Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни татбиқ этиш жараёнлари давом этмоқда

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича тадбирлар давом этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Конституция мазмунига “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашув чуқур сингдирилиб, амалий ҳаётда бош қадриятга айланмоқда. Инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурурининг барча соҳаларда биринчи ўринга қўйилиши конституциявий мустаҳкамланмоқда.

Конституциявий ислоҳотларнинг бош ғояси “Барпо этилаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати – ҳамма нарсадан устун!” тамойилидир. Конституция моддаларида:

  • “Миранда қоидаси”,
  • “Хабеас корпус” институти,
  • фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш,
  • товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши,
  • тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олиш ҳуқуқи,
  • эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши,
  • ернинг хусусий мулк бўлиши,
  • аёллар, болалар, ёшлар ва нуронийлар, мигрантлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши батафсил мустаҳкамланмоқда.

Инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизми Конституция даражасида такомиллаштирилмоқда. Экологик ҳуқуқлар ҳимояси Конституцияда илк бор ўз ифодасини топмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 62 банди (79%) бўйича ижро муддати якунланган. Шундан:

  • 6 та банд бўйича ижро муддати узайтирилган;
  • 60 та банд (77%) бўйича ишлар бажарилган;
  • 4 та банд бўйича ишлар муддатидан олдин бажарилган;
  • 18 та бандни (23%) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

Миллий стратегия билан жами 12 та кодекс ва 33 та қонун ҳужжатларини қабул қилиш назарда тутилган. Шундан 5 таси янги кодекслар, 20 таси янги қонун ҳужжатлари, 7 таси янги таҳрирдаги кодекслар ва 9 таси янги таҳрирдаги қонунлардир.

Шунингдек, Миллий стратегия тадбирлари доирасида 8 та халқаро шартномаларни ратификация қилиш белгиланган. Уларнинг 3 таси бугунга қадар ратификация қилинган.

Ҳозирги кунда 2 та кодекс Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 11 та қонуни қабул қилинган. Хусусан:

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни (янги таҳрири);

“Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Таълим тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири);

“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири);

“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги;

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрири);

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги;

“Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги;

“Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;

“Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;

“Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, 10 та янги қонунни қабул қилиш жараёни жадал бормоқда. Бу ўринда “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги, “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, «Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирлар тўғрисида»ги, “Прокуратура органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 мартдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.

Шунингдек, Марказга инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш, ўқув, илмий-услубий ва оммабоп нашрлар ҳамда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари доимий чоп этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш вазифалари юклатилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 40 дан зиёд амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётлар нашр этилди ва 80 дан ортиқ давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига тарқатилди.

2022 йил 19-20 май кунлари “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари” мавзусида вазирлик ва идораларнинг жамоатчилик билан алоқалар ва халқаро ташкилотлар билан алоқалар учун масъул ходимлар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди.

2022 йил 26-27 май кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди. Бош прокуратура Академиясида ўтказилган ушбу машғулотларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан прокуратура органларининг тергов тармоқлари устидан назорат бўлими, ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими прокурорлари жалб этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун 2022 йил апрелида кучга кирди. Бундан кўзланган мақсад қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлашдир.

2022 йил 10 март куни пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва улар билан савдо қилувчи жаҳондаги етакчи 331 та компанияни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганини тан олиб, Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди.

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги қамровдор ва тизимли ислоҳотлар самарасидир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech