БМТ томонидан 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, деб эълон қилинган.
Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.
2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Одам савдоси кўпинча ноқонуний тарзда чет мамлакатларга бориб меҳнат фаолияти билан шуғулланиш туфайли юзага келмоқда. Нолегал меҳнат миграцияси натижасида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, божхона ва солиқ қонунчилигини қўпол тарзда бузиш каби нохуш ҳолатлар юз бермоқда.
Жиноятчилар, уюшган жиноий гуруҳлар ўз ватандошларининг соддаликлари, ишонувчанликлари ва етарли ахборотга эга эмасликлардан фойдаланиб, уларни қулликка маҳкум этмоқдалар. Натижада, алданган фуқароларимиз ҳам жисмоний, ҳам руҳий азоб-уқубатларга дучор бўлаяпти. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Одам савдоси инсоният цивилизациясига, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли уюшган жиноятчилик, хусусан, халқаро терроризм, наркобизнес, қурол-яроғларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ўта оғир жиноятлар қаторида одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш бугун жаҳон афкор оммаси учун долзарб муаммо бўлиб турибди.
Айрим кишиларнинг соддалиги ва ишонувчанлиги сабабли моддий муаммоларни тезда ҳал этиш илинжи, енгил иш топиш, тез бой бўлиш орзуси, етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, лоқайдлик ва нопок кимсаларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари, трансмиллий жиноий гуруҳларнинг ихтисослашувига сабаб бўлмоқда.
Қул — қул эмас, қуллигини англамаган — қул, деган эди файласуфлардан бири. Қулликни англаш эса, Альберт Камю айтганидек, албатта исён билан тугайди. Таассуфки, эркини, тенглигини, шахсий дахлсизлигини арзимас баҳога сотаётган ва ёки ихтиёрсиз равишда қуллик домига тушиб қолаётганлар йўқ эмас. «Қулдорлик тузуми» деб аталган бутун бошли ижтимоий формацияни босиб ўтган инсоният учун бу тушунча янгилик эмас. Қуллар, қул бозорлари ҳақида тарих китобларидан ўқиган, бадиий фильмларда кўрган XXI аср авлоди «Одам савдоси» деган янги иборага тўқнаш келди. Ибора сифатида янги аммо ижтимоий воқелик сифатида жуда эски бу иллат бутун инсониятда ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.
Одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни англатади.
Айтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:
одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги;
одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдирига ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни энг олий неъмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар;
одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдосини қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида;
одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг ор-номус қилиб, кўрган хўрликлари, уларга нисбатан ишлатилган турли хилдаги жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ҳақида ёҳуд ўзининг ноқонуний равишда чегарани бузиб чиқиб, чет давлатда ҳеч қандай давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширганлигидан қўрқиб булар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмаслиги.
Инсоният тарихида одам савдосига қарши курашиш XIX аср охири ва XX аср бошларида хотин-қизларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш ҳодисаси кузатилган. Бу ҳодисага барҳам бериш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференция ўтказилиб, «Оқ қуллар савдосига қарши кураш» номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинган.
Кейинроқ ушбу конвенция «Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш» ва «Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш» номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. Одам савдоси муаммосига қарши курашишнинг кейинги тарихий жараёнлари секин-аста ривожланиб, 1948 йилда «Инсон ҳуқуқлари» умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган. Шундан сўнг «Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси», «Қуллик хусусида»ги Конвенция, «Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида»ги қўшимча Конвенция, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция, «Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида»ги Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.
Йилдан-йилга бу иллатдан жабр чекаётганлар, унинг қурбони бўлаётганлар сони ортиб бормоқда. Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга.
Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот- ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли.
БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллиондан ортиқ иснон одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва бола алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Инсон ҳуқуқларини таҳқирловчи ҳатти-харакатлар, шу жумладан фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш халқаро ҳамжамият томонидан қабиҳ ишлар қаторида эътироф этилиб, уларни тақиқлашга оид бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорликнинг ифодаси сифатида бир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Шулар орасида қуйидагича энг нуфузли ва универсал халқаро ҳужжатларни келтириш жоиз:
- Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси.
- Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт.
- Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт.
- Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга факультатив протокол.
Универсал халқаро ҳужжатлар қаторига ўттизга яқин ҳужжат кириб, юқорида келтирилган рўйхатдаги ҳужжатлар уларнинг энг долзарблари саналади.
Уларни универсал деб аталиши сабаби, уларда барча масалалар ўзининг тугал даражадаги жавобини ҳамда ечимини топган бўлиб, ҳар бир ҳужжат узоқ давом этган халқаро муҳокамадан сўнг қабул қилингани, ҳар бири ўзида жаҳон бой тажрибасини акс эттиргани учун ва ниҳоят, ҳар бири барқарор ҳукм суриб келгани учун нуфузлидир.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йил 21 мартида қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция (Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро ҳужжатга 2003 йил 12 декабарда қўшилган. 2003 йилда Ўзбекистон юқорида қайд этилган БМТнинг 1949 йилги Конвенциясига қўшилди, 2008 йилда эса БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, бартараф қилиш ва бунинг учун жавобгарлик тўғрисидаги Баённомани тасдиқлаб, аҳолини огоҳлантириш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқини муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш орқали одам савдосининг олдини олиш ва бартараф қилиш мажбуриятларини олди).
Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелидаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини ўз ичига олади.
Бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш ва бундай нохуш воқеаларни олдини олиш глобал аҳамият касб этмоқда. Барча давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига эҳтиёж туғилиб, бу борада давлатлараро ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда кучларни бирлаштириш лозимлигини таққоза этмоқда. Бу борада одам савдосига қарши курашнинг халқаро ва миллий қонунчилик нормаларида тартибга солниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Конституциямизда айтилганидек, инсон шахси дахлсиздир. Унинг шаъни, қадр-қимматини топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бир сўз билан айтганда, одам савдосига қарши курашиш бўйича мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Аммо, асосий масала шундаки, одам аввало ўзининг ҳуқуқларини тўлиқ англаб етмас экан, ҳар қандай кўламдаги чора-тадбирлар етарлича самара бермайди. Шу нуқтаи назардан ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ушбу иллатга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одам савдоси жиноятига қарши кураш бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда ва бу курашга шу ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳам ўз ҳисассини қўшиб келмоқда. Мамлакатимизнинг обрўсини дунё миқёсида кўтариш, унинг мавқеига путур етказадиган одам савдоси каби қабоҳатлардан асраш ҳар биримизни бурчимиз бўлмоғи керак. Одам савдоси каби қабих жиноятларни содир қилувчи шахслар орамизда, уларни чангалига ҳар биримизни яқинларимиз тушиб қолишларига йўл қўймаслик учун огоҳ бўлишимиз лозимдир.
Дилноза Муратова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
директорининг ўринбосари,
2-даражали адлия маслаҳатчиси
- Қўшилди: 28.07.2022
- Кўришлар: 5476
- Чоп этиш