Жорий йилнинг 14 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон – Европа иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси раҳбари А. Саидов Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари, Элчи Шарлотта Адрианнинг илтимосига кўра учрашди.
Учрашувда Европарламент ва Европа Иттифоқининг ҳамкор давлатлар парламентлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва бу борада хорижий мамлакатларнинг парламентлари ўртасида келгусидаги вазифалар ҳамда ўзаро тажриба алмашиш ишларини янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ш. Адриан кириш сўзида учрашувга розилик берилгани учун Қонунчилик палатасининг раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, жумладан, ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги барқарор ривожланишни таъминлашда парламентнинг роли муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.
Элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари натижаси мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан бир қаторда, Янги Ўзбекистоннинг “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида олиб борилаётган тизимли ва жадал ислоҳотлар Марказий Осиёда етакчи давлат сифатида ўзини намоён қилаётгани, шунингдек, минтақадаги барқарор вазиятни таъминлашда ўта муҳим ўринга эгалигини алоҳида қайд этди.
Элчи Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи янада юқори даражага кўтарилаётганлигини ҳамда унинг мамлакатдаги кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишда халқаро нормаларда акс эттирилган ҳамда халқаро тузилмалар томонидан билдирилган тавсияларни эътибордан четда қолдирмаётганлигини Европа Иттифоқи катта қизиқиш билан кузатаётганини эътироф этди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати прагматик очиқ ва шаффоф юритилаётгани мамлакатда тинчлик-барқарорлик, инсон қадрини улуғлаш, унинг демократик жамиятда ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш ва бошқа соҳалардаги амалга оширилаётган ишларда намоён бўлмоқда.
Бундан ташқари Элчи айни вақтда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик ва халқ муҳокамасидан ўтаётгани, конституцион ислоҳотларни амалга оширилиши қизғин муҳокамаларга бой бўлаётгани, шунингдек, ҳозирги кунга қадар аҳоли томонидан турли инновацион платформалар орқали мазкур қонун лойиҳаси бўйича билдирилаётган таклифларнинг ҳар бири синчковлик билан пухта таҳлил қилиниши ҳамда ушбу жараёнлар очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилишини таъминлашдаги парламент вакилларининг фаол иштироки таҳсинга сазоворлигини эътироф этди.
Ш. Адриан суҳбат якунида Европа Иттифоқининг “Интер Парес” лойиҳаси доирасида парламентда қонун ижодкорлиги соҳасида самарадорликни ошириш, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, илмий тадқиқот олиб бориш ва ўзаро тажриба алмашишда яқин ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга доир ўз таклифларини билдирди.
Ўз навбатида Қонунчилик палатаси вакиллари ҳам бу борада инновацион самарали ва ноодатий механизмларни амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
Учрашув конструктив руҳда ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.
- Қўшилди: 15.07.2022
- Кўришлар: 4997
- Чоп этиш