.
Ўзбекистонда 2022 йилга келиб янгиланишлар суръати шу даражага етдики, ижобий ўзгаришлар орқага қайтариб бўлмас мазмун касб этди, янги Ўзбекистон қурилиши эса ҳозирданоқ ҳақиқатга айланди. Мамлакатда ислоҳотлар ривожининг янги босқичига ўтиш учун эришилган муваффақиятларни конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурияти пайдо бўлди. Шу боис Ўзбекистон раҳбари 2021 йил декабр ойида мамлакатнинг амалдаги Конституциясини янгилаш ташаббуси билан чиқди. У илгари амалда бўлган “Давлат — жамият — шахс” тамойилини янги “Инсон — жамият — давлат” тамойилига алмаштиришни ўта муҳим, деб ҳисоблайди. Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида эса инсон манфаатларини таъминлаш асосий мезон бўлиши керак.
Ўзбекистон Президентининг июль воқеаларига тезкор муносабати республикада барқарорлик, тинчлик ва тотувликни сақлашга қаратилган ижобий ўзгаришлар учун танланган йўналиш ўзгармаслигининг яна бир бор тасдиғи бўлди. Давлат раҳбари Қорақалпоғистоннинг тақдири Ўзбекистон тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлиги эканини алоҳида таъкидлади.
Жорж Вашингтон университети Халқаро муносабатлар мактаби профессори Жеймс Дурсо (АҚШ):
— АҚШ ҳукуматининг Нукусдаги воқеаларга муносабати Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яққол тасдиқлади. АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясида минтақа давлатларининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига устувор аҳамият берилади.
Қорақалпоғистон мамлакат Президенти учун доимо устувор ҳудуд бўлиб келган. Қорақалпоғистон Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан кейин ташриф буюрган биринчи ҳудуд бўлди. Сўнгра экологик ҳалокатга учраган ҳудудни ривожлантиришга қаратилган Орол минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди. Президентнинг нотинчлик бошланган куннинг эртасигаёқ Нукусга одамлар билан мулоқот қилиш учун учиб келгани, албатта, давлат раҳбарининг ҳудуд аҳли ҳақидаги ғамхўрлигини, қорақалпоқ халқига бўлган эътиборини ифодалайди.
Давлат раҳбариятининг мазкур воқеаларга очиқ муносабати, албатта, бутун Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон аҳолисининг ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Суриштирув ишларини очиқ ва холис ўтказиш ҳам бунда аҳамиятлидир. Ўзбекистон ҳукумати сайлов натижаларини тўғридан-тўғри эфирга узатиш тажрибасига эга. Бундай муносабат ўтган йилги Президент сайловида ҳам намойиш этилди. Демакки, очиқ жараён олиб бориш учун яхши мисол бор.
Питсбург университети профессори, Жамоатчилик ва халқаро муносабатлар мактаби Халқаро тараққиёт дастури директори Женнифер Муртазашвили “Foreign Policy” журналида чоп этилган мақоласида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев изчил иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириб, мамлакат чегараларини очгани, валютани либераллаштиргани, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаганини таъкидлаган. Шунингдек, у мазкур ислоҳотлар иқтисодий ўсишнинг юқори даражасини таъминлаб, дунё мамлакатлари билан икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланиши шароитида янги хорижий инвестициялар жалб этганини таъкидлаган.
Мутахассис Президент Қорақалпоғистонга йирик миқдорда сармоялар киритгани, ушбу маблағлар Нукус шаҳри билан чекланиб қолмагани, балки Мўйноқ, Қўнғирот, Тўрткўл каби шаҳарларга етиб борганига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, нашрда Мўйноқ шаҳри тоза ичимлик суви билан таъминлангани, маҳаллий аэропорт фаолияти қайта тиклангани маълум қилинган. “Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда илгари бирон-бир киши башорат ҳам қила олмаган янгиланиш даври юз берди”, деб қайд этган эксперт.
Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр (АҚШ) кутилмаганда юзага келган инқироз ижобий ўзгаришларга айланиши мумкинлигини таъкидлаган. Чунки бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳада фаол ислоҳотлар олиб борилмоқда. “Мамлакат ислоҳотлар жараёнида фаоллик кўрсатмоқда. Шундай экан, институтсионал ислоҳотлар ҳам, инвестициялар жалб этиш истиқболи ҳам равшан. Бу саъй-ҳаракатлар давлат секторини ҳам, хусусий секторни ҳам қамраб олишига ишонаман”, деди профессор.
“Ўзбекистон аниқ натижаларга олиб келадиган прагматик ва амалий ечимлар қабул қилади, деб ҳисоблайман. Бироқ бу жараён катта эътибор ва вақт талаб этади”, деб таъкидлади америкалик эксперт.
Фредерик Старрнинг урғулашича, “Ўзбеклар ва қорақалпоқлар юзлаб, минглаб йиллар давомида ёнма-ён, бирга яшаб келмоқда. Бу эса содир бўлган қайғули воқеани ўтмишда қолдириш учун зарур бўлган барча янги ижобий ўзгаришларга асос бўла олади”.
Покистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси (2013 — 2018 йиллар), Покистон Ташқи ишлар вазирлиги хузуридаги Ташқи ишлар кенгаши аъзоси Риёз Бухорийнинг сўзларига кўра, “алданган ва нотўғри маълумотлар таъсирига тушиб қолган ёшлар ўз хатосини тезда тушуниб етади”.
“Ўзбекистон бу вазиятдан янада кучлироқ бўлиб чиқишига ишонаман, — дейди эксперт. —Ўзбек биродарларимизга Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида порлоқ келажак, бирдамлик, тинчлик ва фаровонликка эришишини тилайман”.
Жанубий Осиё тадқиқотлари ва халқаро муносабатлар маркази президенти Саид Амир Жаффри (Покистон):
— Қорақалпоғистондаги воқеалар ортида минтақавий ва Евроосиё интегратсиясини мустаҳкамлашни истамайдиган, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳалари, Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган кучлар турибди.
Покистонликлар Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатларини ва мамлакат Президентининг Нукусда билдирган муҳим фикр-мулоҳазаларини, шунингдек, Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилганини қўллаб-қувватламоқда.
Амалга оширилган чора-тадбирлар қисқа вақт ичида вазиятни барқарорлаштириш имконини беради.
Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида қизилмия илдизини экиш, етиштириш, қайта ишлаш ва халқаро бозорларга экспорт қилиш лойиҳасини амалга ошираётган “Issa Global Pte. Ltd” компанияси (Сингапур) директори Юсуф Муҳаммад:
— Нукусдаги воқеаларни юрагимдаги дард билан қабул қилдим. Биз ўз тажрибамиздан биламизки, бу ҳол Қорақалпоғистоннинг ҳалол, меҳнаткаш ва ўта очиқ фуқаролари билан содир бўлиши мумкин эмас эди. Бу эса Нукусда бир гуруҳ босқинчилар ҳаракат қилгани, улар ташқаридан бошқариб турилгани, қонунга зид тўқнашувлар уюштиргани, жамиятни парчалаш, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадида давлат ҳокимияти органларининг биноларини зўравонлик билан эгаллашга уринишлар қилганидан далолат бериб турибди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрган тезкор чора-тадбирлари, Нукус шаҳрига амалга оширган ташрифлари, фаоллар, Жўқорғи Кенгэс депутатлари, кекса авлод вакиллари, қатор тураржой даҳаларидаги аҳоли билан учрашувлар ўтказгани самарасида иғвогарларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, кўп миллатли халқнинг тинч ва фаровон ҳаёти тикланди, деб таъкидламоқчиман.
Биз Қорақалпоғистондаги тинч ва хавфсиз вазиятдан келиб чиқиб, республиканинг порлоқ келажагига ишонамиз ва компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш бўйича режаларимизни амалга оширишда давом этамиз.
Холон технология институти президенти, профессор Эдуард Якубов (Исроил):
— Ўзбекистонда туғилиб, ушбу заминда қарийб қирқ йил яшадим. Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери оилам билан республикадан ташқарида истиқомат қиляпман. Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман, унга чин дилдан интиламан ва унинг муваффақиятларидан доимо хурсандман.
Бугунги кунда “Инсон — жамият — давлат” каби асосий тушунчалар биринчи ўринга чиқмоқда. Гап шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ва унинг ҳар томонлама ривожланиш шартшароитлари, жамиятнинг шахс олдидаги роли ва масъулияти, давлатнинг шахс ва жамият олдидаги бурчи ҳақида бормоқда. Ушбу асосий тушунчалар ўртасидаги уйғунликни топиш, ҳаётни ҳар томонлама яхшилаш учун манфаатлар мувозанати векторидан фойдаланишга эришиш лозим. Айнан мана шу фундаментал омиллар мамлакат Асосий Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон халқи Бош қомусга киритиш таклиф этилаётган ўзгартишларни очиқ муҳокама қилиш, шунингдек, бу борадаги таклифларини билдириш имкониятига эга. Бу умумеътироф этилган демократик қоидалар доирасида, очиқ ва ошкора амалга оширилмоқда. Республика фуқароларининг аксарият қисми айнан шундай имкониятдан фойдаланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида инсонлар қурбон бўлишига олиб келган зўравонлик ҳаракатлари ва тартибсизликлар мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишнинг тинч, амалий ва қонун доирасидаги мувозанатли муҳокама жараёнида кутилмаган воқеа бўлди.
Ўзбекистон халқларининг тарихи бағрикенглик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлашнинг ажойиб намунасидир. Доно оқсоқоллар барча низо ва муаммоларни фақат тинч йўл билан, уларнинг сабаб ва оқибатларини чуқур таҳлил қилиш орқали, эзгу ният ва тоза фикр билан ҳал этишга чақириб келган. Бу, истисносиз, минтақадаги барча халқлар учун ўрнак олса арзийдиган қадриятдир. Барчани, азиз ватандошларим, дўстларим ва ҳамкасбларимни Ўзбекистонимиз, янги обод Ўзбекистонимизни асраб-авайлашга ва мустаҳкамлашга чақираман!
«Дунё» АА.
- Қўшилди: 13.07.2022
- Кўришлар: 4260
- Чоп этиш