Яқинга қадар дунёда шахмат энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланиб, унинг келиб чиқиш ватани деб Ҳиндистон тан олинган эди. Аммо, археолог олимлар томонидан Сурхондарё вилоятининг Далварзинтепа ёдгорлигида олиб борилган тадқиқотлари натижаси бу спорт тури билан Ўзбекистон ерларида яшаган авлодлар улардан илгарироқ шуғулланганини тасдиқлади. Олимлар томонидан 2000 йиллик тарихга эга бўлган шахмат доналари буни исботлаб турибди.
Самарқанднинг Афросиёб тепаликларида олиб борилган тадқиқотлар давомида ҳам эрамизгача 7-8 асрларга тааллуқли 7 дона шахмат донаси топилган.
Қадимдан авлодларимизнинг шахматга бўлган иштиёқи туфайли ҳозирги кунда фарзандларимиз ҳам шахмат бўйича дунёда етакчи ўринларда бораётганлиги таҳсинга лойиқдир.
Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Хусусан, биргина 2015 йилда ўзбек шахматчилари 25 та олтин, 8 та кумуш, 12 та бронза медалларини қўлга киритишганлиги, ФИДЕга аъзо фаол аъзоларимиз сони минг нафардан, Ўзбекистон шахмат федерацияси аъзолари сони қарийб икки ярим мингга етганлиги, 17 нафар ҳамюртимиз ҳалқаро гроссмейстер, 24 нафари ҳалқаро тоифадаги спорт устаси, 28 нафари ФИДЕ устаси даражасини қўлга киритганлигини, булар орасида жаҳон чемпионлари Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов, ака-ука Жавоҳир ва Ислом Синдоровлар, Нодирбек Ёқуббоев, қизларимиздан Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Афруза Ҳамдамова, Феруза Қурбонова ва Нозима Ариповаларни алоҳида тилга олиш жоиз деб хисоблайман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда шахматни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътирофга лойиқдир. Бунинг тасдиғи сифатида Ўзбекистонда болалар спорт ва шахматнинг ривожига қаратилган юксак эътибори учун муҳтарам Юртбошимиз 2016 йилда Осиё шахмат федерацияси томонидан “Йил одами” деб эълон қилинганлигини таъкидлаш мумкин.
Мамлакатимиз Президенти томонидан 2021 йил 14 январда қабул қилинган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан шахматни оммавий спорт турига айлантириш, натижада Ўзбекистон шахмат мактабини дунёда етакчилар қаторига чиқариш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ўта муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Қарор билан “Шахматни 2025 йилгача ривожлантириш Дастури” тасдиқланган бўлиб, унда “Мактабда шахмат” лойиҳасини амалга ошириш муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. Дастурга кўра, 2021/2022 ўқув йилида 150 та ихтисослаштирилган мактабларда шахмат бўйича машғулотлар ташкил этилиши, бунинг учун давлат бюджетидан 7,5 млрд. сўм, қолган барча умумий ўрта таълим мактаблари 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини «Жисмоний тарбия» фани доирасида шахматга умумий ўқитиш ва зарур анжомлар билан таъминлаш учун 20 миллиард сўмгача маблағларн йўналтирилди.
Дастурнинг 2025 йилгача амалга оширилиши натижасига кўра аҳолининг 3 фоизи (2021 йилги кўрсатгич 0,8 фоизни ташкил қилган) доимий равишда шахмат билан шуғулланишига эришилади.
Дастурнинг энг йирик режаси – бу Ўзбекистон Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) рейтингининг энг кучли ўнталиги сафидан жой олишидир.
Бунинг учун гроссмейстерларимиз ва хаваскор шахматчиларимиз шу давр мобайнида кўплаб турнирларида ўз салоҳиятларини намоён этишлари лозим. Чунки, шахматчи учун халқаро мусобақаларда иштирок этиб, хорижлик рақиблар билан куч синашиши жуда муҳимдир.
Шу муносабат билан мамлакатимизда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Шахмат бўйича халқаро турнир, ўзбекистонлик илк гроссмейстер Георгий Аъзам хотирасига бағишланган халқаро турнир, жаҳон чемпиони Р.Қосимжонов шарафига бағишланган, Самарқанд шаҳрида “Соҳибқирон кубоги”, Хива шаҳрида “Ал-Беруний”, Бухоро ва Термиз шаҳарларида “Туризм ва шахмат ҳафталиги” халқаро турнирлари ўтказилиши белгиланган.
Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва делегация вакиллари 28 жорий йилнинг июль – 8 август кунлари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган шахмат оламидаги энг нуфузли мусобақалардан бири хисобланган, 1924 йилдан буён ўтказиб келинаётган жаҳон шахмат олимпиадасининг 44-турнирида иштирок этиш учун муҳим тайёргарлик ишларини олиб боришмоқда.
Мазкур олимпиада доирасида 2026 йилда ташкил этиладиган 45-жаҳон шахмат олимпиадаси мезбонлиги учун тендер ҳам бўлиб ўтади. Келгуси олимпиада мезбонлиги учун эълон қилинган тендерда ҳалқаро тоифадаги шахматчилар, гроссмейстерлар диёри сифатида Ўзбекистон ҳам номзод сифатида иштирок этади.
“Ақл гимнастикаси” хисобланган шахмат нафақт ўсиб келаётган ёш авлоднинг балки, катталарнинг ҳам тафаккурини ўстиришга, ривожлантиришга хизмат қилади. Чунки, шахмат кишидан юксак ақл-заковат, сабр-тоқат, матонат, ирода ва ўз вақтида тўғри қарор қабул қилишни талаб қиладиган спорт туридир.
Шу сабабли шахмат билан шуғулланган ҳар бир инсон ҳар қандай вазиятда тўғри ва одилона ечим топишни ўрганади, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 20.07.2022
- Кўришлар: 5260
- Чоп этиш