20 июль – Халқаро шахмат куни. Бу сана 1924 йили Бутунжаҳон шахмат федерациясига (ФИДЕга) асос солинган кун муносабати билан эълон қилинган ва 1966 йилдан бошлаб ҳар йили дунё миқёсида кенг нишонлаб келинмоқда.
Халқаро шахмат куни ЮНЕСКО томонидан анъанавий байрамлар қаторига киритилган. ФИДЕга аъзо мамлакатларда ҳар йили шу куни турли шахмат тадбирлари, жумладан, шахматнинг “Рапид”, “Блиц” ва “Стандарт” йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил этилади. ФИДЕ ҳомийлигида ёшлар, эркаклар, аёллар ва кексаларга мўлжалланган 40 дан ортиқ мусобақа ўтказиб келинади.
Бутунжаҳон шахмат федерацияси – ФИДЕ қандай ташкилот?
ФИДЕ – шахмат бўйича миллий федерацияларни бирлаштирган халқаро нодавлат спорт ташкилоти. Бугунги кунда 178 миллий федерация унинг аъзоси ҳисобланади. Федерациянинг асосий мақсади шахмат спортини оммалаштириш, турли даражадаги спорт мусобақалари ва жаҳон чемпионатларини ташкил этишдир.
ФИДЕ ўз рамзига ва байроғига эга, шиори: “Барчамиз – бир оиламиз” (лот. Gens una sumus). ФИДЕ бош қароргоҳи Грециянинг Афина шаҳрида жойлашган.
Федерация 1980 йилдан ЮНЕСКОнинг расмий аъзосидир. ФИДЕга турли халқаро федерациялар, жумладан, Халқаро кўзи ожизлар ассоциацияси, Халқаро хат орқали шахмат ўйнаш бўйича федерация, Халқаро шахмат матбуоти ассоциацияси, ФИДЕнинг Халқаро шахмат композициялари бўйича доимий комиссияси ҳам аъзо бўлган.
ФИДЕ халқаро шахмат қоидаларини жорий этган бўлиб, ушбу қоидалар асосида спортчилар ва ҳакамлар учун халқаро даражадаги тоифалар янгилаб борилади. ФИДЕ томонидан ҳар ойнинг бошида шахматчиларнинг рейтинглари ҳам янгиланади ва расмий сайтда мунтазам эълон қилинади. ФИДЕнинг расмий сайти www.fide.com.
Шахмат – спорт ўйини. Айни чоғда, бу қизиқарли ўйин замирида санъат, фалсафа, мантиқ, ҳисоб илмлари ҳам жамланган. Шахмат интеллектуал ўйинлар ичида энг мураккаби ва мукаммалидир. Бугунги кунда дунёда 500 миллиондан ортиқ киши шахмат билан бевосита шуғулланади.
Мана, кейинги 56 йилдан буён Халқаро шахмат куни муносабати билан сайёрамизнинг турли ҳудудларида ушбу ўйин ихлосмандлари кўплаб мусобақалар, етакчи шахматчилар билан учрашувлар, шахмат сеансларида қатнашиши яхши анъанага айланган. Энг муҳими, бу ўйинларда инсон тафаккури нечоғлик беқиёс қудратга эгалиги ҳар гал қайтадан ўз тасдиғини топади.
Шахмат ўйини Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга, аммо юртимизнинг шахмат билан боғлиқ олис тарихи олдида Халқаро шахмат кунининг 50-60 йиллик навқирон ўтмиши ниҳоятда оз муддат бўлиб кўринади. Нега деганда, мамлакатимиз ҳудудида қадимдан шахмат севимли ўйинлардан бири бўлган.
Сурхондарё ва Самарқанддан қарийиб икки минг йиллик тарихга эга шахмат тошлари топилган. Хусусан, 1972 йилда Далварзинтепада олиб борилган археологик қазилмалар вақтида Кушон даври, яъни I-II асрларга оид шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёбда ўтказилган тадқиқотлар чоғида эса VII-VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донасига дуч келинган.
Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон ут-тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” каби тарихий асарларида шахмат, яъни шатранжга оид қимматли маълумотлар бор. Ўрта асарларда ҳам кўплаб машҳур тарихий шахслар шахмат устаси бўлгани манбаларда келтирилган.
Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан Али Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) шатранж ҳақида китоб ёзиб, XIV асргача Ўрта Осиёда яшаган бир қанча олиялар, яъни гроссмейстерлар ҳақида муҳим маълумотларни битиб қолдирган. У Соҳибқироннинг ўзи билан шатранж ўйнаб турган.
Академик Акмал Саидовнинг қайд этишича, ниҳоятда ўткир хотира ва теран ақл-идрок соҳиби бўлган Амир Темур шахмат ўйинида ҳам юксак маҳоратга эришган. Улуғ Соҳибқирон бобомиз шахматни шунчаки вақтни дилхушлик билан ўтказиш ва ҳордиқ чиқариш ўйини эмас, балки пухта геосиёсий ҳамда амалий режалар тузиш учун ақлни пешлаш машғулоти, деб билган.
XX асрнинг 20-йилларидан Ўзбекистонда шахматнинг замонавий қоидалари кенг тарғиб этилиши бу спорт турининг ривожланишига туртки берди. Тошкент, Самарқанд, Кўқон ва бошқа шаҳарларда шахмат тўгараклари очилди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон шахматида юксалиш бошланди. Шахматчиларимиз халқаро миқёсдаги тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни ола бошладилар. Айниқса, эркаклар терма жамоаси 1992 йили жаҳон шахмат олимпиадасида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 1999 йили Осиё чемпионатида ғалаба қозонди.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон шахматининг энг ёрқин ғалабаси 2004 йилга тўғри келганини – ўшанда Рустам Қосимжонов ФИДЕ версияси бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш лозим. Осиёнинг биринчи ва жаҳоннинг 17-чемпиони Р.Қосимжонов 18 ёшида халқаро гроссмейстерга айланди ва бугунги кунда ер юзидаги 50 нафар энг кучли шахматчи қаторига киради.
Ўз навбатида, 1998 йили Иброҳим Ҳамроқулов ўсмирлар ўртасида жаҳон биринчилигида ғолиб чиқди. Халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова Ўзбекистон тарихидаги биринчи аёл гроссмейстерга айлангани ҳам фахру ифтихоримизни уйғотмай қолмайди.
Ўзбекистон шахмат федерацияси 1992 йилдан ФИДЕ аъзоси ҳисобланади. Ўтган йилларда Федерация томонидан мамлакатимизда ва жаҳонда шахматни ривожлантириш ҳамда оммавийлаштириш йўлида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимиз шахмат бўйича қитъа чемпионатларига, нуфузли Гран-при турнирларига мезбонлик қилди.
Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда шахмат ўйини ривожи тубдан ячнги босқичга кўтарилди. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 14 январда қабул қилинган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамиятини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Президент қарорига кўра, Ўзбекистонда шахматни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишнинг асосий йўналишлари этиб:
- «Мактабда шахмат» лойиҳасини амалга ошириш;
- болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, уни оммавийлаштириш;
- шахмат инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, болалар-ўсмирлар шахмат мактабларини ташкил қилиш;
- шахмат бўйича республика ҳамда халқаро мусобақалар ва олимпиадалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, шунингдек халқаро унвонларга эга бўлган тренерлар ва ҳакамлар унвонларини қўлга киритган шахматчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш масалалари белгиланди.
Қарорнинг нечоғлик улкан аҳамиятга эгалигининг тасдиғи сифатида унинг айрим хусусиятларига тўхталамиз.
Биринчидан, бунга қадар Президентимизнинг 2018 йил 9 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиздаги 150 та умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари тажриба тариқасида шахматга ўқитиш ташкил қилинганди. Янги қарорга асосан шу амалиёт кенгайтирилди ва яна қўшимча 150 та мактаб шахматга ихтисослаштириладиган бўлди.
Иккинчидан, танлов асосида 1 000 та умумий ўрта таълим мактабида 2-4-синф ўқувчиларини «Жисмоний тарбия» фани доирасида 18 соатлик режа асосида шахматга ўқитиш йўлга қўйилади ва қолган барча умумий ўрта таълим мактаблари 2-4-синф ўқувчилари «Жисмоний тарбия» фани доирасида шахматга ўқитилади.
Учинчидан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади; бошқа олий таълим муассасаларида шахмат йўналишига зарур эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон шахмат федерациясининг тавсиясига асосан алоҳида қабул квоталари белгиланади.
Тўртинчидан, мамлакатимизда Ўзбекистон шахмат клублари ассоциацияси; жисмоний имконияти чекланган шахматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси таркибида шахмат бўйича алоҳида бўлинма; Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Бешинчидан, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили Тошкент шаҳрида – Президент соврини учун халқаро шахмат турнири; Ўзбекистонлик биринчи халқаро гроссмейстер Г.Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир; шахмат бўйича XVII Жаҳон чемпиони Р.Қосимжонов халқаро турнири; Самарқандда – «Соҳибқирон кубоги» халқаро шахмат турнири; Хивада – Ал-Беруний халқаро шахмат турнири; Бухоро, Термиз ва Хивада – «Туризм ва шахмат ҳафталиги» ўтказилиши белгилаб берилди.
Бугун АҚШ, Швеция, Германия, Канада, Испания, Куба, Италия, Нидерландия, Польша, Дания, Исроил ва бошқа мамлакатлар мактабларида шахмат ўқитилади. Мамлакатимизда шахмат мактаб ўқув предмети сифатида кейинги уч-тӯрт йил мобайнида жадал ривожлана бошлади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор шахматни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, бошқа таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда шахмат бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу фаннинг таълим тизимига киритилиши нафақат ўқув фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам беради, балки машғулотнинг дастлабки босқичларида ўқувчиларда ирода, мустақиллик каби шахсий сифатлар шаклланиши ва мантиқий фикрлаш учун ҳам катта аҳамиятга эга бӯлади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда Халқаро шахмат куни ҳар йили юқори савияда нишонланади. Бу йил ушбу байрам арафасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Анатолий Карпов номидаги шахмат мактаби очилди. Шу муносабат билан шахмат бўйича 16 карра Жаҳон чемпиони, таниқли гроссмейстер Анатолий Карпов юртимизга ташриф буюрди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, шу кунларда Францияда шахмат бўйича кўзи ожизлар, заиф кўрувчи ёшлар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Жорий йил 17 июлда якунланадиган мазкур чемпионатда аёллар ўртасида 18 та давлатдан 26 нафар, ёшлар ўртасида эса 13 та давлатдан 13 нафар шахматчи ғолиблик учун дона сурмоқда. Муросасиз баҳсларда мамлакатимиз шарафини Аҳадхон Кимсанбоев ҳамда Дурдона Жуманова ҳимоя қилмоқда.
Яна бир муҳим воқеа: бир неча кундан сўнг Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-шахмат олимпиадаси бошланади. Мазкур чемпионат мобайнида Халқаро шахмат федерациясининг конгресси ўтказилиб, унда 2026 йилги Жаҳон шахмат олимпиадасига мезбон бўладиган мамлакат номи ҳам эълон қилинади.
Гап шундаки, 2026 йили ўтказиладиган 46-жаҳон шахмат олимпиадаси мамлакатимизда ўтказилиши мумкин. Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари таъкидлаганидек, Ўзбекистон 46-шахмат олимпиадасини қабул қилишга даъвогар давлатлар учун бўлиб ўтадиган тендерда иштирок этади.
Шундай экан, биз жонажон юртимизга ҳам, қадрдон юртдошларимизга ҳам шахс интеллектуал камолотининг қайнар булоғи бўлмиш шахмат ўйинларида омад ва муваффақиятлар тилаймиз.
Дарвоқе, мақоламизга нуқта қўйишга шайланган эдик ҳамки, FIDE томонидан юритиладиган жаҳон шахмат рейтингида Ўзбекистон илк бора кучли 20 таликка киришга муваффақ бўлгани ҳақида хушхабар келди. Яъни, 2022 йил июль ойи рейтингига асосан Ўзбекистон жаҳон шахмат рейтингида 19-ўринни эгаллади.
Жаҳон рейтингида АҚШ, Россия, Хитой етакчилик қилмоқда. Дунё шахматида ўз ўрнига эга бўлган Грузия, Сербия, Эрон, Италия, Болгария, Куба, Туркия каби давлатларни ортда қолдира олган Ўзбекистон эса 19-ўринда!
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати ходими
- Қўшилди: 20.07.2022
- Кўришлар: 4942
- Чоп этиш