Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

 ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ТАШАББУСИ МАРКАЗИЙ ВА ЖАНУБИЙ ОСИЁ ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАРДА ЯНГИ ДАВРНИ БОШЛАБ БЕРАДИ

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюсия бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яна бир муҳим халқаро ташаббуси амалга ошгани нафақат юртимизда, шунингдек, хорижда ҳам катта мамнуният билан кутиб олинди. Жумладан, жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда таниқли эксперт ва таҳлилчилар мазкур резолюсиянинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқда.

Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситаси — “Синхуа” ахборот агентлигида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резо­люсия бир овоздан маъқуллангани ҳақида мақола эълон қилинди. Нашрда мазкур резолюсияни қабул қилиш ва унда Марказий ҳамда Жа­нубий Осиё минтақалари ўртасидаги мулоқотнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойиллари ва йўналишларини бирлаштириш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан 2021 йил июл ойида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуидаги Тошкент халқаро конференциясида илгари сурилгани қайд этилган.

“Женмин жибао” газетасида Ўзбекистон томонидан 40 та давлат билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқилган мазкур резолюсияни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан маъқуллагани алоҳида таъкидланган. “Мазкур резолюсия БМТга аъзо бар­ча давлатларни Марказий ва Жану­бий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликка оид умумий хавфлар ҳамда таҳдидларга қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақиради”, деб ёзилади Хитой нашрида.

Нашрларда, шунингдек, БМТга аъзо давлатлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида 2022 йилни “Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлагани таъкидланган.

“Мазкур резолюсиянинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоз­дан қабул қилингани Ўзбекистон раҳбариятининг тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақалараро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш учун қулай шартшароитлар яратиш, барқарорлик ва хавфсизликка умумий хавф ва таҳдидларга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган давлат сиёсати халқаро ҳамжамият то­монидан қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин ифодасидир”, деб ёзади Хитой оммавий ахборот воситалари мухбирлари ўз хулосаларида.

Теҳронда чоп этиладиган Iran Dailyгазетасида “Ўзбекистон та­шаббуси билан БМТ Бош Ассам­блеяси томонидан махсус резолю­сия қабул қилинди” рукни остида мақола берилди.

Нашрда қайд этилишича, ҳужжатда Вена декларацияси ва унинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги, шунингдек, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар самарадорлигини ошириш учун транспорт ва транзит йўлакларининг муҳим аҳамияти таъкидланган.

Шунингдек, мақолада мазкур ҳужжатда минтақавий ташкилотларнинг алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим ўрни эътироф этилган ва шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида “Ўзаро узвий алоқаларни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиш ташаб­буси юксак баҳолангани қайд этилган.

Малайзиянинг Bernamaмил­лим ахборот агентлиги томони­дан “БМТ Ўзбекистон ташаббу­си билан Марка­зий ва Жанубий Осиё бўйича махсус резолю­сияни маъқуллади” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

Унда 11 июл куни БМТ Бош Ас­самблеяси Ўзбекистон томонидан 40 та давлат, жумладан, Малайзия билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюсияни бир овоздан маъқуллагани таъкидланган.

Келтирилишича, резолюсияда Мар­казий ва Жанубий Осиёда транспорт алоқаларини таъминлаш мақсадида хавфсиз, арзон, қулай ва барқарор транспорт тармоқларини яратиш бўйича ҳамкорлик муҳимлиги эъти­роф этилган.

“Ҳужжат транспорт ва ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда янги халқаро транспорт йўлакларини яратиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантиришни рағбатлантиради”, деб ёзади ахбо­рот агентлиги мухбири. Резолюсия­да Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлашдаги ўрни, шу­нингдек, тинчлик ва барқарорлик учун унинг Иқтисодий ривожланиши ва минтақалараро Иқтисодий жараёнларга интегратсиялашуви муҳимлиги ҳам эътироф этилган.

Қайд қилинишича, резолюсияда икки минтақа давлатларининг тарихий-маданий марказларини қамраб олувчи сайёҳдик маршрутларини ри­вожлантириш муҳим аҳамиятга эга ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари халқлари ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Россия — Тожикистон (славян) университетининг Халқаро муносабатлар ва дипломатия кафедраси профессори, тарих фанлари доктори Гузел Маитдинованинг фикрича, БМТ Бош Ассамблеяси то­монидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резо­люсия қабул қилингани Ўзбекистоннинг, умуман, Марказий Осиёнинг роли ва нуфузи даражаси ошганидан далолатдир.

Марказий ва Жанубий Осиё дав­латлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва кен­гайтириш мақсадида транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш Жанубий денгиз портларига барқарор йўналишларни очади.

Мисрлик эксперт, “Ал-Ҳивар” сиёсий ва ахборот тадқиқотлари маркази бошқаруви раиси, “Ал-Жумҳурия” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Муҳаммад Талъатнинг билдиришича, ушбу ре­золюсия Миср ҳаммуаллифлигида қабул қилинган бўлиб, уни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Мисрда ҳам Ўзбекистон Президентининг минтақалараро боғлиқликни мустаҳкамлаш, Марказий ва Жанубий Осиёдаги миллионлаб халқлар турмуш тарзини сезиларли яхшилашга қаратилган ташаббуслари юқори баҳоланади.

Ўзбекистон раҳбарияти Афғонистон орқали транспорт тармоқлари­ни қуриш ҳамда Марказий ва Жа­нубий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатнинг БМТда қабул қилиниши ҳам 2021 йил Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имконият­лар” номли халқаро конференцияда Президент Шавкат Мирзиёев илга­ри сурган ташаббуснинг амалдаги ёрқин натижасидир.

Этиборлиси, бугунги кунда кўплаб давлатларда кузатилаётган нотинч вазиятга қарамай, Ўзбекистон раҳбари жафокаш Афғонистон халқи муаммосини ҳал қилишга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратишга интилиб келмоқда. Шу мақсадда жорий йил 25-26 июл кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган. Ушбу форум Афғонистонга зарур ёрдам кўрсатиш ва уни минтақавий жараёнларга фаол жалб этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда яна бир амалий қадам бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech